Жорий йил октябрь ойида Оскар Уайльд таваллудига 170 йил тўлди. У бетакрор услуби ва ҳайратангиз фикрлари билан жаҳон адабиёти пешволари қаторидан жой олган. Ирландиянинг Дублин шаҳрида туғилган бўлса-да, инглиз, олмон ва фаранг тилларида ижод қилган. Атиги 46 йил умр кўрган адибнинг ҳаёти ҳам, ижоди ҳам мураккаб.
Оскар Уайльднинг ижодкор сифатида шаклланишига ХIХ асрнинг иккинчи ярмида Европада тарқалган бадиий-эстетик қарашлар, романтизм, реализм ва критицизм, айниқса, Бальзак, Тургенев, Достоевский, Гоффман, Андерсен ижоди кучли таъсир кўрсатган.
Уайльд аристократия ва ўз майл-истакларига банди буржуазия тартибларига қарши чиқади. Адиб ҳукмрон табақага хос манманлик, ҳаёсизлик, иккиюзламачилик, ғирромлик, дидсизлик каби иллатларни дадил фош этади. Уайльд рус ёзувчиси Достоевский изидан бориб “Дунёни гўзаллик қутқаради” деган ғояни ёқлашга интилади. Унинг фикрича, санъат ҳаётга тақлид қилмайди, аксинча, ҳаёт санъатга эргашади.
Оскар Уайльднинг асарлари ва суҳбатларидан олинган фикрлардан намуна келтирамиз.
Таржимон
Агар таржимаи ҳолимга оид сўровнома тўлдиришимга тўғри келса, ёшим – 19 да, касбим – даҳолик, қусурларим – қобилият, деб ёзган бўлардим.
Мен қоидалар учун эмас, балки истиснолар учун яратилганман.
Мен асримни шундай уйғотдимки, у мени афсонаю асотирларга буркади.
Сизни ёмонлаганлар – ёмон, умуман ёмонламаганлар эса ундан-да ёмон.
Ҳаёт жангларида қатнашганлардан кўра четда турганлар оғирроқ жароҳат олади.
Барчамиз ҳаёт сирини излаймиз, ҳаёт сири – санъатда.
Ёшликнинг ҳайратомуз хатоси – ҳаётни фалсафа эмас, эҳтирос; кексаликнинг ваҳимали хатоси эса ҳаётни эҳтирос эмас, фалсафа деб тушунишдадир.
Ҳаёт фалсафаси – ҳеч бир жиддий нарсани жиддий қабул қилмаслик, жиддий бўлмаган ишларга эса жиддий ёндашишдадир.
Кексаликнинг фожиаси қариганингизда эмас, қалбингиз ёшлигича қолганидадир.
Биз мудом ўз “мен”имиз ичида адашиб юрамиз, шу боис ҳаётимизни ўзгартиришимиз даргумон.
Қониқиш – бошқалардан оладиганимиз, бурч – бошқалардан кутадиганимиз, даҳолик – бошқаларга раво кўрмайдиганимиздир.
Одамларнинг ўзидан кўра кечинмалари қизиқроқ.
Одамзод ўзидан кучлироқ келадиган эҳтирос ва кечинмалардан инстинктив равишда қўрқади.
Кибрли одам ҳар нарсанинг баҳосини билади, аммо уларнинг қадрини билмайди.
Мудом ўтмишга кўз тиккан одам келажаги ўтиб кетганини сезмай ҳам қолади.
Англаш қийин икки нарса бор: ўлим ва тубанлик.
Камтарлик омаддан йироқ, фақат сурбетлик омадга етаклайди.
Мақтов мени итоатгўй қилади, аксинча ҳақоратласалар, ўзимни юлдузларга яқин кўраман.
Мен суҳбатдошимга оғиз очишга имкон бермайман. Бу вақтимни тежайди ва бенаф тортишувга ҳожат қолдирмайди.
Ижодкор танишишни истайдиган кишилар хушсурат ва аъмо бўлсин: биринчиси бадиий ҳузур беради, иккинчиси – ақлга истироҳат.
Мен гапириб ҳузурланишдан воз кечишим мумкин, бироқ бошқаларни мени тинглаб ҳузурланишдан маҳрум қилолмайман.
Никоҳдан аёллар бахт кутади, эркаклар унга эркини тикади.
Аёл нозу карашмалари билан севдиради, даъволари билан бездиради.
Ошиқлик ўзини алдаш билан бошланади ва ўзгани алдаш билан якунланади.
Ҳақиқий муҳаббат ўзига қарши қилинган гуноҳлардан ташқари барча гуноҳларни кечиради.
Сизга бефарқ аёл билан дўстлашиш осон.
Мода туфайли ҳар қандай фантастика оний доғули ўйинга айланади.
Мода шундай тутуриқсизликки, шу боис у ҳар ярим йилда янгилаб турилади.
Густоҳона кийинувчилар – хушсуратлик ҳам ҳаёт фалсафаси эканини унутиб қўйганлардир.
Миллатнинг бадиий диди меъморлигидан кам бўлмаган кийинишида ҳам акс этиши шарт.
Биз шундай қашшоқлашганмизки, хушомаддан бошқа ҳеч вақомиз қолмади.
Кучли антипатия – сирли боғланишга ишора.
Ўзи ботқоқда, аммо нигоҳи юлдузларда.
Бизнинг асримизда фақат бенаф нарсалар нафлидир.
Менга ортиқчасини беринг, зарурини бошқаларга тарқатинг.
Чин ижодкор ҳаваскор бўлиб қолаверади.
Санъат асарларини тушунтиришга уриниш уларни қадрсизлантиради.
Жосуслик ўлаётган касбдир, унинг ўрнини энди матбуот эгалламоқда.
Мен тараққиётга эмас, одамдаги бузғунчиликнинг доимийлигига ишонаман.
Кишининг аввал ким бўлгани эмас, балки ҳаётнинг бетакрор ҳар онида кимга айлангани муҳимдир.
Ўзингизни ўзингиз яратинг, қолган вазифаларга масъуллар аллақачон тасдиқланган.
Ўлганимдан кейин ажмал (энг гўзал) гулга айланишни истардим. Ваҳки, гуноҳларим боис азфар (ўткир ҳидли) қизил ёронгулга дўнаман.
Рус тилидан Виктор АЛИМАСОВ таржимаси
“Тафаккур” журнали, 2024 йил 4-сон.
Тарих
Тил
Санъат
Жараён
Адабиёт
Мафкура
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