Дунёдаги неоимпериализм, бирқутблилик Ўзбекистонга янги таҳдидми?


Сақлаш
12:39 / 03.01.2025 61 0

Мақоланинг биринчи қисми

 

Неоимпериачиликнинг мафкуравий иттифоқчиси саналган неолиберализм иқтисодий жабҳада “фалаж терапияси”, монетар сиёсат ва неомакроиқтисодиёт назарияси ҳамда бошқа катта-кичик концепцияларга таянади. У иқтисодиётда давлат ваколатларини чеклаб, трансмиллий компаниялар қудратини оширишни ёқлайди. ХХ асрнинг 70-йилларида Нобель мукофоти лауреати Милтон Фридман раҳбарлигидаги Чикаго мактаби неолиберализм доирасида “фалаж терапияси” ғоясини олға сурди. Олим қатъий равишда эркин бозор муносабатларини жорий қилиш учун учта ғоя таклиф этган: мулкни тўлиқ хусусийлаштириш, яъни давлат мулкини батамом йўқотиш; давлатни иқтисодиётни тартибга солиш ва назорат қилишдан четлаштириш; ижтимоий соҳага ажратиладиган маблағларни кескин камайтириш.

 

Табиийки, бундай сиёсатни кенг омма қабул қилиши қийин эди. Шу боис М.Фридман жамоатчилик онгини фалаж қилиб қўядиган табиий офатлар (зилзила, сув тошқини, довул, тўфон, қурғоқчилик, ёнғин) ёки фавқулодда ҳодисалардан (иқтисодий инқироз, тўқнашув, теракт, фуқаролик уруши, сиёсий беқарорликлар) фойдаланиб қолишни тавсия этади. “Шок терапияси” назарияси ва амалиётини ўрганган канадалик сиёсатшунос Наоми Кляйннинг таъкидлашича, ушбу ғояни амалга татбиқ этган бирор мамлакат ижобий натижага эришмаган. Бу таълимот халқни қашшоқлаштириб, ишсизликни кучайтиргани ҳолда, кам сонли гуруҳлар, корпорацияларнинг бойиши, янги олигархлар пайдо бўлишига хизмат қилган. Шунга кўра Н.Кляйн мазкур назарияни иқтисодий тенгҳуқуқлилик қадриятига ёт, тор доиралар манфаатларига хизмат қилувчи корпоративизм мафкураси деб баҳолайди (Кляйн Н. Доктрина шока. Расцвет капитализма катастроф. Москва, “Добрая книга”, 2015).

 

Неоимпериализмнинг мафкуравий аслаҳаси

 

Неоимпериализмнинг мафкуравий аслаҳалари орасида турли-туман назариялар, концепциялар мавжуд. Заруратга, макон ва замонга қараб улардан маъқули истифода этилади. Баъзи назариялар, концепциялар бевосита тарғибот-ташвиқотга мўлжалланмаган, яъни улар соф илмийликка даъво қилади. Бироқ неоимпериализм тарафдорлари уларни ўз мақсадига мослаб талқин этади. Неоимпериализм эҳтиёжларини ҳисобга олиб ёзилган баҳсли асарлар талайгина. Америкалик сиёсатшунос Сэмюэл Ҳантингтоннинг 1994 йилда чоп этилган “Тамаддунлар тўқнашуви” рисоласи шундай манбалар сирасига киради. Муаллиф фикрича, эндиликда урушлардан мақсад иқтисодий-сиёсий ва ҳарбий ҳукмронликка эришиш эмас, балки маданий-ғоявий устунликни қўлга киритишдир. Шу тариқа у неоимпериализмнинг асл мақсадини ниқоблашга уринади. С. Ҳантингтон “Биз киммиз?” асарида ҳам очиқчасига инглиз-протестант маданиятига испанлашув ва мультикультурализм таҳдид солаётгани ҳақида ёзади.

