Мактабда диний таълим – зиёлилардан муросасиз ва муросасоз фикрлар


Сақлаш
20:56 / 07.12.2021 2848 0

 

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда умумий ўрта таълим мактабларида диний дарслар ўтилиши керакми-йўқми, деган савол атрофида фикрлар тўқнашуви кузатилмоқда. Айримлар шарт деса, кимлардир демократик давлатда бунинг иложи йўқлигини таъкидлайди. Oyina.uz мухбири бир неча зиёлиларимизга мурожаат қилиб, шу мавзудаги мулоҳазалари билан қизиқди.

 

 

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон,

ёзувчи:

 

 

 

Ҳеч бир иккиланишсиз мактабларимизга диний таълим қўйилиши керак. Чет эллардаги тажрибага суяниб, боласи қанақа дин дарсига киришини ё ҳеч қайси бирига кирмаслигини ота-она ҳал этсин. Лекин ўқитилсин. Инсоний эҳтиёж бу.

 

Жамият дунёвий илм-фанга қанчалик муҳтож бўлса, ўшанча ва балки ундан кўпроқ диний билимга ҳам муҳтождир. Бу тириклик учун сув билан ҳаво заруратига ўхшайди. Бирини бериб, иккинчисини бермасангиз, одам барибир ўлади. Дунёвий илм-фан ўқитилиб, диний билим ўқитилмаса, инсоннинг жисми ўлмаса-да, фитрати ўлади.

 

Нисбий маънода, Одам боласини уч туйғу бошқаради, деса бўлади: ОНГ, ҚАЛБ, ВИЖДОН! Бу учаласи алоҳида-алоҳида, бир-биридан хабарсиз ҳолда эмас, балки бир пайтда ва бир-бири билан келишган, уйғун ҳолда ишлайди. Бирини иккинчисидан айирсангиз, таълим ҳам, тарбия ҳам, юмшоқ қилиб айтганда, камчиликли бўлади. Қаттиқроқ, яъни борича айтилса, бир томон ўпирилади.

 

Ҳар қанча пишиқ, кўркам қаср қуряпман деманг, бир томони ўпирилиб ётса, у қасрингиз бир куни қулаши аниқ. Онг, қалб ва виждоннинг энг муҳим ва бирламчи озуқаси ДИНдир. Дин билангина инсон онги, қалби ва виждони уйғунлашади, мукаммалликка эришади.

 

Қисқаси, яна қайтараман: болаларга диний таълим-тарбияни мурғак болалигидан бошлаб бериш керак. Жумладан, мактабларда, олий ўқув юртларида ҳам!

 

 

Раҳмон Қўчқор,

адабиётшунос:

 

 

– Ўзбекистон Республикаси Конституциясига биноан мамлакатимиз дунёвий давлат ҳисобланади. Бироқ бу “даҳрий давлат” деган тушунчани англатмайди. Дин, гарчи давлатдан ажратилган бўлса-да, жамиятдан ажратилган эмас. Шу туфайли ҳам шўролар истибдодидан, коммунистик мафкурадан халос бўлган она юртимизда барча миллат ва элатлар вакилларининг ўзи истаган динга эътиқод қилиши, виждон эркинлигини амалда ҳис этмоғи учун керакли барча шарт-шароитлар яратилган.

 

Мазкур эркинликнинг асл моҳиятини англамай, уни очиқдан-очиқ суиистеъмол қилишга уринаётган, жамиятдаги жамики муаммоларнинг ягона ва универсал ечимини фақат диний таълимда кўрадиган айрим кишилар томонидан умумтаълим мактаблари ва олий таълим муассасалари ўқув дастурларига диний дарсларни тезкорлик билан жорий этиш таклифи илгари сурилмоқда.

 

Менинг назаримда, бу сингари популистик хулқ-атвор тарафдорлари таълим олган мактаб ёхуд мадрасаларда адабиёт, тарих, жаҳон динлари тарихи сингари – одам боласининг инсон бўлиб вояга етишувида ниҳоятда кучли роль ўйнайдиган фанлар сифатли ўқитилмаган бўлса, ажаб эмас.

 

Масалан, ўзбек тилида дарс бериладиган умумтаълим мактабларининг бошланғич синфларидан то юқори синфларигача Ҳазрат Навоий, Мирзо Бобур сингари мумтоз ижодкорларнинг энг муҳим асарлари таҳлилу талқин этилади. Уларнинг ғазаллари, рубоийлари, достон ва насрий асарлари мазмун-моҳиятини ўқувчилар ёшига мос тарзда тушунтириш орқали фарзандларимизда ҳалол ва ҳаромнинг фарқи, бировнинг ҳақига хиёнат қилмаслик, риёкорлик ва ёлғончиликка яқин йўламаслик, тана ва қалбни пок сақламоқ, ота ва она ҳурматини жойига қўйиш, туғилган юртга садоқат ва фидойилик сингари – инсон иймонининг мустаҳкам устунларини бунёд этиш мумкинми-йўқми?

