Машҳур “бевафо хотин”лар: улар нафратга лойиқми, шафқатга?


Сақлаш
15:48 / 24.12.2024 538 0

Ижтимоий тармоқларда китобхонликка оид гуруҳларда баъзан шундай мазмундаги изоҳларни учратиб турамиз: Анна эрига хиёнат қилган, уни ўзбек қизларимиз ўқимаслиги керак, “Бовари хоним енгилтак аёл, француз романлари эса ахлоқсиз, “Улар ўлимга муносиб эди ва ҳоказо. Табиий савол туғилади: нима учун садоқатли аёллардан кўра “бевафо хотинлар жаҳон адабиётидаги таниқли образларга айланиб улгурди? Агар улар шунчалик зарарли экан, нега адабиётшунослар томонидан ўқилиши зарур бўлган муҳим асарлар рўйҳатида туради? Нега ҳалигача бу образлар ҳақида илмий ишлар қилинади? Албатта, вафо ва хиёнат мавзуси адабиётнинг мангу ва ажралмас қисмидир, у шубҳасиз, инсонлар ўртасидаги муносабатларни ўрганишга ёрдам беради; ёлғон, алдовнинг қандай оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигини кўрсатади. Хусусан, аёл образларнинг оиласига хиёнат қилиш сабабини чуқур илдизларини ўрганади, бунга жамиятнинг таъсири қай даражада эканини таҳлил қилади, ўқувчини мулоҳаза қилишга ундайди. Демак, ҳукм қилишдан аввал бунинг сабабларини ўрганиш фойдадан ҳоли бўлмайди.

 

Хўш, “бевафо хотин образи адабиётга қачон кириб келди? Унинг шаклланиш тарихи қадимийми? Ҳа, мифологияда ҳам хиёнаткор аёллар образлари йўқ эмас. Юнон мифологиясидаги Пандора ҳар қандай хиёнаткор аёлнинг архетипи сифатида кўрилади. У Пандора қутисини очиши билан инсонлар дунёсига ўлим ва ёмонликлар кириб келган. Шундан сўнг у хиёнат ва айбдорлик рамзига айланган. Лилит ҳам мифологиядаги машҳур аёл образ бўлиб, у Одамни ташлаб кетиб, иблис билан иттифоқ тузгани айтилади.  

 

Адабиётда хиёнаткор аёл образлари турли жамият ва даврлар контекстида шаклланиб, адабиётшуносликда муҳим роль ўйнайди. Шекспирнинг Дездемонаси хиёнат мавзусида классик образ намунаси бўлиб, у аслида асар давомида эрига хиёнат қилмайди, бироқ шубҳага олинади. Ўрта асрларда хиёнаткор аёл образлари доимо иккинчи даражадаги образ бўлиб қолди. XIX-XX асрга келиб эса у бош қаҳрамон даражасига кўтарилди. Бу образлар шубҳасиз, Анна Каренина ва Эмма Бовари эди.