Cўзимиз ва амалимиз бир-биридан йироқлашиб кетган – қачон миллат бўламиз?


Сақлаш
09:55 / 27.12.2024 33 0

Миллатнинг тарихий илдизлари, тадрижи ва истиқболи тўғрисида фикр юритиш ҳам мушкул, ҳам мароқли. Зотан, миллий мансублик кишига ғурур, ифтихор бахш этадиган, айни чоқда, масъулият юклайдиган улуғ қадриятлардандир. Инсоннинг жамиятдаги ўрни, қадр-қиммати, мақомини ҳис этиши, ўзлигини англашида ҳам бу тушунчанинг ўрни катта.

 

Ўзбеклар курраи арздаги қадимий миллатлардан бири саналади. Ўзбек халқининг келиб чиқиши, шаклланиш жараёнларини ўрганишда жаҳонда танилган кўплаб олимлар илмий изланишлар олиб борган, бу борада фундаментал асарлар яратилган. Шунга қарамай, ўзбек миллати шаклланишига доир фикр-хулоса тугал ҳолда шаклланганича йўқ.

 

Ўзбек элатининг миллат сифатидаги такомилига доир кўплаб илмий маълумотларни келтириш мумкин. Аммо бу мақоладан кўзланган мақсад миллатнинг тарихий тадрижини кўрсатиш эмас. Шундай бўлса-да, асосий муддаога ўтишдан аввал миллат тарихига бир қур назар ташлашни лозим топдик.

 

Файласуф олим Қўчқор Хоназаровнинг ёзишича, X–XX асрлар оралиғида халқимиз уч марта миллат ўлароқ уюшган. XX асрнинг охирги ўн йиллигида эса тўртинчи марта замонавий миллат сифатида жаҳонга бўй кўрсатди.

 

X–XII асрларда минтақада ҳукм сурган барқарорлик, тинчлик, пойдор сиёсат ва мақбул ижтимоий вазият Мовароуннаҳр аҳлининг миллат бўлиб уюшиши, унинг бағридан Форобий, Фарғоний, Хоразмий, Ибн Сино, Беруний каби даҳоларнинг етишиб чиқишини таъмин этган. XIII аср бошларидаги мўғул истилоси оқибатида миллатимиз маълум даврга тарих саҳнасидан четлашган. XIV–XVI асрларда, темурийлар ҳукмронлиги даврида Амударё ва Сирдарё оралиғи ҳамда унинг атрофларида иқтисодиёт, маданият ва маънавият гуллаб-яшнади. Миллат қаддини ростлаб, минтақани жаҳон моддий, маънавий ва маданий марказларидан бирига айлантирди. XVI аср ўрталаридан XIX аср иккинчи ярмигача ўлка тақдири яна ўзгаришга юз тутди: юрт парчаланди, иқтисоду маданият инқирозга учради. XIX асрнинг иккинчи ярмидаги чор Русияси босқини ўзгага қул бўлиб қолган миллатнинг янгидан уйғонишига туртки берди. Аммо мустақилликка эришгунимизга қадар миллий тараққиёт истибдод сабабли норасо, кемтик, заиф ва маҳдуд бўлиб қолди (Шониёзов К. Ўзбек халқининг шаклланиш жараёни. Тошкент, “Шарқ”, 2001. 24-25-бетлар).

 

Аксар олимларимиз тўғри таъкидлаганидек, ўзбеклар бу юртга қаердандир келиб қолган эмас, уларнинг аждодлари қадим-қадим замонлардан шу заминда яшаб, асрлар мобайнида турли элатларни ўз таркибига сингдириб бораверган. Демак, аҳоли уруғ, қабила, элат ва миллатгача бўлган босқичларни босиб ўтган. Турли элатлар шу тариқа ягона миллатга дўнган. Шу юртда қадим замонлардан яшаб келган аҳоли ўзбек миллатининг асосий ядросини ташкил этади. Улар сўзлашадиган лаҳжа ва шевалар ўзбек адабий тилига асос бўлган.

