Тангада тасвирланган хотунлар – Илк ўрта асрлар давлат бошқарувида аёлларнинг ўрни


Сақлаш
14:54 / 03.01.2025 59 0

Маълумки, ибтидоий даврлардан токи бугунги кунимизгача жамиятда аёлларнинг ўрни муҳим ҳисобланиб келинган. Илк ўрта асрлар Ўрта Осиё сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаётида ҳам аёлларнинг ўрни етакчи бўлганига  минтақада зарб этилган танга-пуллар, сарой деворий расмлари, турли археологик топилма (сопол буюм, тош ҳайкал, муҳр)лар гувоҳлик беради.

 

Танга пуллар ўзида қисқа маълумотларни акс эттиришига қарамай, минтақа халқлари давлатчилик тарихини ёритишда бирламчи манба ҳисобланади.  Чочда зарб этилган Ғарбий Турк хоқонлиги тангаларининг бир қанча турида давлат бошлиғи хоқон билан бирга уч қиррали бош кийимда хотун тасвири учраб, синчиклаб назар ташланса, тизимли равишда муайян бир композиция ҳосил қилади:

 

 

Биринчи тангада ҳукмдор (хоқон) ва малика (хотун)нинг портрети, иккинчи тангада эса отдаги ҳукмдорга уч қиррали бош кийим кийган малика идишда илоҳий “қут” бераётгани, учинчи тангада ҳукмдор ва малика гиламда боғдош ўтиргани (туркона ўтириш; малика ҳомиладор) тасвирланган. Аввало, уч қиррали бош кийим тасвирига изоҳ берадиган бўлсак, туркларнинг эътиқодига кўра маликанинг бундай бош кийимда тасвирланиши илоҳа Умайга ўхшатилиши билан боғлиқдир. Хотуннинг идишда хоқонга “қут” бериши Тангридан ҳукмдорга бериладиган давлат бошқаруви – “қут” Умай орқали топширилган, деб билганлар. Хотуннинг ҳомиладор ҳолда тасвирланиши ҳам Умай билан боғлиқ тушунча бўлиб, илоҳа Умай ҳосилдорлик, унумдорлик, чақалоқлар ва аскарлар қўриқловчиси ҳисобланган. Шунингдек, туркий мифологияга кўра, Тангри, Умайнинг ердаги кўриниши хоқон ва хотун билан боғлиқ тушунча сифатида қаралган.         

 

Араб-форс манбаларида VI–VII асрларга оид Хотункат шаҳрининг айнан Жабғукат шаҳри билан ёнма-ён ўрнашган шаҳар деб эслатилишининг ўзиёқ унинг хоқонлик қароргоҳи жойлашуви ҳисобга олиниб қурилганини кўрсатади. Демак, Жабғукат – Хотункат параллели бу – хоқонлик сиёсий марказида ҳукмдор ўрдаси (ёки ўтови) билан ёнма-ён малика ўрдаси ўрин олиши анъанасининг Чоч воҳасидаги тасдиғидир. Хотункат шаҳри архитектураси қадимги турклар давлат бошқарувида аёлларнинг ўрнини белгилаб, ҳукмдор мамлакатда бўлмаган пайтда унинг номидан хотун ҳокимиятни бошқарганини кўрсатади.

 

Қўшалоқ портретли тасвирларни қуйидаги тош ҳайкал (балбал), сопол буюм ва муҳр, сарой деворий расмларида ҳам кўриш мумкин:

 

 

Сиёсий бошқарувда хотун ҳукмдордан кейин турувчи вазир даражасидаги шахс ҳисобланиб, ушбу номдаги унвони ҳам бўлгани ҳақида туркий битиктошларда ёзиб қолдирилган. Қўшалоқ портретли тасвирларни нафақат Чочда зарб этилган хоқонлик тангаларида, балки Бухоро, Тўхористон (Чағаниён), Ўтрор ва Суғд тангаларида ҳам кўриш мумкин. Ҳаттоки, Суғд хотун унвони билан танга зарб этилган.

 

 

Илк ўрта асрлар минтақада аёлларнинг бошқарувдаги ўрни ҳақида Бухорода давлат ишларини муҳокама қилишда, Чочда диний байрамларда хотун иштирок этганини манбалардан билиб оламиз. Ўрта Осиё аёллари  Хитойга элчи ва совға-саломлар жўнатгани ҳамда ўз навбатида улардан совғалар олгани, махсус унвонлар бергани ҳақида маълумотлар келтирилади.

 

Илк ўрта асрлар давлатчилигимиз тарихида жадал давр сифатида алоҳида қадрланади. Юқорида келтирилган маълумотлар Ғарбий Турк хоқонлиги ҳамда воҳа ҳукмдорликлари-мулкларида аёлларнинг алоҳида ўрни бўлгани, уларнинг мавқейи юқори даражада турганига гувоҳлик беради.

 

Ҳилола НОРМАМАТОВА,

Миллий археология маркази таянч докторанти

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 13637
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//