Иккинчи жаҳон уруши йилларида ўзбекистонликлар қандай яшаган?


Сақлаш
12:14 / 26.12.2024 23 0

Германия 1941 йил 22 июнда «ҳужум қилмаслик тўғрисида»ги шартномани бузиб, Совет иттифоқига бостириб кирди. СССР таркибидаги барча республикалар, шу жумладан, Ўзбекистон ҳам мажбурий равишда уруш гирдобига тортилди. Урушнинг дастлабки кунлариданоқ Ўзбекистон совет армиясининг кучли арсеналларидан бирига айланиб, фронтга кўплаб самолётлар, авиация бомбалари ва бошқа ҳарбий маҳсулотлар берди. Виктор Черномирдин Ўзбекистоннинг ғалабага қўшган ҳиссасига алоҳида тўхталиб, «фашизмга қарши отилган ҳар ўнта снаряддан биттаси Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган», деб айтган.

Жанг майдонларидаги аскарларнинг қаҳрамонона ҳаракатлари билан бир қаторда, фронт ортида ҳам ўзбек халқи самарали меҳнат қилиб, ғалабага муносиб ҳисса қўшди. Уруш йилларида ҳамма нарса ҳарбий ҳаракатларга бўйсиндирилиб, халқнинг бор кучи шунга йўналтирилди. Меҳнатга лаёқатли аҳолининг фронтга, мудофаа саноатига оммавий равишда жалб этилиши натижасида ишчилар сафида ёшлар, хотин-қизлар тобора кўпайиб, ишчи таркиби ўзгарди. Аммо қишлоқ хўжалиги издан чиқиб, аҳолининг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжи кучайди. Республиканинг демографик ҳолатига жиддий таъсир кўрсатди. Буларнинг барчаси шаҳар ва қишлоқ аҳолиси орасида турлича намоён бўлди.

Иккинчи жаҳон уруши Ўзбекистон аҳолиси демографиясига сезиларли таъсир кўрсатиб, республика аҳолиси 6 млн 55 мингдан (1940) 1945 йилда 5 млн 197 мингга тушиб қолди. Фронтга чақирилганларнинг деярли 28 фоизи ҳалок бўлди. Уруш йилларида ўлим кўрсатгичи туғилишга нисбатан кўпроқ фоизни ташкил қилди. Масалан, 1941 йилда (1000 аҳолига) туғилиш кўрсатгичи 34,2%, ўлим кўрсатгичи эса 10,4% ни ташкил этган бўлса, 1945 йилга келиб туғилиш 17,7% га тушиб қолди. Агар 1940 йилда иттифоқ республикаларда аҳоли табиий кўпайиши жиҳатидан Ўзбекистон Арманистондан сўнг 2-ўринда турган бўлса, уруш даврида кескин пасайиш эвазига 1950 йилдаги маълумотга кўра, Қозоғистон, Молдавия, Қирғизистон, Тожикистон, Арманистон ва Туркманистондан орқада қолди.

Иккинчи жаҳон уруши даврида аҳолини кўчириб келтириш аҳоли демографиясига катта таъсир кўрсатди. Эвакуация қилинган аҳолини жойлаштириш ҳисобига шаҳар аҳолисининг сони кўпайди. Мисол учун, уруш давом этаётган ҳудудлардан 1,5 миллион киши, жумладан, 250 мингдан ортиқ болалар кўчириб келтирилган эди. Агар 1941 йилда Тошкентда 470 минг аҳоли яшаган бўлса, эвакуация натижасида пойтахт аҳолиси қисқа вақт ичида 1 миллион кишига етган. Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, аҳоли озиқ-овқат етишмовчилигидан азият чекаётган бир паллада, кўчириб келтирилганларни жойлаштириш ҳамда моддий жиҳатдан ёрдам кўрсатиш қийин кечган. Шу боис 1942 йил 2 январда Усмон Юсуповнинг Ўзбекистонга кўчирилиб келтирилган болалар ҳамда ҳарбий хизматчиларинг оила аъзоларига ғамхўрлик қилиш борасидаги таклифини кўпчилик қўллаб-қувватлаган бўлсада, баъзи аҳоли қатламлари орасида уларга нисбатан «ёмон кўриш ҳисси» пайдо бўлганини айтиб ўтиш жоиз.