 

Ўзбек халқининг элатдан миллатгача босиб ўтган даврлари ҳақида турлича фикр билдирилган. Биз миллат ўлароқ тўлиқ шаклландикми-йўқми деган савол теграсида ҳам баҳслар тингани йўқ. Кимдир бу жараён ҳали охирига етмагани, бошқа биров жараён тугалланганини айтади. Нуқтаи назарлар хилма-хил экани бежиз эмас. Чунки тўлақонли миллат мақомининг аниқ мезон ёки ўлчамлари йўқ. Маълум элатнинг тўлақонли миллат даражасига етган-етмагани борасида фақат бошқа илғор миллатларга қиёсан мулоҳаза юритиш мумкин. Халқимиз бугун тўлиқ миллат мақомини олди, дея қатъий ҳукм чиқарсак, ҳали мутараққий миллатлардан ўрганмоғимиз лозим бўлган жиҳатлар кўп-ку, деган эътироз янграши табиий.

 

Россияда рўй берган Октябрь тўнтаришидан кейин Марказий Осиёда миллий республикалар тузилди. Аммо мустақил миллатлар униб-ўсишига йўл қўйилмади, билъакс, ўзгаларга қарам қавмлар шакллантирилди. Чор Русияси юртимизни қандай тобе этиб, эксплуатация қилган бўлса, шўролар ҳам шу сиёсатни давом эттирди. Минтақа халқлари “ўз хоҳиши билан Россияга қўшилди” деган ёлғон остида Ватанимиз бойликлари ташиб кетилди, истибдоднинг янги-янги шакл-усуллари амалга оширилди.

 

Аслида, 1924 йилда Туркистоннинг миллий республикаларга бўлиб ташланиши минтақа халқлари узоқ йиллар орзу қилиб келган тенглар ичра тенгликка эришиш, мустақил миллат ҳуқуқини қўлга киритиш орзуси йўлидаги тўсиқ эди. Ўша даврда шундай сиёсат юритилдики, Марказ республикалар ўртасида истаган вақти зиддият келтириб чиқариши, кейин ўша низоли масалани “катта оға” сифатида “ҳал қилиши” мумкин эди.

 

Энг ёмони, халқимиз руҳий жиҳатдан ҳам қарам, тобе бўлиб қолди. Катта ирода ва куч-қудратни ишга солган миллатлар вақти келиб иқтисодий ва сиёсий қарамликдан буткул қутулади. Бу ҳол тарихда кўп бора ўз тасдиғини топган. Аммо онг, руҳият ва зеҳниятдаги қуллик асоратларидан халос бўлиш ниҳоятда мушкулдир.

 

Жаҳон мамлакатларига назар солинг, илгари мустамлака бўлган кўплаб халқлар озодлик курашларидан кейин миллий мустақилликни қўлга киритди, иқтисодий тараққиётга эришди. Бироқ уларнинг аксари ҳали-ҳамон миллий онг ва руҳиятни ислоҳ этиш борасида улкан қийинчиликларни бошдан кечирмоқда. Сабаби маълум: ҳар қандай босқинчи давлат тобе миллат зеҳниятига қўрқув, ҳадик ва мутелик уруғларини қадашга уринган. Таассуфки, тақдирнинг бу сира синови бизнинг миллатимизга ҳам бегона эмас.

 

Бир юз ўттиз йиллик қарамликдан кейин халқимиз мустақилликни қўлга киритди. Моддий, иқтисодий, сиёсий жабҳаларда жиловни қўлимизга олдик. Тараққиёт бобида кўп ютуқларга эришдик – улар ҳақида ОАВда мунтазам материаллар эълон қилиниб, илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Хўш, онгимиз, руҳиятимиз ҳам иқтисодий тараққиётимизга уйғун, ҳамоҳангми?

