Инсон ўзининг ибтидоий фаолияти даврида табиий бошпана билан кифояланган. Унинг маънавий дунёқараши шаклланиб боргани сайин у ҳам ўзининг ижтимоий-маиший турмуш тарзини яхшилаб бораверган. Шу тариқа инсонларда яшаш учун ўзига қулай турар-жой қуриш истаги юзага келган.
Турар-жойлар қурилишини инсонлар турли урф-одат, маросимларни қилиш орқали бошлаган. Бунда даставвал қўй сўйиб, қўни-қўшниларни, кўнгилли бўлиб ҳашарда қатнашганларни меҳмон қилиш одат бўлган. Бу орқали улар иморатнинг мустаҳкам, бахт келтирувчи уй бўлишини Оллоҳдан сўрашган. Шунингдек, маросим баҳонасида қўни-қўшниларга, усталарга, кўнгилли бўлиб келганларга иморат эгаси миннатдорчилик билдирган.
Шундай маросимлардан яна бири Ҳовли тўйи маросимидир. Қадимги Шарқнинг деярли барча халқлари ота-бобосининг жойини муқаддас билиб, эъзозлаган. Шунинг учун ҳам отасидан қолган уйни сақлаб қолишга ҳаракат қилишган. Эскириб қолган қисмлари янгилаб турилган. Мерос бўлиб қолган ҳовлини бузишнинг оқибати ёмон бўлиши ҳақидаги фикрлар халқ орасида тарқалган. Мерос бўлиб қолган ҳовлини сақлаб қолиш замирида оиланинг шароитини яхшилаш билан бирга маънавий-тарбиявий аҳамиятга эга масалалар ҳам ётган. Яна иморат қуриб битқазилгандан кейин, у катта тантана билан нишонланган ва зиёфат берилган. Буни бир сўз билан айтганда “Иморат ёки Ҳовли тўйи” деб аташимиз мумкин. Туронда ҳам бу урф-одатнинг мавжудлигини бир неча мисоллар орқали келтириб ўтишимиз мумкин. Масалан, ҳовли тўйида меҳмонга келганлар хонадон эгаларини янги уй-жой билан табриклашган. Совға-саломлар беришган. Айрим минтақаларда қўшиқ ва лапарлар ҳам айтилган: Нурота тоғ тизмасининг Синтаб, Катта Эж, Можурум, Ухум қишлоқларида қуйидаги лапарни айтиб ҳовлига кириб келишган:
Муборак шавед хонет.
Пур шавед тухму донет.
Маъноси:
Муборак бўлсин уйинг
Кўп бўлсин болаю невараларинг.
Маълумотларга қараганда, янги уйга кўчганда соҳиблари қурбонлик қилиб, қўни-қўшниларни чақирадилар. Қурбонликда одатда қўй ёки хўроз сўйилади. Чақириладиган инсонлар сони ҳам уй эгасининг ижтимоий ҳолатига боғлиқ. Янги уйни кўришга келган меҳмонлар эса ўзлари билан уй-рўзғор юмушларида ишлатиладиган керакли буюмларни совға сифатида олиб келишади. Бундан ташқари янги уйга кўчган уй соҳиблари ёш оила бўлса, уларга ота-онаси томонидан эски қозон, супра ва шунга ўхшаш рўзғор учун керакли буюмлар берилади. Маълум муддат ишлатилган буюмларни бериш орқали ўша уйнинг баракаси янги уйда ҳам мавжуд бўлишига ишонишган. Бу урф-одатлар одатда пешин намози вақтида ўтказилган. Mеҳмонлар билан биргаликда пешин намози ўқилиб, Қуръон тиловат қилинган. Бу одатлар деярли кўп ҳудудларда бир хил тарзда ўтказилган. Айрим ҳудудларда бироз фарқ қилган.
Масалан, Наманган вилоятида “Уй тўйи” маҳаллий тилда “кампирётти” деб аталган. Бунда янги кўчган уй соҳиблари 5 ёки 6 та кампирни меҳмон қилиб чақиришган. Улар учун алоҳида махсус кўрпача тикилган ва улар бу янги уйда бир кеча меҳмон бўлиб, ётиб қолишган. Шунинг учун ҳам мазкур одат “кампирётти” деб аталган. Бу маросим одатда шом намози вақтида ўтказилган. Кампирлар билан биргаликда шом намози ҳам ўқилган. Ёши катта инсонларни чақириш орқали уларнинг хайру барокат олиб келишига ҳам ишонишган.
Фарғона водийсида эса бу маросим “Уй кўрди ёки Уй оши” деб аталган. Янги уйга кўчиб кириладиган куни барча қўни-қўшнилар ва қариндош-уруғлар чақирилиб, жонлиқ сўйиб худойи қилинган. Шу кунда ўчоққа олов ёқилиб, қозонга уч қошиқ ёғ қуйилган. Қозонга ёғни асосан қайнона ёки ёши улуғ катта аёллар қуйиб берган. Агар янги уйга кўчиб кираётганлар ёш келин-куёвлар бўлса,
Ўту пахтадай бўлинглар,
Юсуф-Зулайҳодай бўлинглар.
Ризқу насибали бўлинглар,
Қуллуқ (қутлуғ) уйда униб ўсинглар,
деб ёки шунга ўхшаш эзгу тилаклар билдирилиб, қозонга ёғ қуйилган. Кейин эса ушбу хонадондан ўтган аждодлар руҳи-покларига атаб уч дона қатлама ва уч дона чалпак пиширилиб, қўни-қўшниларга тарқатишган.
Янги уйга ҳам одатда хайрли кунда кўчиб кирилган. Аҳоли асосан жума кунини хайрли деб билишса-да, бу кунда касаллар ҳолидан хабар олиш ва қариндош-уруғларни бориб кўриш бошқа ишлардан кўра хайрлироқдир, деб ўйлаганлар. Янги кўчиб кириладиган уйга биринчи бўлиб ёши улуғ серфарзанд ва пиру бадавлат аёллар ўзлари билан туз олиб кирганлар. Наманган вилоятининг Чортоқ туманида яшовчи қипчоқларда туз билан бирга дўлана ҳам олиб кирилиб уйнинг уч жойига жойланган. Бунда ёш оила дўланадек қаттиқ, мустаҳкам бўлади деган қараш мавжуд бўлган.
Бу урф-одат ва маросимлар орқали халқимизнинг минг йиллик анъаналари бугунги кунгача сақланиб қолганини ва ўз аҳамиятини, миллийлигини йўқотмай келаётганини кўришимиз мумкин. Бу анъаналар ўзбекчилигимизнинг бир бўлагидир.
Зулфизар ИСМАТОВА,
Тарих институти стажёр-тадқиқотчиси
Тарих
Тарих
Тарих
Жараён
Тил
Тарих
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