Солиҳ Муҳаммедов 1902 йили Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Аввал жадид ва рус-тузем мактабларида ўқиди, сўнг Тошкентдаги Кўкалдош мадрасасида таҳсил олди. 1918-1919 йилларда янги мактаблар учун муаллимлар курсида ўқиб, фаолиятини Форобий мактабида муаллимликдан бошлайди. Солиҳ Муҳаммедов Янги калон кўчасидаги “Намуна” мактабига мудир бўлиб, Тошкентнинг тараққийпарвар ёшларининг илғор вакилига айланади.
1922 йил кузида “Кўмак” орқали ТуркМИК раиси А.Раҳимбоев рўйхатига киритилиб, Германияга ўқишга юборилади. Солиҳ Муҳаммедов 1922–1924 йиллари Берлинда гимназияда ўқиб, немис тилини ўрганди. 1924–1927 йиллар давомида Германиянинг Штутгарт шаҳридаги Олий зироат академиясида боғдорчилик-агроном йўналишида ўқийди. 1927 йили 4-курсни тугатган Солиҳ Муҳаммад дўстлари Тўлаган Мўмин, Саттор Жабборлар билан таътилга келади. Бироқ унинг ёнидан Заки Валидийнинг хати чиққан деган гумон билан ҳибсга олинади ва айблов исботланмаганига қарамай ўқишга қайтишига рухсат берилмайди.
Солиҳ Муҳаммедов Файзулла Хўжаев, Акмал Икромов билан учрашиб, Каттақўрғон тумани уруғчилик станциясига ишга йўлланади. У Каттақўрғондаги тажриба станциясида 5 ой ишлаб, 1928 йилнинг ўрталарида Самарқанддаги республика уруғчилик бошқармасига бошлиқ бўлади. Шу тариқа мамлакатда уруғчилик соҳаси ривожига катта ҳисса қўшади. Тармоқдаги камчиликлар ҳақида республика матбуотида кўплаб чиқишлар қилади (Солиҳ Муҳаммад. Тескарилар станцияси // Қизил Ўзбекистон. 1929 йил 5 январь). 1931 йили пойтахт кўчгач Тошкентга келиб, 1934 йилгача Давлат уруғчилик бошқармасига раҳбарлик қилади. Шундан сўнг айрим кимсаларнинг бўҳтонлари асосида раҳбарликдан олиниб, Ўзбек пахта тайёрлаш бошқармасида бош агрoном лавозимида иш олиб боради.
1937 йил 6 октябрь куни Солиҳ Муҳаммедовни Германия жосуси, “Озод Туркистон” аксилинқилобий ташкилоти аъзоси каби айбловлар билан қамоққа олишга қарор чиқарилган. 1937 йил 11 октябрь куни берилган манзил асосида унинг Тошкент шаҳри, Сталин тумани, Ҳақиқат маҳалласи 57-хонадонида тинтув ўтказилиб, бор бисоти хатланиб, ўзи билан бирга олиб кетилади. Ортида турмуш ўртоғи Зебо Турсунова, 5 ёшли қизи Нафиса ҳамда 9 ойлик ўғли Турғунлар чирқиллаб қолaди.
Солиҳ Муҳаммедовга нисбатан биринчи кунданоқ даҳшатли қийноқ ва жисмоний таҳқирлар қўлланади.
У 1937 йил 30 октябрь, 26 ноябрь кунги сўроқларда умидсиз ҳолда қўлига тутилган барча қоғозларга, афтидан ўқиб ҳам кўрмасдан имзо қўяди. Солиҳнинг 1927 йили устози Бадриддин Сайфулмулк билан, 1929 йили Абдуваҳҳоб Муродий билан, 1931 йили дўсти Саттор Жаббор билан дўстона учрашувлари жосуслик фаолияти сифатида баҳоланади.
Ишга 1937 йил 22 сентябрь кунги Султон Матқулнинг, 1937 йил 27 сентябрдаги Тўлаган Мўминнинг сўроқларидан парчалар тикилади.
Солиҳ Муҳаммедов 1937 йил 22 декабрда терговга бошқа ҳеч қандай маълумот беришни истамаслигини маълум қилади. Унинг айблов баённомаси ашаддий троцкийчи, Германия разведкасига ишлаган жосус каби бўҳтонлар билан тўлган. Суди 1938 йил 9 октябрь куни соат 12:15 дан 12:35 гача давом этди ва унга ўлим ҳукми ўқилди.
