Ўтинчига ҳавасманд Эйнштейн, қазо қилиб бўлмайдиган суҳбат – Шомирза Турдимовнинг ўзгача мулоҳазалари


Сақлаш
17:05 / 26.12.2024 33 0

Халқ айтадики, “Нақлда ақл бор – ақлда нақл”. Бу нақллар оқил кўриниш, ақл ўргатиш ғаразида тўқилмади, билъакс, “...изҳор этиб кет” деган даъватга жавоб тарзида кўнгилдан тўкилди. 

 

Аброр ҳайрати

 

Ўқиш, уқишнинг манзиллари йиғилиб ягона Китобга элтади. Кимки шу китобга етса, ҳикмат хазинасига йўлиқади. Хазина тилсими Алоуддин топган “сим-сим” каби биттагина СЎЗга очилади. Бу китоб ўтда ёнмайди, сувда чўкмайди, биров тортиб ололмайди. Ҳар ким китобдаги калит сўзга эга чиқса, сўз унга кўздек кўнгил олтинлари, дуру жавоҳирларини ҳадя этади. Сўз эгаси кўникмалардан ҳайрат топади. Бу ҳайрат – АБРОР ҳайрати бўлиб, соянинг соясида қолишдан сақлайди. АСЛ мағзини, моҳиятни кўрсатади. Сўз соҳиби “Ёсин” сурасининг 8-9-оятида зикр этилган, Афлотуннинг “Ғор” нақлида айтилган: бўйнидан иягигача бўғов урилиб, кеккайиб қолган, олди, орти тўсилиб, ҳеч нарсани кўра олмайдиган соялар салтанати қавмидан бўлмайди...

 

Оқу қора бир йўлда

 

Бозор, мозор уйқаш сўзларгина эмас. Бозору мозор – бу ҳаётга бир тимсол. Бозор бўлган жой мозорга, мозор ўрни бозорга эврилаверади... Чархнинг бу айланишида оқу қора, иссиғу совуқ, куну тун, ёзу қиш, эзгулигу ёвузлик каби ола ҳақиқат, ҳикмат келаверади. Тилимиздаги ОЛА деган сўзга кўп ҳам эътибор бермаймиз. Қаршимизда турган тоғни кўрмаслик тоғ йўқ дегани эмас. Бизнинг қалб кўзимиз кўзойнакталаб бўлганига ишоратдир. Бу сўз мифологиямиз, маросимларимиз, урф-одат, иримларимиз, фольклоримизда манаман деб турибди. Момоларимиз бало-қазодан асрайди деб оқ, қора ипларни эшиб, олабоғич қилиб бўйнимизга тумор осади. Кўзмунчоқ ҳам ола тусли. Гўрўғлини Олабия эмизиб улғайтади. Гўрўғлининг Ғиркўкни эназотим деб суйиши шундан. Бугун дунёга япон, корейс, хитойлар Ин-Ян деб англатаётган тушунча тимсолини биз турклар қадимдан ола атаймиз. Бир-бирига эшилган, уйғунлашган нимаики бор, яхлит ҳодиса эканлигини ола ранг ифодалайди. Ҳар жабҳада ибрат, сабоқ, ҳукм бор. Фақат Китобини топа олган, СЎЗга эга чиққан кишигина бу ҳикматни уқади.

 

Мозорда ола ҳақиқат сукут сақлайди. Бозорда ола ҳақиқат қайнайди. Шунчаки қайнайдики, оқу қора эшилиб, ранглар қуйқалашиб оқади. Бозор аҳлини ўзида эшиб оқизади. Бир дам тўхтаган КИШИгина ОҚу ҚОРАни ажрата олади.

 

Сўфий муридлари билан бозорда эди.

 

Бозор ҳавоси, шовқини ҳаммани маст қилиб тебратар, кимнинг нима деяётганини ажратиш қийин, бозор аҳлининг олди-сотдисини эшитиб, англаш мушкул эди. Молим ёмон дейдиган киши топилмас, оларманга олтов кам, берарманга бешов кўп... тортишув авжига чиққан “даҳа” вақти эди.