 

Америкалик бошқа бир сиёсатшунос Фрэнсис Фукуяма эса “Тарих интиҳоси” мақоласида тоталитар тузум ва мафкуралар барҳам топиб, охир-оқибат либерал демократия ғалаба қозониши, яъни Ғарб қадриятлари таъсири ортишини башорат қилади. Шундай экан, миллий маданий мерос, қолоқ миллий ва диний урф-одатлардан, миллий идентликдан воз кечиб, дунё фуқаросига айланиш лозим, деган баҳсли ғоясини илгари суради муаллиф. Ғарбда юзага келган нохуш ижтимоий-маданий, ахлоқий, сиёсий тенденцияларни танқид қилиб, уларнинг асл сабабларини очиб беришга интилаётган Патрик Бьюкенен, Жеймс Коулман каби муаллифлар ҳам йўқ эмас. Шу ўринда “юмшоқ куч” концепцияси муаллифи Жозеф Най ва америкалик жамоат арбоби Жин Шарп номини эслашни лозим топдик.

 

Ж.Шарп “Диктатурадан демократияга” асарида Маҳатма Ганди каби мутафаккирларнинг тинчлик йўли билан эркинликка (мустақилликка) эришиш ғоясига ўз принципларини қўшган ҳолда янги назарияни илгари сурган. Неоимпериализм амалиётчилари эса бу назарияни “сакрал (муқаддас) қурбонлик” келтириш (“Намойишчилардан бирортасини полиция ёки армия отиб қўйиши зарур, ана шунда жазавага тушган омма давлат ҳокимиятини ағдариб ташлайди”) ғояси билан бойитиб, рангли инқилоблар амалга ошириш механизмини яратди. Ж. Шарпнинг ўзи амалий сиёсат билан шуғулланмаган, асарини ҳам буюртма асосида ёзмаган. Ж.Найни эса неоимпериализмнинг типик неолиберал мафкурачиси деб атаса бўлади.

 

Назаримизда, неолиберализм таълимоти бирор мамлакат аҳолисига ривожланиш мақсадини аниқ-тиниқ белгилаб беролмади. Бу нафақат ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий тараққиёт стратегияси, шунингдек, инсон такомили, яшашдан мақсад ғояси ва ҳаёт идеалига ҳам тааллуқлидир. Балки шу боисдир, неолиберализм мафкураси тарқалган ўлкаларда давлат сиёсатида ҳам, фуқаролар ҳаётида ҳам келажак идеалини топиш қийин. Одамлар мақсадсиз, маънисиз умргузаронлик қилаётгандек, ҳаёт чин абсурдга айлангандек. Бу ҳол оммада бефарқлик кайфиятини, сиёсий, ахлоқий ва ғоявий инфантилликни вужудга келтиради. Аҳолиси лоқайд ва мақсадсиз мамлакатни эса истаган кўйга солиш, иқтисодий, маънавий жиҳатдан қашшоқлаштириш, талаш мумкин.

 

Неолиберализмнинг айрим намояндалари инсоннинг руҳий ва ижодий туйғулари, юксак идеаллар, кўнгил дунёси, ахлоқий ва эстетик қадриятларни эскилик сарқити (анахронизм) деб эълон қилди. Улар ўрнига истеъмолчилик идеали олға сурилди. Тарғибот-ташвиқот ишида ҳар бир аҳоли қатламига ўзига хос тарзда ёндашув йўлга қўйилди. Бренд товарлар харидига муккадан кетиш, ёшларнинг экстравагант кўринишдаги эстрада юлдузлари ва виртуал суперқаҳрамонларга тақлид қилиши, ҳатто сиғиниши, мулоқотда дағал, вульгар, ҳақорат сўзларини қўллаш, умуман, оммавий маданиятнинг нохуш кўринишлари авж олгани ўша тарғиботнинг “мева”ларидир.

 

