«Прокруст тўшаги» ёки «каламушлар пойгаси» – фикрловчидан истеъмолчига айланаётган инсоният


Сақлаш
11:37 / 10.01.2025 72 0

Яқинда туркиялик киноижодкорлар томонидан яратилган «Plaza Köylüleri» ҳужжатли фильмини томоша қилдим. Картина бир хиллик синдроми сабаб 25-35 ёшдаги кишиларнинг ишларини ташлаб, қишлоққа, сокин ҳаёт тарзи томон кетишлари ҳақида ҳикоя қилади. Қизиқарли жиҳати, фильм қаҳрамонларининг деярли ҳаммаси нуфузли компанияларнинг ходимлари, маълум даражадаги карьера соҳиблари эди. Улар фақат материалистик ютуқлар пайида югуриб-елишаркан, кунларнинг бирида руҳлари мажруҳланганини англаб қолишган. Бир қаҳрамон тилидан айтилган ушбу сўзлар, айниқса, диққатимни тортди: «Бу синдром қути ичидаги қутига ўхшайди: офис-қути, лифт-қути, хона-қути...» Бошқа бир қаҳрамон эса «Энди хоббиларимиз ҳам бир иш варианти сифатида шаклланяпти. Бир киши ўзини яхши ҳис қилиши учун эмас, келажакда ҳозирги ишимдан айрилиб қолсам ёки ишим ёқмай қолганда ҳеч бўлмаганда дарс бераман деб йога ўрганяпти, қаҳва тайёрлаш курсига қатнаяпти», – дейди. 1990 йилларда бошланган, асосан 20-22 ёшлилар орасида авж олаётган иш, оила, барча-барчасини ташлаб кетиш жараёни бугун Япония иқтисодиётини сезиларли даражада орқага тортмоқда. Бу ҳодисани рамзий тарзда «буғланиш» деб аташади. Яъни инсонлар ҳаётнинг тобора моддийлашиб, рақобат майдонига айланиб бориши ортидан руҳий босимларга учраб, хорижга бош олиб кетишган. 

 

Ушбу жараёнда ижтимоий тармоқларнинг ҳиссаси катта, дейиш мумкин – у инсонларнинг диди, мақсадлари, умуман олганда, турмуш тарзига етарлича таъсир ўтказяпти. Одамлар «тренд»даги бир хил қиммат машиналарни ҳайдаш, бир хил соат тақиш, бир хил кийинишга ҳаракат қила бошлади. Аммо бундай сурункали пойгада яшаш уларни руҳан эзиб, ахийри ҳолдан тойдирмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, дунё бўйича психологик аномия (руҳий зўриқиш) касалининг ортишига асосий сабабларидан бири айнан шу ҳол бўлмоқда. Яъни бу жараён одамларни ҳар руҳан, ҳам жисмонан мажруҳ қила бошлади.

 

 

Бугун юз бераётган ушбу ҳол тарихга «прокруст тўшаги» номи билан кирган воқеани эслатади. Қадимги юнон афсоналарида ёзилишича, Прокруст исмли бир қароқчи қўлга олган одамларини ўзининг тўшагига ётқиза бошлайди: баланд бўйлиларни оёғини кесиб, паканаларни оёғидан тортиб, чўзиб тўшакка мослайди. Тўғри келса-келмаса одамларни ёки нарсаларни зўрма-зўраки бир қолипга, андозага солиш жараёнига «Прокруст тўшаги» дея номлаш айни шу воқеликка боғлиқ. Жеймс Клирнинг «Атом одатлар» асарида жамиятда сунъийликнинг урчиб кетиши, бирхиллашув, инсонларнинг ботинга эмас, зоҳирга кўпроқ эътибор бериши, дунё ва унга боғлиқ бўлган барча одатларнинг тобора жозибали бўлиб бораётгани билан изоҳланади. Бу жараён фан тилида «супернормал стимул» деб аталади. Китобда бу ҳодисага батафсил тўхтаб ўтилган: «Жамиятимиз борлиқнинг атайлаб кучайтирилган вариантлари билан тўла. Ҳозирги дунё аждодларимиз яшаган даврга нисбатан анча жозибалироқ. Ижтимоий тармоқлар уйда ёки ишда тўплашни тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган даражада кўп мақтов ва «лайк»ларни таклиф этади. Рекламалар мукаммал ёруғлик, профессионал пардоз ва компьютерда қўшимча ишлов бериш йўли билан яратилади. Фотошопда ишлов берилган суратдаги моделлар ҳақиқий одамга ўхшамайди. Бу замонавий дунёнинг супернормал стимулларидир. Улар биз учун табиатан жозибали бўлган сифатларни бўрттириб тақдим этади. Бу эса ўз навбатида инстинктларимизни жунбишга келтиради. Натижада керак-нокерак маҳсулотларни сотиб олиш, ижтимоий тармоқларга берилиб кетиш, порнографик сайтларга кириш ва носоғлом овқатланиш сингари зарарли одатлар юзага келади. Агар шундай давом этаверса, маҳсулот ва хизматлар келажакда бунданда жозибалироқ бўлишига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Мукофот кўпроқ диққат марказимизда, стимуллар эса тобора йўлдан оздирадиган бўлиб боради. Носоғлом овқатларда калориялар табиийларига қараганда кўпроқ жамланган. Ароқда пивога нисбатан кўпроқ алкоголь бўлади. Видео ўйинлар эса ҳаётдаги ўйинларга нисбатан интенсивроқдир. Табиий стимулларга нисбатан бундай лаззатли ҳиссиётларга қаршилик қилиш анчагина мушкул вазифа. Аждодларимизнинг мия тузилишини сақлаб қолган ҳолда улар тасаввур ҳам қила олмайдиган алдов ва чалғитишларга дуч келмоқдамиз. Айнан шу фактлардан келиб чиқиб, кундан кунга биз яшаётган ҳаёт афсонадаги тўшакка айланиб бораётгандек туюлади. Яъни атрофда қолиплар, маълум бир андозалар, шаклбозлик ўйинлари кетаётгандек. Худди ижтимоий тармоқ учун овқат еб, саёҳат қилиб, бахтли бўлинаётгандек».