 

Саратоннинг қуёши қиздирар, бозор қозондай қайнар, бир обкаш тонгда тоғдан олиб тушган музни сувига солиб, қувраган томоққа малҳам, деб сувини мақтаб раста оралар, куннинг тиғида челакдаги музу обкашнинг не машаққатлар билан қилган меҳнати унинг кўз ўнгида эриб борар эди. Обкаш эриётган музни кўриб, бу йўлда чеккан машаққатларини ўйлаб, эмраниб халққа мурожат қиларди: “Хонумони эриб кетаётган одамга раҳмингиз келсин. Хонумони эриб кетаётган одамга раҳмингиз келсин. Сувдан олинг! Хонумони эриб кетаётган одамга раҳмингиз келсин...”

 

Сўфий қулоғига бозор шовқинидан ажралиб АЗОНдек шу сўзлар қуйилди.

Бутун вужудини қамради, ўзидан кетди. Муридлар ҳушидан кетиб йиқилган пирга иссиқ ҳаво таъсир этди, деб хаёл қилишди, елпишди, юзига сув уришди, сояли-салқин жойга олишди. Сўфий кўзини очди. Муридлар сўрашди:

 

– Офтоб урдими, ҳаво етмадими?

Сўфий айтди:

– Эшитяпсизми, “Хонумони эриб кетаётган одамга раҳмингиз келсин”, деяпти У! Эшитмаяпсизми?

Сўфий БОЗОРдан излаганини топган эди...

 

Уйғонишга чорлов

 

Босқинчи элни ғорат қилди. Ғолиб аскарлар юртни уч кун талади. Подшо сўради:

 

– Нима гап?

– Эл норози, – дейишди.

Подшо буюрди:

– Яна уч кун талаш!

– Энди не сўз? – деб суриштирди подшо.

– Эл йиғлаяпти, – деди мулозимлар.

– Яна уч кун талаш! – дея қаҳр қилди тождор. Муддат ўтгач:

– Энди аҳвол қандай? – деб суриштирди.

– Эл қўшиқ айтяпти, – дедилар. Подшо талон-торожни тўхтатди...

 

Куйган ҳам, суйган ҳам қўшиқ айтади.

Қудуққа айтилган сир қамиш бўлиб унди. Қамиш най бўлди. Най “Искандарнинг шохи бор” деб қўшиқ куйлади...

Қўшиқ – мазлумнинг қалқони...

Қўшиқ – қиш мавсуми.

Қиш – йиғиниш, куч тўплаш даври.

Қўшиқ уйқуга уйқаш.

Уйқу ўлимдир!

Уйқудан сўнг уйғониш фасли.

 “...шохи бор” деган ҳайқириқ, уйғонишга чорлов.

Тириклар уйғонади...

 

Орзунинг қўш қутби

 

Бобом чўпон эди. Аввал отасининг, кейин колхознинг, сўнг совхознинг қўйларини боқди. Кам сўзларди. Гап ковласам... “Сенам давлатнинг одамисан-да, бу давлатинг бир дона қанд берди, энди қўй қилиб оляпти” деган эди. Момом “ҳисобини топмаган чол” деб койиб қоларди. Бобом индамасди, ўзига-ўзи “Бир қора чойгун бўлса, олсанг-да, ғорга кириб кетсанг” деганини эслайман...

 

Раҳматли Анвар қори (Турсунов) билан лаборантурада (институтнинг лаборант лавозимини юмор қилиб тўқилган номи) бирга ишлаганмиз. Қори айтарди: “Кичкина ҳужранг бўлса, маҳси тикиб ўтирсанг, ҳеч ким тергамаса...”

 

Эшитганим: Эйнштейн ўтин ёрувчига ҳавас қилган экан.

 

Ўқиганим:

Парчагина булут,

Чексиз осмон,

Адир ортидаги ёлғизоёқ йўл,

Барча ташвишларни унутиб, шодон

Қайтгим келаётир қошингга буткул.

Қисмат майин ичдим – аччиқ ва тахир,

Туйдим эҳтироснинг самовий кучин.

Дунёда одамзод яшамас, ахир,

Фақат иродасин синамоқ учун.

Парчагина булут.

Чексиз осмон,

Адир ортидаги ёлғизоёқ йўл,

Барча ташвишларни унутиб, шодон

Қайта олсам эди қошингга буткул.

(Абдулла Орипов)

 

Сабоқ: Орзусиз одам бўлмайди. Орзу ҳамиша биз билан бирга, бизни яшашга ундайди. Орзунинг қутблари бор. Бирига интиламиз, бошқасига қайта олмаймиз.

 

Киши интилувчи орзу ЗАМОНда ундан олдинда, МАКОНда анча юқорида туради. Қайта билмас иккинчи қутб хийла қуйида милтиллайди...

