Қийин даврлардаги умидбахш кун. Ўзбеклар Янги йил байрамини қандай ўзлаштирди?


Сақлаш
15:32 / 25.12.2024 179 0

 

Ҳозирда болалар орзиқиб кутувчи, у ҳақда ўнлаб фильмлар олинган, деярли бутун сайёра нишонловчи Янги йил байрами атиги бир аср олдин жуда кичик доиралардагина байрам қилинар эди. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам бу байрам фақат 1960 йиллардан оммавий тантана қилина бошланган. Хўш, бу айём қай тариқа ўзбеклар ҳаётига кириб келди?

 

Нега айнан 1 январь?

 

Кўпчилик ўзбекистонликлар Янги йил байрамини Рождество байрами каби христиан дини билан боғлайди. Аслида янги йилни 1 январь санасидан бошлаш анъанаси, насронийлик пайдо бўлишидан анча олдин, милоддан аввалги 46 йилдан амалиётга кирган. Император Юлий Сезар шу йили Рим империясида янги йил энди консуллар сайланган кундан эмас, 1 январь кунидан бошланишини эълон қилган (аслида консуллар ҳам шу кундан лавозимига киришган).

 

Айнан 1 январь танланишига сабаб, январь ойи қадимги Римда кураш ва ибтидо худоси Янос шарафига номланганди. Янос икки юзли қилиб тасвирланган бўлиб, унинг бир юзи ўтмишга, бир юзи келажакка боққан. Шу тариқа римликлар ибтидо худоси шарафига номланган ой йилнинг ҳам ибтидоси бўлишига ишора қилган.

 

Янги йилда совға бериш анъанасини ҳам римликлар жорий қилган. Асосий совға – лавр гулчамбарлари бўлган.

 

Рим империяси қулагандан сўнг, католик черкови турли диний саналарни янги йил куни сифатида белгилашга уринган. Фақатгина 1582 йил папа Григорий ХИИИ бу уринишлардан тўлиқ воз кечган ва ўз календарига Юлий календаридаги каби 1 январни янги йил бошланувчи кун сифатида танлаган.

 

Шу тариқа Григорий календари номини олган ушбу тақвимни қабул қилган мамлакатларда 1 январь йилнинг илк кунига айланган. Ҳозирда дунёнинг деярли барча давлати (Эрон, Афғонистон, Непал ва Эфиопиядан ташқари) Григорий календаридан фойдаланади.

 

Энди ўзбеклар учун ҳақиқий янги йил Наврўз дейдиган инсонлар учун. СССРъда исломий янги йил байрами дея таъкидланиб, тақиқланган Наврўз ҳам аслида исломга алоқадор эмас. Бундан 4 минг олдин қадимги бобилликлар баҳорги ва кузги тенгкунликни ҳисоблаб, уларни Янги йил кунлари деб белгилаган ва Аҳамонийлар улардан бу меросни ўзлаштириб, Яқин Осиёга тарқатган. Ўз навбатида кейинги Шарқ сулолалари қадимги форс шоҳлари тақвимини ишлатган. Шундай қилиб, аслида 21 март – Наврўздан янги йилни бошлаш одати римликлар жорий этган 1 январь анъанасидан қадимийроқ. Демак Наврўз ва 1 январь – шунчаки икки антик халқ: бобилликлар ва римликлар томонидан жорий қилинган икки хил йил ибтидоси санаси.

 

Аҳоли ўта қашшоқ бўлган Ўрта асрларда 1 январь куни байрам сифатида умуман нишонланмаган. Оддий одамлар учун 31 декабрь ва 1 январнинг бошқа кунлардан ҳеч қандай фарқи бўлмаган. Асосан аристократ доираларида Янги йил куни муносабати билан балл ва тадбирлар уюштирилган.

 

Ўзбек давлатлари Юлий ва Григорий календаридан фойдаланмагани учун уларда янги йил умуман 1 январга боғланмаган. Фақатгина СССР таркибига киргач, умумиттифоқ доирасида ЎзССР ҳам Григорий тақвимига ўтган ва жумҳуриятда Янги йил байрами ўтказила бошланган.

 

Янги йил байрами Ўзбекистонда

 

СССР ҳукумати дастлаб Наврўз каби Янги йил кунини ҳам диний байрам деб ҳисоблаган ва уни атеистик сиёсат сабаб тақиқлаган. Большевиклар Янги йилни буржуазия, феодаллик сарқити дея атаган.

 

Бироқ, 1935 йилда СССРъда атеистик сиёсат мўътадиллашиши натижасида, Янги йил байрами илк бор нишонланган, лекин у ҳам оммавий равишда бўлмаган. Байрамни «советлаштириш» учун унга советча унсурлар: қорқиз, «оливе» салати, шампань виноси, мандарин ва курант бонги қўшилган.

 

Расман рухсат берилган бўлсада, СССР аҳолисининг катта қисми Янги йил байрамини нишонламасликни давом эттирган. Чунки, 1930-1940 йилларда мамлакатда маҳсулотларнинг карточка тизими мавжуд бўлиб, Янги йилда дастурхонни безаш уёқда турсин, кунлик эҳтиёж учун ҳам маҳсулот топиш қийин бўлган. Янги йил байрами одатда давлат идораларида, қорбобо иштирокида оддий тадбир шаклида ўтказилган.

 

Ўзбекистон ССРъда ҳам бутун СССРдаги каби Янги йил 1935 йилдан нишонлана бошланган. Республикада ўтказилган Янги йил байрамига доир расмларнинг энг эскиси 1936 йилга оид. Демак 1935 йилда Ўзбекистонга Янги йил байрами расман кириб келган.