 

Мустақилликка эришиб изчил тараққиёт йўлидан бораётган айрим мамлакатлардан ортда қолаётганимизни тан олишимиз лозим. Боз устига, чинакам миллат бўлиб шаклланишимиз аслий илдизларимизга боғлиқ эканини ҳам эсдан чиқараётгандекмиз. Тегишли қонунлар, қонуности ҳужжатлар қабул қилиниб, йўналишлар белгиланяпти. Лекин кўпинча вазифалар ижроси ора йўлда қолиб кетаётир. Бу – миллий тараққиётимиздаги биринчи муаммо.

 

Иккинчи муаммо шуки, бугунга қадар ўз миллий моделимизни ярата олмадик. Бугун бирор хориж мамлакати ривожланиш моделини қабул қилсак, эртага бошқасига ўтамиз. Ҳолбуки, дунёда тараққиёт чўққиларини эгаллаган, шу йўлда ҳаракат қилаётган миллатлар, яхшими-ёмонми, ўз тараққиёт моделини ишлаб чиққан.

 

Мамлакатимизда катта ислоҳотлар олиб бориляпти, аммо уларнинг самараси кўнгил­дагидек эмас. Назаримизда, бунинг бир қанча сабаблари бор.

 

Аввало, сўзимиз ва амалимиз бир-биридан йироқлашиб кетган. Устига-устак, тийнатимиздаги маддоҳлик, хушомадгўйлик каби иллатлардан халос бўлолмаяпмиз. Айримлар ўзини ҳамон собиқ шўро тузуми даврида яшаётгандек тутади. Ўша даврга хос мадҳиябозлик бугун ҳам давом этаётгандек. Юртдошларимиз ҳам бунга кўникиб бормоқда.

 

Аҳолининг моддий шарт-шароити шиддат билан ўзгараётган замон талабларига мувофиқ эмас. Давлат илғор қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилаётганига қарамай, аксар cоҳаларда “эски тос, эски ҳаммом”дан қутула олмаяпмиз. Чунки қонунчилик ижросига масъул айрим мансабдорлар шахсий фойдадан бошқа жиҳатни ўйламай қўйган.

 

Қаҳрамон шоиримиз Абдулла Орипов “ўзга эрур имло бу кун” деб ёзганидек, замон эврилиб, мезонлар ҳам ўзгариб кетди. Бугун инсоннинг мақом-мартабаси, обрў-эътибори, қўйингки, қадр-қиммати пулга, моддий бойликка боғлиқ бўлиб қолди. Кимнинг сарвати кўп бўлса, дунё уники! Халқона айтганда, оғзи қийшиқ бўлса ҳам, бойнинг ўғли гапирсин. Шундай талотумда қўли калта, камтарона маош эвазига рўзғорини аранг тебратиб келаётган юртдошларимиз саросима, тараддудда қолгани ҳақиқат.

 

Бизнингча, бугун жамиятимиз аҳли беш гуруҳга бўлинган: 1) сармоядорлар, яъни капиталистлар; 2) бюджетдан маош олиб яшаётган ўртаҳол зиёлилар; 3) қора қозонини эл қатори қайнатаётган қишлоқ аҳли; 4) курашлар шароитида шаклланаётган ўрта синф (давлат уларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлашга ғамхўрлик қилмоқда, аммо униб-ўсишларига тўсиқ бўладиган кучлар талайгина); 5) ишсиз камбағаллар.

 

Хавотирли жиҳати, биз шартли равишда бўлган ушбу ижтимоий тоифалар орасида фарқ ортиб, ўртадаги масофа тобора катталашмоқда. Бу эса жамиятда тарангликни кучайтириб, турли ижтимоий муаммоларни юзага келтириши мумкин.

 

Албатта, жамиятда моддий тенгсизликни бутунлай йўқ қилиб бўлмайди. Аммо, ҳарқалай, уни минимал даражага келтириш мумкинлиги кўплаб мамлакатлар тажрибасидан маълум.