Турмуш ўртоғи Зеби Муҳаммедова у билан яшаган 9 йил давомида уни ҳалол, фидоий инсон сифатида билганини ва фақат Ватан равнақи йўлида тинимсиз меҳнат қилганини эслаб шикоятлар ёзди. Қуруқ туҳмат билан қамоққа олинган турмуш ўртоғининг ишини қайта текширишларини сўради. Унинг аксар аризалари эътиборсиз қолдирилди. 1941 йил 24 апрелда Зеби Муҳаммедованинг шикояти Ўрта Осиё Ҳарбий округи томонидан кўрилиб, яна рад жавоби қайтарилди. Жавоб ишга тикилди-ю, фуқарога хабар йўлланмади.
1957 йил 2 августда Солиҳ Муҳаммедов СССР Олий Суди Ҳарбий коллегияси томонидан оқланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳри, Бешоғоч тупик, Бешкўприк, 12-уйда яшаётган Зебо Муҳаммедовага хабар берилди. 1957 йил 14 октябрда қизи Нафиса Муҳаммедовага яна бир хат йўллашиб, отаси учун давлат ҳеч қандай пул бермаслигини маълум қилишади...
Қуйида шу кунларда топилган икки мактубни эътиборингизга ҳавола қилсам. Биринчиси Солиҳ Муҳаммаднинг 1925 йил 4 сентябрда Берлиндан Тошкентга Ўзбекистон ҳукумати раҳбари Акмал Икромовга йўллаган мактуби, иккинчиси Жанубий Германиядаги ўзбек талабаларининг Солиҳ Муҳаммад бошчилигида “Фарғона” газетаси таҳририятига юборган хатидир. Мазкур мактублар ҳам бундан юз йил аввал Германияда таҳсил олган Туркистон ёшларининг мақсаду матлаблари, орзу-армонлари ҳақида ахборот берувчи муҳим тарихий манбалардир:
***
Ёшлар муҳиби ўртоқ Акмал Икромоф!
Олмониядаги талабалар ичида Солиҳ Муҳаммад исмли бир орқадошингиз борлиғин балки эшитгандирсиз. 18 инчи йилда биринчи очилғон тўрт ойлиқ дорулмуаллиминда Сиз ила бирга ўқудиқдан сўнгра Эски шаҳар мактабларинда, курсларинда мудир ва муаллимлик вазифаларин уч-тўрт сана муддати адо этуб келдим. Ундан сўнгра бир неча киши бирга тўпланиб Олмонияга кетмак, у ерда бизга керакли бўлғон илм, ҳунар ва санъатни ўргануб қайтмоқ ҳаваси тушди. Ул кундан бошлаб “Кўмак” уюшмаси очуб ишни бошлағон эдик. У замонлар бу ҳаракатга лозим бўлғон ёрдамларда кўп маратаба сизга борур эдим. Ҳар замон мумкин бўлғон ёрдамни қилур эдингиз. Ана ўшал вақтдан бери Сизни ёшлар оғаси, ёшлар муҳиби исми-ла ёд эта бошлағонмен. Ҳозирги кунда тушдигим бир масъаланинг майдонга чиқиши учун сизнинг тарафдан бериладирган амр, ёрдам қаршусинда интизор бўлиб турамен.
Масала шундан иборат:
Тошкентдан жўнағон вақтимда рафиқамга бир оз муддат ўқуб келаман. Балки, сени ҳам олдуруб ўқутадурман деб ваъда қилғон эдим. Шундайки назаран Ўзбекистоннинг эзилган ерли халқиндан бир хотун кишининг ўқуб қайтмоғи ҳар бир жиҳатдан лозим бўлғон бир ишдир. Бу йўлда қилинғон ёрдамингиз катта бир хизмат бўлувинда шубҳа йўқ.
Муҳтарам Акмал афанди!
Шул мактубимни сизга ёздиғим вақт шул масала тўғрисинда тушуна фикрим торолғон, ҳолим паришон бир замон эди. Мақсаддан бошқа нарсалардан ёзғон бўлувим эҳтимоли бор. Шунинг учун афувингизни сўрайман. Ўртоқ Охундоф бу масаладан хабардор.
Шунга муваффақ бўлсам мени бахтиёр қилғон бўлурдингиз.
