Муайян асарнинг мазмун-моҳиятини барча қирралари билан чуқур тушуниш учун унинг ёзилиш тарихи ва сабабини ойдинлаштириш керак. Ўшанда турли тахмин-тасаввурларга берилиш, бирёқлама хулосалар чиқаришга ҳожат қолмайди. “Бобур” видеофильмида Маъмуржон Тўхтасинов томонидан маҳорат билан ижро этилганидан кейин халқимиз орасида фавқулодда шуҳрат тутган ушбу ғазалнинг ҳам қандай шароит ва ҳолатда яратилганидан хабар топсак, ундаги бу қадар бадбинлик ва норозилик, ҳасрат-шикоят оҳангининг сабабини тушунгандай бўламиз. Чунки бешинчи байтни мустасно қилганда, ғазал бошдан оёқ бу дунёда яхшилик йўқ экан, деган тушкун бир кайфиятда ёзилган:
Ким кўрубдур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ?
Кимки, ондин яхши йўқ, кўз тутма ондин яхшилиғ!
Гар замонни нафй қилсам, айб қилма, эй рафиқ,
Кўрмадим ҳаргиз, нетойин, бу замондин яхшилиғ!
Дилраболардин ёмонлиқ келди маҳзун кўнглума,
Келмади жонимға ҳеч ороми жондин яхшилиғ.
Эй кўнгул, чун яхшидин кўрдунг ямонлиқ асру кўп,
Эмди кўз тутмақ не, яъни ҳар ямондин яхшилиғ?
Бори элга яхшилиғ қилғилки, мундин яхши йўқ –
Ким, дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ!
Яхшилиғ аҳли жаҳонда истама Бобур киби,
Ким кўрубдур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ?! [4: 66]
Гап шундаки, Самарқандни биринчи марта олган Бобур, одатга хилоф равишда, қўлдан қўлга ўтавериб, қамаллар азобини торта-торта абгор бўлган шаҳарни талашга йўл қўймайди. Бундан “ожизу бечора халқ” (Аваз) қанча хурсанд бўлса, мўмай ўлжа илинжида келган бек ва навкарлар шунча норози бўлишади. Алал-оқибат, Бобурни ташлаб, Андижонга қайтиб кетишади ва у ерда фитна қўзғаб, ўгай укаси Жаҳонгирни шоҳ қилиб кўтаришади. Буни эшитган Бобур исённи бостириб, онаси ва яқинларини қутқариш ҳамда ота юртини қайта эгаллаш учун Самарқанддан Андижонга йўл олади. Бунинг сабабини унинг ўзи “Бобурнома”да шундай изоҳлайди: “Самарқанд Андижон кучи била олилиб эди. Агар Андижон иликта бўлса, яна Тенгри рост келтурса, Самарқандни иликласа бўлур” [3: 63]. Лекин унинг бу нияти амалга ошмайди. “Андижонға бўла Самарқандни иликдин бердук. Андижон ҳам иликдин чиқмиш эди. Бизга: “Ғофил аз инжо ронда ва аз онжо монда” (“Ғофил бу ердан ҳайдалган ва у ердан ажралган”), дегандек бўлди, – деб эслайди кейинчалик Бобур бу воқеаларни надомат билан. – Бисёр шаққ (қийин – Э.О.) ва душвор келди. Не учунким, то подшоҳ бўлуб эрдим, бу навъ навкардин ва вилояттин айрилмайдур эрдим, то ўзумни билиб эрдим, бу йўсунлуқ ранж ва машаққатни билмайдур эрдим” [3: 64]. Ўзининг айтишича, икки юздан кўпроқ, уч юздан камроқ кишиси билан қолган Бобур Хўжандга келади. Андижонни қайтариб олиш учун Тошкент хони бўлган тоғасидан ёрдам сўрайди. Лекин бу ишдан ҳам бирор натижа чиқмайди.