 

“Миллат виждони” деб улуғланадиган зиёлиларимиз жамиятда юз бераётган ўзгаришлар, мавжуд аҳволга нисбатан бефарқ экани ҳам кишини ўйга толдиради. Ҳолбуки, зиёли аҳли халқни бирлаштириши, оммани эзгу мақсадлар сари йўналтиришда пешқадам бўлиши керак. Зиёлиларнинг фаол тоифаси эса жамиятга сиғмаётгандек. Боши қовушмаган, ўзаро бирлашув истаги суст. Дарвоқе, зиёлиларни ҳимоя қилиши керак бўлган давлат идоралари ҳам у қадар фаол эмас. Лекин шундай шароитда ҳам зиёли ўзига юклатилган мўътабар вазифани адо этиши шарт эмасми?..

 

Бугун айрим зиёлиларда жамиятга нисбатан ишончсизлик кайфияти борлигини ҳам тан олишимиз зарур. Баъзилар эса жамиятдаги муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўлади деб ўйлайди, назаримизда. Жадид боболаримизнинг миллатни уйғотиш ва тараққийга етаклаш йўлидаги курашда мол-дунёси, ҳатто жонини-да нисор этгани ойдинларимизга ўрнак бўлмоғи даркор.

 

“Ўтмишда биз қолоқ эдик, Октябрь инқилобидан кейин “катта оға” бизга ёрдам қўлини чўзди, акс ҳолда, қолоқлигимизча қолиб кетар эдик” қабилидаги сафсата шўро даврида кўп ва хўб айтилгани маълум. Ҳолбуки, “ёрдам қўлини чўзиш”дан кўзланган асл ғараз бизни бутунлай қарам қилиш,  бойликларимизга эга чиқиш бўлган. Мана, озод бўлганимизга ҳам 33 йил бўлди. Чинакам миллат даражасига юксалиб, ўзлигимизни тўла-тўкис англадикми?

 

Ўзликни англашнинг уч шакли бор: аввало, ҳар бир инсон ўзини ўзи англаши лозим; сониян, муайян миллат вакили сифатида миллий ўзликни идрок этмоқ керак; учинчидан эса башар фарзанди ўлароқ дунёни англамоқ талаб этилади. Бу уч жиҳат ўзаро муштаракдир, ҳалқалардан ҳатто биттаси бўлмаса ҳам қолганлари боғланмайди. Яъни этник гуруҳ, элат ҳам тўлақонли миллат даражасига кўтарилмайди.

 

Инсонларнинг бармоқ излари каби дунёқараши, эътиқоди ҳам турличадир. Кимдир ўзи мансуб мамлакат, қолаверса, оила олдидаги бурчларини теран англайди, қадриятларни эъзозлайди ва асрлар синовидан ўтган расм-русумларга риоя қилади. Бошқа биров билгани ҳолда маънавий бурчларини адо этмайди. Яна бир тоифа эса уларни на билади, на билишга интилади. Жамиятда биринчи тоифа вакиллари салмоғи ортса, миллат ва давлат ривожланади. Айни чоқда, миллий урф-одатлар, қадриятлар ва ахлоққа риоя этишнинг ўзи етарли эмас, уларни сақлаш, ривожлантириш, келгуси авлодларга етказиш ҳам муҳимдир. Ватанга ичкари ва ташқаридан келиши мумкин бўлган ёвузликларга қарши бутун миллат бир тану бир жон бўлиб курашиши қандай соз!

 

Одам миллат мансуби ўлароқ мақомини она Ватанида тўлиқ ҳис этади. Тўғри, кейинги вақтларда кўплаб миллатдошларимиз АҚШ, Европа ва Осиё мамлакатларига ишлагани бориб, у ерларда доимий яшаб қолмоқда. Миграциядан фожиа ясамаслик керак, аммо она тили омилини эътибордан соқиб этиб бўлмайди. Ўтган асрнинг 30-йилларида ўзга давлатларга бош олиб кетишга мажбур бўлган ўзбеклар фарзанду невараларига она тилини ўргатган эди. Миллат вакили она тилини биладими – бошқа миллий қадриятларни ҳам сақлашга интилади. Демак, миллат ҳозир ҳам, истиқболда ҳам барҳаёт бўлиб қолади, йўқ бўлиб кетмайди, ҳар вақт “мен”ини намойиш этиб тураверади. Ягона шарт – одамнинг миллий ўзлигини англашидир.

