Ўтган аср таназзули ёхуд Сўфизоданинг фожиавий кулгиси


Сақлаш
14:50 / 04.01.2025 29 0

Адабиётшунослик илмида жадид адабиётининг илк босқичи сифатида тараққийпарварлик даври адабиёти ўрганилади ва бу давр 1905–1917 йилларга, яъни энг оғир, курашларга тўла ва шу билан бирга энг қизғин даврга тўғри келади. Янгиланиш учун мос тарихий шароитнинг етилиши, қарашлар хилма-хиллиги ва кескинлиги баробарида ягона мақсад – миллатни юксалтириш масаласининг асос муаммога айланиши, маърифат тарғиботи ва ноширлик, мафкуравий-ғоявий-тарбиявий адабиётни яратишдаги интилишлар, таъсирчан янги поетик шаклларни излаб топиш ва асарни баҳс майдонига айлантириш каби омиллар адабиётни янги сифат босқичига олиб чиқди.

 

Пўлотжон Қайюмов ўз тазкирасида Сўфизода (217), Иброҳим Даврон (218), Ҳижрон (269), Мустағфар (270), Оразий (277), Фақирий (280), Мутриб (281), Тавалло (286), Хаёлий (287), Аҳтарий (288), Ғофилол (289), Лутфий (291), Ниҳоний (296), Шокир Сулаймон (299) каби кўплаб шоирлар номини санаб ўтади ва уларга ўрни билан “фикрида буюк ўзгариш ҳосил этган тараққийпарварлар, жадид муаллимлар, жадидизм даврининг машҳур арбоблари”, дея таърифлар беради. Бу тараққийпарвар жадид шоирлар Навоий, Фузулийга татаббулар боғлайди, шу билан бирга ҳунарсизлик, табақалар тафовути, ижтимоий-маиший муаммолар, аёллар масаласи, дин ва илм маърифати, маориф, энг муҳими, шеъриятни янгилаш масалаларига диққат қаратади. Бу шеъриятда ҳали дағаллик, тўла эстетик ҳодисага айланмаган жиҳатлар, Октабр воқеаларидан кейин тушунчаларда янглишиш ва иккиланишлар бўртиб кўринади. Шу жиҳатдан мумтоз анъаналар тизимли давом эттирилган, дея олмаймиз. Ҳатто мумтоз поетика қонуниятларидан бирдан узоқлашиш, маиший мавзуларга берилиш шеъриятнинг эстетик қимматини бир қадар туширган. Бу, албатта, янгиланаётган, янгиланиши керак бўлган тафаккур ва ҳаёт тарзи билан боғлиқ эди.

 

Таянч билим – мадраса таълими ва “илми бадеъ” бўлган бу ижодкорлар ҳали ягона ғоя атрофида фаол бирлашмаган, тушунча ҳамда қарашларида ҳам маълум зиддиятлар мавжуд эди. Улар аруз вазнида ижод қилар, девончилик анъаналарига амал қилар, мумтоз жанрлардан фойдаланарди, ижодининг илк даврларида ишқий, кейинроқ ҳажвий шеърларга кенг ўрин беришганди.

 

Сўфизода бадиҳагўй шоир бўлиб, манзилли, муросасиз баҳс юритувчи ва кескин сатирик руҳга эга шеърият соҳиби эди. Пўлотжон Қайюмов шоирга қуйидагича таъриф беради: “Енгил, силлиқ, авомфаҳм ибораларга эга ўткир маъноли лирика эгаси. Авомчилиги, йўқсулларга яқин туриши ила танилиб турар. Бошқа шоирлардан кўра Ҳамзага ҳамфикр, ҳамоҳанг турар эди”[1]. Шоирни ўз кўзи билан кўрган Пўлатжон домла унинг доим сўзини “Маслак балоси” дея бошлаши, очиқ чеҳрали, кулар юзли киши бўлганини айтади.

 

“Шўро”, “Ойина” саҳифаларида шеърлари босилган, айниқса, “Муштум”да чоп этилган ҳажвий шеърлари миллат ва миллат шоирларининг маънавий қиёфаси, оғриқларини етарлича тасаввур қилишга имкон беради. Шоир шеъриятида 20-йилларнинг ўрталарига бориб мутойиба тагидаги ҳазин кайфият кучая борган, шу нуқталардан эътиборан миллий адабиётимизда сатирик шеър табиати ҳам ўзгарди. Давраларда, чойхоналарда давом этиб келаётган кулги миллий-фожиавий кулгига айланди, ҳатто энди буни кулги ҳам деб бўлмасди:

 

Ўлтуруб хум бошиға, бўлди бўёқчи маймун...

Олди “партийни” бўлуб кўп киши икки хотун...

“Женотдел”даги хом носиҳа – биби отун[2]...

