Ботқоқдан бинафша излаганлар
Федерико Гарсиа Лорка. Энг қайғули шодлик. Одам боласининг ҳаётида ҳадеб ҳам ақл пешволик қилавермайди, баъзан-баъзан жунун деган ичкин бир безовталик юзага чиқиши ҳам бор. Бу ҳол пешонасини читрўмол билан танғиб боғлаган деҳқондаям, бўйнини бўйинбоғ билан сириб қисган амалдордаям содир бўлиб туради. Чунки инсон тийнатида, хамиртурушида табиатдан юққан исён бор – у гоҳи-гоҳи бош кўтариб қолади.
Лорка жаноблари ана шу жунунни гўё мусаввирдек чизиб кўрсата билган, ҳеч бир шаклга сиғмайдиган жазаваларни сўзлар ҳандасасига солган, изтиробларни мажоз орқали қурама шаклларга пухта яшира олган шоирдир. Кўҳна испан халқ оғзаки ижоди берган қувват эса уни чинакам руҳият ва тимсол қиролига айлантирди. Бақалар, чигирткаю капалаклар, қўнғизу шиллиққуртлардан тортиб ою юлдузларгача – барини сатрларга бирма-бир боғлаб чиққан Лорка инсон изтироби номли манзарани чизади.
Лорканинг чинакам ошиғи ва омонатдор таржимони Шавкат Раҳмон таъбири билан айтганда, “гул йиғисини шеърда янгратган” шоир бутун ёзганларида алланечук тушунарсиз чизиқлардан, қоришиб ётган ранглардан фавқулодда тушунарли адабиёт яратган эди. Бугун икки карра икки тўртдек сап-саёз ёзмалардан, минбарларда атайин ясама байрамона тус бериб ўқилаётган маддоҳ тизмалардан қочиб эсон-омон уйимга етиб олсам, худди юраги ўйнаган одам корвалолга чопгандай, мен ҳам Лоркага ошиқаман. Китобнинг исталган варағини очаман-да, масалан:
Шивит, илон, қамиш,
ҳид ва из, соя,
ҳаво, ер, ёлғизлик.
(Ойга уч зинапоя), –
деган сатрларини ёки:
Қуриган ўтлар йўлдан
борар дарё бошига.
Бу йўл ёруғ, улуғдир –
борар дарё бошига.
(Йўлга тушмаймизми деб,
юрак ғамгин сўрайди), –
каби мисраларини ютоқиб ўқийман. Юрагимга Андалусиянинг бепоён кенгликлари ҳавоси ва инсон деб аталмиш яратиқнинг қафасга солиб бўлмас руҳи инади. Шунда манови ҳаёт деб аталган моддият оламининг зил-замбил юки елкамдан тушиб, ўрнида чайир қанотлар ўса бошлайди. Атрофимдаги одамлар гул, минора, шамол, калтакесак, чивин кабиларга айланиб, табиатнинг зийнати ва... сарқити бўлиб сўзлай кетадилар. Шоир мени заминдан узиб, рамзлар оламига ғарқ қилади.
Шу ўринда ўзининг, қилич руҳининг испанча муқобилини адашмай топа олган Шавкат Раҳмонга тасанно дейман. Русча таржимадан кўнгли тўлмай, саккиз ой ичида испан тилини ўрганиб, Лоркани аслиятдан таржима қилишни уддалаган шоир матонати мени ҳамон ҳайратда қолдиради. Лорканинг ўзи айтган – белигача ботқоққа ботиб бинафша излаш, қора меҳнат билан ёп-ёруғ дунёлар яратиш асли мана шудир балки...
