Ўзбек мақоланавислик мактабига тамал тошини қўйиб, унга халқчиллик руҳини бахш этган алломалардан бири Маҳмудхўжа Беҳбудийдир. Олиб борилган тадқиқотларга қараганда, у ўзбек ва форс-тожик тилларида беш юздан зиёд мақола ёзган. Аммо Беҳбудий ижодининг бошқа қирралари каби унинг публицистикаси ҳам тўлиқ ўрганилмаган, даврий матбуотда чоп этилган мақолалари яхлит тўпланган эмас.
Бизга маълум бўлган ва мустақиллик туфайли бугунги матбуот саҳифаларида эълон қилинаётган мақолаларнинг ўзиёқ бу ижодкорнинг фикр ҳофизаси кенг эканини исботлай олади. У ўз даврининг фаол ва фидойи фарзанди сифатида замоннинг барча муаммоларига муносабат билдирган. Халқни ҳар жиҳатдан юксакликка кўтариш чораларини қидирган. Барча маърифатпарварлар каби у ҳам халқни маънавий жиҳатдан камолга етказмай туриб, уни фаровонликка эриштириб бўлмаслигини тушунган. Нафақат дарсликларининг, балки матбуотдаги мақолаларининг ҳам бош мавзуси шу эди.
Исмоил Ғаспарали каби Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳам рус-тузем мактабларига қарши чиққан. Чор ҳукуматининг бу хил мактабларни очишдан мақсади ерлик халққа дунёвий билимларни бериш эмас, балки ўрис помешчиги билан мусулмон деҳқони ўртасида тилмоч вазифасида ишловчи воситачи тайёрлаш эдики, булар жадидларни қаноатлантирмас эди. Нега? Бу билан миллатни илғор миллатлар сафига олиб чиқиб, маданий тараққиётга эриштириб бўлмасди. Рус-тузем мактабларида берилаётган билимлар асосан ерлик аҳолини қуллик асоратида сақлашга қаратилган эди.
Маҳмудхўжа Беҳбудий “Ойина” журналида “Ёшларға мурожаат!” номли мақола билан чиққан. Унда шундай фикрлар бор: “Бизни Туркистон ва Бухорода бир заиф муҳтарам ёшлар мавжуддирки, ҳукумат маҳкамаларинда тижоратхона, банк ва корхоналарга котиб, таржимон, молфуруш ва даллоллик, ёйинки насиячилик ила машғулдурлар”.