Маънавият
Ўзбек халқида, «Тошкент донини еган чумчуқ, Маккатиллодан ҳам қайтиб келади» деган гап бор. Чумчуқларнинг Маккага учиши ҳақидаги маълумот қанчалик тўғри, бу ҳақда орнитологлар нима дейди – бу бошқа масала. Ушбу айтим, аслида, халқимизнинг ватан қадр-қимматини ҳеч нимага менгзаб бўлмаслигини таъкидловчи алқовидир: ватанни Маккатиллога ҳам алмашиб бўлмайди.
Биз Саудия Арабистони номини кўп қўлловчи халқлар қаторида кирмаймиз. Халқимиз наздида бу ҳудуд кўпроқ Макка, ёки, Мадина билан бир хил маънода келадиган синоним сўз. «Ҳаж» эса бизда бу давлатни яна ҳам бус-бутун қилиб кўрсатадиган жой номидир. Саудия Арабистонининг сиёсий-ижтимоий чизгилари ҳақида кўп маълумот эга бўлмаган халқлар қаторида турсакда, унга маънодош сифатида ишлатилиб келинадиган шаҳар номлари туфайли, бу жойларни маънавий муқаддас манзиллар сифатида кўрадиган халқлар ичида энг юқори ўринларда турамиз. Саудия ўзбеклар учун барча араб давлатларининг бир бутунидир, гарчи, бу ҳудудда ўнлаб бошқа араб тилли давлатлар бўлсада.
Лекин, кейинги пайтларда (аниқроғи 2017 йилдан) Саудия Арабистонида бўлаётган радикал ўзгаришлар бутун дунёнинг диққат марказида экан, халқимизда ҳам бу давлат ҳақидаги солид тушунчалар коррозияга учради десак хато гапирмаган бўламиз. Саудия Арабистонида шу йилдан бошланган эврилишлардан тортиб, гўзаллик конкурсига қатнашган мамлакат вакиласининг тож кийиши ва бу давлат тупроғида илк марта концерт берган глобал поп юлдуз Женнифер Лопесгача бўлган вақт кесимига бир шарҳ ёзишга эҳтиёж борлиги сезилмоқда ва ушбу мақоламиз айнан мана шу ҳақда. Таъкидлашим керакки, мақола мукаммалликдан йироқ ва шахсий изланишлар йиғиндисидир.
Ҳаммаси нимадан бошланди?
Бу саволга жавоб битта, ҳаммаси 2017 йилда шаҳзода Муҳаммад бин Салмоннинг валиаҳд этиб тайинланганидан бошланди. Шаҳзода шу йили қариндоши Муҳаммад ибн Наиф ўрнига валиаҳд бўлганидан кўпчиликнинг хабари бор. Шу вақтдан бошлаб, Саудия Арабистони дунё матбуотида тез-тез кўринувчи объектга айланди. Бу давлат ҳақида қотиб қолган тушунчалар, бир бошдан эрий бошлади. Аввало, Саудия қироллик оиласидаги машмашалар, кейин, мамлакат ёшларига берилаётган эркинликлар, хотин-қизларга ҳайдовчилик ва ёлғиз саёҳатга чиқиш учун берилган эркинлик, тунги клублар ва кўнгилочар жойларнинг кўпайиши, ҳижобнинг мажбурийликдан олиб ташланиши, Жамол Қошиқчининг Истанбулда ўлдирилиши каби каби бирин-кетин юз берган ҳодисалар, оддий одамларда бу давлат ҳақидаги тасаввурларни шунчалик зўриқтириб юбордики, бу давлат ҳақида нимадир деб оғиз жуфтлаш қийин бўлиб қолди. Аммо шуни ҳам эътироф қилиш керакки, бу мамлакатда бўлаётган шиддатли ўзгаришлар, оддий одамлар учун ҳайратланарли экан, академик қатламдагилар учун кутилаётган бир ҳодиса эди. Бунинг бир қанча сабаблари бор, албатта.
Биринчи сабаб, Саудия минтақа давлатлари ичида энг кўп аҳоли ва ёш қатламга эга бой-бадавлат мамлакат. Табиийки, бу ерда илм-фандан хабардор ёшлар ҳам кўп.