Сийлов ортидаги синов
Оноре де Бальзак. Муҳаббат тилсими (Сағри тери тилсими). “Тила тилагингни!” дегувчи қудрати чексиз ҳожатбарор персонажлар дунё халқлари оғзаки ва ёзма ижодида, хусусан, эртак ва ривоятларда истаганча топилади. Уларнинг қиёфаси, шакл-шамойили эса турфа. Масалан, русларда тешик тоғорадан қутқариб кўшк-сарой туҳфа қиладиган тилла балиқ, арманларда тукдор сумбати ва якка кўзи билан ўта важоҳатли кўринадиган, бироқ ўзи раҳмдил дев, араб халқларида кўзадан чиқиб келувчи жин, бизда гоҳ турна ё лайлак, гоҳ мўйсафид чол ё кампир, учратиб қолганда бош бармоғини маҳкам ушлаб олиш кераклиги уқтириладиган Хизр сиймосида келади. Нега бундай қаҳрамонлар барча халқлар адабиётида кенг тарқалган? Одам зоти яралибдики, ҳамиша сеҳр-макрга ишқибоз, мўъжиза рўй бериб тез ва осон бойиш, кучли ва қудратли бўлиш истаги юрагида ҳар доим ловиллаб туради. Қизиғи шундаки, ҳожатбарор мавжудот одам боласига қай йўсинда, қай макон ва қай фурсатда рўпара келмасин, албатта бир шарти, тўлаш оғир бўлган товони бўлади – бажарган одамга ё толе кулади, ё... Бальзак оддий бир парча ҳайвон терисини ана шундай жоду воситасига айлантириб, бутун бошли роман яратган сеҳргар адибдир.
Физика қонунияти жиҳатдан ўйлаб кўрилса, иссиқда ёйилиб-юмшаб, совуқда тортишиб-тиришиб қолиш ҳар қандай табиий терига хос хусусиятдир. Бироқ ҳар тилак айтганда ўша бир парча терининг кичрайиши ва инсон умри ҳам шунга мос равишда поёнлаб боришини ўзаро боғлаб фалсафа яратиш муаллифнинг улкан маҳоратига шоҳидлик беради. Ғайритабиий чолнинг алмисоқдан қолган дўконидан, лаш-лушлар ичидан ҳаётдан сиқилиб юрган бир шарқшунос йигитга таклиф этилган парча матоҳ – сағри тери бу дунёнинг рамзи-тимсоли асли!
Асарни талабаликда – семестр имтиҳонларини топшириш маҳали, хонадошлар битта буханкага чақалаб пул тўплаган кезларимизда, яъни ҳаётимизга сеҳр, мўъжиза жуда зарур бўлиб турган бир чоқда ўқиганим учун, анави шарқшунос йигит ҳам ўзимизга ўхшаб юпунгина, рангпаргина, тушкунгина бўлгани учун, менга қизиқарли воқеалар йиғиндисидек, тахминан “Сариқ девни миниб” асаридек таассурот қолдирган эди. Бироқ ёшим улғайган сари, бошимдан иссиқ-совуқ ўтгани сари, бу дунё ҳеч нарсани шунчаки, эвазсиз бермаслигини англаганим сайин Бальзакнинг тагдор фалсафасини тушуна бошладим.
Менинг шарқшунос Рафаэлдан нима камим бор? Қирққа киргунимча ҳаёт менга чексиз мукофотлар берди – уларнинг саноғи йўқ, Яратган Эгам ёрлақаб не мартабаларга эришдим, тақдир сийлаб не орзуларим амалга ошди, илҳом кўнглимга бақамти келиб нелардир ёздим... Бироқ олаётган ҳар бир нафасим бой беришлар, йўқотишлар, ўрни тўлмас аччиқ тўловлар эвазига бўлаётганини билмайманми?! Ҳеч қачон чўкмайдиган тоғлардек кўринган ота-онам нураб бораётгани, ёшлигим ташлаб кетгани, қалбимни кузги боғлар хазонидек устма-уст армонлар эгаллагани, беғубор йилларда топган дўстларим манфаатлар бўронида йўқолиб-йитгани, азиз устозларим бирма-бир тарк этгани – булар бари “сағри тери”мнинг қанчалик тез қисқариб бораётганига исбот эмасми?! Бальзак даҳо адиб эди. У фақат инсонгагина хос бўлган фикр ва шукр тушунчаларини бир парча тери устида жамлади. Тилаклар ва имконлар, орзулар ва армонлар баҳсини бир бўлак матоҳ мисолида кўрсатди. Бечора йигит орзу қилишдан, тилак айтишдан ҳам қўрқиш мумкинлигини менинг, сизнинг, бутун башариятнинг олдида исботлади.