Неолиберализм мафкураси демократия, инсон ҳуқуқлари ва эркинлик ғоясини неоимпериализм манфаатларига кўра талқин этади. Демократия, инсон ҳуқуқлари ва турли маргинал гуруҳларни ҳимоя қилиш баҳонасида ривожланаётган мамлакатлар ички ишларига аралашув, иқтисодий санкциялар қўллаш, ҳатто ҳарбий куч ишлатиш, рангли инқилоблар уюштириш усуллари замирида неоимпериализм ётади. Неолиберализм Ғарбнинг икки хил стандартлар қўллаш сиёсатини оқлайди. Масалан, 2024 йил май ойида Ҳаагада жойлашган Халқаро жиноий суд Исроил бош вазири ва мудофаа вазирига нисбатан қамоққа олиш тўғрисида ордер бермоқчи бўлганда, Ғарб расмий доиралари бунга қатъиян қарши чиқди. Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ) Парижда ўтган Олимпиада ўйинларида россиялик ва белоруссиялик спортчилар қатнашишига чеклов қўйди, баъзи спорт федерациялари уларнинг Олимпиадада иштирокини буткул тақиқлади. Бунга Россиянинг Украинага қарши уруши сабаб қилиб кўрсатилди. Ғазо секторига уюштирилган қирғиндан кейин жаҳон жамоатчилиги ХОҚдан Исроилга қарши санкция қўллашни таклиф этганида эса, Ғарб расмий доиралари бунга рухсат бермади...

 

Инсоний айният хавф остида

 

Анъанавий либерализмда демократия кўпчиликнинг озчилик устидан ҳукмронлиги сифатида тушунилади. Аммо озчилик манфаатлари тўлиқ инкор қилинмайди, қонун доирасида муҳофаза этилади. Неолиберализм эса озчиликнинг кўпчиликни ўз иродасига бўйсундиришини ёқлайди. Кўпчиликнинг овоз бериши ва иродаси, яъни демократик сайлов ортидан ҳокимият тепасига Ҳитлер сингари диктаторлар келиши мумкинлиги важ қилинади. Уларнинг даъвосича, озчилик иродасига устунлик берилганда гўё бундай ҳолатлар юз бермайди. Жамиятда озчиликка устувор имконият туҳфа этилишини чин адолат деб талқин қилиш, сиёсат ва ҳуқуқда икки хил стандарт қўлланиши, шахс жинсий идентлиги масаласида “нейтраллик” ғояси неолиберализм қандай мафкура экани ва кимларнинг манфаатларини ифодалашини аниқ кўрсатади. Аслини олганда, бу – алмисоқдан қолган элитар назариянинг замонавий шароитга мослашган патологик, носоғлом шаклидир. Хатарли жиҳат шундаки, неоимпериалистик давлатларнинг сиёсий ва иқтисодий етакчилари, корпоратив озчилик, шу жумладан, “ножинс” тоифа вакиллари ўзини “замонавий элита” санамоқда. Боз устига, ахлоқ, ҳуқуқ, сиёсатга доир меъёрлар, қарорлар, халқаро келишувларни қисман ёки тўлиқ неоимпериализм манфаатларига мослаштириш тенденцияси кузатилмоқда.

 

Россиялик файласуф Александр Дугин америкалик журналист Такер Карлсонга берган интервьюсида замонавий неолиберализмнинг мақсади шахсни индивидуал идентлигидан (инсоний айниятидан), шу жумладан, гендер идентлигидан “озод қилиш” деб тўғри таъкидлаган эди. Агар файласуфнинг бу нуқтаи назарини жаҳон ҳамжамиятига нисбатан қўлласак, бош мақсад халқларни миллий идентлигидан маҳрум қилиш, идеалсиз, миллий ғурурсиз оломонга айлантириш экани ойдинлашади. “Ножинс” ҳамжамиятлар фаолияти қонунийлашиши ва кенг ташвиқ қилиниши, жинсий нейтраллик тамойили асосида боғча, мактаблар ташкил қилиниши... буларнинг бари неолиберализм одамларни гендер идентликдан воз кечтирмоқчи бўлаётганидан далолат беради.

 