Республика колхозларида урушнинг биринчи йилиданоқ меҳнатга яроқли бўлган эркаклар сони 32 фоизга камайиб кетди. Агар қишлоқлар миқёсида оладиган бўлсак, эркаклар улуши 1944 йил 1 январда 44,1% га камайган. Ҳолбуки, 1939 йилги аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, эркаклар улуши умумий қишлоқ аҳолисининг 51,7% ни ташкил этган эди. Аҳолининг асосан 18 – 54 ёшлилар гуруҳи орасида камайиш содир бўлган.

Қишлоқ аҳолисининг қисқаришига асосан қуйидаги омиллар сабаб бўлган:

қишлоқ аҳолисини ҳарбий рўйхатга олиш ва чақирув комиссиялари орқали армияга сафарбар этилиши;

саноат ва қурилишга аҳолини оммавий сафарбар қилиш;

немис истилосидан озод қилинган ҳудудларда аҳоли сафарбар қилинди;

қишлоқларда яшовчи аҳоли қайта реэвакуация қилинган.

Арихив ҳужжатларида Ўзбекистон аҳолисининг умумий сони 1945 йил 1 январь ҳолатига кўра 5 196 973 кишини ташкил этгани ҳақидаги маълумотлар мавжуд. Шундан шаҳар ва қишлоқ аҳолисининг ижтимоий таркиби ҳисобланганда, шаҳар аҳолиси учун 1 698 938, қишлоқ жойлари учун 3 498 035 кишидан иборатлиги аниқланган. Маълумки, эркакларнинг меҳнатга қобилиятли қисми фронтга кетганидан сўнг, оилани таъминлашдаги асосий оғирлик аёллар зиммасига тушган. Шу сабабли ҳам республиканинг турли ҳудудларидаги саноат корхоналарида кўплаб аёлларни учратиш мумкин эди. Агар урушдан олдин республика саноат ишчи ва хизматчилари умумий сонининг 34 фоизи хотин-қизлардан иборат бўлган бўлса, 1941 йилга келиб уларнинг сони 50 фоизга кўпайди, 1943 йилда эса 63,5 фоизга етди. Улар тракторчилик, металлга ишлов бериш, пайвандлаш ва шу каби оғир касбларни ўрганишган. 1944 йилда аёллар Совет иттифоқи бўйича барча меҳнатга лаёқатли колхозчиларнинг 80 фоизини ташкил этган. Баъзи республикаларда аёлларнинг улуши ундан ҳам юқори бўлган. Масалан, Ўзбекистонда 1944 йил 1 январь ҳолати бўйича аёлларнинг сони 671,3 минг кишини ташкил қилиб, РСФСРдан сўнг иккинчи ўринда турган.

Уруш йилларда очарчилик, турли касалликларнинг авж олиши натижасида шаҳар ва қишлоқ аҳолиси оғир аҳволда қолди. Озиқ-овқат муаммоси пайдо бўлди. Шундай шароитда ҳам қишлоқ аҳолиси пахта етиштиришни камайтирмасдан, нафақат шаҳар аҳолисини, балки армияни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мажбуриятини олди. Душман томонидан баъзи ҳудудларни вақтинча босиб олиниши натижасида ҳар йили импорт қилинган 600 минг тоннагача нонни истеъмол қилган ўзбек халқига эндиликда «ўзини ўзи озиқ-овқат билан таъминлаш» вазифаси қўйилди. Вазият оғир бўлишига қарамай пахтачилик республикада қишлоқ хўжалигининг етакчи йўналиши сифатида сақлаб қолинди. Иқтисодий алоқаларнинг узилиши, қишлоқ ишлаб чиқарувчи кучларининг заифлашиши деярли ҳамма соҳада тежамкорлик режимига ўтишни талаб қилди. Шундай шароитда аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш учун рационли озиқ-овқат тақсимоти жорий этилди. Ишчилар ва уларга тенглаштирилган шахслар, ходимлар ҳамда 12 ёшгача бўлган болалар учун табақалаштирилган таъминот меъёри жорий этилди. Қишлоқ аҳолисининг аксарияти марказлашган давлат озиқ-овқат маҳсулотлари таъминотидан маҳрум эди. Фақатгина тақсимот қишлоқ зиёлилари (ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, агрономлар, чорвачилик мутахассислари, уруш ногиронлари) учун амал қилди. Озиқ-овқат жамғармаларининг чеклангани боис давлат томонидан бериладиган рацион ҳамманинг ҳаётини таъминлаш учун етарли бўлмай, аҳолининг ярмидан кўпи умуман рацион олмаган. Аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш сиёсати ҳарбий шароитларга қараб белгиланган. Бу эса озиқ-овқат таъминоти соҳасида кескинлашувга олиб келди. Ҳаттоки қишлоқ жойларида истиқомат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларини озиқ-овқат билан таъминланмаслик ҳолатлари ҳам юз берганидан, фронтдаги аскарларнинг мурожаатлари кўпайган.