Шукрки, бизда таълимот бошқа, эътиқод бошқа. Бизда сағри терилар эмас, дуолар бор. Ўзини шарт дарёга ташлаб ўлиб кетаверишдан аввал ота-онани, фарзандларни ўйламоқ неъмати, фаросати бор. Бироқ Бальзак жамият оғриғини донишмандона идрок этиб, унинг юзига кўзгу тутди. Дарвоқе, фаранг адиби билан бир йилда туғилган рус шоири Пушкин (1799 йил) ҳам эртак йўсинида бўлсин, “Олтин балиқ” фожиасини битган эди. Даҳолар – инсониятнинг Ҳақ олдида ожиз эканини англатувчи хослардир.
Ҳаёт устидан ўқилган ҳукм
Чингиз Айтматов. Танланган асарлар. Қиссалар. “Шарқ” нашриётида ишлаб юрган кезларим. 2016 йил 30 май куни жонимизнинг бир парчасини юлгандай бўлиб ўзбек адабиётининг яна бир устуни, чинакам устоз, дилбар шоир, ноёб шахс Эркин Воҳидовни улкан издиҳом иштирокида тупроққа қўйдик. “Чиғатой”дан икки ака-ука, Эркин аканинг чин ошуфталари – Аҳрор Аҳмедов ва камина бир-биримизга суянишиб қайтар эканмиз, тўсатдан Аҳрор ака сўраб қолди:
– Эркин аканинг ҳамма шеърлари сизда жам бўлиб турибдими?
– Ҳа, тап-тайёр, – дедим унинг миясига янги бир ғоя келганини англаб.
Гап шундаки, устознинг вафотигача унинг саккиз жилдга мўлжалланган асарлар тўпламининг дастлабки тўрт жилди чоп этилган, уларни Эркин аканинг ўзи ҳам кўришга улгурган эди. Бу тўрт жилдда шоирнинг фақат назмий ижоди куллиёт сифатида тайёрланган эди.
– Бирон нима қилмасак, юракнинг ҳовури босилмайди, Носиржон! – деди Аҳрор ака.
Шу “бирон нима” орадан бир оз вақт ўтиб муҳташам китоблар туркумини бошлаб берди. Бу туркумдаги китоблар қўлма-қўл бўлиб кетди.
Хуллас, муваффақият ила бошланган серия жаҳон адабиётига ҳам кўчди, кейинги китоб Чингиз Айтматов қиссаларидан иборат жамланма бўлди. Вафо Файзуллоҳ йиғиб турган 10 та қиссани зудлик билан нашрга тайёрлаб, иккинчи ўқни ҳам нишонга бехато урдик. Оддий ўқувчидан тортиб амалдорларгача бир-бирига совға қиладиган гўзал китоб дунёга келди.
“Сарвқомат дилбарим”ни энг аввал – ўсмирлик йилларим ўқиганим боис уни муаллифнинг бошқа асарларидан кўпроқ яхши кўрганман. Мўйлабим энди сабза ураётган вақтлардаёқ Илёс бўлиб яшаганларим, унинг изтиробларини туйганларим ёдимда. Ҳатто уникига ўхшаш юк машиналарини кўриб қолсам, хаёлан неча бор руль чамбарагида Илёс бўлиб ўтирганиму неча бор йўлдан қизил дуррачали қизни ёнимга ўтқазганимни ўзим биламан. Кейин Тошкентга ўқишга кириб, Қамчиқдан ҳар ўтганда Помирдаги Илёс ишлаган довон ҳам шундай бўлса керак, йўлдаги Тангатопди, Кўккўл, Серкақирилди деган қишлоқлар Асал яшаган жойлардек бўлса керак, деб ўйлар эдим.
