Кўплаб буюк сиймолар сингари Соҳибқирон Амир Темур ҳам ўз даврининг маърифатпарвар ҳукмдори сифатида китобни қадрлаган. Ёшлигиданоқ мутолаа воситасида билим олишга, одил ва фозил кишилар қолдирган маънавий меросни ўрганишга интилган.
Манбаларга кўра, Темурбек ўн тўрт ёшида Кеш шаҳридаги Абдулла Қутб мадрасасида ўқиб юрган кезларида Жалолиддин Румийнинг “Маънавий маснавий” китобидан ўзига ёққан жойларини ёд олган. У севиб ўқиган ва кўп жойларини ёд олган яна бир шеърий асар – озарбойжонлик шоир Маҳмуд Шабистарийнинг “Гулшани роз” (“Сирлар гулшани”) номли китоби бўлган экан” (Қодиров П. Амир Темур сиймоси. Тошкент, “Ўзбекистон”, 2007. 12-бет).
Озарбойжонга юриши вақтида Шабистар қишлоғининг номи Темурга Маҳмуд Шабистарий ва унинг “Гулшани роз” китобини эслатади. Сўраб-суриштирилганида маълум бўладики, Шабистарий чиндан ҳам шу қишлоқда яшаб ўтган, унинг қабри эса қаровсиз ҳолда экан. “Шунда Амир Темур ўз одамларига фармон бериб, қабр ўрнида мўъжаз бир мақбара қуришни, атрофдан мақбарага қарашли вақф ер ажратишни, ундан келадиган даромадлар ҳисобига боғ барпо этиш ва шоир қабрини зиёратгоҳ каби обод сақлашни буюради. Бундан ташқари, Соҳибқироннинг махсус буйруғига асосан Шабистар аҳолисининг ёши ўн беш ёшдан юқори бўлган фуқароларининг ҳар бирига (3891 нафар) беш мисқолдан (1 мисқол – 5 грамм) умумий ҳисобда 19455 грамм, яъни бугунги ҳисобда салкам 20 кило олтин улашилади” (Брион М. Менким, соҳибқирон – жаҳонгир Темур. Тошкент, “Ёшлар матбуоти”, 2023. 27-бет).
Темур саройида котиб бўлган ва унинг ҳаёт йўлини чуқур ўрганган тарихчи Ҳафизи Абрў бундай ёзган: “Амир Соҳибқирон мактабда ўз тенгқурларидан сабоқда ўзиб кетарди. Балоғат ёшига етгунча илм, адаб, хат ва суханворлик касб этди. Ундаги теран билим шижоатга пайванд бўлди ва шундан сўнг амирлик мансабини эгаллади” (Ҳафизи Абрў. Зубдат ут-таворих. Туркиядаги “Фотиҳ” кутубхонаси. Инв. №4371. 14-саҳифа).
Соҳибқирон аскарларига фатҳ этилган мамлакатнинг олиму фузалолари, юксак истеъдод ва ҳунар эгалари, ноёб қўлёзмалари, қайси дин бўлишидан қатъи назар, ибодатхоналарига зарар етказмасликни буюрган. Унинг салтанатида ўз даврининг энг катта ва бой “Дор ул-кутуб” (“Китоблар уйи”) кутубхонаси нодир китоблар ва ноёб қўлёзмалар билан тўлдирилган. Уларни сақлашга, асраб-авайлашга катта эътибор берилган (қаранг: Амир Темур – жаҳон тарихида. Тошкент, “Шарқ”, 2001. 91-бет).
Самарқанддаги сарой кутубхонаси жуда машҳур бўлган. Рус олими Дмитрий Логофетнинг ёзишича, “Амир Темур ҳукмронлик қилган дастлабки йилларда мазкур кутубхона Шаҳрисабзда бўлган. Кейинчалик Самарқандга кўчирилган” (Саломова М. Темурийлар даврида кутубхоналар. “Маърифат” газетаси, 2004 йил 4 декабрь). Мазкур кутубхонада юнон, лотин, форс, сурёний, арман ва бошқа тиллардаги энг ноёб қўлёзмалар сақланган. Таъкидлаш жоизки, барча китоблар ХI–XII асрлардаги машҳур кутубхоналар сингари, фанлар бўйича жойлаштирилиб, махсус сандиқларда сақланган. Сарой кутубхонасида ўз даврининг етук олимлари ҳисобланган Мавлоно Абдужаббор Хоразмий, Мавлоно Шамсуддин Мунший, Мавлоно Абдулло Лисон, Мавлоно Бадриддин Аҳмад, Мавлоно Нўъмониддин Хоразмий, Хўжа Афзал, Мавлоно Алоуддин Коший, Жалол Хокийлар Амир Темур ҳомийлигида илмий-ижодий фаолият олиб борган” (Файзиев Х. Амир Темур ва темурийлар даврида илм-фан ривожи. Республика илмий-амалий конференция материаллари. 11-китоб. Тошкент, 2021. 172-173-бетлар).
Темур сарой аҳли, турли лавозим эгалари, жамият аъзоларининг ҳам саводли бўлишини муҳим деб билган. Соҳибқирон фикрига кўра, “Китоб – барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл-идрокнинг, илму донишнинг асосидир, ҳаётни ўргатувчи мураббийдир” (Амир Темур ўгитлари. Тошкент, “Наврўз”, 1992. 59-бет).
Инсоният тарихида ўтган айрим ҳукмдорлар урушларда эришган ғалабасидан сўнг ноёб китоб ва қўлёзмаларни ёқиб юбориб, таълим масканларини яксон қилган. Темур эса, аксинча, қайси юртда бўлмасин, китоб ва ноёб қўлёзмаларни тўплаб, уларни асраб-авайлаган ҳолда Самарқандга жўнатган. Бундан мақсад пойтахтини дунёнинг энг йирик маданий марказига айлантириш эди. Амир Темур фан ва маданият арбоблари, ҳунармандлар бир жойга жамланса, кутубхоналар қанча кўп ва бой бўлса, мамлакатда илм-фан ва маданият шунча тез ривожланишини теран англаган.
Комилжон СУЛТОНОВ,
ЎзФА Темурийлар тарихи давлат музейи
илмий ходими
“Тафаккур” журнали, 2024 йил 4-сон.
“Китобга ошиқ жаҳонгир” мақоласи
Адабиёт
Адабиёт
Тарих
Маънавият
Тил
Санъат
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