 

Орзу қутбларига етишнинг энг қулай, осон йўли хаёлдир. Ҳар кимнинг кўнглида бир қўшлик ери бўлади. Киши бу ерга орзу уруғларини қадаб, ундириб, ҳосиллар йиғаверади.

 

Орзуга хаёлда етиш қанчалар лаззатли бўлса, шу қадар аламли ҳам. Ана шу маконда орзу қутбларининг чегараси аниқ бўй кўрсатади. Аниқлашади. Чегара чизиғи айнан киши орзу қилаётган дамда у эгаллаб турган мавқе ва имкон устидан ўтади.

 

Кишини толиқтириб, ҳатто янчиб ташлайдиган куч – орзу етиб жойлашган макону вақтнинг У эгаллаган имкониятдан узоқ-узоқларга кетиб, саробдай ўзига имлашидир. Шунда кишига таянч бўлган ИНОНЧ ери қумга эврилади, тушкунлик изидан сув қуйиб, ишончга қўшиб кишини ҳам жойидан қулатади.

 

Шунда киши Эйнштейннинг ўтин ёрувчига ҳавасманд бўлганидай орзуси ва амали аниқ одамга интилиб: “Нега мен “ўтин” ёрмайман?” деб надомат чекади.

Ана шунда кўнгилнинг туб-тубида ясаб олган “ғор”ига, “ҳужра”сига қайтишни истайверади. “Қайта олсам эди қошингга буткул” деб изтиробда ўртанади.

 

Киши орзулар қутблари аро “Бир қўшлик ерида...” яшайди. Асл манзилга қайтгунча меҳмон...

 

Ўчмас битик

 

Пирни кимдир Яссавий эди, деб нақл қилади. Бошқаси Нақшбанд, яна биров Хожа Аҳрорга нисбат беради.

 

Пир жон таслим қилаётган дам муридлар йиғилиб сўради: “Пирим, энди ҳикматларингизни қаердан топамиз?”

 

Пир секин шивирлади: “Ўзингиздан изланг...”

 

Моҳият одами боқади, англайди, сўзлайди.

 

Энасўз барча ҳакимлар бисотида бўлади. “Яссавий, Нақшбанд, Хожа Аҳрор эди” деб турланиши шундан.

 

Энасўз – қанотли тулпор. Ақл тулпорни жиловласам, дейди. Қанотли тулпор қозиққа келмайди. Ақлнинг қайчиси раҳмни билмайди. Қаноти кесилган тулпор – бу энди от. Ҳукмбардор ақл отни кўзи тушган қозиққа боғлаб пойлоқчилик қилишни хуш кўради.

 

Ҳикмат кўнгиллардан кўнгилга оқади. Битик ўчмайди. Қўлёзма ёнмайди.

 

Қопқасиз қудуқ

 

Сартарош шоҳ Искандарга СИРни сақлашга ваъда берди, қасам ичди, АҲД қилди. Қасамли аҳд катталашди, сартарошнинг қорни ёрилиш, портлаш даражасига етди. Сартарош кимсасиз саҳродан қудуқ топди, ичидаги аҳдни шивирлаб ёрди, дарддан фориғ бўлди, енгиллашиб, одамларга аралашди. Аҳд қудуқда қамиш бўлиб ўсди. Қамиш ўзига чўпонни маҳлиё этди. Чўпон ўзгача ИХЛОС билан най ясади, чалди. Най “Искандарнинг шохи бор” деб куйлади. Аҳднинг сири синди. Най садоси оламга ёйилди...

 

Ҳар биримиз ҳар қадамда Искандар сартарошининг аҳволига тушамиз. Фарқимиз: СИРимиз бадалига берилган ваъда Искандар қаҳри бўлиб қадамимизни ўлчаб юради. ВАЪДАнинг жавобгарлик кучи, қадрига қараб сирнинг ўчиш муддати ўз ТОШИни олади. Жавобгарлик тоши, масъулияти Искандар сартарошидек ҚУДУҚ топиб тўкилишга мажбур қилади, лекин ҳамиша қудуқ қопқасиз қолаверади. Қамиш ўрнига ўсган “миш-миш”лар қиличи юзимизни шувут этади. Остонада эзилган сақич бозорига эга чиқамиз...

 

Сирнинг жиловини тутиб, “сақичлар бозори”дан қутулишнинг энг хавфсиз йўли сартарошнинг чўпонга эврилиб, қудуқ қамишидан най йўниб, чала билмоғидир...