Республика ҳудудида баъзи етиштирилган маҳсулотлар миқдори жиҳатидан иттифоқ миқёсида олдинги ўринларда бўлишига қарамай (кунжут экилган майдонлар СССРдаги кунжут экиладиган майдонларнинг 50 % ини, шакар ишлаб чиқаришнинг 1/4 қисмини ташкил қиларди), маҳсулотлар аҳоли эҳтиёжи учун йўналтирилмаган. Бундай шароитда қишлоқ аҳолиси очдан ўлмаслиги учун турли хил ёввойи ўтларни истеъмол қилишга мажбур бўлган. Уруш қатнашчиси, тарихчи олим Ҳамид Зиёев ўз эсдаликларида «Нонга кунжара аралаштирилган, ранги тим қора, ёпишқоқ бўлиб, чайнаганда тишдан ажратиш ва ютиш жуда қийин эди. Яхшиямки, қишлоқларда жўхори экиларди. Хонадонларда жўхори унидан қовоқ ва қизилча қўшиб нон ёпилар, бундай миллий маҳсулот ҳукумат чиқараётган нонга нисбатан яхши эди. Буғдой ўраётганлар бошоқни уқалаб, буғдойни еб қорнини тўйғазиб ишлайверарди. Очлик оқибатида ҳовлисини сотувчилар кўп, лекин харидор топиш мушкул эди. Очликдан кунжара еб ўлганларни, кафансиз, уст-боши билан қабрларга кўмилган марҳумларни кўрганман» деб ёзган.

Очлик, қашшоқлик шу даражада бориб етгандики, 1 кг унни катта қозонга солиб, 50 – 60 ишчига атала қилиб берилар, пойабзал йтишмовчилигидан ялангоёқ ёки «оддий қўлбола пойабзал» тикиб олиб кийиларди. Озиқ-овқатнинг етишмаслиги, аҳолининг тўйиб овқатланмаслиги натижасида турли хил касалликларнинг авж олишига ҳам сабаб бўлади.

Бу даврда тиббиётнинг ҳам аҳволи оғир эди. Аҳоли сонига нисбатан солиштирганда 1940 йил ҳолатига кўра ҳар 10 минг кишига бир шифокор тўғри келган. Озиқ-овқат маҳсулотларининг етишмаслиги, тиббий назоратнинг йўқлиги натижасида шаҳар ва қишлоқларда нимжон ва ҳолсиз болалар сони кўпайиб, ўлимлар сони ортган.