 

Ёки

 

Агар хотун ололмай бева бўлсам, яллочи қизлар,

Мозоримға бориб чилдирма бирла ёр-ёр айтинг.

 

Ёки 1925 йил 3 март сонида Лутфилла Олимийнинг “Унитилган шоир” сарлавҳали мақоласи билан “Фарғона” газетасида босилган мусаддасидан парча:

 

Пайт пойлаб душманим қўйди йўлимга лой тузоқ,

Гулдираб чалқанча тушдим, тойилиб бўлдим чўлоқ,

Судралиб қолған кунимда бўлмадинг қўлтуқ таёқ,

Илтимосимдин зерикдинг, дўстим, бўлдинг йироқ,

Қайғириб кўп йиғламоқдин кўзларим бўлди шапоқ,

 Жола янглиғ кўз ёшим ҳар қатраси бир носқовоқ.

 

Зотан ушбу шеър йўлланган Лутфилла Олимий бекорга “...лирикасида оёғидан қора булут чақмоқ чақиб, кулиб тургани кўринадур” дея таъриф бермайди.

 

Бу авлод ижодкорларидан яна бири – Тавалло ижодида ҳам Октабр воқеаларига қадар аччиқ киноя, қочиб бўлмас кескинлик кўринса, 1917–1920 йиллардан бармоқда яратилган ҳажвий шеърларида енгил-елпи кесатиқ-қочириқ, заҳарли истеҳзо тўлиб-тошади. Уларда умидсизликнинг жуда чуқур қиёфаси ва унинг бора-бора исёнга айлана боргани кузатилади:

 

Бунларинг шўрбо-палов, норин ебон, чой ичса бас,

Сўнгра икки элкасига тепсалар ҳам индамас,

Чиқ ичимдан, жоним-ей, сан манга ҳамдамлашмасанг.

 

Тадқиқотчилар совет даврига келиб, Таваллода маънавий инқироз бошланганини, большевиклар сиёсатининг ғайриахлоқий, ғайриинсоний моҳияти, оилавий йўқотишлар сабаб умрининг қатлига қадар бўлган 20 йили самарасиз ўтганини баён қиладилар[3]. Ю.Сарёмий таъсирида ҳақ, ишқ, фано тўлқинларида ҳам яшаб кўрган Тавалло 1917 йил ёлғонларига тоб беролмади. Бу ёлғонлардан сўнг шоир миллати каби маънан мажруҳ бўлиб қолди, давр уни ўкситиб қўйди. Таваллонинг 10-йиллардаги ёниқ шеърияти янги ўзбек шеъриятига уланиб кетолмади. У энди ёзганларини кўпроқ “Мағзава” тахаллуси билан эълон қилди.

 

Сўфизоданинг шеърлари “Сабзазор” баёзига (Тўпловчи ва нашрга тайёрловчи: Мунаввар қори. – Тошкент: Илин босмахонаси, 1914. – 49 б. ЎзР ФА Шарқшунослик институти. Шарқ қўлёзмалари хазинаси, асосий фонд, тошбосма. Инв №12891), “Янги адабиёт” шеърий тўпламига ( Янги адабиёт. Шеърлар тўплами. Ношир: Хожи Муин (Меҳри) ибн Шукрулло. – Самарқанд: Газауров матбааси, 1915. – 36 б. Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи. Нодир қўлёзма, тошбосма ва босма асарлар. Инв №766/III.) киритилган. Шеърлар мазмун мундарижасига кўра муножот, ҳасби ҳол, шикоят, Ватан мадҳи ва дарди, мактаб, илм-маърифат, театр мавзуларида бўлиб, Туркистон аҳлига хитоб тарзида бериб борилган.

 

Вадуд Маҳмуд миллий уйғониш даври адабиётининг икки бўғинини жуда аниқ фарқлайди. Маърифатпарварлик адабиёти ва янги ўзбек адабиёти ўртасида кўприк бўлган тараққийпарварлик адабиётини, улардаги услубий ўзгаришларни текширади. Натижада, “Сўфизода, Сиддиқий Ажзий, Абдулла Авлоний, Сидқий Хондайлиқий, Тавалло, Ҳ.Ҳ.Ниёзий каби икки даврга кўприк бўлмиш шоирлар ижодида ўша адабий воқеликни” кузатиш мумкин бўлади.

 

Шаҳноза НАЗАРОВА,

филология фанлари доктори



[1] Пўлотжон Домулла Қайюмов. Тазкираи Қайюмий. – Тошкент, 1998. – Б.483–487.

[2] Soʻfizoda. Ash’or // Мushtum. 1925. №2.

[3] Миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти: Университетлар ва педагогика олий ўқув юртларининг филология факультетлари учун дарслик / Б.Қосимов, Ш.Юсупов, У.Долимов ва бошқ. – Тошкент: Маънавият, 2004. – Б.319-320.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 13637
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//