Боқий ҳурмат билан укангиз Солиҳ Муҳаммад.
***
Жанубий Олмониядаги ўзбек талабаларининг товуши
Ўзбекистон халқи ва ҳукуматига маълумки, бундан тўрт йил илгари юртдан четга талаба юбориб ўқитиш тушунчаси ва тилаги жуда кучли эди. Бугунда ҳам шундай бўлувина ишонамиз. Ўтилган бу тушунчани ишга ошириш учун йўллар тайёрлаб турли ерларга талабалар юборилган эди. Озарбойжон, Масков, Ленинград каби ерларга юборилганидек бутун очунда маданиятдан юксакда саналган Германияга-да талаба юборган эди. Олмонияга юборилган талабалардан кимё, техника, тиб ва зироат каби илмнинг қон томирлари саналган ишларга кишилар етказмоқ, тайёрламоқ иши буюк армонимиз эди. Бу армонимиз табиий, юзада очиқ турган бир нарса эди.
Ҳар эл ўз ичидан етиштирган илм кишилари дўхтури, инженери, ағруноми ва бошқа иш кишилари чиқарган тақдирдагина муайян маданиятга тобон мойил бўлиб юксалур ва олдинлайдур. Чунки бир эл ичидан кўкарган бунинг сингари илм кишилари ўз элларинда онг ва тушунчалари билан яхши ҳам яқиндан тониш бўлғонлари каби тирикчиликларининг ички юзини ва тег-туги билан биладурлар. Мана шундай шароит орқасиндагина бир элнинг орасинда илм, маданият тарқатиш қулай ва осон бўлиши ҳар кимга очиқ белгилидир. Тарих кўрсатадирки, ўз ичидан етишган ва етиштирилган илм кишилари орқасинда бугунги кўриб турганимиз маданий ва юксак турмушдаги эллар бугунги ўрунлариға (мавқелариға) чиқмишдирлар. Ёт эллардан бўлғон олим, дўқтур ёки бир инженер нақадар жони билан чолишса-да бир элнинг юксалишига сабаб бўлғонин тарихда ўқулмағони каби тажрибада ҳам кўринмайдир.
Чет элларга талаба юбориш билан ўзини кўрсатган, маданиятда орқада қолғон элимиз ҳам “ҳеч бўлганидан кўра кеч бўлгани тузук” деганлари қабилиндан бўлиб юксалиш ва уйғониш йўлини тушунди. 1922 йил сўнгроғинда бошланғич қилиб Бухоро ва Туркистон ҳукуматлари томонидан Олмонияга юборилган талабаларнинг сони 76 та эди (Қафқозия ва бошқа кичик эллардан юзлаб талабалар бордик). Бу талабаларнинг ёнина ҳар йили янги талабалар юбориб Овруподаги талабаларнинг сонини кўпайтириб туришнинг тилаги ҳам бизда кучли эди.
Олмонияга келиб тушган талабалар ўқишқа чин юраклари билан берилиб оз замон ичинда кирганлари турли ўрта ва юксак мактабларинда буюк муваффақиятлар қозондилар. Бир олмон талабаси каби чолишадилар, имтиҳонларни ўз чоғинда бериб келадилар. Талабаларнинг ўқушда кўрсатган қозонишларини Берлиндаги Ўзбекистон Маориф комиссиясининг марказидан олғон қоғоз ва тониқ битиклари (шаҳодатнома) яхшилаб ишонтирса керак.
“Йўқсилни туянинг устида ит қопар” деганидек, биз туркистонликлар Оврупоға келиб чиқдиғимиз чоғ, мунда ётқон оқ ўруслар бизларни кўра олмай талабаларға қоршу сўз ҳужумлари ва тўсуқлар қуриб қайрасалар-да, лекин бизга қаршу зиён еткиза олмадилар. Мактабларимизда кўрсатган қозончларимиз унларнинг оғизларини ёпди. Талабаларнинг ўқушлари анчагина олдинга бориб қолғондан сўнг ораға кириб келган баъзи ғаразли кишиларнинг шум ният билан тебранишлари ва баъзи англашилмовчилиқлар орқасинда бундан бир йил илгари сонимиз 60 тадан 38 тага келтириб қўйилғон эди. Бу иш орқасинда ҳукуматимизға қанча моддий зарар бўлғонлиқ юзада турғони шекилли ўқушдан тортиб олинғон талабалар учун ҳам чексиз зарар бўлди. Бу қолғон 38 талабанинг сони ҳукуматимизнинг сўнгги буйруғи билан 30 га туширилди. Демакки, ҳозирғи кунда илгариги Бухоро ва Туркистон ҳукуматлари томонидан юборилган талабаларнинг ёлғиз ярмигина қолдирилди.
