Маънавият – миллат руҳи, шахс масъулияти


Сақлаш
12:47 / 07.01.2025 23 0

Маънавиятга берилган таърифлар кўп. Кимдир уни инсон руҳи, кимдир ахлоқ, кимдир қадриятларимиз билан боғлайди. Яна кимдир эса унга маданият билан эгизак тушунча сифатида қарайди. Барча таърифу тавсифларда, албатта, жон бор. Боиси, маънавият инсон оламидаги энг ноёб хазинадир. Шу сабабли унинг инсоният билан боғлиқ ҳар нарсада ўз мавқеи, ўрни бор.

 

Айниқса, бугун бутун дунёда ишонч инқирози, қадриятлар трансформацияси, геосиёсий таҳликалар авж олаётган бир пайтда маънавият эҳтиёж, нажотга айланиб бормоқда.

 

Шу боис, юртимизда маънавиятга жамиятни ҳаракатга келтирувчи куч, унинг жони ва руҳи, тараққиётнинг ўқ томири сифатида юксак мақом берилмоқда. Мамлакатимиз, халқимиз ўз олдига қўйган улкан, эзгу мақсад Учинчи Ренессанс пойдеворини қуриш, келажак дарвозаларини очишнинг асоси сифатида қаралмоқда.

 

Буюк бобомиз Амир Темур келажак авлодлари учун қолдирган насиҳатлари, тузуклари ичида бундай жумла борки, унда “қудратли набираларим”, дея катта ишонч билдириб, “Салтанат бошқариш ҳақида қўлланма (дастуриламал) ёзиб қолдирдим, токи фарзандларим ва авлодимдан бўлганларнинг ҳар бири унга мувофиқ иш юритсин. Улар толеи баланд миллатининг шарофатини, муҳаббат ва дўстлигим орқали қўлга киритган давлат ва салтанатни сақлагайлар”, дейди.

 

Бу тузукларда жамиятни адолат, илм-маърифат, кенг мулоҳаза, муҳаббат ва дўстлик асосига қуриш энг асосий омил сифатида кўрилган. Шу сабаб “юз минг отлиқ аскар қила олмаган ишни бир тўғри тадбир билан амалга ошириш мумкин”лиги айтилади.

 

Бугун ўзгаришлар силсиласида худди Амир Темур қолдирган вазият акс этаётгандек. Президентимиз томонидан тараққиёт иқтисодиёт, маънавият, маърифатга асосланиши, инсон қадрини кўтаришдаги адолат, минтақалараро дўстлик руҳининг қайтгани, жаҳон минбарларидан туриб, куч сиёсатини эмас, тинчлик, инсонийлик асосига қурилган умумбашарий ғояларнинг илгари сурилиши, буюк бобокалонимиз айтганидек, миллат толеини баланд, давлат тинчлигини мустаҳкам қилишга қаратилмоқда.

 

Айниқса, бу борада Президентимизнинг мустақилликни асрашдаги муҳим тизим Хавфсизлик кенгаши билан бир қаторда Маънавият ва маърифат кенгаши раиси бўлгани, буюк саркарда айтганидек, давлатни куч-қудрат билан бирга маърифат ила бошқариш моҳиятини ҳам акс эттирмоқда.

 

Давлатимиз раҳбари 2023 йил сўнгида Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишини ўтказиб, бугунги ватан ва халқ тақдирига таҳдидлар замонида яна бир бор маънавият, маърифат масаласини кун тартибига олиб чиқди, зиёлилар фикрларини тинглади.

 

Ғоят мураккаб ва таҳликали вазиятда ватанимизнинг миллий манфаатларига жавоб берадиган тўғри йўлни топиш осон бўлмаётгани, тарихда бундай вазиятларда миллат фидойилари уйғоқ қалбли зиёлилар, шоир ва адиблар, маънавият ва маърифат соҳаси ходимлари жасорат билан майдонга чиққани эсланди. 

 

 

Илм ўқуб қилмаган амал...

 

Алишер Навоийнинг бундай сатрлари бор: “Илм ўқуб қилмаган амал мақбул, Дона сочиб кўтармади маҳсул”. Зиёли фақат сўзда эмас, аслияти, амали, фидокорлиги билан ҳам бу мақомга муносибдир. У илмини улашиб, жамиятга нур, фикрини улашиб, тараққиётга кенг йўл очади.

