Ўрта асрларда ўзбек хонадонида меҳмон кутиш анъанаси қандай бўлган?


Сақлаш
17:28 / 10.01.2025 61 0

Ўзбек халқи қадимдан меҳнатсеварлиги, уста-ҳунармандлиги ва меҳмондўстлиги билан танилган. Яхши кунларида катта ва кенг дастурхон атрофида юзлаб инсонларни меҳмон қилишни, “дастурхон устида бир пиёла чой” билан суҳбат қуришни яхши кўрган. “Меҳмон атойи Худо”, “Меҳмон отангдек азиз” каби халқ мақоллари ҳам бежизга пайдо бўлмаган. 

 

Ўтроқ, кўчманчи, ярим кўчманчи чорвадор ҳолда яшаб келган аҳоли азалдан уйларини безатишни ҳам яхши билган. Ўтроқ аҳоли уйларини пахса, ғишт, ёғочдан қуриб, катта залларда меҳмонларни қабул қилишган. Саройлардан ташқари зодагонлар, юқори мансаб эгалари, оддий халқ ҳам меҳмонлар учун алоҳида хоналарни ажратишгани уй қурилишидан билинади. Биргина Термизшоҳлар саройида меҳмон ва элчиларни қабул қилиш учун 14х14 м бўлган катта зал мавжуд бўлиб, турли: қизил, яшил, кўк, малла рангдаги шишадан ясалган медальонлар билан дераза ва полларини безатган – бу орқали ўз ҳукмронлик кучини кўрсатиш, меҳмондўстлигини билдиришни кўзланган.

 

“Сайёҳ Ибн Баттута (1333 йил) Хоразмда юқори табақа вакиллари уйларини безатиши ва меҳмондорчиликда ишлатиладиган қимматбаҳо металл идишлар тўғрисида маълумотлар беради. Унинг Урганч қозиси Абу Ҳафс Умар меҳмонхонаси ҳақида ёзишича, “Бу гўзал ва кенг хона бўлиб, қатор токчаларнинг ҳар бирига олтин суви юритилган кумуш идишлар қўйилган. Одатда мамлакат фуқаролари ўз уйларини ана шундай тарзда безатадилар”, деб ёзади. Шунингдек, “... яна бошқа идишларни, патнисларни ҳам олиб келишди. Тозаланган анор доналари ичига тилла қошиқчалар солинган олтин ва кумуш идишларда тортилди”, дея маълумот беради.

 

Ҳунармандлар анъаналарни ҳисобга олган ҳолда кундалик рўзғор буюмлар, меҳмонхоналарни безатиш ва меҳмонлар келганда фойдаланиш учун, турли маросим, байрам ва базмларда ишлатиладиган идишлар ясашган. Бу идишлар сополдан, кумушдан, шишадан ясалиб, ҳунарманднинг ишлов бериши, қимматбаҳолиги жиҳатидан ажралиб турган. Кундаликда ишлатиладиган шиша идишлар оддий, безаксиз, бир хил шаклда ясалган бўлса, меҳмонлар учун ишлатилган идишлар ҳашамдор, тилла, кумуш сувлари юритилган, махсус безакли қолиплар ёрдамида ишлаб чиқарилган.

 

Дастурхон идишларига кўпинча чойнак, пиёла, пиёласимон идишлар, коса, қадаҳ, сув идишлар (безатилган кружкалар), ваза, графин ва кўзалар кирган. Кундалик рўзғорда сополдан ясалган, байрамларда, меҳмон дастурхони учун шишадан ясалган идишлардан фойдаланилган. Самарқанд, Тошкент воҳасида пиёласимон идишлар яшил, тиниқ рангли шишалардан тайёрланиб, улар ичимлик ичиш учун ноқулай бўлган.

 

Маълумки, ёзда пишган меваларни қиш учун қуритиб қўйиш ўзбекларга хос. Пиёласимон, ундан каттароқ, оғиз қисми ташқарига қараб кенгайган идишлар чой ичиш учун эмас, кўпроқ дастурхонга турли зираворлар, ширинликлар, кичик мевалар, қуруқ мевалар, турли кўринишдаги ёнғоқлар ва қаттиқ ширинлик тортиш учун ишлатилган бўлиши мумкин. Археологлар шишадан, бежирим безак бериб ясалган коса намуналарини топган бўлиб, бу идишлар ҳам дастурхонга меҳмон келганда ёки бирон байрамда мевалар, суюқликлар, ярим суюқ ширинликлар (қайнатилган узум – шинни, асал, нишолда ва бошқалар) тортиш учун ишлатилганини тахмин қилишган. Чой ёки суюқлик ичиш учун жуда нафис буюмлар ясалган бўлиб, бу турдаги идишлардан бугунгача фойдаланиб келамиз.

 

Базм дастурхонларида фойдаланилган идишлардан яна бири ритонлардир. Қадимги даврга тегишли кўплаб ритонлар Эски Нисодан топилган. Ахамонийлар давридан бошланган анъанага кўра вилоят ҳокимлари мавжуд ҳокимият тепасида турган сулола шарафига Нисода тўпланиб, базм уюштиришган. Бақтриядан келтирилган узум шарбатидан тайёрланган ичимликлар ичишган. Бу одат Парфия, Юнон-Бақтрия даврида ҳам давом этган. Ритонларнинг сиғими 200 мл грамдан 2-2,5 литргача бўлган. Самарқанд, Тошкен, Андижон, Варахша ҳудудларидан ўрта асрларда ҳам безак, ҳашамат рамзи сифатида фойдаланилган шишадан ясалган ритон намуналари топилган. Графин, кўзаларда дастурхонга шарбатлар, ҳудудларига қараб қимиз, шароб, май каби ичимликлар тортилган. Тўй маросимида келин-куёв шишадан ясалган тутқичли сув идишларда ширин сув ичишган.

 

Инсонларнинг яшаш шароитлари яхшиланиб бориши билан санъат асарларига қизиқиш, уйларини дабдабали ясантириш урфга кира бошлаган. Ўрта асрларда ҳам токчаларни безатиш, меҳмонлар учун махсус қимматбаҳо идишларда таом, ичимликлар тортиш одати юқори табақа вакилларига хос бўлган. Ўзбеклар қадимдан меҳмондўст халқлигини исботлаб келган.

 

Сурайё МАМАТАЛИЕВА,

ЎзФА Тарих институти таянч докторанти

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 14033
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//