Талабалар камайтирилиб, ярмиси қолдирилса-да таъминот масаламиз тузук бир яхшироқ йўлға кирмай турадур. Бундан икки ой илгари таъминотимиз кесилиб қолиб, талабалар қийин бир вазиятда қолмуш ва оғир кунлар кечирмишлар эди. Талабаларни бу вазиятдан қутқармоқ учун ҳукуматимиз Берлиндаги СССР элчилигига (сафоротхонага) шу йилнинг октябригача етарлик таъминотимизни юборуб қўймуш ва маориф комиссиямизнинг бўйнида элчилиғиндан бўлғон қарзини устига олғон эди. Бунинг билан масъала ечилди деб ўйлағон эдик. Аммо бу ҳафта бошинда Берлиндаги маориф қумиссиямиздан олғон ёзувға қарағонда бизнинг биринчи июндан бошлаб октябргача бўлғон таъминотимизни элчилиқ маориф комиссиясининг қарзлари учун босиб қолмишдир.
Бу қарзни ўртоқ Файзулла Хўжа элчиликка телегром бериб ҳукумат ўз устига олғонин билдирган ва талабаларнинг ойлиқларини ўз вақтида тўхтамасдан бериб туришини сўрағон бўлса-да, бунга қарамасдан, тўғриси аҳамият бермасдан талабаларнинг тўрт ойлиқ оқчасин ушлаб ўлтиришларининг маъносини тушуна олмадиқ. Бу қарз бўлса талабаларнинг устига тушадирган қарз эмасдир.
Мамлакатга қайтариб юборилган талабаларнинг мактаблари билан бўлғон муомала бузулиб кетгани учун унларнинг мактабларига, йўл киралариға элчилик томонидан сарф этилган мингларча сум оқчалар ва 5 декабрь байрам (Ўзбекистон бир йиллиқ байрами), ҳар бошқа шунинг каби бу ердаги талабаларнинг ҳисобиға тушадирғон сарфлардан тўпланиб қолғон суммадир.
Биз Олманиёдоғи талабалар уч-тўрт йилдан бери ёт элда мусофирчиликда ўқушимизға чандон берилиб ётғон кишилармиз. Эндигина мактабларимизнинг бош имтиҳонларни бериб умидимизга эришдик деганда, айниқса, бутун ўқушимизнинг жон томири саналган шу ёз семестримиз бошинда ва элимизнинг, ҳам ҳукуматимизнинг устимизга юклаган вазифаси, муқаддас вазифани ерига етқазиш учун чолишиб, тиришиб турғон замонимизда бирдан бизга бундай таъминотсиз қолиш хабари юракларимизга момақалдироқ каби даҳшатлар солди. Чақмоқ каби бир таъсир ёйди. Бунинг-ла эл ва ҳукуматимизга мурожаат этиб сўраймизки, бизни бу қийинлиқлардан чиқозиш йўлларин кўруб, ўқушларимизни тинч давом эттиришимизга йўл тайёрлансун ва чет элда оқчасиз ўқуб бўлмағони каби бир кун ҳам яшаб бўлмаслиғин унутмаслиқларини умид этамиз.
14.05.1926.
Жанубий Олмониядағи Ўзбекистон талабалари. Маелбурғ.
Аъзолар:
1. Муҳандис Аҳмаджон Иброҳим – Берлиндан, Жанубий Олмонияда тажрибада;
2. Аграном Солиҳ Муҳаммад – Штутгард олий зироат мактабинда;
3. Марям Султонмуродова – Дармштадт дорул муаллимотидан;
4. Хайринисо Мажидхон қизи – Дармштадт семинариясидан;
5. Кимёгар Саттор Абдужаббор – Ҳайделберг дорулфунуни;
6. Духтур Абдулваҳҳоб Ўқтой – Ҳайделберг дорулфунуни;
7. Кимёгар Собир Иброҳим ўғли – Дармштадт.
Баҳром ИРЗАЕВ,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Тарих
Адабиёт
Тарих
Тил
Жараён
Жараён
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