 

Масалага генералист нигоҳи билан қарасак, капиталистик тузум ҳам инсониятни шу аҳволга келишига сабаб бўлмоқда. «Ягона ҳақиқат – эҳтиёж» ғоясини илгари сурувчи ушбу тузум инсонларни «истеъмолчилар жамоаси»га айлантирди. Энди инсоннинг қорни тўқ, кийими бор, уйи сарой бўлсада, барибир эҳтиёжи бор. Яъни инсон онгсиз равишда ўз ҳаётини пойгага қиёслаб, умум эътироф этган эҳтиёжлар орқасидан кетаверади. Бу ҳодиса жамиятшунослар томонидан «каламуш пойгаси» деб аталади. «Каламуш пойгаси» – бу чексиз давом этадиган, кишини ҳолдан тойдирадиган маъносиз ҳаракат. Яъни инсонга бу матоҳ ҳақиқатда керакми ёки йўқ, унга эришиш йўлида тинимсиз зомби каби ҳаракат қилаверади. Истисно тарзида айтиш керакки, ўз диди ва шахсий истакларида келиб чиққан ҳолда бирор нарсани ёқтириб унга эга бўлиш учун ҳаракат қилиш умуман бошқа масала. Янада батафсилроқ айтадиган бўлсак, ҳозирги даврда «оломон маданияти» вужудга келди. Бу шундай маданиятки, унинг туб негизи ўзлигини танимаган, ўз қадриятларига эга бўлмаган инсонларнинг ўта маиший хоҳиш-истакларидан иборат, холос. Юқорида таъкидлаганидек, интернет, ижтимоий тармоқлар мана шу маданиятнинг инсонлар қон-қонига сингиб кетишида кучли восита вазифасини ўтамоқда. Ижтимоий тармоқларда ҳаётда жуда жўн ҳақиқатга эга, маиший истаклар доирасида ўралашиб қолган бир ҳовуч блогер, вайнер, «санъаткор»лар, умуман омма эътиборини жалб қилган ҳамма жуда муқаддас туйғулардан бўлмиш бахт, муҳаббат, ҳурматни сўнгги русумдаги «iPhone», аллақандай янги русумдаги машиналар, саёҳат чипталарига боғлиқ эканини тарғиб қилмоқда.

 

 

Пулнинг инсон фаровонлиги учун бирламчи воситалардан бири эканини инкор қилиб бўлмайди. Лекин у воситагина бўлиб, фаровонлик, бахтнинг ўзи эмас. Инсон «IPhone», «Гелик», хорижга саёҳат чипталарисиз ҳам бахтли бўлиши мумкин. Албатта, ушбу қарашлар билан «Диоген фалсафа»сини илгари суриш ниятидан ҳам йироқман: «Инсонда ҳеч қандай эҳтиёж бўлмаслиги керак» эмас, бўлиши керак. Аслида, эҳтиёжлар инсонни ҳаётига маъно берадиган, уни доим ҳаракатда, тинимсиз интилишда яшашини таъминлайдиган двигателлардир. Ҳарвард мутахассисларининг тадқиқотига кўра, инсон ўз потенциалидан тўлиқ фойдаланганда, бахтли бўлиш, ўз-ўзидан қониқиш ҳислари вужудга келиш коэффициентлари юқори бўлади. Шундай экан инсон ҳеч қачон ҳаракатдан, ҳаётни максимал даражада яхшилашдан тўхтамаслиги керак. Аммо бу жараёнда сизни «каламуш»га айлантиришларига йўл қўймаслик, Прокруст тўшагига мослашиш учун тана аъзойингизни кесиб отмаслигингиз керак. Орзу-мақсадларингизни кимлардир белгилаб бериши эмас, ўзингиз англай олишингиз, ички туйғуларингизни эшитишингиз керак. Шундагина, оломондек фикрлашдан қочган, ўзингизгагина хос бўлган дунёни яратган бўласиз.

 

Меҳриноза ФАРМОНОВА тайёрлади.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 14044
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//