Бобур Самарқандни ташлаб, Андижонга кетганида пойтахтни тоғаси Султон Маҳмуднинг ўғли Султонали Мирзо эгаллаб олади. Унинг ҳукмдорлигидан норози бўлган Самарқанд беклари яна Бобурга киши юборадилар. Лекин у Самарқандга келгунча онасининг авраши билан ёш шаҳзода Самарқандни Шайбонийхонга жангсиз топширади. Бобур икки ўртада сарсон бўлиб, Кеш сари йўл олади. “Биз шаҳар ва вилояттин маҳрум, борур-туруримиз номаълум” [3: 78], дейди унинг ўзи бу ҳақда. Моддий ва ҳарбий мададга муҳтож Бобурни ҳеч ким қўллаб-қувватламайди. Фон деган мавзеда тўхтаб, Фон малики ва Ҳисор беги Хусравшоҳдан умидвор бўлади. Афсуски, саховат ва одамгарчиликда донг чиқарган, Ҳусайн Бойқаро унинг мулкига бир қўниб ўтганда 70–80 та отни унга пешкаш қилган Фон малики ўзи келмай, Бобурга бир ориқ отни юборади. Хусравшоҳ эса хабар ҳам олмайди. Шунда Бобур алам билан ёзади: “Бизга етганда саховат била машҳур бўлғон эл хасис бўлур, мурувват била мазкур бўлғон элнинг муруввати унутилур...”
Байт:
Ким кўрубтур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ?
Кимки ондин яхши йўқ, кўз тутма ондин яхшилиғ!
Шу пайтда Бобур ҳасратидан чанг чиқиб, алам-изтироб исканжасида: “Эй кўнгил, бу жаҳон аҳлидан ким яхшилик кўриб эдики, сен кўрар эдинг? Табиатида яхшилиги бўлмаган кимсадан сира яхшилик кутма!” деб ҳайқиради.
Албатта, кейин бу байтни давом эттириб, яхлит ғазалга айлантиради. Унга шоҳ-шоирнинг сарсон-саргардонлик – қазоқиликларда юрган шу даврдаги кўрган-кечирганлари асос қилиб олинган. Табиийки, инсон шахсий бахтсизликлари учун замонни айбдор қилиши, унинг устидан қатъий ҳукм чиқариши тўғри эмас. Ҳадиси шарифда ҳам “Замонни айбламангларки, унинг соҳиби Оллоҳ таолонинг ўзи” [5: 129], дейилади. Буни яхши англаган Бобур умумлаштирувчи хулосадан қочади. “Эй дўст, агарда мен замонни рад этсам, айб қилма, нима қилайки, бу замондан ҳеч бир яхшилик кўрмадим!” деб аслида айбни ўз бўйнига олади:
Гар замонни нафй қилсам, айб қилма, эй рафиқ,
Кўрмадим ҳаргиз, нетойин, бу замондин яхшилиғ! [3: 78–79]
Ҳақиқатан ҳам, бошига бир иш тушса, мард ўзидан, номард эса ўзгадан кўради. Бунга ҳаётдан ҳам, китоблардан ҳам кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Чунончи, Абдулла Қаҳҳорнинг “Сароб” романи қаҳрамонларидан бири, “ишқ ва гўзаллик тантанаси учун туғилган” (Иброҳим Ҳаққул) Мунисхон бахтсиз ҳаётидан тўйиб, жонига қасд қилар экан, бунинг учун бошқаларни айбдор қилмайди. Ўлим олдидан битиб қолдирган хатини “Олам тўла бахт, фақат мен бахтсиз эдим”, деб тугатади. Ўз бахтсизлиги учун буқаламун тақдирни қарғамай, бевафо дунёни лаънатга кўммай, одамларни таъна-маломат қилмай, ҳамма айбни ўзига олиши билан Мунисхон чинакам мардлик намунасини кўрсатади.
Ўйлаб қаралса, бу воқеада “хом сут ичган бандалар” учун катта ибрат бор.