Неолиберализм мафкураси инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари бобида анъанавий ахлоқий қадриятларни тан олавермайди. Устуворлик формал ҳуқуққа берилади. Масалан, жинсий мўлжали ўзгача шахсларни жиноий таъқиб қилмаслик гуманизм тамойили ва инсон ҳуқуқларига мос деган қараш билан келишиш мумкин. Чунки уларнинг айримларида табиий туғма патология мавжуд. Туғма касаллик учун эса одамни айблаб бўлмайди. Бу тоифа ўтмишда ҳам бўлган. Лекин илгари улар ўз ғайриодатий ҳаётини кўз-кўз қилмаган, жамият ахлоқий муҳити, осойишталигини очиқча бузмаган. Эндиликда эса “гендер бетарафлик”, шаҳвоний озчиликлар ҳуқуқлари тажовузкор тарзда тарғиб-ташвиқ этилмоқда. Бир жинсли никоҳларга рухсат берилиши эркинлик ва демократия даражасини белгиловчи мезонга айлантирилмоқда. Телеэкранларда зўравонлик, фаҳш, қотиллик, даҳшат саҳналари эстетиклаштирилган фильмлар, саёз мазмунли кўнгилочар кўрсатувлар кўпайгани неолиберализм мафкурасининг маданий ҳаётдаги аксидир. Суперқаҳрамонларга бағишланган электрон ўйинларни айтмайсизми! Айнан шундай ўйинлар, оммавий маданиятнинг “китч”, “мидл” сингари маҳсулотлари ёрдамида ёш авлод миллий илдизларидан узиб олинмоқда; ота-онаси, яқинлари ва катта авлоддан бегоналаштирилмоқда. Эътибор берилса, ривожланаётган мамлакатлар аҳолисида “юмшоқ куч” ёрдамида зимдан миллий идентлиги ва миллий қадриятларига нисбатан беписанд, ҳатто нигилистик муносабат шакллантирилмоқда. Сираси, Ғарб оммавий маданияти ва ахборот экспансияси неоимпериализмнинг яна бир кучли мафкуравий қуролидир.

 

Мумтоз либерализм давлатларнинг ички ва ташқи сиёсатида популизм, тор манфаатларга, сиёсий шоуларга мойилликни туғдирган эди. Энди бундай мойиллик бир неча карра кучайди. Давлатларнинг амалий сиёсатига оммавий маданият тамойиллари ва хусусиятлари кириб келди. Хатарлиси, объектив тарихий зарурат, ҳатто миллий манфаатлардан эмас, ҳарбий-сиёсий блок бирдамлиги манфаатларидан келиб чиқиб қарор қабул қилинмоқда. Кези келганда муайян иттифоққа мансуб давлатлардан гегемон давлат манфаатларини деб баъзи суверен ҳуқуқларидан воз кечиш талаб этилмоқда. Буни АҚШнинг сўрови (уни балки босим деган маъқулдир?) остида Европа Иттифоқига кирувчи айрим давлатларнинг ўз миллий манфаатлари, эркин савдо қилиш ҳуқуқидан қисман воз кечгани, яқин-йироқ ўлкалар билан савдо-сотиқни чеклаганида кўриш мумкин.

 

Сиёсат ва сиёсатчилар майдалашиб, бачканалашиб бормоқда. Баъзи сиёсатдонлар давлат арбобини эмас, кўпроқ шоуменларни эслатади. Жаҳон жамоатчилигини чалғитиш ва ўз сиёсатини маъқуллатиш учун турли фобиялар (ислом фобияси, руслар фобияси, Шимолий Корея фобияси, Хитой фобияси, мигрантлар фобияси) ўйлаб топилиб, зўр бериб омма онгига сингдирилмоқда. Бу, бир томондан, омма онгини манипуляция қилиш усули бўлса, иккинчи томондан, ўз таъсиридаги давлатларни “умумий хавф”га қарши бирлаштириш, суверенитетини чеклаш учун ўйлаб топилган сиёсий-мафкуравий усулдир.

 

Неоимпериализмга хизмат қилувчи мафкурачилар ўз мамлакати ва жаҳон жамоатчилиги фикрини бошқа ўзанга буриш мақсадида тарихий воқеаларни сохталаштиришдан ҳам қайтмаётир. Булар, афсуски, тасодифан юз бераётган ҳодисалар эмас, балки тизимли олиб борилаётган ахборот қўпорувчилигидир. Масалан, АҚШ аҳолиси, айниқса, ёшларнинг катта қисми Иккинчи жаҳон уруши Германия ва СССРга қарши олиб борилган, Хиросима ва Нагасаки шаҳарларига атом бомбасини СССР ташлаган деб ҳисоблайди. Ҳатто америкалик айрим расмий амалдорларнинг АҚШ ва Украина биргаликда Иккинчи жаҳон урушида Германия ва Россияга қарши курашди, деган сўзлари тарих қанчалик сохталаштирилаётгани ҳақида тасаввур уйғотади.