 

Дунё ранг-баранг ва мураккаб бўлиб, уни англаш осон эмас. Дунёни англамоқ орқали замон ва маконда башариятнинг эртаси учун қандай имконият ҳамда хавф-хатарлар юзага келаётгани, миллат ва мамлакат истиқболида қандай ўзгаришлар юз бериши мумкинлигию қандай йўл тутиш лозимлигини билиш мумкин. Курраи арзда кечаётган воқеа-ҳодисалардан хабардор бўлмоққа интилмаган одам наинки ўзи, балки миллатини ҳам гумроҳликка етаклаши ҳеч гап эмас. Бугун дунё ҳар бир инсонни турли муаммоларга рўбарў этмоқда, уларнинг моҳиятини билмасдан туриб рисоладагидек ҳаёт кечириб бўлмайди.

 

Демак, ҳар бир инсоннинг ўзини ўзи англаши, миллат вакили сифатидаги мақомини идрок этиши ва дунёни билиши – миллат бўлиб шаклланишнинг муҳим мезонлари ҳисобланади. Эл-улуснинг миллат бўлиб бирлашувида бу уч омил диалектик боғлиқлик касб этиши лозим. Улар қанча узвий бўлса, миллат мақоми шунча юксалади.

 

Моддий куч ўз-ўзидан ҳаракатга келмайди, уни ҳаракатга келтирувчи туртки лозим. Бу туртки инсоннинг онги ва руҳиятидир. У қанча кучли бўлса, миллат ҳам ўзлигини шунча теран англайди.

 

Бугун Ўзбекистон “Миллий тикланишдан    –    миллий юксалиш сари” ғоясини амалга татбиқ этмоқда. Қайта тикланган урф-одат, анъана ва қадриятларимиз миллий ўзликни англашда кўмак беради. Аммо ҳали аждодлардан қолган бой меросни ўрганишда сабот-ла давом этмоқ, янги фан, техника ва технология ютуқларини замон талаб қилган даражада ўрганмоқ ва ҳаётга татбиқ этмоқ лозим. Аждодларимизнинг моддий ва маънавий мероси билан мақтанишнинг ўзи етарли эмас. Улар каби бутун инсоният корига ярайдиган кашфиёту ихтироларга қўл урмоғимиз даркор. Бунинг учун катта билим талаб этилади.

 

Мактаб таълими замон талаблари асосида ривожлантирилиши керак. Мактаб ёшидагилар қўл ураётган жиноятлар, ахлоқсизликларни ўйласак, бу борада қиладиган ишларимиз ҳали нақадар кўплиги, маънавий-руҳий муолажа сув билан ҳаводек зарурлиги аёнлашади. Ахир, миллатимиз ўтмишида болалар ўртасида шу хил зўрлик, ахлоқсизлик, ота-онага нисбатан ҳурматсизлик бўлганмикан?! Жамият ва мамлакатни ривожлантириш интеллектуал салоҳиятни оширишга, бу эса мактаб ва таълим-тарбия ишига боғлиқдир.