Кейинги байтнинг моҳиятини ойдинлаштириш учун ҳам Бобурнинг шахсий ҳаётига мурожаат қилиш керакка ўхшайди. Гап шундаки, Бобур ҳали беш ёшлигидаёқ амакиси Султон Аҳмад Мирзонинг қизи Ойша Султонбегим билан унаштириб қўйилган эди. Хўжандда турганида Бобур уни никоҳига киритади. Лекин Самарқандни иккинчи марта қўлдан бериб, сарсон-саргардон юрган, “вилоят йўқ, вилоят умидворлиги йўқ, навкар аксар тарқа”ган Бобур онаси билан тоғаси – Тошкент ҳокими Маҳмуд Султондан ёрдам сўраб борганида хон-ку хон, ҳатто бувиси Шоҳбегим, холаси Султоннигор хоним ва бошқа аёл қариндошлар ҳам уларга ҳиммат қўлини чўзмайдилар. Бунинг устига, опаси Розия бегим йўлдан урган хотини ундан талоқ сўрайди. Ҳолбуки, Шайбонийхон истилосидан сўнг ўзидан паноҳ сўраб борганларида Бобур уларни қучоқ отиб кутиб олади, ҳатто Кобулнинг кўзга кўринган вилоятларидан Ломғонни бувисига тортиқ қилади, бошқаларни ҳам турли туҳфалар билан сийлайди. Қариндошлар эса унинг бу яхшилигига жавобан кўрнамаклик қиладилар: Шайбонийхонга қарши биргаликда курашиш учун Ҳусайн Бойқаронинг Бобурни Ҳиротга чорлаганидан фойдаланиб, исён кўтарадилар ва жияни – “илик тебратгунча қувват ва журъати ҳам йўқ” Хон Мирзони тахтга ўтказадилар. Бу фитнанинг бошида бувиси Шоҳбегим ва холаси Султоннигор бегим турар эдилар. Бу ҳақда Бобурнинг ўзи “Бобурнома”да шундай ёзади: “Неча қатла ҳамким, замона ноҳамворлиғидин (нотекислигидан – Э.О.) ва даврон носозкорлиғидан (номувофиқлигидан – Э.О.) ва тахт ва мулк ва навкар ва сафдардин (асли сафдар: ботир – Э.О.) айрилиб, аларға илтижо этдим, онам ҳам борди, ҳеч навъ риояте ва шафқате кўрмадук. Менинг иним Мирзохоннинг ва онаси Султоннигор хонимнинг айн (бу ерда: даромад келтирадиган – Э.О.) ва маъмур вилоятлари бор эди, мен ва онам вилоят худ турсун, бир кент ва бир неча қуш эгаси бўла олмадук. Менинг онам Юнусхон қизи ва мен набираси эмасму эдим?” [3: 151].
Бобурнинг минг бир алам ва изтироб билан маҳзун кўнглимда дилраболардан нуқул ёмонлик келди, бирор оромижондан яхшилик келмади, дейиши, балки айнан бувиси Шоҳбегим, холаси Султоннигор бегим, қайнэгачиси Розия бегим, хотини Ойша Султон бегим ва бошқа қариндош аёллардан етган жабру жафолар туфайлидир. Чунки дилрабо деганда нафақат кўнгилни олган маҳбубалар, балки умуман, яқин кишилар ҳам тушунилади. Қолаверса, Ҳиндистонда Бобурни заҳарлаган Иброҳим Лўдийнинг онаси ҳам шу гўзал қавмга мансуб эди. Маълум бўладики, Бобур аёллар туфайли ҳам озмунча жабр чекмаган. Бундан ташқари, асосий мавзуси ишқу муҳаббат ҳисобланган мумтоз шеъриятда ҳар қандай шикоят мотивлари маъшуқа билан боғлаб ифодаланганини назарда тутсак, байтнинг мазмун-моҳияти янада ойдинлашади:
Дилраболардин ёмонлиқ келди маҳзун кўнглума,
Келмади жонимға ҳеч ороми жондин яхшилиғ.
Бошқа бир ғазалида ҳам ўз кўнглига мурожаат қилиб, ҳар қанча ғариблик исканжасида қолсанг-да, элдан вафо умидвор бўлма, чунки диёрдан ҳам, ёрдан ҳам сира вафо кўрганинг йўқ-ку, дейди:
Ғурбат ичра, эй кўнгул, элдин вафо истарни қўй,
Чун вафосин кўрмадинг ҳаргиз диёру ёрнинг.
“Эй кўнгил, – дейди зор Бобур давом этиб, – яхши кишилардан шунчалик кўп ёмонлик кўрдингки, энди ҳар ёмондан яхшилик кўз тутишдан маъни борми?”
Эй кўнгул, чун яхшидин кўрдунг ямонлиқ асру кўп,
Эмди кўз тутмақ не, яъни ҳар ямондин яхшилиғ?!
