Турон ҳудуди маълум вақтлар оралиғида турли номлар билан аталган. Масалан, “Трансоксиана”, “Ғарбий Ўлка”, “Ал-Ҳайтал”, “Билод-ал Турк”, “Туристон”, “Тургистон”, “Вораруд”, “Мовароуннаҳр”, “Ўрта Осиё” каби номлар билан ҳам аталгани, бу номлардан қайси даврда фойдаланилганини ҳамма ҳам билмаса керак. Ўлкамиз ҳудудидан топилган моддий ашёларда ва ёзма манбаларда Турон атамаси ҳақида турлича маълумотлар учрайди.
“Авесто”да “Турон” атамаси бевосита ишлатилмаса ҳам, тур халқи ҳақида маълумотлар мавжудлиги айтилган. Бу атама дастлаб III–IV юзйилликлардаги Сосоний муҳрларида паҳлавий ёзувида қайд этилган. Бу эса “Турон” дастлаб геосиёсий атама сифатида қўлланганини кўрсатади. Сосонийлар даврида Турон атамаси кушонлар, хионийлар, кидарийлар ва эфталлар каби халқларга нисбатан ишлатилган. Ва географик ҳудудни англатган.
Турон номи Сосонийлар бошқарув тизимида ва маҳаллий маъмуриятларда (IV–V ва VII–VIII асрлар) ишлатилган муҳрлар орқали ўрганилади. Муҳрлар ҳозирда Теҳрондаги музейда сақланади. Барча муҳрларда олд томонида паҳлавий тилидаги ёзувлар, орқа томонида эса одамлар ва турли ҳайвонларнинг суръатлари ёки рамзлари тасвирланган. Ёзувни ўқиш жараёнида “Турон” ва “Туронлик” сўзлари қайд этилган. Бу муҳрларнинг эгалари сосоний маъмуриятида хизмат қилган туронликлар бўлган. Турон бу вақтда ҳам географик ном вазифасини сақлаб қолган.
VI асрга тегишли Самарқанд тангаларининг олд томонида бироз қисиқ кўзли, юмалоқ юзли, узун сочли ҳукмдор тасвири, орқа томонининг пастки қисмида тамға ва тепа қисмида сўғдча “ҳукмдор Турак” деб ёзилган ёзув мавжуд (1-расм. О.Смирнова томонида 1960 йил ўқиган).
1-расм.
Самарқанд тангалари орасида VII аср бошларига тааллуқли “xwb twrnyn-турон ҳукмдори” ёки “Турон ҳукмдори хоқон” иборалари билан зарб қилинган тангалар мавжуд. Турон давлат номи сифатида ишлатилган.
Танга ва муҳрлардан бошқа деворий суръатларда ҳам Турон атамасининг қўлланилишига дуч келишимиз мумкин. VII аср ўрталарида Самарқандга элчи юборган Чағониён ҳукмдорининг исми “twr’nts” (Туронтош) экани Афросиёб деворий суратларидаги битиклар орқали маълум бўлади.
Юнон манбаларида Трансоксиана атамаси Турон ҳудудига нисбатан қўлланилганини биламиз. Аммо Трансоксиана бутун Турон ҳудудини англатган деб бўлмайди, у икки дарё (Амударё ва Сирдарё) оралиғига нисбатан қўлланилган. Хитой йилномаларида Хи Ю – “Ғарбий ўлка” (дастлаб мил.авв II асрда Сима Сиан асарида қўлланилган) ўз давлатларидан ғарбда жойлашган ҳудудларга нисбатан ишлатилган.
Сосонийлар даври манбаларида: Туристон ва Тургистон атамалари маънодош бўлиб қўлланилган. 265 йилда сосонийлар ҳукмдори Шопур I Сакистон, Туристон ва Ҳиндистон денгиз қирғоқларини Нарсега берган.
Форс манбаларида “Турон” ҳудудига нисбатан Вароруд (дарёнинг нариги томони) ёки “Буюк Хуросон” деган номлар номланилган.
Араб географ олимлари асарларида “Ал Ҳайтал” (Ал Муқаддасий эфталлар яшайдиган ҳудудга нисбатан қўлланилганини айтган) ва “Билод-ал турк” номлари ишлатилган. Ал-Ҳайтал ислом динини қабул қилган туркларнинг ҳудудига нисбатан (Беруний асарида), “Билод-ал турк” ислом динини қабул қилмаган турклар ерига нисбатан ишлатилган (Маҳмуд Кошғарий). Х.Вамберининг фикрича, араблар Турон ҳудудига босқинчилик юрушларини бошлаган вақтда бу ерларни Мовароуннаҳр деб атамаган. Қутайба Турон ҳудудига бостириб келган вақтда бу ерни Турон деб номлаган. Яъни “Турон аскарларини куч билан енга олмаслигини билгач, ҳийла йўлига ўтгани ва бирлашган турк, сўғд аскарларининг ичига айғоқчи юбориб, фитна қилгани” ҳақида маълумотлар бор. Араблар Турон ва Мовароуннаҳрни бир вақтда қўллаган. IХ–Х асрларда ижод қилган Ибн Хордодбек асарида “шоҳ” унвонли подшоҳларни санаганда “Ҳиндивоншоҳ, Тозиёншоҳ, Кобулоншоҳ, Сижистоншоҳ, Кирмоншоҳ, Туроншоҳ номларини келтириб, турклар ҳукмдори Туроншоҳ деб аталишини қайд этган.
Сомонийлар ҳукмронлиги даврида Турон Мовароуннаҳр деб аталган. ХI асрда ҳокимиятга қорахонийлар келгандан сўнг бу ҳудудлар Туркистон деб атала бошланган. Маҳмуд Ғазнавий ўзига қарашли ерларни Хуросон, қорахонийларга қарашли ерларни Туркистон деб атаган. Мўғуллар истилосидан кейин Туркистон “Чиғатой улуси” деб атала бошланган. ХI асрда ёзилган Фирдавсийнинг “Шоҳнома”сида турк хонларидан бирининг қизи сосонийлар шоҳининг хотини сифатида тилга олинган. Аёлнинг исми Турандухт, сўзма-сўз таржимаси “Туронлик қиз” ва “Турон ҳукмдорининг қизи” деб келтирилган. Асадий Тусийнинг “Луғати-фурс” асарида Турон мамлакати Туркистон ва Хуросоннинг шарқий қисмини ўз ичига олгани ёзиб ўтилган. Бу маълумотлардан Турон кенг тушунча эканига ва унинг ичига Туркистон кирганига гувоҳ бўламиз.
Демак, Турон ҳудудига нисбатан тарихда турли халқлар томонидан турлича номлар қўлланилган. Турон барча даврларда ўзига хос геосиёсий ва маданий ҳудудни англатган. Турон номи тангалар, муҳрлар, деворий расмларда, тарихий манбаларда ҳам учрайди.
Маҳлиё АЪЗАМОВА,
ЎзР ФА Тарих институти стажёр-тадқиқотчиси
Адабиёт
Адабиёт
Адабиёт
Маънавият
Тил
Санъат
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