 

К.Юнг классификацияси билан айтганда, интроверт, яъни ўз манфаатлари билан яшовчи шахсдан экстровертга, яъни умумман­фаатлар йўлида хизмат қилувчи, жамият унга зарурлигини англаб етувчи шахслар бизга кўпроқ зарур. Афсуски, сўнгги вақтларда мизантроплар, яъни кийими замонавий, дипломи аъло, маълумоти олий, лекин одоб-ахлоқдан йироқ, қадриятларни тан олмайдиганлар ҳам пайдо бўла бошлади. Уларни кўриб, доно халқимизнинг “Олим бўлма, одам бўл” деган пурмаъно гапини эслаш кифоя.

 

Шу сабаб Маънавият ва маърифат маркази, аввало, том маънода аслияти зиёли, қалби уйғоқ, ватан тақдирига бефарқ қарамайдиган фидойилар бирлашуви йўлида қатор ташаббусларни амалга оширди. Хусусан, 2024 йил давомида зиёлилар, олимлар, ижодкорлар билан 30 маротаба учрашилди, фикр алмашилди, биргаликда ҳаракат қилишга келишиб олинди. Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида “Тамаддун, маданият ва маърифат” шиори остида “Маърифат карвони” илмий-маърифий ва маданий тарғибот тадбирлари илк бор зиёлиларнинг ўзаро мулоқот платформаси шаклида ўтказилди.

 

Унда 14 та ҳудудда ўтказилган тадбирлар давомида 78 мингдан зиёд иштирокчи қатнашди. Президент ташаббуси билан маънавият тарғиботчилари сафига қўшилган ҳожи отахон ва онахонларимиз ҳам бу тадбирларда иштирок этди. Биргаликда тарғибот ишларини ташкил қилиш борасида мулоқотлар қилинди, тарғиботчи ҳожилар учун қўлланма сифатида “Янги Ўзбекистон фидойиси” китоби тайёрланди, ҳар бир тарғиботчи ҳожиларимизга тарқатилди. Мақсад ягона зиёлиларнинг бирлашуви, ҳамжиҳатликда жамиятга маънавий руҳ, маърифат нурини олиб киришдир.

 

Президентимиз йиғилиш давомида маънавий-маърифий соҳа ходимларининг масъулияти ҳақида ҳам айтиб ўтганди. Шу маънода, марказ томонидан соҳанинг 43 минг 857 нафар вакили фаолиятини тизимли мониторинг қилиш мақсадида “MMM.KPI.UZ” рақамли платформа лойиҳаси ишлаб чиқилди. Платформа бошқа тизимлар билан интеграция қилиниб, соҳа вакиллари фаолиятини баҳолаш ва уларга методик кўмак бериш имконини яратади.

 

Сабаби бугун бу соҳа ходимлари қанчалик ўз ишини яхши кўрса, тўғри ишласа, фидокор бўлса, бутун жамиятда маънавият янги куч, янги ҳаракатга айлана олади.

 

 

Ёшлар тарбияси “ўзбек”, “ўзбекистонлик” деган номларнинг абадий сақланиши дегани

 

Давлатимиз раҳбари кенгайтирилган йиғилишда ва албатта, ўтган йил давомидаги ҳар бир нутқи, учрашувда қайта ва қайта фарзандларимиз ахлоқи, тарбиясига жиддий эътибор бериш шартлигини таъкидлади.

 

Бу бежиз эмас, албатта. Бугун инсоният олдида энг оғир иш турибди. Зеро, ҳали ҳеч бир даврда бунақа рақамли авлод билан ишлашга тўғри келмаган. Бугун болаларимиз эшитадиган манба, кўрадиган маълумотлар оқими катта. Замонавий ҳаётимизда бу оқимга тўсиқ қўйиб бўлмаслиги аён. Яхши биласиз, бола руҳиятида тақиққа қизиқиш ортади.

 

Биз аввал анъанавий тарздаги саноқлигина мафкуравий хуружларни билардик. Лекин ҳозир уларнинг салмоғи ҳам, тури ҳам ортиб бормоқда. Баъзан унинг ҳатто мафкуравий таҳдид эканини кимдир англамай қолмоқда.  Буларнинг барчаси тезкорлик билан, ҳар куни, миллионлаб информациялар ичида берилмоқда. Ёшларни манипуляция қилиш, бизга ёт, қадриятларимизга бегона одатларни сингдиришга уринишмоқда.