 

Искандар сартарошининг сир айтар қудуғи – санъат “қудуғи”, чўпон – бахши, шоир, рассом – бори санъат аҳлидир. Тангридан бўлак бирор бир кимсанинг тили айланмаган улкан – “Искандарнинг шохи бор” деган сирнинг сирини ўчирган тил – куй, шеър, жамики санъат асаридир.

 

Ҳар бир одам ўз ҳолича бир мамлакат. Бу мамлакатнинг Искандари, сартароши, чўпони ҳам унинг ўзи. Кимда ким ўз мамлакатидаги сир ютар қудуғининг ЮКини сир очар найга жамлаб айта олса, ўз Искандарининг қатлидан омон қолади. У бу ЎЙИНда мутлақ ғолиб бўлади. Инсоннинг – “Ўзлигингни англа” деб белгилаган маррасига яқинлашади. НАЙ эгасига айланади...

 

“Суҳбат”нинг қазоси йўқ

 

Ҳакимлар айтади, одамлар қайтаради. Айтиш ва қайтаришдан анъана туғилади. Дейдилар: уч юз олтмиш эран бор, Тангри борлиқни шу эранлар билан бошқаради. Уч юз олтмишдан қирқи ажралиб чиқади – чилтан шулардир. Қирқдан етти, еттидан уч, учдан бир сараланади. Бир – қутб саналади. Етти иқлимда етти қутб туради. Яна қутблар қутби бўлади. Унинг руҳи Қутб юлдузида, дейишади. Халқ орасида оғиздан оғизга ўтиб келаётган халқона анъанавий билимнинг қаймоғи шу.

 

Хослар айтади, омма қайтаради... билимнинг қайноғи хослар суҳбатида бўлади. Ҳазрат Боқирғоний айтади:

 

Суҳбатлиқ орифларға жоним бериб,

Суҳбатсиз нодонлардан қочғум келур.

 

Хожа Баҳоуддин Нақшбанд таълимотининг устунларидан бирини “Суҳбат дар анжуман” дея кўрсатиши бежиз эмас.

 

Нақл қиладиларки, қутби замон Домла Камол бобо бир кўнгил етар ҳамсуҳбати билан кўришиб, узоқ гапхона қурди. Домла бобонинг юмушларига қарашиб турувчи ходими гувоҳ эди. Ходимнинг Камол бобога ҳурмати ҳаддан баланд, садоқати чексиз эди. Домланинг иссиқ-совуғига ўзини масъул сезар, хизматидан ҳузур олар эди. Вақт ўтаверди, ходим қарасаки, пешин бўлди, Домлага ишорат қилди. Жавоб бўлмади. Аср муддати келди, айтди. Домла суҳбатни бўлмади. Шом вақти етганида хабар қилди. Домла ходимнинг бу огоҳлантиришини ҳам эътиборсиз қолдирди. Қазодан хавотир бўлган ходим яна бир бор эслатди. Домла Камол бобо ходимга оҳиста эслатди: “Намозни қазо қилиб ўқиса бўлади, бу суҳбатнинг қазоси йўқдир”.

 

“Одамни, умуман, суҳбатли ва суҳбатсизга ажратса кўп нарса ойдинлашади. Фикр одами ва фикрсизни танийсиз”, дейди Иброҳим Ҳаққул.

 

Авлиёлар суҳбати каби олимлар суҳбатининг ҳам файзи бўлади...

 

Мағизли, қазосиз суҳбатлар ҳар кун туғилмайди, кунида, кўнгиллар кўнгилга рост бўлган дамларда дунёга келади... Анъаналар янгиланади, янгилари пайдо бўлади. Халқона билим авлоддан авлодга ўтади, ўзанлар қайта тўлиб баҳорги тошқиндай оқади...

 

Хизр суви

 

Ҳар замонга бир замон.

 

Бир замонда ДАМ замон бор. Дам замоннинг биттадан Қўйчибой отаси...

Кимлардан КИМдир сезади, кўп илғамайди. Кўп сўрайди, Қўйчибой отани кўрмай замонлар ўтаверади...

Тушов тушовланганга мос. Вақт оқаверади...

Қўйчибой ота тушовни, тушовланганни ҳам танийди. Кўкдан ИШОРАТ бўлмаса қоядай сукутда туради. АМР келса қумдай кўчади.

