Навоий кодекси ёхуд беш ярим аср олдинги конституцион монархия


Сақлаш
18:08 / 06.12.2021 908 0

Навоий Хуросон мулкида адолат қарор топиши учун шунчаки кураш билан чекланмаган, балки темурийлар салтанати барқарорлигини таъминлайдиган пойдевор бўлиши лозимлигини ичдан ҳис этган. У мазкур пойдеворни, бугунги истилоҳ билан айтганда, конституцион монархия шаклида тасаввур қилган. Табиийки, бу тушунча Навоий даврида айнан учрамаса-да, давлатни муайян низом асосида идора этиш Шарқ давлатчилиги тажрибасида бўлган. Салжуқийлар бош вазири Низомулмулкнинг “Сиёсатнома”сида давлат бошқарувига оид талай қоидалар баён қилинган. Чингизийларда амал қилган яъса ҳамда “Темур тузуклари” ана шундай низом намуналаридир. Лекин сўнгги икки ҳужжат асосан ҳарбий тартиботга қаратилган. Айниқса, давлат тизимида коррупцияга қарши кураш муаммосига саёз ёндашилган – “порахўрнинг қўлини кесиш лозим” каби гаплар билан чекланилган. Тарих эса давлат ва миллат тақдири ҳукмдорнинг шахсияти ва иродасига бир даража боғлиқ бўлса, унинг атрофидагилар ва қўл остидагиларга ўн даражада боғлиқлигини кўрсатади.

 

Тарихни ҳам, темурийлар кечмишини ҳам чуқур билган Навоий давлат бошқарувидаги ана шу бўшлиқни аниқ кўргани боис тегишли низом жорий этишга интилган. Бундай низом қоидалари айри-айри ҳолда унинг кўплаб асарларида учрайди. Масалан, “Маҳбуб ул-қулуб”нинг учинчи қисмидаги 3234 рақамли танбеҳлар ҳукмдор ва амалдорлар ўртасидаги муносабатга бағишланган.

 

Биз бу ўринда икки ҳужжатга мурожаат этамиз. Булар – “Муншаот” асаридаги 55 ва 57 рақамли мактублардир. Иншолар ўша давр услубида ёзилгани учун уларнинг мазмунини бугунги кун нуқтаи назаридан талқин этишга саъй қилдик. Ҳужжатларнинг ўта муҳимлигидан келиб чиқиб, уларда баён этилган принциплар тизими “Навоий кодекси” деб аталди.

 

55 рақамли иншога мазкур кодекснинг преамбуласи (муқаддимаси) сифатида қараш мумкин. У номи зикр этилмаган ҳукмдорга Навоийнинг насиҳати йўсинида бўлиб, мазмунан каттаю кичик – ҳар бир мансабдорга тааллуқлидир: Ҳар бир мансабдор Тангри таолонинг буюрганлари бўйича ўз вазифасини адо этмоғи ҳамда Тангри таоло ман этган хатти-ҳаракатлардан сақланмоғи лозим. Давлат тепасидаги султондан тортиб энг кичик мансабдоргача ўз лавозимига муносиб тарзда бошқалар устидан ҳукм юритиш имкони берилган. Уларнинг шунга яраша эҳтиёжлари бўлиши ва уларни қондиришга мойилликлари ҳам табиий. Фақат унутмаслик лозимки, мансаб қанча юқори бўлса, унинг Ҳақ таоло амрига итоати шу қадар қаттиқроқ ва қатъийроқ бўлиши керак. Етти иқлимга ҳукми ўтадиган султон билан бир танга илинжидаги гадонинг эҳтиёжи орасидаги тафовут нақадар бўлса, уларнинг Оллоҳ таолога итоат қилишидаги тафовут ҳам шу қадар бўлиши керак. Бу қоидага амал қилинсагина мансабдорлар Оллоҳ таолонинг иноятига сазовор бўладилар ва бошига тушиши мумкин бўлган тарих синовларида Оллоҳнинг инояти ва раиятнинг дуосига эришадилар. Акс ҳолда раиятнинг баддуосию тарихнинг адолатли ҳукмига дучор бўладилар.