 

Бугун ижтимоий тармоқларда идеал дунё, идеал ҳаёт, деган хавфлар пайдо бўлмоқда. Интернетда яшаб, контентлар билан ўйлайдиган, трендлар ичида яшайдиган, натижада ўз ҳаётидан норози, интернетдаги гўзал, идеал тасвирлар қурбонига айланаётган авлод шаклланиб келмоқда. Статистик маълумотларга кўра, фейк, яъни нотўғри ахборотлар тўғри, ҳаққонийсига қараганда 6 баробар тез тарқалади. Бу бугун ахборот маконимизда мафкуравий таҳдидлар хавфи шу даража юқори эканини кўрсатади.

 

Маълум бўлишича, глобал медиаплатформалардаги контентларнинг 70 фоизи Ғарб давлатлари томонидан тарқатилади. Бу бугун ҳар 10 нафар ўзбек боласининг 8 нафари Ғарб қадриятлари таъсирида яшамоқда, ўйламоқда, ҳаракат қилмоқда, дегани. Бунинг хавфи эса эртагина эмас, бугуноқ кўзга ташлана бошлади.

 

2023 йилда дунё бўйича ҳар сонияда 8,4 киши турли ижтимоий тармоқларга обуна бўлган, 2024 йилда уларнинг сони 5,6 фоиз ўсиб, 266 миллион нафарга кўпайган. Ҳозир Ер юзида ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари сони 5,04 миллиарддан кўп бўлиб, улар бир кунда ўртача 2 соату 23 дақиқа вақтини интернет учун сарфлайди.

 

Ижтимоий тармоқларда ўтказилаётган сўровномаларга берилаётган ачинарли жавоблар, ёшларимиз олаётган видеоконтентлар, ўйлаб топилаётган байрамлару урф-одатларни айтмаса ҳам бўлади. Сабаби бугун дунё бўйлаб 60 фоиз одам ахборотни ижтимоий тармоқлар орқали олади. 2023 йилда сиёсий жараёнларнинг беқарорлашувига 100 дан ортиқ йирик киберҳужум сабаб бўлган.

 

Шу боис, марказ ўз фаолиятининг асосий қисмини ижтимоий тармоқларга қаратиб, ёшларбоп контентлар тайёрлашга ҳаракат қилмоқда. Шу мақсад йўлида марказ ҳузурида интерактив Рақамли тарғибот лабораторияси ташкил этилди. Бугунги кунда унда видеороликлар, аудиоматериаллар, кўрсатувлар, ҳужжатли фильмлар тайёрланяпти.

 

Аҳолининг турли қатлами билан маънавий тарбия ишларини тизимли ташкил этиш мақсадида 3 та ёш тоифаси “Х” (катта ёш), “Y” (ўрта ёш) ва “Z” (кичик ёш) авлод вакиллари ўртасидаги мавжуд вазият таҳлил қилинди.

 

“Z” авлод вакиллари 73 фоиз вақтини ижтимоий тармоқларга сарфлайди, ҳар қандай ахборотни рақамли кўринишда олади.

 

Мазкур таҳлиллардан келиб чиқиб, “Oyina.uz” порталида 4 босқичда “Китоблараро 80 кун” марафони ташкил этилди. 3 ой давомида 40 мингга яқин ёш қамраб олинди.

 

Хусусан, рақамли форматда “Агар” ток-шоуси, “Устоз” лойиҳаси, “Буюк миллат тарихи”, “Матонат”, “Сиёсий маърифат соати”, “Қонли октябрь”, “Жасорат”, “Аудиомутолаа”, “Театр куни”, “Зиёлилар минбари” телелойиҳалари яратилди.

 

Чоп этилаётган ҳар бир қўлланма, китобларга замонавий руҳ олиб кирилди. Хусусан, “Мен ҳам ҳарбий бўламан”, “Буюклар ҳақида 100 та факт” китоб-альбомлари тайёрланиб, буюк аждодларимиз ҳақидаги фактлар суратлар ёрдамида тасвирланиб, махсус QR-код ва сунъий интеллект ёрдамида суратлар жонлантирилди.

 

Шунингдек, “Соф тил” телеграм боти яратилди. У орқали ёшларимиз, кенг аҳоли қатламида ўзбек тилига ҳурмат-эътибор ва жамиятда мавқеини юксалтириш борасида дахлдорлик билан яшаш кўникмасини шакллантириш мақсад қилинди.

 

Бир фактга эътибор қаратайлик, Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотига кўра, дунёда 2 миллиардга яқин одам турли тўқнашувлар ва зўравонлик бўлаётган, беқарорлик ҳукм сураётган минтақаларда яшамоқда. Ачинарлиси, уларнинг учдан бир қисмидан зиёди 1524 ёшлилардир.