Замона Қўйчибойига ҳазрати Хизр учради. Сўради:

– Хизр ҳозир қаерда?

Қўйчибой ота ерга боқиб, кўзини юмиб, сукутда қолди. Айтди:

– Кунчиқарда йўқ, Кунботарда йўқ. Оқтовни, Қоратоғни кўряпман йўқ. Ё сен Хизр! Ё мен Хизр.

... Учнинг бири – Хизр.

Еттининг бири – Хизр.

Элнинг бири – Хизр.

Кун ботади, тун ёпади. Тонг отади, Кун ёқади...

Кимлардан КИМ – ҳазрати Хизрга орзуманд бўлди, йўлиқди, бош бармоғига ёпишди, танигандай бўлди, сўради:

– Менга тириклик суви беринг!

Ҳазрати Хизр КИМнинг кўксига қўлини қўйиб, деди:

– Жонинг жанонасида булоқ бор, оч! Хизрсан!

Ким сўраяпти... излаяпти... узоқлашяпти...

Булоқ Қўйчибой отани топади...

 

“Муллака”лар

 

Йўқлама, имтиҳон деганлари билан азалдан келишмайман. Табиатимга бегона. Тамом-вассалом!

 

Бу амалларсиз ўқитишнинг кемтиклигиям бор гап. Йўқламани деканатдаги “муллака”лар талаб қилишади. Ишнинг юриши шу, тушунаман. Кўникканмиз...

 

Йил бошида талабаларга бир гапни албатта айтаман:

 

– Тошкентда Самарқанддарвоза деган маҳалла бор, биласизми? Эски қабристон, ёнида масжид турибди. Қодирийнинг ўғли отасига рамзий қабр тиклаган. Айтадиларки, Кумушбиби шу қабристонга дафн қилинган, Қодирий савдойи Зайнабга шу ерда дуч келган...

Маҳалла, қабристон, масжидга тегишли воқеа, саналар кўп...

 

Бобохон ака деган ҳамкасбим бўларди (Яратган раҳматига олган бўлсин). Асл самарқанддарвозалик, боболари қаландарларга пир ўтган – тўраларнинг авлоди. Маҳалла одамлари, қабристон, масжид ҳангомаларини шу одамдан эшитганман.

 

“Бир одам бўларди. Қабристонда, масжид атрофида, кўча-куйда учраб қоларди. Бировлар тентак, бошқалар камсиқ, кимдир хислатли, деб айтарди.

 

Масжидда уч-тўрт чол гаплашиб ўтирса шу одам келибди. “Сизларга қўшилиб икки ракат намоз ўқисам, эртага ўтиб қолсам, хотинталоқ муллалар бунга жаноза жоиз эмас, намоз ўқимаган, деса гувоҳ ўтарсиз” деб чолларга қўшилиб намоз ўқибди.

 

Эртаси шу одам чиндан ўтиб қолибди, шунда мулла “Бу жинни эди, жаноза ўқилмайди!” дебди. Чоллар бизга қўшилиб намоз ўқиган, гувоҳмиз, дейишибди...”

 

“Муллака” – светофор. Шаҳар кўчасидаги тартибни светофор бошқаради. Чўлда, кенг дала-даштда бу хил жилов керак эмас. Эрк кишининг ўзида...

Киши эркка ошиқ!

 

Ҳар соҳанинг ўз “муллака”лари бўлади...

Муллаканинг кўнглидаги “бир қўшлик ер”га том солиб олгани, томини зиндонга айлантиргани ёмон...

Дарё тошқин, сувлар шошқин – ўтолмайман,

Отим ориқ, манзилимга етолмайман...

Талабаларга “Сизга тарих айтдим. Тарихни нақлга айлантирдим. Бизнинг фанимиз моҳияти шунда”, деб гап бошлаб, “бисмилло”дан нарига ўтаман...

 

Сўз қаймоғи

 

Бир челак сутдан бир пиёла қаймоқ чиқади.

Сўзнинг мағзи йиғилиб нақлда, нақлнинг қаймоғи мақолда жамланади. Уч юз олтмиш эран йиғилиб биттадан ҳикматли сўз айтибди, шундан мақол пайдо бўлибди, дейилиши бекор эмас. Ҳар нарса борки, жавҳари йиғилиб қуйма шакл олса, эл ўртасида сақланади, авлоддан авлодга ўтади.

