Музейларда ёки интернетда машҳур санъат асарларини соатлаб кузатаётганларни кўриб қоламиз. Қандай қилиб, дейлик, “Йиғлаётган аёл” ёки “Бир коса шўрва”ни соатлаб томоша қилиш мумкин ва бу расмлар юз минглаб одамларни ҳайратга солади? Баъзилар соатлаб сурат қаршисида жим туради, кўзига ёш олади; баъзилар эса шунчаки “бу нимаси билан буюк?” деган саволни ўзига бериб кўради. Санъат гўёки ҳаммага бир хил кўринади, лекин ҳар ким унда ўзини кўради ёки йўқотади.
Мақолада дунё бўйлаб энг машҳур деб топилган 8 та суратга кичик саёҳат уюштирамиз. Ҳар бирининг ортида қандай воқеа, руҳий изтироб ёки давр ҳайқириғи ётганини очишга ҳаракат қиламиз. Бу расмлар фақат чиройли бўёқлар ва мусаввирлик қобилияти эмас, балки замонларнинг овози, инсон руҳининг жим ҳайқириғидир. Уларни тушуниш учун рассом кўрган, аммо биз илғамайдиган деталларни кўриб чиқиш керак бўлади. Шунда биз ҳам сурат қаршисида узоқ туриб қолган одамларни тушуна бошлармиз.
Бу аёлнинг табассуми 500 йилдан бери одамларни ром этиб келади. Оддий портретдек туюлади, лекин ҳар қаердан қарасангиз ҳам, у сизга қараб жилмаяётгандек кўринади. Бу таъсир Леонардо да Винчининг махсус техникаси – сфумато, яъни ранглар орасидаги ўтишларни тутундай нозик қилиш усули билан эришилган. Натижада, аёл юзи ҳам сокин, ҳам сирли кўринади. Унинг юзида енгил табассум бордек, кўзлари эса бутунлай бошқа туйғуларни айтади – бу томошабинни ўз ҳис-туйғуларига юзлантиради.
Лекин энг қизиқ факт шундаки, мазкур расм илк бор машҳурликка эришишига санъат аҳли эмас, жиноятчи сабабчи бўлган. 1911 йилда Лувр музейининг собиқ қоровули расмни ўғирлаб кетган, натижада бутун дунё оммавий ахборот воситалари “сирли табассум” ҳақида ёзиб чиқди. Миллионлаб одамлар илк бор Мона Лизани айнан йўқолгач таниди. Шундан сўнг портрет шунчаки расм эмас, балки бутун инсоният руҳияти ва қадриятларининг тимсолига айланди. Мона Лиза энди бир аёл сурати эма, бир савол, бир сир ва бизга ўхшаган бир инсонга айланди.
Ван Гог ҳаёти давомида биттагина расмини сотган бўлса-да, ҳозир шу – “Юлдузли тун”нинг ўзи 100 миллион доллардан ортиққа баҳоланади. Бу расмни Ван Гог руҳий касаллар шифохонасида ётганида чизган. Аммо “Юлдузли тун” у деразадан кўрган манзара эмас, балки ижодкорнинг ички дунёси акс этувчи асардир. Осмон ғаройиб гирдоблар ичида, юлдузлар ҳароратли, ой хаёлий, дарахтлар эса қоронғи ва чуқур. Ҳар бир чизгида туйғу бор, ҳар бир рангда тебраниш.
Менимча, бу асар бизга шуни кўрсатадики, қийинчиликлар ичида ҳам гўзалликни кўриш мумкин. Ван Гог оғриқ ичида бўлса ҳам, дунёни ажойиб кўра олган ва ранглар орқали ўз ҳис-туйғуларини ифодалаган. Шу боисдан ҳам мазкур асар замонавий одамнинг руҳий ҳолатини акс эттирувчи энг кучли асарлардан бири ҳисобланса керак.