 

Фобиянинг кучайиши, сохталаштирилган сиёсий тарих, давлат бошқаруви профессионаллик даражасининг пасайиши, бошқарув тизимига тасодифий шахсларнинг, баъзи ҳолларда маргинал гуруҳ вакилларининг келиши жаҳон ҳамжамияти барқарор тараққиётига катта хавф солмоқда. Чунки барқарорлик издан чиқиши, ижтимоий-сиёсий муҳит таранглашуви неоимпериализм намояндалари учун айни муддаодир. Назаримизда, фобиялар, воқеалар ва фактларни сохталаштириш, тинчлик, хавфсизликка таҳдид бўлмаса, ривожланаётган мамлакатлар неоимпериалист давлатлар босимини тўлиқ инкор қилиб, мустақил сиёсат юрита олади.

 

“Бошқариладиган хаос” нима?

 

Неоимпериализм Иккинчи жаҳон урушидан кейин жаҳон икки қутбга бўлинган шароитда, ўтган асрнинг 70–80-йилларида шаклланди. СССР ва Шарқий Европадаги социалистик тизим парчалангач, сиёсий жиҳатдан Америка етакчилигидаги ривожланган Ғарб мамлакатлари ва улар таъсиридаги мамлакатларни бирлаштирган бирқутбли дунё, шунингдек, ўзини ҳеч қандай қутбга мансуб деб билмаган, тараққиёт даражаси турлича давлатлардан иборат уюшмаган ҳамжамият пайдо бўлди. Иккиқутбли дунёда қарор топган сиёсий, ҳарбий, ижтимоий ва ғоявий-мафкуравий мувозанат бузилди.

 

Бирқутбли дунё муҳитида АҚШ ва унинг иттифоқчилари БМТ каби халқаро тузилмаларни писанд қилмаслиги, улар қабул қилган қарорларнинг ўз манфаатига тўғри келмайдиганларини мутлақо эътиборсиз қолдириши ҳоллари кўпайди. Пировардида глобал хавфсизлик сўроқ остида қолди. Неоимпериализм “бошқариладиган хаос” назариясини яратиб, ўзига керакли минтақаларда вазиятни издан чиқармоқда. Қўшни мамлакатлар ёки бир мамлакат ичида турли этнослар бир-бирига гиж-гижланмоқда. Жаҳондаги тўқнашувлар, ғалаёнлар, рангли инқилобларнинг аксари “бошқариладиган хаос” назарияси маҳсулидир.

 

Қўшқутбли дунё мезонларига мос БМТ ва унинг баъзи тузилмалари бирқутбли дунёда самарадорлигини йўқотди. Уни ислоҳ қилиш зарурлиги тобора ойдинлашмоқда. Балки “кўпқутбли дунё” қарор топгач, БМТни қай тартибда, қай йўналишда ислоҳ қилиш аниқроқ намоён бўлар. Эҳтимол, ўшанда жаҳондаги сиёсий, ҳарбий ва иқтисодий кучлар ўртасида қандайдир мувозанат, тийиб туриш механизми юзага келар. Ҳозирча бу борада узил-кесил хулоса қилиш қийин. Лекин шуниси аниқки, бирқутбли дунёдан кўпқутбли дунёга ўтиш ўта зиддиятли кечмоқда, ҳатто учинчи жаҳон муҳорабаси хавфи ортмоқда.

 

Россия собиқ СССРнинг вориси сифатида унга тегишли эски қутбни сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда. Бироқ у Ғарб неолиберализмига муқобил самарали модель таклиф эта олмади. Аксинча, “рус дунёси”, “провослав цивилизацияси” каби мавҳум, эклектик ва гегемонлик даъвоси аён кўринаётган ғоялар илгари сурилдики, улар наинки собиқ социалистик мамлакатлар, мутараққий Ғарб давлатларини ҳам таҳликага туширди. Қаттиқ чўчиган Шарқий Европанинг собиқ социалистик давлатлари ва собиқ СССРнинг айрим республикалари НАТОга қўшилиш йўлини танлади. Россия 2000-йилларгача ички ижтимоий-сиёсий муаммолар ва иқтисодий заифлиги сабабли буюк давлатчилик сиёсатини очиқчасига юрита олмади, аммо реал ҳарбий хавф солиб турди.