Иккинчи сабаб, нефть савдоси дунё иқтисодида аста-секин катта даромад манбайи бўлмай қолмоқда. Агар эртароқ чора кўрилмаса, модадан қолаётган бу тижоратдан келадиган даромад касодга учраши, Саудия учун янгича иқтисодий ечим кераклиги, устма-уст бўлаётган нефть инқирозлари энди давлат иқтисодига жиддий таъсир қила бошлаганидир. Саудия Арабистони нефтдан келадиган даромадлар натижасида жуда тез шаҳарлашди, бу эса одамлар онгида ижтимоий сўровларни кучайтира бошлади. Қирол ҳокимияти бунга тезроқ жавоб бериши керак эди.
Албатта, бундай радикал ўзгаришлар дунё модерн шаклига тезроқ мослашишми, ёки, минтақа ва ислом дунёсида лидерликка эга бўлиш учун бўлаётган интилишми буни вақт кўрсатади. Айни пайтда, Доналд Трамп билан муносабатлари жуда яхши бўлган шаҳзоданинг Трампнинг навбатдаги президентлик даврида яна қандай ислоҳотларга қўл уриши ҳақидаги фикрлар ҳам ҳаяжон беради.
Ким бу валиаҳд Муаҳммад бин Салмон?
Дунё матбуотини йиллар давомида банд қилиб келаётган валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон ҳуқуқ ва сиёсий фанлар йўналишида таҳсил олган. Чет элга на ўқиш ёки, на стажировка учун бир кун ҳам чиқмаган бўлсада, унинг ҳуқуқ ва сиёсатчиларга хос бўлмаган (албатта, бу Европа кўзи билан қаралганда, ҳудуд учун эса нормал ҳолат дейиш мумкин) ҳаракатлар билан мамлакатда ўзгаришлар бошлаши, олқишлар билан кутиб олинмоқда. Айниқса, мамлакатдаги ёшлар ундан жуда мамнун ҳамда унинг атрофида жипслашмоқда.
Лекин, шаҳзода Муҳаммад бин Салмонни бундай шиддатли ўзгаришлар қилишига нима ундаяпти? Унинг мақсади ғарбдан легитимлик олишми? Нега шунча воқеа-ҳодисаларга қарамай, Исроил билан ҳамкорликдан воз кечмаяпти? Бунинг сабаби, географик қадарми, ёки, мажбурликми? Ёхуд, бунинг сабаби ислом дунёси учун етакчиликда асосий рақиб деб қараладиган Эрон ислом давлатига қарши Исроилнинг қўлловини олишми?
Чунончи, шаҳзода Муҳаммад бин Салмон 2018 йилда Эрон бош раҳнамоси оятуллоҳ Али Ҳоманеийни «Яқин шарқ Гитлери» деб ҳам атаганди. Бундай муносабат эса дипломатия қолиплардан чиқиш ва кескинлик белгиси бўлиб, аниқ мақсадлар билан айтилади.
Диққат шаҳзода бин Салмонга қаратиларкан, у ўз мамлакатини севадиган ва ўзгаришлар бўлишини хоҳлайдиган киши сифатида таърифланмоқда. Унинг олдинга сурган фикрларидан бири, мамлакатда эркаклар иқтисодга қандай таъсир кўрсатаётган бўлса, хотин-қизларнинг ҳам бундан ортда қолмаслиги лозим. Шаҳзода Муҳаммад бин Салмон бу омил мамлакат иқтисодини ўстиришини таъкидлаб келмоқда. Буни устига Саудия Арабистонида катта фоиз хотин-қизлар чет элдаги нуфузли университетларда таълим олиб келган. Буни эса зудлик билан давлатга даромад келтирадиган қўшимча қийматга айлантириш лозим.