 

Тезкор дунёмизда тинч ҳолатда улғаяётган, таълим олаётган ҳар бир фарзандимиз учун шукр қилиш билан бирга уларни турли хавфлардан асраш, келажак таҳдидлари борасида огоҳ бўлиш бизнинг барчамизнинг вазифамиздир.

 

Ватанпарварлик: сўз ва амал бирлиги

 

Ватанга муҳаббат инсон яралганидан бери унга ҳамроҳ туйғу, кучли эътиқод ва тарбия маҳсулидир. Шарқ ёки Ғарбда бўлмасин, бу туйғунинг яшовчанлиги инсон қалби билан боғланиб, онгда англанадиган, иш билан исботланадиган муҳим ҳаётий фаолият сифатида қараб келинган.

 

Ҳазрат Навоий асрлар қаъридан “Ватан таркин бир нафас айлама” деса, Гёте “Бегона юрт ватан бўла олмайди”, дея уқтирган.

 

Тарихда ватанпарварлик сўз билан эмас, амалий ҳаракатлар билан кўрсатилган, аниқ мақсад йўлида кучайтирилган, таҳдидларга қарши туришда энг қудратли куч сифатида кўрилган. Буюк Амир Темур жангларда енгилмас саркарда сифатида тарих саҳнасида қолиши замирида ҳам аслида ҳарбий-ватанпарварлик, аскарлар руҳиятига қаратилган катта эътибор, руҳий тарбия бор.

 

Зеро, ватанпарварликни англатиш учун қанча кўп ҳаракат қилинмасин, англаниш аниқ фаолият кўринишига кўчмас экан, у натижа бермайди, мақсадга элтмайди ҳам.

 

Биз узоқ йиллар ватанпарварликни англатишга, у ҳақда фақат гапиришга ҳаракат қилдик. Аслида, ватанпарварлик аввало англаниб, сўнгра фаолият билан тирик бўлган жараёндир. Шу сабаб давлатимиз раҳбари 2024 йилдаги ҳар бир чиқишида ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, буни таълимнинг ажралмас қисмига айлантириш, фақат ҳарбийлар эмас, ҳамма ватанпарвар бўлиши лозимлигига урғу бериб келди.

 

Бу ҳаракатлар, аввало, таълим билан амалга оширилиши, маданият, санъат орқали унга руҳ берилиши, тарбия, ахлоқ орқали кучайтирилиши бўйича аниқ ташаббуслар билдирилмоқда.

 

Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ўтказилган мулоқотда Президентимиз таълимнинг ажралмас қисми бўлган тарбия ва одоб-ахлоқ масалаларига эътибор қаратиб, бу борада тегишли вазифаларни белгилаб, зарур топшириқлар берган эди.

 

Навоий вилоятига ташрифи давомида эса 22-умумтаълим мактабида бўлиб, бу вазифа ва топшириқларни янада аён тарзда барча масъулларга англатди.

 

“Илмли бўлиш, касб-ҳунар эгаллаш яхши. Қалбингизда ватанпарварлик кучли бўлса, шижоатингиз янада баланд бўлади”, деди Президентимиз.

 

Ҳар ким фарзанди, аввало, инсон бўлиб улғайишини, шахс бўлиб жамиятга фойда келтиришини истайди. Ватанпарварлик мавҳум тушунча эмас. Илмли, касб-ҳунар билган, келажак мақсади бор инсонлар юртини севади. Ўзи туғилиб ўсган замин ободлиги учун ҳеч бўлмаса бир дарахт экади. Том маънода инсон бўлиб, шу орқали ватанпарварлигини кўрсатади. Бу йўлда эса санъат, маданият, театр, китобдан самарали восита бўлмаса керак.

 

Бугун марказ томонидан ёш авлодни тарбиялаш, ватанпарварлик руҳида улғайтириш йўлида 3 хил: айтиб, кўрсатиш, яъни анъанавий тарғибот, рақамли ва методик тарғибот бўйича ишлар олиб бормоқдамиз.

 

Анъанавий тарғибот бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилди, хусусан, “Маънавият фестивали”да 197 та туман/шаҳардаги 1612 та чекка маҳаллада 600 минг аҳоли иштирок этди. “Кинокарвон” лойиҳаси доирасида 8767 та МФЙ, 8729 та мактабда ватанпарварликка қаратилган тарғибот тадбирлари ўтказилиб, 1,7 миллион иштирокчи қатнашди.

 

Жамоамиз билан ишлаётган методик таъминот йўналиши, аввало, фарзанд тарбияси, ўқувчи ватанпарварлиги шунчаки тадбирлар орқали сингдиришга эмас, аниқ тизимли тарзда, мақсадли ва узоқ муддатда бажаришга қаратилмоқда.