 

1936 йил 31 декабрь. Намангандаги мактабда Янги йил байрами

 

Иккинчи жаҳон уруши йилларида Янги йил байрами фуқаролар руҳиятини кўтариш учун шаҳарлар марказига катта арчалар ўрнатиш билан тантана қилина бошланади.

 

1947 йилда СССРда нафақат карточка тизими бекор қилинади, балки 1 январь дам олиш куни этиб белгиланади. Бу фуқароларга Янги йил байрамини уйда ўтказиш имкониятини яратади ва байрамни нишонлаш анъанаси кенгая бошлайди.

 

Тошкентликлар Романовлар саройи олдига ўрнатилган арча атрофида Янги йилни нишонламоқда. 1940 йиллар

 

Аммо Янги йил барибир шаҳар аҳолиси байрами бўлиб қолаверади, чунки СССРда Янги йил рамзларидан бўлган маҳсулотлар — «оливе» салати, мандарин ва колбасани шаҳарларда ҳам топиш мушкул эди, қишлоқларда уларни эса қидиришдан маъно бўлмаган.

 

Ўзбекистон ССРъда, Янги йил шаҳар байрами эканлиги, айниқса, яққол сезилган. Чунки айнан шаҳарларда руслар ва бошқа халқлар диаспораси кўпроқ бўлган ва улар Янги йилни нишонлаш одатини нисбатан тез ўзлаштирган. Қишлоқ аҳолиси эса ўзлари учун янги бўлган байрамни қийин қабул қилган.

 

1947-1949 йилларда Тошкентда Янги йил муносабати билан артиллерия тўпларидан ўқ ҳам узилган

 

1950 йиллар охири 1960 йиллар бошидан вазият ўзгаради. Хрушчёвнинг «илиқлаштириш» сиёсати доирасида шахсий ҳаёт ва шахсий байрамлар ҳуқуқи нафақат тан олинади, балки расмий мафкуранинг бир қисмига ҳам айланади. Энди ҳукумат Янги йил байрамни пропаганда қилишни бошлайди. Қолаверса, шу даврдан мамлакатда шаҳар аҳолисининг салмоғи қишлоқ аҳолиси улушидан ошиб кетади.

 

Алишер Навоий театри олдига ўрнатилган Янги йил арчаси. 1959 йил. 1950 йилларда Ўзбекистон ССРнинг бош арчаси айнан Навоий театри олдига ўрнатилган

 

Ўзбекистонда ҳам Янги йил байрами 1960 йиллар охиридан, ниҳоят, кенг омма орасида тантана қилина бошланади. Пропаганда доирасида колхозларда ҳам Янги йил оқшомлари уюштирилади. Одамлар 31 декабрь тунида Янги йил дастурхонини безашни одат қилиб олади.

 

Ҳозирги Cэнтрал Парк (собиқ Мирзо Улуғбек) боғидаги Янги йил сайлида чанғи учаётган инсонлар. 1970 йиллар

 

1970 йилларда Янги йил энди ҳақиқатдан узоқ кутилувчи байрамга айланади.

 

Чунки «турғунлик даври»да СССРда озиқ-овқат маҳсулотларининг ўткир танқислиги кузатилган, иқтисодий инқироз чуқурлашган ва ҳукумат ҳар қандай байрамдан пропаганда мақсадида фойдаланган. Масалан, 1970 йиллардан сўнг СССРъда Янги йил олди мандарин ёки колбаса учун узун навбатлар юзага келган, уларни топиш чинакам муаммо бўлган. Одамлар фақатгина шу байрамда турли камёб, деликатес маҳсулотларни сотиб олган. Ҳеч қандай сиёсий митингларсиз байрам қилган (9 май ва 17 ноябрдан фарқли ўлароқ), бир неча кунга оғир меҳнат ва яшаш шароитни унутган. Шу боисдан ҳам кишиларда Янги йил байрамни кутиш одати шаклланган дейиш мумкин.

 

«Тошкент» меҳмонхонаси олдидаги арча ва салютлар. 1973 йил 31 декабрь

 

 

Самарқанддаги Янги йил сайли. 1978 йил

 

Қорбобо ва қорқиз Янги йил байрамида. Тошкент 1986 йил

 

Ҳозирги Халқлар дўстлиги саройи олдида ўрнатилган Янги йил арчаси. 1985 йил

 

Собиқ Ленин (ҳозирги Мустақиллик) майдонидаги Янги йил арчаси. 1986 йил

 

Нурота шаҳридаги байрам арчаси. 1988 йил

 

ХХI асрнинг илк Янги йили. Тошкент. 2000 йил

 

 

Мустақилликнинг дастлабки оғир йилларида ҳам Янги йил инсонларга умид бағишловчи байрам бўлиб қолади. Одамлар учун бу байрам яқинлар билан кўришиш, тансиқ таомлар тайёрлаш ва хурсандчилик қилиш рамзига айланади. Ҳозир ҳам Янги йил байрами, аввало, оила даврасида нишонланувчи байрам сифатида кўрилади ва турли мазали егуликлар билан уйғун ўтказилади. АҚШ ва Европа мамлакатларида Янги йил мўъжизалар байрами ҳисобланса, собиқ совет давлатларида бу тантана умидбахш байрам (кун) ўлароқ шаклланган.

 

Муҳаммадқодир Собиров

Oyina.uz

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17366
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//