 

Воқеа:

 

Абдиназар бахши гурунг қилди: эшон билан мулла йўлнинг ёқасида, катта тутнинг тагида суҳбатлашиб ўтирган экан.

 

Тулпорнинг тойлиги бўлмас,

Нокаснинг бойлиги бўлмас,

Ит қутуриб този бўлмас,

Қул қутуриб қози бўлмас,

 

деб бир жўги (лўли) тиланиб ўтиб кетаверибди.

 

Буларнинг қулоғига жўгининг қўшиғи ёқибди. Яқинидаги одамга “Бўл тез, уни қайтариб кел” дейишибди.

 

Жўгига:

– Қани, қўшиғингни айт қани, – дейишибди. Шу байтни қайтариб айтибди.

– Кўпроқ айт, – дейишса, яна шу байтни қайтариб айтармиш. Унинг билгани шу тўрт қатор байт экан. Булар кўпроқ эшитмоқчи бўлишган.

 

Ҳисса:

 

Лўли ортиқ билганида, айтганида, шу байт мағзини бошқача шаклда қайтарган бўлармиди?!

Қаймоққа сув қўшилса, шакли айрон, мазаси чучмал бўлади...

Ҳар нарсанинг қуйма шакли кўнгилга тушса, ақлга етиб ўзидан ўзи маънолар туғади.

Чинакам ҳикмат булоғининг кўзи очилади. Кашф қилинган СЎЗ мақомини олади. Уюрда тулпор битта бўлгандай, мағизли сўз ҳам қисқа бўлади. Қуйма байтнинг қадри, ҳикмати ҳам ана шунда.

 

Хонақоҳнинг мушуги

 

Хонақоҳда пир, мурид ва мушук муқим эди.

Мурид – ошпаз, мушук пирнинг атрофида парвонадек айланар, ухлар эди. Пир “ватан” сайрида узоқ бўларди...

Мушук дастурхонга ижозатсиз яқин келмасди.

Пир тамадди вақтлари:

– Йўлбарс бу, йўлбарс, – деб мушукни суярди...

Ошпазнинг овози пирнинг сайрини бузди, шовқин ташқаригача чиқди.

Мушук ҳовлидаги яккатут тепасида ҳурпайиб турар, ошпаз таёқ билан ўдағайлаб жониворга ҳарба қилар эди.

Пир суриштирди:

– Не бўлди?

– Гўшт ўғирлади бу, гўшт!

Пир ошпазга ишорат қилди. Ошпаз ҳовуридан тушди. Пир мушукни ёнига чорлаб, ялинчоқ сўради:

– Йўлбарсим, не жин урди сени?

Мушук тутдан тушиб, бостирмага ўтди. Бир вақт кўзлари юмуқ, жиш мушукболани пирнинг оёқлари тагига олиб келиб қўйди.

Пирнинг кўзидан йўлбарснинг жасорати, шиддати, ғурури, виждони, орияти ёш бўлиб оқди. Ҳадик, мутелик, тобеликка эврилди, ўғри мушук бўлиб тикланди. Пир шивирлади:

– Йўлбарсимизни биз ўғри қилибмиз-ку?!

Хоноқоҳ мушугининг сояси катталашди, қуюқлашди, пирни, ҳовлини, ғубор олди...

 

 Тешик челак

 

Айиқ олмани хуш кўради. Тоғда ёввойи олма пишганда маймоқлар чўққи, беллар ошиб, битта-битта олмахўрликка тушиб келади. Бир хилларининг болалари ирғишлаб эргашади. Ана шунда овчи айиқ кетиб қолмасин, деб қўллаган ҳийла иш беради. Овчи олмазорнинг ҳар-ҳар ерига, туби тешик челакларни (нафснинг ўпқонини!) қўйиб кетган бўлади.

 

Айиқ ақлли ҳайвон, одамзодга тақлидда унга етадигани йўқ. Одамнинг челакда нарса ташишини кўрган эмасми, челак топганидан яйраб кетади. Дарахтларни силкитиб олма қоқиб, челакка солади. Челаги тўлиб кўтарса, олмалар дув тўкилиб кетади. Айиқ жумбоқнинг тагиги ета олмай ҳайрон. Кўтарди – челак бўм-бўш қолди. Яна қайта бошдан челакни тўлдирди, кўтарди – яна бўм-бўш!..

