Шоир ўзини даволаш учун ҳам ёзиладиган шеърлар – конфессионал шеърият «Оқдан қизилга» тўплами мисолида


Сақлаш
16:58 / 09.01.2025 50 0

1950-60 йиллар Америка шеърияти конфессионал шеърият муҳитида яшади. Конфессия сўзи (эътироф этиш, иқрор бўлиш) ўзи ҳақидаги бор заифликлар, айблар, травмалар, «ниқоб» ортидаги сирни роҳибнинг олдида тан олишни назарда тутади. Конфессионал шеъриятда ҳам шу хусусият мавжуд эди. Шеърий йўналиш сифатида шахсий ҳаёт, ички ҳис-туйғулар ва травмаларни очиқ, самимий тарзда ифода этишга урғу берганди. У шунинг учун «шахсий» ёки «МEН» шеърияти ҳам деб аталади. Ўлим, депрессия, суицид, болалик травмалари ва оилавий муносабатлар, қисман жинсий мавзу ҳам бу шеъриятнинг асосий тадқиқ объекти бўлган. 

 

Тушунганингиздек, бундай шеърларнинг асосий мазмунида шоир руҳиятида ўта оғир из қолдирган кескин воқеалар ётади. Таҳлилчилар конфессионал шеъриятнинг пайдо бўлишини асрни қамраган Ҳолокост, Совуқ Уруш, ядровий қуролланиш пойгаси келтириб чиқарган ижтимоий муаммоларнинг ечимсизлиги олдида инсониятнинг шокка тушиб қолгани ва шундан қочиш истаги, дея баҳолайди. Модомики, ижтимоий дардлар ҳаммани қўрқувда ва чорасизликда ушларкан, онгли равишда ундан қочиш учун шоирлар диққатни ўзига қаратди ва замон олдидаги ечимсизлик ўз оғриқларининг ҳам ечимсизлиги шаклида намоён бўлди. Яна бир тарафи, ижтимоийлик олдида заиф одамзод ўзининг ҳар томонлама ожиз, янчилганини тан олишдан кўра бошқа чора кўрмади. Улар айнан қаерда ва қандай кучлироқ янчилганини ўта азоб билан тасвирлаб юборди – айни шу нарса уни эътироф қилишга сабаб бўлади. Бу эътирофнинг ичида азоб ҳам, гуноҳ ҳам, истаклар, айблар, атрофдагилар қилмишлари ҳам – ҳаммаси мадҳ этилганди. Бундан ташқари бу шеърият терапевтик хусусиятга ҳам эга. Масалан, конфессионал шеъриятнинг ёрқин вакили Анна Секстонга терапевти ёзиш воситасида даволанишни маслаҳат беради. Йўналишнинг асосчиларидан саналган Роберт Лоуэлл ҳам ўз биполяр бузилишидан халос бўлиш учун ёзган, у ҳатто руҳий касалхонада ўтган кунлари, ўша дамдаги кечинмаларини ҳам шеър қилади. Айнан мана шу нарса ўқувчини кўп тортган ўша даврда. Чунки руҳий бузилишни тан олиш ва ёзиш табу эди. Роберт Лоуэллнинг «Life studies» шеърий тўплами конфессионал шеъриятнинг бошланиши бўлди. Кўпчиликнинг эътирофича, бу китоб Томас Элиотнинг «Йўқотилган замин» асаридан кейин Америка ўқувчисини қаттиқ таъсирлантирган иккинчи китоб бўлганди. Мазкур йўналишнинг яна бир вакили Снодграсс ўзининг дастлабки тўпламини ажрашув туфайли қизини йўқотганидан кейин ёзган, китобда муаллифнинг оила билан боғлиқ оғриқли тажрибалари бор. Бунгача шахсий ҳаёт ва тажрибани бунчалик очиқ эътироф этиш оқланмас ва ўз дардига ошиқча маҳлиёлик сифатида ноқулай саналарди. Бироқ Снодграсснинг ўзи уни конфессионал шоирлар қаторига киритишларидан ғашланган. «Қанақадир тавба тазарру ё иқрорлик учун шеър ёзиш менгамас», дейди у. Ва кейинчалик шеъриятда шахсий кечинмалардан узоқлашиб, уларни давр билан боғланган ҳолда тадқиқ қилади.