 

Сўнгги йилларда Россиядаги айрим депутатлар, сиёсатчиларнинг, ҳатто аҳоли бир қисмининг буюк давлатчилик ва шовинистик ғоялар томон оғиши кузатилди. Россияда “Нега Ғарб давлатларига мумкин-у, бизга мумкин эмас?! Биз ҳам ўз манфаатимиз йўлида бошқа давлатларга нисбатан улардек муносабатда бўлишимиз керак” қабилидаги чақириқлар тез-тез янграй бошлади. Бугун “руслар дунёси”, “рус ерларини қайтариш” ғоялари гоҳ расмий, гоҳ норасмий минбарларда ташвиқ этилмоқда. Жамият ижтимоий онгида собиқ иттифоқдош республикаларга нисбатан босим ўтказишни оқлаш кучаймоқда. Меҳнат мигрантларига нисбатан муносабат ҳам салбий томонга ўзгармоқда.

 

Ижтимоий тармоқларда Россия Федерациясини Россия империяси деб номлаш ҳам таклиф этилди. Захар Прилепин сингари айрим қаламкашларнинг “Киевда ғалаба парадини ўтказганимиздан кейин, уни Тошкентда ҳам ўтказишимизга ким халал бера олади” деган таҳдидли баёноти ёки бошқа сиёсатшуносларнинг “Озарбойжонлар ва ўрта осиёликлар миллат сифатида мавжуд бўлмаган, уларни большевиклар, Ленин сунъий тарзда яратган” қабилидаги ғайриилмий даъволари Россиянинг давлат телеканаллари эфирида янграмоқда. Боз устига, Марказий Осиёда яшаб келаётган қардош халқлар орасига ишончсизлик, нифоқ уруғини сочишга уринишларни ҳам унутмаслик керак. Сир эмаски, агар минтақа халқлари ўртасида зиддият келиб чиқса, шимолдаги давлат “низони ҳал қилувчи ҳакам” бўлиб майдонга чиқмоқчи.

 

Европаликларда, жумладан, русларда “Гўдаклар тили ила ҳақиқат сўзлайди” деган нақл бор. Владимир Жириновский тириклик вақтида Россияда “Кремль Жириновский тилида сўзлайди” деган ибора пайдо бўлган эди. Дарҳақиқат, расмийлар айта олмайдиган анча-мунча фикрлар, огоҳлантириш, қўрқитишлар кўпинча Жириновский тилида янграр эди. Бугун ҳам анъана йўқолгани йўқ, фақат ижрочилар ўзгарган, холос. Россиянинг айрим оғизботир сиёсатчилари бошқа мамлакатлар ҳақ-ҳуқуқлари, ҳатто суверенитетига дахл этгувчи баёнотлар берган кезларда ушбу мамлакат ташқи сиёсат маҳкамаси кўпинча “Бу гапираётган кишининг шахсий фикри, Россия ҳукуматининг позицияси мутлақо бошқа” деб масалани хаспўшлашга уринади. Ҳолбуки, ўша “шахсий фикрлар” гоҳида давлат ОАВ орқали тарқатилмоқда-ку! “Шахсий фикр” билдираётганлар ҳам боши очиқ зиёли эмас, балки расмий амалдорлар-ку! Воқеликни кўриб, таҳлил қилиб, улар Россия аҳолиси, жамоатчилигини кейинги ҳарбий-сиёсий босқинчиликка тайёрламаяптимикан деган хаёлларга борасиз.

