Маънавият
Қосим Шайх Азизон тахминан 1498 йили қадим Кармананинг (ҳозирги Навбаҳор тумани ҳудуди) Маржонхотин қишлоғида туғилган. Баъзи манбаларда бу маконда Шайхнинг 20 таноб, яъни 1,7 гектардан ортиқ экин ери бўлгани ҳақида маълумот келтирилган (қаранг: Раҳмонов А. Авлодлар манзили. Кармана, 1996. 7-бет).
У Бухоро ва Самарқанд мадрасаларида таҳсил олиб, яссавия тариқати шайхларидан бўлган Кўҳ Нур Мавлавий ва Шайх Худойдодлардан тариқат сирларини ўрганган (қаранг: Қосим Шайх. Ўзбекистон миллий энциклопедияси. 11-том. Тошкент, Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2005. 113-бет). Ёшлик давриданоқ Шайх Худойдоднинг зикри самоларида қатнашган. Устозининг панд-насиҳатлари, тасаввуфий ваъзларини эшитиб, уларга қатъий риоя қилишга интилган.
Ҳофиз Таниш Бухорийнинг “Шарафномайи шоҳий”, Ҳасанхўжа Нисорийнинг “Музаккир ул-аҳбоб”, Олим Шайх Азизоннинг “Ламаҳот мин нафаҳот ал-қудс”, Муҳаммад Тоҳир Эшон Хоразмийнинг “Тазкират ул-авлиё”, Сайид Муҳаммад Носириддиннинг “Туҳфат уз-зоирин”, Шарафиддин Роқимийнинг “Тарихи томм” каби асарларида Қосим Шайх ҳақида маълумотлар учрайди.
Булар орасида “Тазкират ул-авлиё” (у “Тазкирайи Тоҳир Эшон”, “Тазкирайи нақшбандия” ҳам дейилади) Қосим Шайх ҳаёти, фаолияти, насаби ва шогирдлари ҳақида тўлиқ маълумот берилгани билан ажралиб туради. Асар 1744 йили ёзилган. Унинг кўплаб қўлёзма нусхалари ЎзФА Шарқшунослик институти Қўлёзмалар хазинасида сақланади (масалан, инв. №69, 75, 6832).
Қосим Шайх саксон ёшида вабо касалига йўлиқади. Хасталик тарқалмаслигини ўйлаб, хос муридларига уни кўришга келган кишиларни олдига киритмасликни тайинлайди. Манбаларда келтирилишича, Қосим Шайх ўзига шу касалликни бериб, юрт аҳлини ундан халос қилишни Оллоҳдан сўраган ва бу дуо ижобат бўлган. Шу тариқа Қосим Шайх ҳижрий 986, милодий 1578 йили Карманада вафот этади ва ўз хонақоҳи ёнида дафн этилади.
Яссавия тариқатининг бошқа вакилларидан фарқли ўлароқ, Қосим Шайх ижтимоий-сиёсий жиҳатдан фаол бўлиб, давлат ва жамият ҳаётида фаол иштирок этган. Замона ҳукмдори бўлмиш Абдуллахон Иккинчининг Бухоро хонлигини бирлаштириш ва марказлаштириш сиёсатини қўллаб-қувватлаган. Тарқоқ бекларни яраштириш, марказий ҳокимиятга бўйсундириш ишларида фаол қатнашган. Бир муддат пойтахт Бухорода ҳам истиқомат қилган (қаранг: Ҳофиз Таниш Бухорий. Абдулланома. Биринчи китоб. Тошкент, “Шарқ”, 1999. 222-бет).
1551 йилдаги Кармана сулҳи Қосим Шайхнинг шуҳратига шуҳрат қўшиб, диний, сиёсий нуфузини янада оширди. Шу йили у, шаҳзода Абдуллахон илтимосига кўра, Кармана қўрғони мудофаасини ташкил этиш ҳамда мухолиф билан сулҳ тузилишида шахсан ташаббус кўрсатди, музокараларда бевосита иштирок этди. Абдуллахон Иккинчи Қосим Шайхга қўл бериб, унга мурид тушади ва пирига “Азизон” деб мурожаат қилади. Хон бирор хайрли тадбир бошламоқчи бўлса, аввал пирининг маслаҳат ва дуосини олиб, кейин ишга киришган. У Қосим Шайхга Карманадан то Хомработгача бўлган ерни инъом қилади. 1558 йили эса Карманада махсус хонақоҳ қурдиради. Бу Абдуллахон тахтга ўтирганидан кейин барпо этган дастлабки иншоотлардан ҳисобланади (қаранг: Ҳотамов А., Бекниёзов Н. Кармана – қадимий диёр. Тошкент, “Ўзбекистон”, 2007. 76–78-бетлар). Бу тарихий факт Бухоро хонлиги ижтимоий ва маънавий ҳаётида яссавия шайхларининг мавқеи ортиб борганидан далолат беради.