 

Йўналишнинг яна бир йирик намоёндаси – Силвия Плат. Бу шоира наинки конфессионал шеъриятга оид мавзуларни шахсийликдан узоқлаштириб, рамзий ифода этгани, балки мураккаб синтаксис қурилиши билан ҳам ажралиб туради. Вафотидан кейин турмуш ўртоғи аёлининг мазкур йўналиш шоири саналишига қарши туради, шеъриятидаги фарқлиликларни очиқлаб беради. Аммо Силвиянинг ўзи Лоуэлл ва Секстондан руҳлангани, уларнинг шеъриятини ҳаяжон билан қаршилагани бор гап. Унинг ҳам ижодида оила, ўлим, болалик травмалари, суицид истаги, депрессия мавзуси бор бўйи билан кўринади. Конфессионал шеърият ўша даврдаги Америкада шу даражада машҳурликка етганки, Нил Армстронг ойга қайси китобларни олиб кетиши керак деган саволга, газеталар Плат, Секстон, Роберт Лоуэлл, Снодграсс деб ёзишарди. Аммо унинг ҳам умри узоқ бўлмади. Америка адабиётида бирор услуб ё йўналиш 10 йилдан ошиқ яшаб қолса, бу турғунлик бўлган бўларди, доимий янгилик ва янгиланишга ўч муҳит эса турғунликка тоқат қилолмайди. Бу шеърият ҳам вақтида ўз даврини яшади, адабиёт майдонини шахсий тажриба орқали бойитди ва шеъриятдаги руҳий таҳлилни янада чуқурлаштирди. Ўзидан кейинги авлодга катта таъсир ўтказди, улар конфессионал йўналиш йўлидан юрмаган бўлсада, тажрибалардан бойигани ҳақиқат. Аслида бугунги замонавий дунёда ижод қилаётган инглиззабон шоирларнинг 90% дан ортиғи конфессионал йўналишга мансуб, деган қараш бор, аммо бунга кейинроқ қайтамиз. Шунча гапни гапиришимизга сабаб бўлган омил эса ўзбек шеърияти ҳам конфессионал поэзиянинг ютуқлари билан бойишни бошлагани ва уни ҳозирча Аниф шеърияти (тўғри, бошқалардаям бу мавзулар учрайди, аммо унда конфессионал руҳ «ярқ» этиб кўзга ташланади) мисолида кўришимиз мумкинлиги эди.

 

 

Аниф шеърияти, худди конфессионал йўналишнинг кўплаб вакилларига хос бўлганидек, кўпроқ терапевтик, ичидаги ҳисларини, айтилмаган гапларини озод қилишга чоғланган. Шунинг учун тили оддий мулоқот тилини эслатади – бадиий безаклардан ҳоли. Муаллиф ижодининг аввалида «аноним» тарзида шеърларини эълон қила бошлади. Хўш, шоир нима учун аноним ёзади – ичидаги айтиб бўлмайдиган гапни айтишга эҳтиёж сезганда… Айнан бу ҳам конфессионал йўналиш хусусияти, шахсий оғриқларни очиқлаш доим ҳам муаллифнинг ўзига яхшилик келтирмаган. Аммо айтмасликнинг иложи йўқ экан, муаллиф ҳеч бўлмаса, яширин қолиб бўлса ҳам айтишни танлайди, унга номдан, эътирофдан кўра енгиллашиш муҳим бўлиб қолади. Масалан, «Бегоналик» шеърида ўқиймиз:

 

Сизга бегона эди мендаги орзу,

Қизиқиш, оғриқ ва туйғулар.

Фарқсиз бўлиб борар эди менгаям

Ўзимнинг ўзимга етти ётлигим.

Кўзгуларни синдириб ташланг,

Унда кўргим келмаяпти аксимни.

Қолди фақат биргина истак –

Ўлгим келяпти.

 

Ёки «Кимлигим» шеърида тўлиқ шоирнинг персонали – яъни ички «мен» билан юзлашамиз:

 

Аниф, сиз кимсиз

деб сўрашади мендан,

мавжудмисиз чиндан ҳам

балки шарпа ёки фаришта.

Мен эса индамайман

ва ўзимга бераман савол:

кимман мен?

қандайман?

нимаман?

қачон туғилдим?

мени ким яратди?

бошпанам қаер?

