“Хитойда навбатдаги даҳшатли метапневмовирус (hMPV) пайдо бўлди. У Covid-19 га ўхшаш симптомлар билан намоён бўлиб, тез тарқалади. Хитой шифохоналари унга чалинган беморларга тўлиб кетган. Ҳозирги кунда қатор ривожланган давлатларда ҳам зарарланиш ҳолатлари аниқланди. Ўлим даражаси эса юқори” – янги метапневмовирус ҳақида ижтимоий тармоқларда шу мазмундаги маълумотлар жуда кўп тарқалмоқда. Улар ҳақиқатга қанчалик яқин? Метапневмовируснинг тарқалиш йўли, белгилари ва хавф даражаси қандай?
Метапневмовирус қандай касаллик?
Инсон метапневмовируси ҳаво томчи йўли билан юқадиган вирус бўлиб, у айниқса, кичик ёшдаги болалар, қариялар ва иммун тизими паст бўлганлар учун хавфли саналади. Касаллик симптомлари грипп, айниқса, Коронавирусникига жуда ўхшаш. Улардан энг кўп учрайдигани – бурун оқиши, йўтал, юқори тана ҳарорати, титроқ, нафас олишдаги мураккабликлар ҳамда умумий ҳолсизликдир.
Хитой бу вирус ҳақида нима дейди?
Расмий маълумот манбаси – Хитой касалликларни назорат қилиш ва профилактика бошқармаси сайтидаги маълумотларга кўра, вирус Хитойда 2024 йил якунида аниқланган: Шифохонада 23-29 декабр даврида таҳлил учун нафас олиш йўлидан олинган намуналар асосан грипп, инсон метапневмовируси ва риновирус бўйича ижобий натижа кўрсатган. Хабарда айтилишича, Хитой аввалгидек, респиратор юқумли касалликларининг кенг тарқалиш мавсумини бошдан кечирмоқда. Айниқса, мамлакатнинг шимолий ҳудудларида ўсиш тенденцияси аниқроқ сезилади.
Бошқача қилиб айтганда, гап анъанавий, мавсумий ОРВИ билан зарарланиш ҳолати ҳақида бормоқда.
Хитой Соғлиқни сақлаш органлари метапневмовируснинг ноодатий хавфи, оғир оқибатлари ҳақидаги хабарларни тасдиқламаган. Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистонлик мутахассислар ҳам шундай фикрда:
“Бу борада хавотирли ҳеч нарса йўқ. Бу вирус инсонлар орасида аллақачонлардан бери айланиб юради. Биз уни енга оламиз. Бизга даҳшатли хавф соладиган бирор нарса кўрмаяпман” – дейди россиялик таниқли биолог, профессор, Биология фанлари доктори Анча Баранова.
Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги қайд этишича, инсон метапневмовируси ўнлаб йиллардан буён турли мамлакатларда “кезиб” юрган классик вируслардан саналади. Ўзбекистон ССВ ҳам бу вирус тиббиёт ва инсоният учун янгилик эмаслигини айтиб, ортиқча хавотирга ўрин йўқлигини таъкидлади.
Шу билан бирга, турли мамлакатларда метапневмовируси тарқалиш хавфини камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар ҳам ўтказилмоқда.
Хитой шифохоналари беморларга тўлгани ҳақидаги маълумотлар ҳам тасдиғини топмаган.
Баъзи манбаларга кўра, метапневмовирус эпидемияси Хитойнинг Ухань шаҳрида Коронавируснинг илк пайдо бўлиши ҳақидаги огоҳлантиришдан 5 йил ўтиб маълум бўлган. Унга таянадиган бўлсак, вируснинг бир неча 10 йиллардан буён мавжудлиги тўғрисидаги фикрлар тасдиғини топмайди. Қолаверса, Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам вируснинг бу тури ҳақида 6 декабрь санасига қадар бирор тушунтириш бермаган. 6 декабрь куни эса БМТнинг расмий саҳифасида Метапневмовирус билан боғлиқ вазият ҳақида сўз борар экан, ЖССТнинг Европа бюроси раҳбари Ханс Клюге фикрига таянилади. Википедияда бўлса, вируснинг дастлабки пайдо бўлиш ҳудуди Хитой, Ухань шаҳри эканини, бошланиш даври 2025 йил 2 январ санасига тўғри келишини кўриш мумкин. Шунингдек, у ерда Вирус парамиксовируслар оиласига тегишли бўлиб, у билан касалланган беморлар Хитой соғлиқни сақлаш тизимига оғир босим бўлгани, мамлакат шифохоналари жорий йилнинг дастлабки кунлариданоқ метапневмовирус билан зарарланган беморларга тўлиб кетгани қайд этилган.