Тўғри, барча авторитар ва диктатура режимига эга бўлган давлатлар каби ўзгаришлар тепадан пастга қараб бўлмоқда. Лекин шаҳзода бин Салмоннинг бундан асло хавотири йўқ. Унинг ташвишланмаслигининг сабабларидан бири, қуйи кесимда модерн давлат яратиш учун кадрлар сони етарли, яъни бўлаётган реформалар учун пастда жавоб ва тамал мавжуд. Ахир, мамлакат ёшларининг катта қисми, энг ривожланган давлатларда таълим олиб келганини юқорида ҳам ёздик. Шаҳзода Муҳаммад бин Салмон отаси бўлмиш султон Салмон бин Абдулазизнинг мамлакатдаги имкон чегараларини камайтиришни истади ва бунга эришди ҳам. Қизиғи, ўзи мамлакатда бўлаётган реформалар бошида экан, ғарб таъсирига тушиб қолган бошқарувчиларни мамлакатдан қувди, ёки, таъсир кўрсатмаслик шарти билан олиб қолди.
Кейинги пайтларда, шаҳзода Муҳаммад бин Салмон Туркия давлатининг асосчиси Мустафо Камол Отатуркка ҳам ўхшатиляпти. Аслида, бу менгзашларда ҳам жон йўқ эмас, чунки, у олиб бораётган ислоҳотлар Туркия давлати томонидан ҳам жиддий кузатилаётгани учун Туркия тарихининг 1920-1930 йилларидаги эврилишлари билан қиёсланмоқда ва эътироф қилинмоқда. Бунинг устига, Туркия ва Исроил бу ҳудуддаги демократик бошқарувга эга бўлган нодир давлатлардир. Уларнинг ёнига реформа кучини кўрсата олган, камига салмоқли ва сифатли аҳолига эга бўлган бир давлатнинг қўшилиши нега уларни хурсанд қилмасин?
Ҳамма араб бир арабми?
Ушбу ҳудуд борасида изланиш олиб бораётганларнинг хулосаларига кўра, Саудия Арабистони нафақат модернлашмоқда, балки, миллийлашмоқда. Саудия миллий, секуляр ва миллатчи бўлган бир томонга оғиш кўрсатмоқда. Яъни, бизнинг тасаввуримизга ўранишиб қолган бу маконда яшайдиган арабларнинг ҳаммаси бир араб эмас, аксинча, улар ҳам худди бизга ўхшаб бир қанча бўлакларга бўлинган. Араблар кейинги пайтларда, ўзларини нафақат араб, балки саудиялик, мисрлик, иорданиялик ва ҳоказо деб ажрата бошлаган.
Бу ҳудуд борасида яхши билимга эга бўлганларнинг тез-тез қулоққа чалиниб турадиган бир гаплари бор. Уларнинг айтишича, араблар жуда кибрли бўлади ва паспортларнинг рангига қараб сиз билан муомала қилади, ҳатто, маошингизни ҳам шунга кўра, яъни паспортингиз «ранги»га кўра оласиз. Ғарб ёки, Осиёнинг кучли паспорти эгаси бўлсангиз араблар диёрида ошиғингиз олчи. Бўлмаса, Худо урганни нафақат Пайғамбар балки «Пайғамбарнинг ворисимиз» деётганлар ҳам туртиб ўтаверади.
Саудиядаги мигрантлар ҳақида гап кетаркан, кафала (арабча: نظام الكفالة ниẓāм ал-кафāла) – яъни «замонавий қулчилик» тизими ҳақида ҳам айтиб ўтмасак бўлмас. Бу низомга кўра, сиз Саудия Арабистонининг бирор фуқароси кафолатисиз ушбу давлатда ишлай олмайсиз. Оддийроқ айтганда, тобеликка маҳкум қилинасиз. Бунда ташқари, мамлакат дунёда сўнгги бўлиб, 1962 йилда қулликни бекор қилган давлат ҳам ҳисобланади.
NEOM – 2030
NEOM – 2030 Саудия Арабистонининг кўп гапирилувчи лойиҳалардан бири. Бу лойиҳа амалга ошиши доирасида, жаҳоннинг турли нуқталаридан келиб ишлаётган мутахассислар орасида ўзбекистонликлар ҳам йўқ эмас. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, бу лойиҳанинг энг катта ҳамкорлари Исроил ва Мисрдир. Ҳамкор давлатлар Қизил ва Оқ денгизга туташиб кетувчи қойилмақом бир шаҳар қуришмоқчи. Лойиҳанинг дунёда эши-ўхшатмаси бўлмаган бир тижорат комплекси бўлиши кутилмоқда.