 

Маълумки, қадимги Рим империяси давридаёқ “Divide et impera” – “Бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил” тамойили ўзга халқларни бошқаришнинг асосий усулига айланган эди. Шўро ҳокимияти мазкур тамойилни усталик билан ҳаётга татбиқ этди. Афтидан, қизил империя вориси бўлган мамлакатдаги неоимпериалистик доиралар яна халқларни бир-бирига носоғлом рақобатчига айлантиришга уринмоқда. Ўзбекистон кейинги йилларда қардошлик ва тинчликсевар сиёсат юритиб, қўшни республикалар билан чегараларни демилитация қилди, иқтисодий, ижтимоий, маданий алоқаларни мустаҳкамлади. Аммо эски даврни қўмсаётган неоимпериалистларга бундай яхши қўшничилик ёқмайди. Улар Марказий Осиё республикалари ўртасида келишмовчиликлар, тўқнашувлар бўлиб туришидан манфаатдор. Шунда вазиятга аралашишга баҳона топилади.

 

Омонсиз кураш, аёвсиз рақобат

 

Глобаллашув даврида анъанавий урушнинг мазмуни ва шакли тубдан ўзгариб, гибрид кўринишга келди. Энди қуролли тўқнашувлар, ҳарбий операциялар ахборот уруши, уйдирма тарқатиш, киберҳужум, иқтисодий санкциялар каби янги восита, усуллар билан уйғунлашиб кетган. Бундан неоимпериалистик гуруҳлар фаол фойдаланмоқда. “Айбдор” давлатни яккалаб қўйиш, унинг ички мухолифатини дастаклаш, сайловни тан олмай давлат раҳбарларини нолегитимликда айблаш ва бошқа кўплаб шунга ўхшаш янги таъсир усуллари пайдо бўлди.

 

Неоимпериализмнинг кучли воситаларидан яна бири бу – рангли инқилоблар орқали муайян мамлакат ҳокимияти ва ижтимоий фикрини тўлиқ ёки қисман ўзига бўйсундиришдир. Рангли инқилоблар кўпинча миллий озодлик, демократияни тиклаш каби мақсадлар билан ниқобланса-да, аслида, у аҳоли онгини манипуляциялаш воситасида иттифоқчини ихтиёрий алмаштиришга йўналтирилади. Неоимпериализм жаҳондаги сиёсий, ижтимоий, иқтисодий барқарорликка, ривожланаётган мамлакатлар мустақиллигига хавф солмоқда. Лекин, таъкидлаш зарурки, неоимпериализм ўз мақсадларига “юмшоқ куч” ёрдамида эриша олмаса, “махсус ҳарбий операция”лар ўтказиш, қўшин киритишдан ҳам тоймайди.

 

Икки хил стандартларни қўллаш, гибрид урушлар, иқтисодий санкциялар, “қулоқсиз” давлатларни яккалаб қўйиш каби таъсир ва таъзир чоралари мамлакатлар ўртасида ўзаро ишонч йўқолишига, халқаро ҳуқуқнинг қўпол равишда бузилишига сабаб бўлаётир. Неоимпериализм намояндалари наздида барча халқлар миллий ўзлигидан, ғояси ва мақсадларидан воз кечиши, турмуш тарзи ва менталитетини Ғарб андозаларига мувофиқ стандартлаштириши керак. Сунъий интеллект кенг қўлланадиган тўртинчи саноат инқилоби юз бериши шароитида мазкур тенденциялар янада зиддиятли тус олиши аниқ.

 

Бугун жаҳон жамоатчилигини кўпқутбли дунё концепцияси ўзига жалб қилаётир. Геосиёсий майдонга яна бир қудратли куч – Xитой кириб келди. Кўп нуфусли Ҳиндистон ҳам яқин муддатда йирик мустақил геосиёсий ўйинчи бўлиши кутилмоқда. Кўпқутбли дунёга айланиш жараёни мазмунан ва шаклан янги зиддиятларни туғдирмоқда, ўзаро кураш ва рақобатнинг янги усуллари вужудга келмоқда. Бундай мураккаб геосиёсий шароитда Ўзбекистон оқилона, эҳтиёткор, айни чоқда, аниқ ва қатъий сиёсат юритиши лозим. Зеро, неоимпериализмнинг иқтисод, молия, кредит, инвестиция, IT ва когнитив технологиялар билан боғлиқ кўзга ташланмас воситалари, дастаклари бисёр.

 

Абдураҳим ЭРКАЕВ

“Тафаккур” журнали, 2024 йил 4-сон.

“Неоимпериализм: мустақилликка янги таҳдидлар” мақоласи

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 13637
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//