СССР ХКСнинг 1941 йил 26 июнь ҳамда 1942 йил 13 апрелдаги қарорлари асосида ишчилар ва хизматчиларга қўшимча иш вақтига рухсат берилиб, таътиллар бекор қилинди. Шунингдек, агар колхозчи бир йил давомида белгиланган мажбурий ишни бажармаса, шахсий томорқадан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Ҳаттоки мактаб ўқувчилари ҳам мажбурий меҳнатга тортилади. Дала ишлари деярли қўл меҳнати билан бажарилиб, кунлик норма 7–8 соат қилиб белгиланган. Чунки қишлоқ хўжалигидаги деярли барча техникалар фронт эҳтиёжи учун йўналтирилган эди. Шу сабабдан шаҳар ва қишлоқ ўқувчилари ҳам пахта далаларига олиб чиқилади. 1941/1942 йил ўқув йилида мактаблардаги ўқувчилар сони 1 194 084 киши бўлиб, совет ҳокимияти булардан тайёр ишчи кучи сифатида фойдаланишга ҳаракат қилган[1].

«Сталин ҳақиқати» газетасининг 1942 йилги сонида «Сен фронтга қандай ёрдам бераётирсан» номли мақола нашр этилган. Унда «Сен агар фронтга астойдил ёрдам беришни истасанг, 2–3 кишини ишини бажар. Кунига 120–150 кг пахта тер. Пахтани мудофаа хомашёси эканини яхши биласан» мазмундаги тарғибот ишлари кучайиб, пахта сиёсат даражасига кўтарилган. Бир кило пахтани йўқотиш – оғир жиноят деб топилиб, ҳаттоки ҳар бир гектар еридан ўрта ҳисоб қанча пахта исроф бўлиши ҳисоблаб чиқилган.

Ҳисоботларда ўқишдан ажралмасдан пахта теришда иштирок этдилар, дейилсада, аслида кўпгина мактабларда ўқувчилар дарсга боришмаган. Шу сабабдан ҳам 1942/43-ўқув йилининг охирига келиб республикага умумтаълим ўқув режаси атиги 77 фоизга бажарилган, 247,6 минг мактаб ёшидаги болалар ўқитилмай қолган. Қори Ниёзийнинг маълумот беришича, 1944 йил июлда катта қишлоқларда, қишлоқ ёшлари учун кечки мактаблар ташкил қилинган. Уруш йилларида вужудга келган бу мактаблар уруш вақти шароитида ёшларнинг ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқиши мақсад қилинган эди. Бироқ ушбу мактабларда ўқитувчилар, дарсликлар ва ўқув қўлланмалари етишмаган.

Шунингдек, шаҳар ва қишлоқ аҳолисига пенсия тайинлаш борасида ҳам номутаносиблик бўлиб, пул миқдори оилада меҳнатга лаёқатли ва лаёқатсиз оила аъзолари сонига қараб белгиланган. Қишлоқ жойларида турадиган ва қишлоқ хўжалигига боғлиқ бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларига ёрдам шаҳарда турувчилар учун белгиланган ёрдамнинг 50 % миқдорида бўлган. Қишлоқ ногиронлари шаҳар ногиронларига қараганда анча кам ёрдам олишган. Давлат 1–2-гуруҳ ногиронларига моддий ёрдам кўрсатган ҳолда 3-гуруҳдаги ногиронларнинг ижтимоий таъминотини ўзига олмади. Колхоз аъзолари маблағлари чекланган бўлишига қарамай, уруш ногиронларига ёқилғи захирасини тўплаш, уй-жойларини таъмирлаш ва бошқа масалаларни ҳал этишда кўмаклашган.

Хуллас, Иккинчи жаҳон уруши Ўзбекистоннинг демографик ҳолатини тубдан ўзгартириб, аҳолининг ўсиш даражасига ҳамда унинг таркибига таъсир кўрсатди. Меҳнатга лаёқатли эркакларнинг фронтга жалб этилиши оммавий тарзда аёллар ва мактаб ёшидаги ўсмирларни саноат корхоналари ва дала ишларига тортилишига, узайтирилган иш соатида ишлашга мажбур қилди. Қишлоқ аҳолиси нафақат ўз эҳтиёжи учун ишлашга, балки, армияни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга ҳам мажбур бўлди.

Миршод СИДДИҚОВ,

ЎзФА Тарих институти таянч докторанти


[1] ЎзМА, Р-1619-жамғарма, 11-рўйхат, 861-йиғма жилд, 2-7-варақлар.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 12229
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//