Нима учун “водород” деймиз? Инглизчада у “hydrogen”, хитой тилида “тсинг”, япон тилида “суисо”? Нима учун турклар, араблар инглиз, француз тили орқали юнонча истилоҳни олишгандек (“ҳидрожен”), биз эса русча шаклни олишимиз керак эди?
Ўзбек тилида водородни “сувзот”, кислотани (ингл. acid) “ачитқич” дея олмаслигимиз керак эди? Ахир “темир”, “олтин”, “руҳ” деган кимёвий унсурлар, “сув”, “туз” моддаларини ўзбекчада атаймиз-ку?
Яна қизиқ бир нарсани кузатдим: дунёвий билим юртлари учун чиқарилган “Мантиқ (логика)” адабиётида баъзи истилоҳлар рус тилидан кириб келган сўзларга дуч келсак, худди шу маъноларни акс этувчи калом мантиғидаги иборалар таржимасиз араб ва форс сўзлари ишлатилаётганини кўрамиз. Албатта, иккала ёндашувда ўзбек тилига таржима қилинган иборалар бор. Лекин бир мавзу ва моҳият икки хил тилда берилаётгандек кўринади, бу икки тарафни бирлаштирган тўғри бўлар?
Бир хитойшуноснинг интервьюсида ҳозирги замон Хитой фани ғарбнинг илмий парадигмаси ортидан юряпти (қаерда бошқача?) деб туриб, лекин хитойликларнинг қадимдан келаётган қарашлари сабабли фан соҳасида ўзига хос янгича талқинларни кашф қилиши имконияти бор. Хитойликлар янги илмий атамаларни дарҳол ўз тилларига хитойлаштириб олади ва бунда илмий истилоҳ нафақат ўзга тил эквивалент таржимасига, балки ўзгача мазмун, маъно кашф этишга имкон беради, қадимдан келаётган билимларига боғлаб олишлари мумкин. Худди шу ёндашувни япон ва кореяликларда кузатиш мумкин (агар адашаётган бўлсам, биладиганлар тўғрилаб қўйишсин).
Фикримча истилоҳларга янги ўзбекча ном топишдан ва ҳатто янгича шаклларни ихтиро қилишдан қочмаслик керак. Ким билсин, балки махсус атама учун ўзбекчасини топиш жараёнида ўша истилоҳнинг соҳаси учун янгича қирралар очилиб қолар? Бу иш ижодий ихтирочилик учун яхши услуб бўлиши мумкин.
Юқоридаги матнда араб ва форс сўзларини кўрсатиб, тилимиз хорижий сўзларга тўла эканлигини айтишлари мумкин. Деярли ҳеч бир тил йўқки, унинг ичида бошқа тиллардан ўзлаштирилган сўзлар бўлмаса, бу табиий ҳолат. Мен эса табиий жараёнларга бўйсунавермай, балки ижодий ёндашувга чақиряпман. Ҳамма ўлади, бу табиий жараён, лекин саломатликни яхшилаш, ҳаётнинг сифати ва мазмунини бойитишга уриниб, табиатга қарши чиқамиз, мана шуни мен ижодий ёндашув дейман. Тилимизни бошқа тилларга мағлуб қилавермай, ўзлигини сақлаган ҳолда, жаҳон тафаккури махсулотини ўзлаштириш синоатини ўрганишимиз керак.
Жамшид МУСЛИМОВ
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