 

Шеър давомида вужуддаги икки руҳнинг кураши келади ва ёзиш, айтиш учун бироз ноқулай иқрорлар айтилади: «сиғинди каби яшардим, ижарачи каби ноқулай» каби оғриқли эътирофлар бор. Конфессионал шеърият қанчалик шахсий туйғуларга асосланмасин, у алоҳида «мен»дан чиқиб жамоавий «Мен» даражасига кўтарила олади, шуни билан у дунё шеъриятида қийматлидир. Шуниси билан ёлғиз битта одамнинг ўта субъектив дарди эмас, кўпчиликка хос кечинма ифодасига айлана олади. Анифдан ўқиймиз:

 

Болалигидан унга доим

шукур қилиш керак дейишди,

қанча кам гапирса

шунча яхши бўлиши,

эътироз билдирмаса

ва борича қабул қилса,

сабр қилса бир кун

бахт кулиб боқиши,

нариги дунёда азобларига

ажр берилиши,

ойнинг ўн беши қоронғи

қолган ўн беши

ёруғ бўлишини айтишди,

унга сабр тоқатдан кўйлак кийдириб

турмушга узатдилар…

 

Шеър охири:

…«У сизнинг яратиғингиз!»

сўнг озод қалби ва бўм-бўш

вужудни кўтарганча

тарк этди уйни.

йўл кўринмайди,

қайга борар у?

 

Бу шеър шоирнинг шахсий дардими ё жамиятдаги бирор аёл дардими, билолмаймиз. Чунки шахсий кўринган дард ижтимоий дард даражасига кўтарилиб, умумлашиб кетган. Ҳа, фақат бир аёл шоир дарди бўлиши мумкин шеърда ва ўз навбатида у минглаб аёллар кечинмасини ҳам ифодалайди.

Конфессионал шеъриятда травмалар ҳам устувор туради, бундан асл мақсад эса шоирнинг кечинмасини қоғозга тўкиш орқали ўз-ўзини даволашидир. Зеро, конфессионал шеъриятга «эстетик-терапевтик» ҳодиса деб, бекорга таъриф беришмайди. Аниф ёзади:

 

Бугун болам сўради,

болаликка қайтишни

истайсизми деб.

Мен айтдим истамайман

бола бўлишни

боғчага ва мактабга қайтишни

камситилган даврларимни қайта яшашни…

(шеърда болалик даври қўрқувлари ва ҳимоясизликлари шу тарзда ифодаланади.) Ўзи адабиётнинг бошқа йўналишларида ҳам ижоднинг ўзаги сифатида асосан ижодкорнинг болалик хотиралари ётади. Чунки шу давр ёрқин эсда қолади. Бир корейс фильмида эси кирди-чиқди бўлиб қолган математика профессори ўзининг беморлиги, поймол кетган истеъдоди ва ҳаётидан кўра 10 яшар болага кўпроқ қайғуради. Боиси профессор энг қийин ҳолатдаги катталардан кўра болаларга оғирроқлигини билади. Бола дунёни, ундан нима кутишни, қандай муносабатда бўлишни билмайди, воқелик олдида доим ожиз ва ҳимоясиз. Шу сабаб болаларнинг кичик оғриғи ҳам катталарнинг энг оғир ташвишиданда оғриқли. Аниф мана шу оғриққа йўл олади. Бу билан сизга «қара, мен шундай эзилганман» ёки «дунё ёмон жой, уни тузатайлик» демоқчи эмас, шунчаки, ҳар қандай болага, ниҳоят ўзига ҳам болаликни яшаб ўтиш осон келмаслигини эътироф этиб ўтмоқчи, холос.

 

 