57-иншода ҳукмдор фаолиятини тартибга солувчи қоидалар баён қилинган. Биз уларни моддаларга бўлиб табдил этамиз:

 

1. Ҳар кунни Оллоҳ таолога ибодат билан, унинг буюрганларини дилдан ўтказишдан бошлаш лозим;

 

2. Сўнг девонда ўтириб мамлакатда адолатга қай даражада амал қилинаётганини суриштириш билан давом эттириш, зулмдан норози бўлиб мурожаат этувчиларни қабул қилиб арзларини тинглаш, қачон, қаерда адолатга хилоф иш қилинган бўлса, дарҳол уни тиклаш чораларини кўриш, чунончи, суриштириб тагига етиш ва бу борада бошқаларга ўрнак бўладиган ҳукм чиқариш, жумладан, раиятга зулм ўтказган золимга шундай сиёсат қилиш керакки, бошқалар журъат этишдан қўрқадиган бўлсин;

 

3. Ундан кейин бевосита бўйсунувчи амалдорларни чорлаб, ташқи сиёсат ва иқтисодиёт масалаларини кўриб чиқиш, бу соҳалардаги ҳар бир муаммонинг мағзини чақиб, кечиктирмай ҳал этиш чораларини кўриш;

 

4. Шундан сўнг барча мансабдор ва мулозимлардан аввал берилган топшириқларнинг ижроси ҳақида ҳисобот талаб этиш, охирига етмаган ёки амалга ошириш тўсиққа учраган ишлар бўлса, сабабини суриштириш, қилиниши лозим ишларни ижро муддати билан бирга тайин этиш;

 

5. Ўзига яқинлар билан муносабатда Оллоҳ буюрганига зид ишлар қилмаслик. Хусусан, зиммадаги бурчни адо этишга халал бермайдиган тарзда ҳордиқ чиқариш;

 

6. Кундалик ишлардан вақт орттириб имкон қадар ҳар куни ўз маърифатини юксалтиришга саъй кўргизиш, хусусан, қисқа бўлса-да, манфаатли китоблар мутолаасига фурсат ажратиш;

 

7. (Диннинг жамиятда тутган ўрнини ҳисобга олиб) Катта-кичик лавозимдаги садрларга буюрилиши керакким, имому қорилар мусулмонларнинг имонини мустаҳкамлаш йўлида саъй кўрсатсинлар. Бу ойин биринчи навбатда ҳукмдорнинг ўзига ҳам тааллуқлидир;

 

8. Ҳукмдор мунтазам равишда нафсини тийиб олган олим, фозил ва бошқа акобирни ўз ҳузурига йиғиб, ҳар икки дунё саодати йўлида балоғатга эришиш борасида мажлислар уюштириб туриши фойдалидир;

 

9. Салтанатга хавф келиши мумкин бўлган қўшни мамлакатларга фаҳм-фаросатли, эс-ҳушли кишиларни (хуфялар) юбориб, у ердаги вазиятдан бохабар қилиб туришларини йўлга қўйиш, етказилган хабарлардан муҳимларини кечиктирмай билдириб туриш қоидасини жорий қилиш ва бундай маълумотлардан ташқи сиёсат масалаларида истифода этиш;

 

10. Шаҳарларда шаробхона, байтуллатаф (фоҳишахона), қиморхона ва шуларга ўхшаш шариат ахлоқиға зид масканларни батамом тақиқлаш;

 

11. Мутасаддилар ҳар ҳафтада икки марта бозор айланиб, нарху наводан, савдо-сотиқ қай даражада тўғри олиб борилаётганидан воқиф бўлиб туриши лозим;

 

12. Маҳаллаларда маърифий ишлар учун масъуллар тайинлаб, уларнинг фаолиятини назорат қилиб бориш;

 

13. Маҳаллаларда болаларни ёппасига ўқитишни ташкил этиш. (Бу моддада Навоий, агар янглишмасак, инсоният тарихида биринчи бўлиб ялпи умумий таълим ғоясини илгари сурмоқда!);

 

14. Мамлакатдаги барча маъмурий бирлик мутасаддиларидан ушбу низомда қайд этилган тартибда ишлашни талаб қилиш;

 

15. Ҳамма бўғинларда кирим-чиқим тўғрилигини қатъий назорат қилиш; қаерда бузилган бўлса тузатиб ўрнига қўйиш;

 

16. (Ҳар жамиятнинг ҳар даврида одамлар яхши билмайдиган улуғ) Олимлар қадрига етиш, уларнинг илмидан элу юрт манфаати йўлида фойдаланиш;

 

17. Девоннинг масъуллари ҳар куни раият ишлари билан шуғулланиши керак;

 

18. Жойларда ҳам масъуллар раият ишлари билан машғул бўлиши, муаммоларни имкон борича ўзлари ҳал этишлари, ўзлари ҳал этишга ожизлик қилсалар, девонга арз қилишлари керак;

 