 

Ҳозир тизимли тарзда боғча мактаб олий таълим учун аниқ, ёш хусусиятига мос, режали график асосида тарғибот тадбирлари ишлаб чиқилди. 208 та ОТМ учун намунавий маънавий-маърифий ишлар режаси ҳамда 10 минг 187 та умумтаълим мактаби учун маънавий-маърифий тадбирлар календарь режаси тайёрланди.

 

Фарзандларимиз учун қизиқарли кўринишдаги, сунъий интеллект ёрдамида ишланган видеомаҳсулотларни томоша қилиш имконини берувчи 8 та тилда буюкларимиз ҳақида фактлар тайёрланди. Унда аждодларимиз ҳаёти ва босиб ўтган йўли содда, қизиқарли тасвирлар ёрдамида кўрсатилмоқда.

 

Марказ ва ҳудудларнинг ижтимоий тармоқлардаги 223 та расмий каналида аъзолар сони 900 мингга оширилди. Ваҳоланки, бу кўрсаткич 2024 йил бошида 23 минг нафар эди. Ватанпарварлик, маънавий тарбия ва миллий қадриятларга оид контентлар сони 132 мингтага етказилди.

 

Буларнинг барчаси тарбия борасидаги ишларимизни фақат бир тарафлама эмас, ҳар бир йўналишда ривожлантиришга қаратилганидан далолат. Бироқ айтиш лозимки, ҳали қилиниши керак бўлган ишлар кўп. Тарбия, ватанпарварлик йўналишидаги ишларни аслида бир соат ҳам тўхтатиб бўлмайди.

 

Албатта, ким, қайси соҳада ишламасин, ватанпарварлигини сўзи билан эмас, иши билан ифода этса, мақсадлар бирлашиб, орзудаги жамиятни қуриш мумкин. Келгусидаги ишларимиз мана шу мақсадга эришишга қаратилган.

 

 

Ҳаётий сабоқ

 

Маънавиятнинг таърифлари қаторига “ҳаётий сабоқ” тушунчасини ҳам киритиш лозим. Сабаби ҳаётдан неки таълим олсак, хулоса чиқарсак, у инсоннинг руҳи, феъл-атвори, юриш-туриши, маънавий оламида акс этади.

 

Буюк Билга хоқон таъкидлаганидек, адолат-ла иш кўрсак, қонунларни ҳурмат қилсак, ёлғон сўзламасак, ўзимизники бўлмаган нарсага кўз олайтирмасак, яқинларимизга, бизга берилган омонат (лавозим, вазифа)га масъулият билан қарасак, бир-биримизни камситмасак, катталарни ҳурмат қилиб, заифлар, болалар ва аёлларга иззат кўрсатсак, дарахтларни заруратсиз кесмасак, сувларни ифлослантирмасак, ёмон ишлар қилишдан ўзимизни тийсак, иттифоқчилигимиз ва бирлигимиз билан душманларга ўз ўрнини кўрсатиб қўйсак, мовий осмон қулаб, қўнғир ер ёрилмагунча Турон эли ва тўрасини ҳеч ким бузолмас.

 

Бугун Билга хоқон айтган ҳаётий ҳақиқат янги Ўзбекистон қиёфасида акс этмоқда. Чунки унда инсон қадри, адолатли, маърифатли жамият, аёллар ва болаларга, халққа эҳтиром, табиатни асрашга даъватлар, энг асосийси, бирлашиш ғояси илгари сурилмоқда. Маънавият эса миллат руҳи, ҳаётий сабоқ, жамият устуни, тараққиёт асосидир.

 

Шу ўринда миллат масъулияти кўз ўнгимизда гавдаланади, заруратига эҳтиёж сезилади. Негаки миллат руҳини сақлаш, асраш, уни заифлаштирмаслик ҳар бир миллат вакилидан фидойилик, эътибор, бирлашиш, масъулият талаб қилади. Бу масъулият юки билан ҳар бир қалбда шоир Асқад Мухтор айтганидек:

 

Мен билишим керак, билишим керак,

Бир савол қалбимга ларза солади:

Аждодлардан мерос қонимдан бўлак,

Мендан издошларга нима қолади?

 

Отабек ҲАСАНОВ,

Республика Маънавият ва маърифат

маркази раҳбари

 

“Янги Ўзбекистон” газетаси, 2025 йил 7 январь, 3-сон.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 13746
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//