 

Тарбия борасида кўп гапиряпмиз-у, аммо муаммолар ечимини топаётгани йўқ. Боя жамиятдаги норасоликларни бартараф этишда зиёлилар масъулиятига тўхталган эдик. Назаримизда, асосий гап фақат зиёлиларда эмас. Онгимиз, руҳиятимиздан собиқ шўро тузумида шаклланган яна бир иллат – боқимликни сиқиб чиқара олмаяпмиз. Жамиятимизда ҳаммасини давлат беради, ҳаммасини давлат бажаради, деб ўйлайдиганлар ҳозир ҳам кўпчиликни ташкил этади. Ўзимизни, миллий ўзлигимизни англашимиз секин кечаётгани сабабларидан бир ҳам шу. Бу борада тарихчи олим Бахтиёр Алимжонов “Тафаккур” саҳифаларида билдирган қуйидаги фикрларга қўшиламиз: “Ўзлигимизнинг асосини тарихий онг ташкил этади... Тарихий онг тугал шаклланмагани ёки советча онгнинг ҳалигача устунлиги сабаб ўзлигимиз постколониал ва модерн (сталинча вариантда) категорияларга боғлиқ бўлиб қолмоқда. Оқибатда жамиятда маданий тараққиёт паст-баланд тарзда кечмоқда, зиёлилар орасида илмдан йироқ баҳслар кўпаймоқда, дунёвийлик ва диний тафаккур турли жабҳаларда тўқнаш келмоқда. Интеллектуал “айирмачилик” ва бошбошдоқлик, миллий ўзликнинг тарихий асослари бўшлиги шундай нораво ҳолни пайдо қилади” (Алимжонов Б. Ўзанини излаётган ўзлик. “Тафаккур” журнали, 2023 йил, 3-сон. 28-бет).

 

Жамиятимизда тарихимизни яхши биладиганлар анча-мунчани ташкил этади, лекин уни билмайдиганлар ҳам оз эмас. Бир тоифа зиёлилар, иқтисодий-ижтимоий аҳволи қандай бўлишидан қатъи назар, жамият ташвиши ила яшамоқда, оғриқли нуқталаримиз ҳақида дадил фикр билдирмоқда, дангал ёзмоқда. Яна бир тоифа эса ютуқларни кўпиртириб мақташ билан банд.

 

Алҳосил, бугунги кунда миллатимиз тараққиётига икки нуқтаи назардан қараш мумкин. Биринчидан, миллат урф-одат, анъана, қадриятларга қисман бўлса-да амал қилиб келяпти, ўзбек тили давлат тилига айланди, миллий ўзликни англашга кучли уриниш бор, маълум даражада миллий бирлик шаклланди. Иккинчидан, миллий ўзлик тўла-тўкис англанмади, руҳиятимиз ва онгимизда мустабид тузумдан мерос бўлиб ўтган иллатлар ҳамон яшаб келмоқда; эркин фикрлаш, ўз сўзини дадил айтиш оммалашмади; Ватан, тил, миллат манфаатлари шахс манфаатларидан устун қўйилаётир...

 

Сиёсатшунос олим Тўлқин Алимардон тўғри таъкидлаганидек, “Ҳар бир халқнинг ўз қадр-қимматини англаши миллий ҳурриятга элтувчи йўли ҳисобланади. Миллатнинг адолатли жамият барпо этишдек ардоқли орзу-интилишлари эркин, руҳияти соғлом шахсларнинг ақл-идроки ва эътиқоди асосида рўёбга чиқади” (Алимардон Т. Ҳақиқатга садоқат. “Тафаккур” журнали, 2024 йил, 1-сон. 32-бет).

 

Назаримизда, миллий ўзлигимизни англаш аҳволи ўтган асрнинг 90-йиллар охиригача бўлган даражадан дуруст эмас. Ҳолбуки, у даврда жамиятда моддий етишмовчиликлар кўп эди. Шунга қарамай, халқ озодликка эришиш ва уни мустаҳкамлашни асосий мақсад, бош аъмол деб билган эди. Миллат руҳи ва онгини юксалтириш ҳақида қайғурмасак бўлмайди. Негаки, миллий ўзликни англаш орқалигина чинакам миллат бўлиб шаклланамиз.

 

Саъдулла ОТАМУРОДОВ

 

“Тафаккур” журнали, 2024 йил 4-сон.

“Қачон миллат бўламиз” мақоласи

 

Foto by: Абдуманнон МУҲАММАД

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 12354
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//