 

Челак – ошу нон эди, ейилди, тана бир зум роҳат кўрди, бари унутилди. Пул эди – қўлнинг кири бўлди. Мансаб эди – изидан қувди, етмади. Суюмли аёл эди – вафо топмади. Бариси ҳеч бўлди, ҳолатлар эврилаверди...

 

Таги тешик челак айиқни шунчалик ром қиладики, ҳатто боласининг атрофида ўралашиши ҳам малол келади. Боласини четга суриб, олма теради, тўлган челакни шодланиб кўтаради, олмалар дув этиб тўкилади. Айиқбола челакка ёпишади, отасини тортқилайди. Хуноби ошган айиқ болани тошга (СОЯ судраклаган ТОШ) бостириб, юмушига шўнғийди. Болани унутади. У типирлаганича тош остида қолади. Нафс қутқуси, тешик челак алами вақтни ямламай ютади. Вақт тешик челакдан тўкилиб битганини айиқ сезмайди. Бир вақт қарасаки, тош тагидаги боласи ўлиб қолибди...

 

Ана шунда айиқ бутун ДАРАни бошига кўтариб ўкиради, жонсиз боласини боши узра кўтариб, орзу умидлари лошини судраб ТОҚқа – келган манзилига чиқиб кетади.

 

Тешик челак ҳою ҳавас эди – тўкилди-йитди! Тешик челакдан СОЯнинг лоши тўкилди. Айиқ муродининг лошини кўтариб ўкирганича кетди...

 

Эй сен айиқ! ЎЗни ҳолатларнинг тешик челагида оқизиб, ИСМини, АСЛИни ёддан ўчирган соя! Эй сен Гўрўғлининг Қуёш ўғли эканини унуттирган, Асқартоққа мақсадлари лошини судраб қайтишига маҳкум қилган қудрат ЙИТ энди! ҲОЛга эврил, ахир!..

 

От қачон қозиғини топади?

 

Ўзбекнинг “От айланиб қозиғини топади” деган мақоли бор. Лекин бизнинг таълим-тарбия отимиз қозиқ тополмай улоқиб юрибди. Бир итальян Монтессори, кейин корейс, энди фин услубиётига бошини уриб кўрмоқда. Аммо кутилган натижа йўқ.

 

Олимларимиз икки-уч йил олдин японлар “Болани беш ёшгача эркин тарбия қилинг демоқда” деб бонг уриб қолган эди. Ўшанда ҳам ҳеч кимнинг хаёлига ўзбекнинг “Бола – пошшо” деган гапи келмади. Анъанавий халқ педагогикамиз асрлар давомида “Болани беш ёшгача подшодай авайлаб тарбияла, унинг шахси синиб қолмасин” деб уқтириб келганини унутдикми?!

 

Бу тарбия тизимининг давоми бор. У японнинг тушига ҳам кирмаган. Халқ “Болани етти ёшдан ўн тўрт ёшгача қулдай қаттиқ тут. Ўн тўрт ёшдан кейин дўстдай муносабатда бўл!” деб уқтиради.

 

Бу – анъанавий халқ педагогикамиз. Таълим ва тарбиямизнинг – ўзак умуртқаси. Янгиланиш мана шу ўзанда бўлиши керак.

 

Дунё мамлакатларининг ҳар қандай тажрибасини шу ўзанга мослаб қабул қилишимиз шарт. Акс ҳолда тарбиямизни гоҳ у, гоҳ бу чет таълимотга мослайвериб сояга айланиб қолишимиз ҳеч гап эмас.

 

Соя – соя-да, ШАХС эмас.

 

Халқ педагогикасида “Алла – боланинг миллий оҳанг кодларини ўзлаштиришига, топишмоқ – образли фикрлашига, эртак – асл билимнинг тимсол ва рамзларини қабуллашига хизмат қилади” деб айтиб келинган. Болалар ўйини эса авлоднинг жамиятдаги ўрнини белгилаб олишига восита бўлган. Халқда “ўйин боласи” деган атама бор. Бунақа атамалар шунчаки пайдо бўлган эмас. Тарбияда ана шу тизим ва мазмун асос бўлмоғи шарт. Эски тўннинг ўлчамларини ХХI аср мезонларига мослаб қайта бичмасак бўлмайди. Ана шунда тарбия отимиз ўз қозиғини топади. Итальян, корейс, фин яйловларида улоқиб юрмайди.

 

Шомирза ТУРДИМОВ

 

“Тафаккур” журнали, 2024 йил 4-сон.

“Минг бир нақл”дан бир шингил” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 12288
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//