Лекин Бобур бағрикенг, меҳридарё инсон бўлган: ўзига ёмонлик қилганларнинг ҳам гуноҳидан ўтиб, қўлидан келганча уларга яхшилик кўрсатган. “Бобурнома”да бу борада кўплаб ёрқин мисолларни учратиш мумкин. Ҳасанхожа Нисорий “Музаккири аҳбоб” китобида ёзишича: “Кимки жаҳонпаноҳ даргоҳида илтижо қилган бўлса, подшоҳнинг инъомидан баҳраманд бўлди ва фазл дастурхони неъматидан қуруқ қолмади. Дарё мисол қўли билан саховат оламига эркинлик берди” [7: 52]. Ҳиндистонни олиб, ҳинд подшоҳларининг бой хазинасини қўлга киритганида-ку, нафақат жангда қатнашганлар, қатнашмаганларни ҳам турли эҳсонлар билан сийлайди; Самарқанд, Хуросон, Қашқар ва Ироқдаги қариндош-уруғларига совға-саломлар йўллайди; Самарқанд ва Хуросондаги машҳур шайхларга, ҳатто Макка ва Мадинага назр-ниёзлар юборади. Ҳар тарафга чопарлар жўнатиб, қариндош-уруғлари, ота-боболарига хизмат қилганлар, умуман, Темур ва Чингизхон авлодидан бўлган барча кишиларни ҳузурига даъват этади. Худо бизга улуғ Ҳиндистон мамлакатини ато қилди, келинглар, то бу давлатни биргаликда бошқарайлик, дейди. Чунки у жаҳонда фақат яхшилик пойдорлигига, одам боласидан фақат яхшилик қолишига ишонган. Шунинг учун ҳам барча элга яхшилик қилки, шундан яхши нарса йўқ, токи дунёда фалон кишидан яхшилик қолди, деб эслаб юрсин, деган ақида билан яшаган:
Бори элга яхшилиғ қилғилки, мундин яхши йўқ –
Ким, дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ!
Футувват аҳли орасида яхшиликка яхшилик – ҳамманинг иши, ёмонликка яхшилик – мард кишининг иши, деган ҳикмат машҳур. Ҳақиқий жавонмардликни амалда намойиш қилган мард ва танти, саховат ва шижоат соҳиби бўлган Бобур ҳам жавонмард ҳукмдорнинг ҳаётий тимсоли эди. Бинобарин, тақдири ҳар қанча оғир кечгани, замон ва одамлардан кўп жабру жафо кўрганига қарамай, Бобурнинг ёмонликка ёмонлик билан жавоб бериши мумкин эмас эди ва унинг бутун ҳаёти бунинг ёрқин исботидир.
Ҳикмат даражасидаги шундай некбин мисралардан сўнг ғазалнинг яна бадбин кайфиятда якунлаши унинг Бобур ҳаётининг сарсон-саргардонликда кечган оғир даврида тугатилганига ишора қилади:
Яхшилиғ аҳли жаҳонда истама Бобур киби,
Ким кўрубдур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ?!
Ғазал тушкун руҳда ниҳоясига етганига қарамай, бу байтда, бир томондан, яхши одам ёмонлар қуршовида қолса, унга кун йўқ, деган фикр илгари сурилган бўлса, иккинчи томондан, “Бобур киби жаҳон аҳлидин яхшилик истама”, дейиш билан бу адолатсизликнинг фақат унинг бошига тушгани, бинобарин, дунё фақат ёмонликдан иборат эмаслиги, аксинча, у яхшилик туфайли пойдорлигига мақтадан олдинги байт далолат қилади.
Замон ва одамлардан шикоят оҳанглари нафақат Бобур, балки барча шоирлар ижодига хос. Машҳур франсуз мутафаккири Люк Вовенарг: “Ҳали ер юзида ўзи яшаган замонадан рози ёзувчи бўлган эмас”, деган эди. Жумладан, Алишер Навоийнинг ҳам “Меҳр кўп кўргуздум, аммо меҳрибоне топмадим”, “Кимга қилдим бир вафоким, минг жафосин кўрмадим” [3: 43] каби кўплаб ғазалларида бу ҳолни кўрамиз. Маълум бўладики, шикоят руҳидаги, бадбинлик кайфиятидаги бундай шеърлар тушкунликка тушишимизга асос бермайди. Ҳар қандай кишининг ҳаёти ҳам гоҳ қувончли, гоҳ ташвишли, халқ таъбири билан айтганда, гоҳ қуёшли, гоҳ булутли кунлардан иборат. Бинобарин, гоҳ некбин, гоҳ бадбин фикр-хаёллар одам боласига ҳамиша хос бўлиб келган. Бобур Мирзонинг “яхшилиғ” радифли ғазали ҳам фикримизнинг ёрқин исботидир. Давр донишманди Иззат Султоннинг “Ўткан кунлар” романининг асосий ғояси “Яхши киши бирор замонда кун кўрмайди!” деган ҳақиқатни айтишдан иборат, деб берган баҳоси айни ғазалга ҳам мувофиқ келади.