ЖССТ нима дейди?
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) нинг Европа бюроси раҳбари Ханс Клюге БМТга берган маълумотга кўра, инсон метапневмовируси одатда йўтал, юқори тана ҳарорати, бурун битиши ва хрип симптомлари билан намоён бўладиган, етарлича кенг тарқалган респиратор вирус саналади.
Бироқ инфекция оғир оқибатларда, айниқса, ёш болаларда, қарияларда ва сурункали касалликлари бўлган беморларда пневмонияга олиб келиши мумкин. Вирус у билан зарарланган инсонлар билан яқин алоқа ёки ифлосланган юзалардан ҳаво томчи йўли билан юқади.
Мутахассисга кўра, касалликнинг жорий қамрови ва интенсивлиги ўтган йилгига нисбатан пастлигича қолмоқда. ЖССТнинг Хитойдаги штаб-квартираси касаллик билан боғлиқ вазият ҳақида доимий маълумот олиб, вирус турлари, штаммлардаги ўзгариш ва патогенлар мониторинги учун зарур ёрдамларни кўрсатмоқда.
Клюге шунингдек, соғлиқни сақлаш соҳасида шаффоф ва оператив мулоқот муҳимлигини таъкидлаб, фавқулодда вазиятларга тайёргарликдан ташқари, дезинформация ва ёлғон маълумотларга қарши туришда ишончли манбалардан маълумот олиш муҳимлигини қўшимча қилди.
Касаллик бедаво экани ҳақидаги хабарлар қанчалик ҳақиқатга яқин?
Тармоқларда янги вирус ҳақида турли миш-мишлар тарқалар экан, уларнинг орасида метопневмовируснинг даволаш усули йўқлиги ҳақидаги маълумотларга кўзингиз тушади. Европа ЖССТ раҳбарининг сўзларига кўра, чиндан ҳам ҳали Метапневмовирусга қарши бирор специфик даволаш усули ва вакцина мавжуд эмас.
Ўзбекистон СанЭпид қўмитаси метапневмовирус билан касалланган одамларнинг аксарияти асоратларсиз тузалиб кетишини айтган. Вирусни даволашда ҳозирча симптоматик усул қўлланилиб, уй шароитида бемор аҳволини енгиллатишга қаратилган чоралар кўрилади. Оғир ҳолатларда эса амбулатор шароитда беморга кислородли терапия қўллаш зарур бўлади.
“Умуман олганда, одамлар саломатлиги учун исталган хавфга тайёргарлик кўришнинг энг яхши усули – кучли соғлиқни сақлаш тизимлари ва хизматларига, жумладан, ҳамкорлик мониторингига сармоя киритишдир” – таъкидлади Клюге.
Вирусдан қандай сақланиш мумкин?
Мутахассис таъкидлашича, кенг қамровли нафас йўли касалликларида қўлланиладиган оддий чора-тадбирлар шамоллашдан то грипп, COVID-19 ва метапневмовирус билан зарарланишнинг олдини олиши ва юқиш хавфини камайтириши мумкин. Булар:
n Касал бўлсангиз, уйда қолинг. Жамоат жойларида ва ҳаво яхши айланмайдиган жойларда ниқоб тақинг;
n Йўталаётганингизда ва акса ураётганингизда оғзингизни салфетка ёки букилган тирсагингиз билан тўсинг;
n Қўлларингизни мунтазам ювинг ва атрофингиздаги юзаликларни тозалаб туринг.
Агар метапневмовирус чиндан ҳам ўн йиллардан буён бизга бегона бўлмаган мавсумий вирус бўлса, жорий ҳолат аввалгилардан паст натижаларни кўрсатаётган бўлса, бу вирус ҳақидаги дунё бўйлаб ажиотаж нега 2025 йилга келиб пайдо бўлди? Бу савол яна очиқлигича қолди.
Тарих
Тарих
Тарих
Тарих
Жараён
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