Ўзигача бўлган шоирлардан фарқи – унинг эътирофлари воқеликнинг ичига ўта шўнғиб кириши. Айнан шу шўнғиш бизни ҳуркитади баъзан, чунки бирдан дард «юқади», эҳтимол, шунисига ғашимиз келади. Ахир ҳар қандай дардни ҳам юқтириш шартмаску, айниқса, у бировнинг шахсий дарди бўлса! Аммо ижодкор шу орқали дунёнинг бир ҳақиқатини чизгани ва шу билан ўзини ўзи бу оғирликдан халос этаётганини унутмаслигимиз керак. Ҳа, у ўқувчи сифатида сизу мени ўйламаяпти, кўпроқ ўзининг ёруғлашиши тарафдори. Ўзингиз учун муҳим деб билмасангиз, бундай шеъриятни ўқимаганингиз маъқул. Умуман, шеърият ўта субъектив ва борган сари герменевтиклашиб бораётганини инобатга олсак, ўқимаслик ҳақингиз ҳам тўғри тушунилади. Аммо «бадиий завқдан маҳрумлик» деган бир тушунча ҳам бор. Масалан, Александр Дугин деган файласуфнинг қарашларини ёқтирмайман, аммо уни эшитишдан маънавий завқ оламан. Нега? Унинг фикрларининг ўзи эмас, фикрлаш йўсини, асослаш йўсини лаззатлантиради мени, онгнинг мислсиз кучини ҳис этаман. Агар мақсадни шундай қўйса, бу шеъриятдан ҳам завқ олиш бадиий ҳодисага айланади. Шу маънода Аниф ҳам сизга шунчаки арзи-ҳол қилмайди, балки поэтик кўлам ва кенгликда етказади кечинмасини. Анифнинг «Метро», «Оқдан қизилга», «Ҳеч», «Сиз ўлманг» каби шеърлари бадиий завқ томонлама ўз чўққисига чиққан шеърлар. Агар конфессионал шеъриятни ё «мен»нинг изтиробу ўйларини хушламасангиз ҳам, шу каби шеърлардан роҳат топишингиз аниқ. Қолаверса, конфессионал бу – фақат шахсий дард, травма, исён, суицид кайфияти намоёни эмас, яъни биргина мазмуннинг ўзи билан чекланмайди, мураккаб синтаксис ва пост-модернистик ифода усули унинг хос хусусияти саналади. Силвия Плат шеърлари дунё шеъриятида ўзининг мураккаб ва юксак тил қурилиши билан ажралиб туради. Шоира ҳақида қилинган кўплаб илмий ишлар мазмунини унинг иқрорлари, моҳиятидан кўра ўзига хос янги тил, ифода усули мавзулари ташкил этади. Бундай фикрни Анна Секстонга нисбатан ҳам айтиш мумкин. Бу шеърият ўз дардига шўнғиб адабиётдан, тилдан узилиб қолган шеърият эмас, аксинча, уни яна бир поғона баландга олиб чиққан поэзия ҳамдир. Бироқ баъзи тадқиқотчиларга кўра, бугунги кунда ёзиладиган конфессионал поэзия намуналари фақат персоналнинг иқрори бўлиб қолган, 60 йиллар шоирларига хос тил ва шаклдаги изланишлар, чуқурлик ва янгилик етишмайди, ифода ҳам ўта жўнлашиб қолган. Мана шу таъкидлар ҳам кўрсатадики, ҳар қандай шахсий дард баёни шеъриятга дахлдор бўлмайди, агар у санъат даражасида ифода этилмаган бўлса.

 

 

Анифнинг маҳорати ҳали ўсиб бораётган маҳоратдир. Аслида, поэтик маҳорат йўли ҳеч қачон тугамайдиган, доимий сайқални талаб қиладиган узун йўл. Аниф эса қандай айтиш кўникмаси устида ишлаётган ва ҳали ишлаши керак бўлган ёзарман. Ижодкорнинг «Оқдан қизилга» тўпламини соф конфессионал руҳда, деёлмаймиз, албатта. Тўпламнинг «кайфият»и аслида соф постмодернистик руҳда. Унинг «Кечаги каби…», «Уй зулук…», «Мени чалғитинг» каби кўплаб шеърларида постмодернга хос руҳ сузиб юради. Тўплам ўзбек шеъриятида аёл шоирнинг соф постмодернистик кайфияти сифатида ҳам биринчилардан ва шу билан аҳамиятлидир.

 

Тўғри, конфессионал поэзия ҳам постмодерн адабиётнинг бир қисми, аммо Анифдаги бу руҳ 60 йиллар шеъриятига хос постмодернга тааллуқли эмас, у ҳозирги замон одамининг постмодерник қарашлар тарзидир. Айни шу жиҳатдан ҳам китоб катта таҳлилларга йўл очади.

 

Яна бир алоҳида жиҳат – Аниф шеърларида оналикнинг бошқа қирраси очилади. У шеърда ўз болаларига мурожаат қиларкан, онанинг алтуристик севгиси билан эмас, эгоизмдан ҳоли бўлган ўз-ўзини севиш ва болаларига ҳам шуни ўргатиш мақсадида ёзади. Аниф шундагина дунёга ва умумий инсониятга севгини сақлаб қолишга ишонади. Айни шу ракурс эътиборимни тортди ва бу замонавий шеъриятнинг янги қирраси, назаримда. 60 йилларда конфессионал поэзия дунё шеърияти мавзу ва шаклларини кенгайтиргани каби бугун Анифнинг ёзиқлари ҳам замонавий шеъриятимизнинг бир четида туриб, уни кенгайтиришга уринаётган шеърият, дейиш мумкин.

 

Тилланисо НУРЁҒДИ,

Филология фанлари бўйича

фалсафа доктори

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 13803
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//