Ғазал шунчаки шикоятдан иборат бўлиб қолмай, шоирнинг бадиий жиҳатдан ҳам баркамол шеърлари сирасига киради. У туркий шеъриятда кенг қўллангани жиҳатидан арузнинг туркий вазнлари деб аталадиган ҳазаж, рамал, ражаз ва мутақориб тўртлигидан рамали мусаммани мақсур (фоилотун фоилотун фоилотун фоилун) вазнида яратилган. Унда “жаҳон”, “он”, “замон”, “жон”, “ямон”, “фалон” сўзлари қофия, “-дин яхшилиғ” бирикмаси (“-дин” чиқиш келишиги қўшимчаси ва “яхшилиғ” сўзи) радиф бўлиб келган. Радиф шеърда қофиядан кейин такрорланиб келувчи сўз, сўз бирикмаси ёки гап. Радиф шеърни бошидан охиригача ягона мавзу, бир ғоя, муштарак оҳанг атрофида бирлаштиради, ўқувчи эътиборини бир нуқтага жамлайди. Чунки шоир шеърда қайси фикрга урғу бермоқчи, нимага ўқувчи эътиборини қаратмоқчи бўлса, ўша сўзни радифга чиқаради. Мазкур ғазалда “яхшилиғ” сўзи айни вазифани бажарган.
Радиф орқали ғазалнинг яхшилик мавзусига бағишланганига ишора қилинишида бароати истеҳлол санъатини кўрамиз. Ғазал илк мисрасининг охирги мисрада такрорланиб келиши радд ул-матлаъ санъати ҳисобланади. Бу ғазални бошланган мисра билан якунлашдан иборат шеърий санъат. Кўнгилга ва дўстга мурожаатда (“эй кўнгул”, “эй рафиқ”) нидо санъати мавжуд. Нидо – шоирнинг ўй-фикрлари, туйғу-кечинмаларини кимгадир ёки нимагадир мурожаат қилиш орқали баён этиш усули. У шеърнинг оҳангини ўзгартириб, жарангдорлигини оширади, таъсирчанлигини кучайтиради. Яхшилик ва ёмонлик, яхши ва ёмоннинг ўзаро зид қўйилишида тазод санъати қўлланган. Тазод “зид қўйиш”, “қаршилантириш” маъносини билдиради – ундан ўзаро зид сўзлар, тушунчалар, ибораларни бир-бирига қарши қўйиш орқали фикрни таъсирчан ифодалаш, гўзал бадиий тимсоллар, лавҳалар яратишда фойдаланилади. Замонда, одамларда, гўзалларда, ҳатто яхшиларнинг ўзида ҳам яхшилик йўқлиги ҳақидаги байтлар силсиласида кучайтириб ва бўрттириб ифодалайдиган муболаға ва тасвир давомида бир таърифдан қайтиб, унинг ўрнига янада юксакроқ таърифни келтиришга асосланган ружуъ санъатлари келади. “Ким булардан яхшилик кўрибди?” таъкидида шоирнинг ўй-фикрлари, туйғу кечинмаларини сўроқ шаклида ифодалашига асосланган истеҳфом номли маънавий санъатни ҳам кўрамиз. “Жон” ва “оромижон” сўзларининг кетма-кет қўлланишида сўз такрорига асосланган санъатлардан бири илтизом кўзга ташланади. Яхшидан ёмонлик етганда ёмондан не гина мазмунли байтда икки нарсани ўзаро мувофиқ келтиришга асосланган мутобақа санъати мавжуд. Иккинчи байтнинг “замон” сўзи билан бошланиб, “замон” сўзи билан тугашида сўз такрорига асосланган тасдир санъати ишлатилган. Бунда байт қайси сўз билан бошланган бўлса, ўша сўз билан якунланади.