Кейин-кейин Айтматовни бутунлай хатм қилдим. Ҳатто “Қиёмат”ни бир ўтиришда, етти соатда жойимдан жилмай ўқиб тугатдим. “Жамила”дан тортиб “Оқ кема”гача барча қиссаларни деярли ёд олдим. Қиссалар бамисоли қўшиқ, романлар яхлит бир гиря эди.
Тўғри, ҳамманинг ўз Айтматови бор. Аммо мен учун у олислардаги қўл етмас ёзувчи эмас, ҳар куни бир пиёла чой устида суҳбатлашиб ўтирадиган қадрдон инсон. Муштарийлар манманликка йўймасинлар, феъл-атворимдан келиб чиқиб айтаманки, агар мен Ремарк, Думбадзе ё Айтматов билан тенг-тўш, замондош бўлганимда, адабий мақомдан қатъи назар, улар билан яхши дўст бўлардим.
Аслида, улкан истеъдодлар тоққа, уммонга, даштга ўхшайди – бир дона тош олсанг ё қўйсанг, бир ҳовуч сув ичсанг ё қуйсанг, бир кафт тупроқ айирсанг ё уйсанг, ўзгариб қолмайди. Улар кичраймайди. Яна назаримда, истеъдод эгалари икки хил бўлади: биринчиси – буюк санъаткор, улар юксак изҳорлар билан чекланади, бундайлар кўп; иккинчиси – шахслар, улар ҳаётни, ҳис-туйғуларни, умуман, борлиқни беаёв таҳлил қила олади. Бу тоифадагилар шунчаки асар яратмайди, балки ҳаёт ҳақиқатини кўрсатиб беради. Чингиз Айтматов ҳам ҳаёт устидан ҳукм ўқишга қодир адиб эди.
Бўялмаган қиёфалар
Шукур Холмирзаев. Сайланма. Беш жилдлик. 1-жилд. Ҳикоялар. Дастлаб саккизинчи синф адабиёт дарслигида “Ўзбек характери”ни ўқиб, виждон азоби деган тушунчани аниқ-тиниқ англаган эдим. Бойсун далаларида бўлиб ўтган воқеани қишлоғимдаги одамлар ва пахтазорларга кўчириб кўп дилгир бўлиб юрганман. Биринчи курслигимизда эса Азиза исмли курсдошим ул-бул қоралаб туришимни билиб, Шукур Холмирзаевни ўқишингиз керак, деб қўлимга бир журнал берди. Журналда адибнинг “Бодом қишда гуллади” деган ҳикояси босилган экан. Қизиғи, қаҳрамон – бемор йигит отдошим экан. Шу-шу Шукур Холмирзаевга мубтало бўлдим.
Бизга ўхшаган Шукур аканинг ишқибозлари учун бир-икки йилдан сўнг унинг томлиги нашр этила бошланди. Мен ҳам унинг улкан ижодини бир бошдан ўқимоққа тушдим. Тўғри, унгача Чехов ва Қаҳҳор, француз ҳикоя устаси Андре Моруа лабораториясига бир қур бош суқиб кўрган эдим. Бироқ Шукур Холмирзаев тоғлару какликлари, жайдари одамлару ҳаётий воқеалари билан чин маънода ўзимизники эди.
Мени ҳамиша ҳайратга соладиган жиҳат: адибда биронта тўқима воқеа, сунъий характер ёки ёлғондакам драма йўқ. Индаллосини айтганда, у кундалик ёзиб юргану ҳар бир ёзгани кейинчалик ҳикояга айлангандек туюлади менга. Бундай содда ва ортиқча оҳанжамасиз юксак бадиий асар яратиш, оддий одамларнинг жўн турмушидан чинакам драма ясай олиш учун ўша ҳаётда яшаб кўриш керак.