1532 йили Шайх Худойдод Валий вафот этади. Шундан сўнг Қосим Шайх яссавия тариқатининг етакчи шайхларидан бирига айланади. Атрофига кўплаб муридлар тўплайди, улар орасида шайбонийлар сулоласи вакиллари ҳам бор эди.
Қосим Шайх яссавия тариқати силсиласида 22-ҳалқа ҳисобланади: Муҳаммад (с. а. в.), Абу Бакр Сиддиқ, Салмон Форсий, Қосим ибн Муҳаммад, Имом Жаъфар Содиқ, Боязид Бистомий, Абул Ҳасан Харақоний, Абу Али Формадий, Хожа Юсуф Ҳамадоний, Хожа Аҳмад Яссавий, Ҳаким ота (Сулаймон Боқирғоний), Занги ота, Сайид ота, Садр ота, Эломон ота, Али Шайх, Мавдуд Шайх, Ходим Шайх, Шайх Жамолиддин, Шайх Худойдод, Хўжа Муллойи Нурий, Қосим Шайх (қаранг: Ўзбекистон Марказий давлат архиви ф. и. 323, оп. 2, инв. 90).
“Музаккир ул-аҳбоб” асари муаллифи Ҳасанхожа Нисорий ҳам Қосим Шайхни ўзига пир тутган. У муршидини, жумладан: “Қосим Шайх Азизон вужуддан кечмоқ ва вужудни дариғ тутмаслик назариётини чунонам мартабасига етказганлар” дея улуғлайди (Ҳасанхожа Нисорий. Музаккир ул-аҳбоб. Тошкент, “Халқ мероси”, 1993. 35-бет).
Қосим Шайх вафотидан сўнг Туркистон, Ўтрор, Хоразм, Бухоро ҳудудларида яшовчи муридлари унинг ишларини давом эттиради. “Тазкират ул-авлиё” асаридаги маълумотларга кўра эса, Қосим Шайхдан кейин яссавия силсиласи Туркистон, Ўтрор ва Аму воҳасида кенг тарқалди (қаранг: Муҳаммад Тоҳир Эшон. Тазкират ул-авлиё. ЎзФА Шарқшунослик институти Қўлёзмалар хазинаси. Инв. №7017).
Қосим Шайх Азизон ҳақидаги асарларда унинг “Биз тўрт силсиладан рухсат олганмиз” деган эътирофи келтирилади (қаранг: Суюндиқ Мустафо Нуротий. Кармана азизлари. Тошкент, “Муҳаррир”, 2010. 109-бет). Бу маълумот унинг яссавия, кубровия, қодирия, нақшбандия шайхларидан таълим ва пирлик ижозати олганини кўрсатади. Бу – тасаввуф тариқатлари тарихида камдан-кам кузатиладиган ҳолат.
XVI асрда Бухоро шаҳрининг қибла тарафидаги Чорбакр мажмуасида макон тутган Жўйбор хожалари нақшбандия тариқатида юқори нуфузга эга эди. Ўз даврида нақшбандиянинг пешвоси бўлган жўйборий шайхлардан Хожа Саъд Карманага – Қосим Шайх ҳузурига келади. Бу икки тариқат пирининг самимий дўстона суҳбати қудачилик билан якунланади.
Қосим Шайхнинг “Радди шия” (“Шиачиликни рад этиш”) асари борлигини ХХ аср бошларида яшаган немис шарқшуноси Карл Броккельман эслаб ўтган бўлса-да, у ҳозиргача топилмаган.
Қосим Шайх Азизон ҳам, пири Ҳазрат Шайх Худойдод сингари, бойлик орттириш ва подшолардан назр-ниёз олишни хуш кўрмас, иложсиз қабул қилган тақдирда ҳам, уни бева-бечора ва муҳтожларга тарқатишни афзал билар эди.
Мустақиллик йилларида бу авлиё зот мангу қўним топган мажмуа таъмирланиб, муқаддас зиёратгоҳлардан бирига айлантирилди.
Сардор ҚУВОНОВ,
Навоий давлат Педагогика институти
мустақил тадқиқотчиси
“Тафаккур” журнали, 2024 йил 4-сон.
“Элни вабодан қутқарган зот” мақоласи
Маънавият
Тил
Санъат
Жараён
Мафкура
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