Иқлим ўзгариши ва бюджет танқислиги – Лос-Анжелесдаги ёнғин нега ҳамон ўчмади?


Сақлаш
15:28 / 16.01.2025 129 0

7 январдан бошлаб жанубий Калифорниянинг катта қисми, жумладан, деярли 13 миллион аҳоли яшайдиган Лос-Анжелес агломерациясини ёнғин қуршаб олди. Ҳозиргача қурбонлар сони камида 24 тага етган. 13000 га яқин уй вайрон бўлган, 200 000 аҳолини эвакуация қилиш буюрилган. Бир қанча таниқли районлар, жумладан, кўплаб машҳурларнинг хонадони ёниб кетган. Ёнғин Голливуд тепаликларига етиб бориб, Лос-Анжелеснинг асосий диққатга сазовор ерлари – Hollywood белгиси, Сансет бульвари ва аллеяга ҳам хавф солган.

 

 

Калифорнияда ёнғинлар кузатилиши ноёб ходиса эмас. Аммо бу қадар ҳалокатлиси анча йиллардан бери кузатилмаган. Бир неча омиллар уйғунлашиб, даҳшатли ёнғинни ҳосил қилди.

 

Қурғоқчилик

 

Умуман олганда, Калифорнияда ҳозир ёмғирли мавсум. Лекин 2024 йил баҳоридан буён ёғингарчилик бўлмаган. Доимий мавсумийликнинг бузилиши – иқлим ўзгаришининг оқибати, деб ёзилади 9 январь куни чоп этилган Nature илмий журналида чоп этилган америкалик иқлимшунослар мақоласида. Калифорнияда бир неча йил давомида қуруқ об-ҳаво ҳукм сурган. 2022 ва 2023 йилларда эса аксинча, жуда кўп ёғингарчилик бўлганди. Бу эса ўт, бута ва дарахтларнинг яхши ўсишига туртки бўлди. Ундан кейин 2024 – қурғоқчилик йили келди. Барча ўсимликлар қуриб, ёнғин учун “мукаммал ёқилғи”га айланди.

 

Шамол

 

2025 йил январида алоҳида табиат ҳодисаси – Санта-Ана шамоли кузатилди. Бу шундай номланадиган катабатик ёки қуловчи шамол бўлиб иссиқ, қуруқ ва чўллардаги чанглар билан бирга, баланд тоғлардан шаҳарлар жойлашган водийлар томон эсади.

 

 

Ўрмон ёнғинларига сабаб бўлувчи Санта-Ана шамолининг декабрь-январь ойларида эсиши камёб ҳодиса эмас. Лекин бу сафар у жуда кучли бўлиб, тезлиги баъзи жойларда секундига 45 метрни ташкил этган. Бу эса Америка миллий бўронларни кузатиш марказига кўра, 5 та бўрон тоифасининг иккинчисига киради.

 

Шамол ҳалигача тўхтамаган. Олдинда соатига 80 километрдан тезроқ эсадиган об-ҳаво шароити прогноз қилинмоқда.

 

Ёнғин ўчирувчиларнинг “омадсизлиги”

 

Аянчли ёнғин ҳақидаги хабарларда “мураккаб об-ҳаво шароити Лос-Анжелесдаги минглаб ўт ўчирувчиларга ёнғинни тўхтатишга имкон бермаяпти” деган жумлаларга кўзингиз тушади. Об-ҳаво масаласи тушунарли, лекин ўша минглаб ўт ўчириш гуруҳлари ўз фаолиятини тўғри ва етарлича амалга ошира олдими?