 

Ёхуд Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи бош қаҳрамонлари Отабек, Кумуш, Юсуфбек ҳожи образларининг ибратли жиҳатларига, “Меҳробдан чаён” асаридаги Абдураҳмон домла қиёфасида эса покиза меҳробга уя қурган чаёнлар кирдикорларига ўқувчилари диққатни алоҳида жалб этишга ўқитувчи-мураббийга ким тўсқинлик қилади? Ахир Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз”, Ойбекнинг “Навоий”, Асқад Мухторнинг “Чинор” романлари, Саид Аҳмаднинг “Уфқ” трилогияси, Тоғай Мурод қиссалари ёхуд Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов шеърияти, ҳатто Антуан де-Сент Экзюперининг “Кичкина шаҳзода” асари талқини билан ёш авлод онгу шуурида иймон ва эътиқоднинг мустаҳкам қўрғонларини тиклаш наҳотки мумкин эмас?..

 

Демоқчиманки, мактаб ва лицейларимиз, коллеж ва университетларимизда инсон боласини инсофли, виждонли, ҳалол, тўғрисўз шахс қилиб тарбиялашнинг жуда кўп имкониятлари мавжудки, ҳамма гап ўша имкониятлардан тўғри ва оқилона фойдаланишда қолган, холос.

 

 

Мубашшир Аҳмад,

“Azon.uz” лойиҳаси раҳбари:

 

 

– Боласига диний таълим бераётган ё буни хоҳлаётганлар, уларга дунёвий билимларни ҳам беринг.

 

Боласига фақат дунёвий таълим бераётганлар, уларга дину диёнатни ҳам ўргатинг.

 

Таълимнинг бу икки жиҳати қушнинг икки қаноти каби. Агар қанотларнинг бир томони оқсаса, қуш тўғри уча олмайди. Бир томонга оғиб кетади ва қулайди.

 

 

Шерзод Комил Халил,

мустақил тадқиқотчи:

 

 

Диннинг жамиятда роли ва аҳамияти шубҳасиз, катта. Бироқ масалага консерватив ёндашиш қанчалик тўғри? Диннинг роли бўрттирилган жамиятларга назар солайлик, хусусан, ён қўшнимиз Афғонистонда дин, эҳтимол, сўнгги юзйилликда ўз позициясини мустаҳкам тутиб келмоқда. Лекин у ердаги ахлоқни мукаммал дея оламизми? Биргина Афғонистонда гуллаб-яшнаётган баччабозлик омилининг ўзи саволга йўқ деб жавоб беришимиз учун етарли. Дин мактаб, жамият ахлоқини тузатишга мукаммал маънода қодир эмас. Ахлоқ диндорни ҳам, атеистни ҳам бирдек қамраб ололади. Диннинг эса қамрови чекланмоқда.

 

Япон, немис, фин таълими, менимча, бизга ўрнак бўла олади. Шу ўринда Авлоний ҳазратларини тарбия биз учун ё ҳаёт ё мамот, ё нажот ё ҳалокат, ё саодат ё фалокат масаласидир, деган фикрларини эслаш орқали жадидлар бу борада нажотни таълимга қаратганини урғулашни истардим. Зеро, таълим ўз самарасини бермагани учун биз ахлоқий некбинликни сақлаб қололмаётгандирмиз. Дин эса шарқона аҳлоқ таркибида албатта керак, аммо ўз ўрнида, меъёрида.

 

Ўзбекистон кўп миллатли ва турфа эътиқодли одамлар яшайдиган мамлакат. Мен мактабда диний таълим берилиши, хусусан, Қуръон дарслари ҳақидаги фикрни шу маънода қўллайманки, бу кўпроқ фан воситасида ўрганилиши керак. Бу ўринда диншунослик фани айни муддао. Яъни диншунослик таркибида исломни ва унинг туб меҳвари бўлган Қуръонни ўрганиш мумкин. Бошқа динлар қатори умумий ракурсда болалар дунёқарашини шакллантиришда динлар ҳақида тушунча бўлиши муҳим. Қуръон дарсларини махсус ўрганиш учун эса мадраса таълими мавжуд. У ерда ўрганиш кўпроқ мақсадга мувофиқ саналади.