2003 йилнинг кеч кузи. Мен у кезлар Иқбол Мирзо билан Раҳмон Қўчқор даврасига эргашиб юрардим. Улар эса ҳафтада бир марта Набижон Боқийнинг Дўрмондаги далаҳовлисида ош қилиб, тонготар суҳбатлар қуришарди. Ўша давраларнинг бирида мени нима жин урдию Ўткир Хидиров деган шоир акамизнинг кўча эшик олдида турган яп-янги машинасини миниб кўрмоқчи бўлдим. Ҳали рулга ўтирмаган мен нотавон уни бетон устунга қарсиллатиб солдим. Ҳовлидан югуриб чиққан акалар менинг аҳволимни кўриб индашмади, бироқ ўртага музтарлик тушди. Камина эса, Иқбол ака таърифи билан айтганда, мағрур қаҳрамондек рулда ўтирардим.
Менинг “шарофатим” билан ҳеч кимга ош татимай турганда, кўча томондан “Наби, уйдамисан?” деган қалдироқдек овоз келди – Шукур ака экан. “Раҳмон билан Иқбол кепти, бир урамизми деб чиқётувдим, келгунимча уриб бўлибсанлар-да...” деди у кўчага – мажақланган машинага ишора қилиб. Унинг ташрифими, келасолиб тагдор ҳазил қилишими, ҳаммадан ғуборни чиқариб юборди. Адабий суҳбатдан давра қўр олди. Шукур ака менинг ҳозиргача у ҳақда эшитган “афсона”лар таъсирида пайдо бўлган тасаввуримга зид ўлароқ, давра тўрида чинакам метин қоядек, ўзбек адабиётининг муҳташам устунидек турар, ҳар бир гапини далиллаб, салмоқлаб гурунг берар эди.
У гапиряптию шу вақтгача ўқиган ҳикояларим бирма-бир хаёлимдан ўтади: асарлардаги гоҳ каклик кетидан пойлаб юрган ўсмир йигитча, гоҳ шаҳардан қишлоққа бориб бойчечак терадиган бойсунлик, гоҳ қайсидир дарада гулхан атрофида ўтирган овчилар – ҳаммаси Шукур ака бўлиб кўрина бошлайди. Шунда адиб гулдирак овози билан яна мени ҳайратда қолдиради:
– Раҳмон, манави беҳиларга қара! – дея у ҳовли гирдида тарвақайлаб ўсиб ётган, ҳар бир меваси косадек келадиган дарахтларга имо қилади. – Мана шу беҳиларга қарасам, ўпкам тўлиб кетади – рангими, устидаги майин тукларими қанақадир маъюсликни эслатаверади менга!
Даврадагилар жим қолишди, оқсоқол куз тасвирини шу қадар аниқ чизиб берган эдики, ҳатто Наби аканинг кўзида ёш ғилтиллаб кетди. Адиб ҳамманинг кўнглида кузнинг фаромуш лаҳзалари, эзгин хаёллари, отини топиб бўлмайдиган недир шикасталиклари бўлишини шу биргина таърифда ифодалаб берган эди.
Шукур Холмирзаев ўша гурунгдан икки йилча ўтиб вафот этди. Қалбимда унинг ўша чеҳраси, қўлимда томлиги қолди. Гарчи даставвал уч жилд (икки жилдда ҳикоялар, учинчисида эсселар) нашр этилиши белгиланган бўлса-да, вақт ўтиб қисса ва романлари жамланган 4-5-жилдлар ҳам чиқди. Охирги икки жилдни муаллифнинг ўзи кўрганми-йўқми, билмайман, аммо уларни ўзбек адабиёти кўрди. Алқисса, адабиёт ўлмади, ўлмагай!..
Носиржон ЖЎРАЕВ,
Шоир.
“Тафаккур”журнали, 4-сон.
“Ҳузунвор хуррамлик” мақоласи
Адабиёт
Санъат
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