Бироқ бу режанинг амалга ошиши қанчалик реаллик? Бунга, албатта, қисқа бир давр ичида гувоҳ бўламиз. Масала шундаки, бу лойиҳа ичида Туркиянинг нега йўқлиги бир баҳс мавзуси экан, билдирилаётган фикрлар ичида, бу нуқтада жойлашган давлатлар Туркия билан рақобат муҳитини яратишга интилаётгани ҳам бор.
Бироқ НEОМ-2030 лойиҳаси келажаги борасида саволлар ҳам йўқ эмас. 2024 йилда Ар-Риёд умумий майдони 26 минг км2 бўлиши керак бўлган лойиҳани 98 фоизга қисқартириб, 2,4 км2га туширди. Баъзи мутахассислар ушбу лойиҳани аллақачон муваффақиятсиз деб атамоқда.
Узун гапнинг қисқаси, Саудия Арабистони ўз ҳудудида геополитик кучга эга бўлган бир давлатга айланиш тараддудига тушган. Иброҳим келишувлари доирасида бир ёқадан бош чиқаришга келишиб олган бу давлатлар, шунинг учун ҳам Ғазо ҳудудида бўлаётган қирғинбаротга панжа орасидан қарамоқда ва Исроил билан оралари бузилишини истамайди деган қарашлар ҳам йўқ эмас. Баён қилинаётган фикрларга кўра, бу маконда 5-6 йил ичида кўп ўзгаришларни кузатишимиз мумкин, чунки, бунга мажбурият бор ва ҳатто Ғазонинг ҳам ўзгариши алоҳида таъкидланяпти. Алалоқибат, бу ҳудудда ҳали бери Исроилнинг ҳарбий ва сиёсий ҳаракатлари тўхтамаслиги аён бўлиб бормоқда.
Ўзбекистон-Саудия Арабистони муносабатлари қандай давом этиши керак?
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бизнинг ҳудудларимизда дин ва диндорлик масалалари бутун вақти сарфимизни олаётган экан. Саудия Арабистони модерн дунё томонга пешма-пеш кетиб бормоқда. Бу эса қаршимизга шундай саволларни чиқармасдан қолмайди:
– биз ислом динининг маънавий маркази деб биладиган Саудия Арабистони сиёсий курси шундай давом этадими, ёки, ўзгаришлар вақтинчаликми?
– агар вақтинчалик бўлса, Саудиянинг бундан мақсади нима?
– агар давом этадиган бўлса, диний ва маънавий қадриятларимизни қандай ҳимоя қилишимиз керак? Маккага учган чумчуқларимиз, Тошкентга қайтадими?
Туркиялик модерн илоҳиётчиларнинг фикрига таянадиган бўлсак, ислом динини ҳимоя қилиш ва яшатиб қолиш яна биз, яъни, Туркий халқларнинг зиммасига тушади. Лекин диний реформалар қандай амалга ошади, бу жуда баҳсли савол. Энг муҳими Ўзбекистон-Саудия муносабатлари кўп жиҳатдан Саудиянинг Эрон ва Туркия билан рақобатига боғлиқ. Ар-Риёд Россия билан алоқаларни яхшилашга уринаётгандек кўрингани билан, бошқарувнинг АҚШ билан жиддий боғланган иплари бор.
Юқорида ёзганимиздек, Саудия Арабистони 2030 йилларга бориб анчайин модерн томонга ўзгариши тахмин қилиняпти. Бу ҳақда Саудия Арабистонида фаолиятда бўлган чет эллик профессорлар ҳам таъкидламоқда. Ислоҳотлар Саудия давлатининг ўз хоҳиши ва иродасининг маҳсули ва бунга ҳақли. Чунки, Саудия Арабистонидаги ички сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий вазият шуни тақозо этмоқда. Ўзбекистон теран муносабатларга эга бўлган ушбу давлат билан мўътадил сиёсат олиб бориши ва муносабатларни тўғри анализ қилиши керак бўлади.
Айтгандай, 2023 йилда Саудия Арабистонининг туризмдан оладиган фойдаси нақд 15 фоизга ошган (бу Ҳаж амалларига борувчилар улушидан ташқари миқдор).
Фазлиддин Мадиэв
Тошкент ИСФИкатта ўқитувчиси
Маънавият
Тил
Санъат
Адабиёт
Мафкура
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