 

 

Давронбек Тожиалиев,

“Ziyouz.com” портали бош муҳаррири:

 

 

– Аслида таълим, тарбия, илм деган қадриятларнинг бари динда мужассам. Ўзбекистонда рухсат этилган қонуний диний таълим учун квоталар жуда кам. Диний таълим олишни истовчилар эса ниҳоятда кўп. Охирги йилларда Қуръони карим ва тажвид каби айрим диний курсларга рухсат этилган бўлса-да, уларда таълим олиш учун вояга етганлик талаб қилинади. Вояга етмаганлар учун эса бирорта расмий диний таълим муассасаси йўқ.

 

Мактаб ёшидаги болалар учун ҳеч бўлмаганда ҳафтада бир марта бошланғич диний таълим, айниқса, ақида дарслари муҳим. Чунки диний-ақидавий иммунитети шаклланмаган ёшлар турли ёт ақидаларни ҳақиқат ўлароқ қабул қилиши бор гап. Мактабларда имомлар диний суҳбатлар ўтказишяпти, шу етади, деган важ ҳам келтирилиши мумкин. Лекин бу доимий эмас. Таълимда силсилавий дарслардагина фойда бўлиши ҳақиқат. Менимча, Дин ишлари бўйича қўмита, Мусулмонлар идораси мактаблар учун ҳафтада бир марта дарс ўта биладиган кадрларни бемалол топиб бера олади. Албатта, бу дарслар ихтиёрийлик асосида бўлади. Хоҳлаган қатнашади, истамаган – йўқ. Масалан, бошқа дин вакиллари ўша дарсда ўз динлари олимларидан таълим олишга ҳақли бўлиши керак.

 

Муҳими – болаларимизга ёшлигидан соф диний таълимотларни сингдириш. “Буни ота-онасидан олсин, ана китоблар бор, интернетда имомларимизнинг дарслари бор-ку, етади”, дейиш ечим эмас.

 

 

Шуҳрат Сатторов,

Республика таълим маркази директори:

 

 

– Жамоатчилик ва ОАВ вакиллари диний тарбия ёки диний таълимнинг мактабларда ўқитилиши юзасидан тез-тез савол беришади. Тарбия ва маданиятнинг ўзаги дин бўлган жамиятда диний қадриятларнинг таълимга сингдирилмаслигини тасаввур қилиш қийин. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2020–2021-ўқув йилидан бошлаб мактабларда “Тарбия” фани ўқитила бошлади. Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган Узлуксиз маънавий тарбия концепциясида бир қатор кўникма ва билимлар қатори ўқувчиларда ахлоқий, сиёсий дунёқараш ва диний эътиқоднинг шакллантирилиши ҳам белгиланган. “Тарбия” фани дастури ва дарсликлари тайёрланаётганда бу жиҳатлар эътиборга олинган. Яъни, муқаддас ислом динимиздаги ахлоқий, умуминсоний ғоялар янги фан таркибига сингдирилган.

 

Ҳадислар “Тарбия” дарслиги орқали 1-синфдан бошлаб ўқувчиларга ўргатиб борилади. Масалан, 3-синфда: “Ривоят қилинишича, бир куни Муҳаммад (с.а.в.) Ҳиро ғорида ўтирганларида Жаброил фаришта келиб: “Ўқинг!” деди. У киши: “Мен ўқишни билмайман”, дедилар. Фаришта яна: “Ўқинг” деди. “Мен ўқишни билмайман”, дедилар. У яна бир бор: “Ўқинг!” деди. “Мен ўқишни билмайман”, деб учинчи маротаба жавоб қайтардилар. Жаброил фаришта: “Ўқинг, Раббингиз исми билан! Ўқинг!” деди қатъийлик билан”. 8-синфда: “Гўзал хулқ мусулмон кишига хос сифатлардандир. Мусулмон киши сўкиб ҳақорат қилинса, у ҳам шундай жавоб қайтармасликка, балки тилини тийиб, сабр қилишга буюрилган. Агар сизни бирор киши сўкса, унга: “Аллоҳ сени кечирсин”, деб айтинг”.

 

“Тарбия” дарслиги орқали, шунингдек, Имом ал-Бухорий ҳаёти ҳамда асарлари ўқувчиларнинг ёшга хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда етказилади. Китобга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг умр йўли ҳақида киритилган маълумот ҳамда шахсий сифатлари ҳақидаги матн ҳам эътиборга молик.

 

Кўриб турганингиздек, фикрлар қанчалик турфа бўлса, шунчалик муштарак ҳам. Айниқса, мақсад. Олтин оралиқни топиш эса ҳеч қачон осон кечмаган, бироқ доимо тараққиёт омили бўлиб хизмат қилган.

 

Нодира ИБРОҲИМОВА

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10342
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//