Мақтадан олдинги “Бутун элга яхшилик қилишдан ҳам яхши иш йўқ – одамлар фалончидан шу-шу яхшилик қолганди”, деб эслаб юрадилар” мазмунидаги байтда шоирнинг ўз фикри исботи учун ҳақиқий, ҳаётий далил келтиришидан иборат мазҳаби каломий санъати бор. Айни пайтда, байт ёки шеърда фикрни панд-насиҳат ёки ҳикмат билан умумлаштиришга асосланган каломи жомеъ маънавий санъати ҳам мавжуд. Фалончидан яхшилик қолди деб яхшини мақтаб эслаб юрадилар, гапида ирсоли масал – масал келтириш санъати ҳам кўриниб турибди. Шоирларнинг у ёки бу фикрларини тасдиқлаш ёки кучайтириш учун кўпинча ўз шеърларида халқ мақол ва маталларига, машҳур ҳикматли сўзларга, эл ичида юрган образли ибораларга мурожаат қилишлари қадимдан бор.
Ғазалнинг бош ва охирги байти – матла ва мақтаси эса чиройли бошлаш ва чиройли якунлашдан иборат ҳусни матла ва ҳусни мақта санъатларининг ёрқин намунасидир. Ғазалда, шунингдек, шеърни бошидан охиригача бир мавзу, бир образ асосига қуришдан иборат лафзий санъат бўлмиш тадрижни ҳам кўрамиз. Лекин матндаги маъно узвийлигини таъминлаши жиҳатидан у маълум даражада ўзида маънавий санъат юкини ҳам ташийди. Бунда ғазал бир мавзуга бағишланиб, байтма-байт ривожлантириб борилади ёки бир образ асосига қурилиб, унинг хусусиятлари бирма-бир очиб берилади. Шу тариқа тадриж ғазалдаги маъно узвийлиги ва фикр яхлитлигини сақлашга хизмат қилади. Бир бутун ғазал эса теран ва серқирра мазмунни содда ва оддий ифодалашдан иборат саҳли мумтанеъ, яъни осону имкони йўқ услубида яратилган. Атоуллоҳ Ҳусайний таъбири билан айтганда, бундай шеърни “айтмоқ осон-у, енгил кўрунур, аммо анингдек қилиб айтмоқ мумкин бўлмас, ё қийин бўлур” [2: 274]. Чунки бу соддалик чуқур билим, кенг дунёқараш, катта ҳаётий тажриба, юксак ижодий маҳорат билан омухта буюк соддалик бўлиб, унга унча-мунча шоир етишолмайди. Бундай шеърларни Шайх Аҳмад Тарозий ўқилиши осон-у, ёзилиши қийин деб лутф этади [6: 89].
Таҳлиллардан маълум бўладики, “Яхшилиғ” радифли ғазал Бобур Мирзо ижодининг гултожи бўлибгина қолмай, ўзбек шеъриятининг ҳам бетакрор дурдоналаридан ҳисобланади.
Эргаш ОЧИЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва
фолклори институте катта илмий ходими, филология фанлари номзоди
“Тил ва адабиёт таълими” журнали, 2024 йил 12-сон.
“Бобур Mирзо ижодининг гултожи” мақоласи
Фойдаланилган адабиётлар
1. Алишер Навоий. Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Мубтало бўлдум санга. – Тошкент: Ўзбекистон, 2013.
2. Атоуллоҳ Ҳусайний. Бадойиъу-с-санойиъ (А.Рустамов таржимаси). – Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1981.
3. Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Бобурнома. – Тошкент: Шарқ, 2002.
4. Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Сочининг савдоси тушти. – Тошкент: Шарқ, 2007.
5. Минг бир ҳадис (араб тилидан Абдулазиз Мансур таржимаси). – Тошкент: Мовароуннаҳр, 1998.
6. Шайх Аҳмад ибн Худойдод Тарозий. Фунун ул-балоға // Ўзбек тили ва адабиёти, 2002 йил, 6-сон.
7. Ҳасанхожа Нисорий. Музаккири аҳбоб (И.Бекжон таржимаси). – Тошкент: Абдулла Қодирий номидаги Халқ мероси нашриёти, 1993.
Адабиёт
Санъат
Адабиёт
Тарих
Санъат
Тарих
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