19. Олий фармонларни жойларга етказиш ва уларнинг ижросини назорат қилувчи мулозимлар ўз вазифасини қатъий қонун-қоида асосида бажаришини ташкил этиш;

 

20. Доруғалар, беклар ва бошқа масъуллардан ўз ваколатлари даражасидан ортиқ ёки кам ишни талаб этмаслик, рағбат ва жарималар ҳам шунга мутаносиб тарзда бўлишига эришиш;

 

21. Ҳар кун қилинган ҳар бир иш, топшириқ ва бошқалар ёзиб бориладиган дафтар юритувчи масъул тайинлаш;

 

22. Давлатнинг барча бўғинидаги мансабдор ва амалдорлар, раият ишлари билан шуғулланадиган, қўлида имзо ва муҳр тутадиган барча масъуллар мурожаат этувчиларнинг ишлари эртанги кунга қолдирилишига йўл қўймасликлари керак, тама мақсадида пайсалга солувчилар муқаррар жазоланиши лозим;

 

23. Ҳукмдор қатнашадиган тор доирадаги йиғинларга ўз нафсини тийиб олган кишиларгина таклиф этилиши лозим;

 

24. Ҳукмдорнинг ҳар бир фармонини, унинг кўламидан қатъий назар, масъул ходимлар дарҳол бажаришга киришиши, бошқа ишлар бунга халал бермаслиги лозим; фармон бажарилгани ҳақида ҳам, агар ижронинг иложи бўлмаса, сабаби ҳақида ҳам ўз вақтида хабар етказилиши шарт;

 

25. Девондан чиқадиган ҳар бир иншо аниқ ва тушунарли тарзда битилиши, санаси кўрсатилиб рақамланган бўлиши лозим;

 

26. Мамлакатнинг турли жойларидан келган иншоларни қараб чиқиш пайсалга солинмаслиги, уларнинг жавобини кутувчилар маҳтал қилинмаслиги, аксинча, уларга илтифот кўрсатилиши лозим;

 

27. Чегара ҳудудларнинг мустаҳкамлиги, тинчлиги, у ерда яшовчи аҳолининг фаровонлиги давлат идорасининг энг муҳим ишларидан бири деб қаралиши лозим, токи бирон хавфу хатар туғилгудай бўлса, дарҳол чорасини кўришга тайёр турилсин;

 

28. Умуман, давлат ишларида шундай тартиб-низом ўрнатилиши керакки, амалдорлар ўз бурчини белгиланган тартибда қатъий адо этсин, шахсий роҳат-фароғатини деб давлат манфаатига путур етказмасин;

 

29. Ўз навбатида ҳукмдор ҳам шахсий ҳаётида меъёрга амал қилсин, шахсий ҳаёти Оллоҳ таоло унга юклаган бурчни адо этишга тўсиқ бўлмасин;

 

30. Маъмурий идоралар ҳарбий хизматчиларни иззат қилиши лозим, шу билан бирга, ҳарбийлар томонидан қонунбузарлик ҳолатлари содир бўлса, жазосиз қолдирилмаслиги керак. (Бу модда Навоий даврида ҳарбийларнинг давлатдаги ўрни ҳозиргига қараганда бир неча баробар юқори бўлгани билан изоҳланади.);

 

31. Қўриқчилар, қоровуллик хизматидагилар ўз вазифасини сидқидилдан, қатъий интизомга риоя қилиб бажариши керак ва бу доим назоратда тутилиши лозим;

 

32. Бошқа ўлкалардан келган савдогар ва сайёҳлар алоҳида муҳофаза остида бўлиши керак. Улардан турли ноқонуний солиқлар ундирилиши қатъий кесилиши лозим; шариат қоидаларига асосланган ҳолда, уларнинг закотдан ҳам озод қилиниши мақсадга мувофиқ; хорижлик савдогарлар қай даражада эркин савдо-сотиқ қилаётгани назоратчилар томонидан мунтазам текшириб турилиши, уларга қай йўсинда бўлса ҳам тазйиқ ўтказилган ҳоллар аниқланса, айбдорлар жазоланиши ва бунинг овозаси кенг ёйтилиши лозимки, у бошқа мамлакатларгача етиб борсин, токи бунинг натижасида салтанатда савдо-сотиқ ривож топсин;

 

33. Бу низомдан четда қолган ҳолатларда шундай иш тутилиши лозимки, у Тангри таолонинг буюрганига ва ҳукмдорнинг тарих олдидаги бурчига мувофиқ бўлсин.

 

 

Абдулла АЪЗАМ

 

“Тафаккур” журнали, 2020 йил 1-сон,

Буюк армон” мақоласидан

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10352
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//