Абдували Қутбиддиннинг сирли дунёси – бир шеър таҳлили


Сақлаш
11:12 / 23.12.2024 76 0

Шеърият сўз воситасида образли фикрлашдир. Ҳар бир даврнинг шеърияти ва уни яратган ижодкорлар бошқа даврлардан ана шу образли фикрлашдаги ўзгачалик ила фарқ қилади. XIX аср охири, XX бошларида Ғарбда вужудга келиб, дастлаб теология ва фалсафада бўй кўрсатган, кейинчалик санъатнинг барча турларига кириб келган модернизмнинг туб моҳиятида ҳам ўзигача бўлган санъатдаги қарашларни инкор қилиб, янгича фикрлаш, салафлардан кўра яхшироқ гап айтишга интилиш ётади.

 

Модернизм ижтимоий ҳаётнинг деярли барча соҳаларида устувор қараш бўлган даврда инсоният икки катта миқёсдаги урушни бошдан кечирди. Атиги бир неча ўн йиллар олдин санъат ва саноатдаги катта инқилоблар сабаб ҳаттоки “худоликка даъво қилган” инсон бу икки урушдан кейин анча “ювош тортиб қолди”. Энди инсоннинг талаб ва даъвоси ташқи дунё – олами суғрога эмас, балки ички дунёси – олами куброга эврилди. Бу эврилиш натижасида санъатнинг барча турлари ўз кўзгуларини инсон қалбига қаратди.

 

Ўзбек модерн шеърияти эса “янгиланиш” маъносида Чўлпон, Усмон Носирдан бошланади. Минг йиллар давомида ўзгармай келган қолиплар (арузда ёзиш, ғазал, туюқ, қитъа каби шеърий жанрларда ижод қилиш) ўзгаришга юз бурди. Бироқ ўша даврдаги мавжуд тузум сиёсати ўзбек адабиётини қайсидир маънода дунё адабиётидан узилиб қолишига сабаб бўлди. ХХ асрнинг 80 йилларидаги “сиёсий юмшоқлик” унинг яна жаҳон айвонига бўй чўзиб қарашига имкон берди. Айни шу давр ўзбек шеъриятида Рауф Парфи, Ҳалима Худойбердиева, Усмон Азим, Шавкат Раҳмон, Йўлдош Эшбек сингари 70 йиллар авлодини, Баҳром Рўзимуҳаммад, Абдували Қутбиддин, Фахриёр (Фахриддин Низомов), Азиз Саид каби 80–90 йиллар авлодини етиштириб берди. Ғарбда деярли юз йилга яқин вақт мобайнида санъат ва фалсафада ҳукм сурган модернистик ва постмодернистик ғоялар 80–90 йиллар ўзбек шеъриятида баробар бўй кўрсатди. Бу давр ижодкорлари асарларидаги бош ғоя ўзликка қайтиш, худони таниш, эрк, халқни чуқур уйқудан уйғотиш каби тушунчалар асосида шаклланди.

 

Айни шу давр ўзбек шеъриятининг забардаст вакили Абдували Қутбиддин ижоди бугунгача муносиб тадқиқ қилинган эмас. Шоир шеърларини ўқир экансиз, унинг жуда кўплаб диний-фалсафий адабиётлардан хабардорлигини, халқ оғзаки ижодининг етук билимдони эканини, ижоди бошдан оёқ эзотерик билимлар билан суғорилганини чуқур англайсиз. Шоир вазн ва қофия, бадиий санъат сингари шеърий унсурлар эмас, балки табиий тушунча ва тафаккур тарзини ҳам қолипларидан чиқариб, бутунлай бошқа ўзанларга солиб юборади. Унинг сатрларини ўқир экансиз, қандайдир илоҳий куй, сеҳрли эртак қулоғингизга аста оқиб киргандек бўлади. Биз қуйида унинг биргина шеърини таҳлил қилишга уриниб кўрамиз:

 

Кўзимдан ўпиб қўй, Осима!

Сенга олма бергум мағз-мағзи олтин.

Тишласанг, тишларинг ҳаммаси тилла,

Лабларинг ёлқин...

 

Кўз инсоннинг энг асраб авайлайдиган, қадрли узви. Халқнинг “кўз остига олмоқ”, “кўзининг остига босмоқ”, “кўз қорачиғидек асрамоқ”, “кўздек яқин” сингари иборалари ана шу сабаб билан бевосита алоқадор. Демак, шоир суюклисига “Агар менинг кўзимдан ўпиб қўйсанг, сенга мағзигача олтин бўлган олма бераман, уни тишлаган тишларинг ҳам олтинга айланиб, лабларинг нур сочади”, демоқда. Халқ қўшиқларидан маълумки, олма севги рамзи. Кейинги мисраларда шоир суюклисига сайраса бўғзидан гавҳар тушадиган, бир қаноти атиргул, бир қаноти нилуфар бўлган сеҳрли каклик ваъда қилади:

 

Хоҳласанг бераман сеҳргар каклик,

Сайраса бўғзидан тушади гуҳар.

Унинг бир қаноти атиргул,

бири нилуфар.

 

Юқоридаги каби сайраганда ажиб ҳолатлар юз берадиган, қанотларида ҳам ўзгачалик бўлган каклик, кўкқуш, булбулигўё образлари ҳам халқ эртакларида тез-тез учраб туради. Шоир ўз эртаклар оламида яшар экан, суюклисига яна шундай дейди:

 

Истасанг зумуррад тароғим сенга,

Сочингни тарасанг ярмиси зумрад.

Силасанг қўлингу бармоғинг бўлгай

ложувард.

 

Шу пайтда ўз оламида яшаб, ёрига олма – чин муҳаббат, сеҳрли каклик – орзу ва умид, зумрад тароқ, гўзал ҳаёт кечириш воситаси (бизнингча)ни тортиқ қилаётган шоирнинг хаёлларини суюклисининг гапи тўзғитиб юборади. У бир зумда еттинчи осмондан ерга зарб билан тушади.

 

... – Эшикни ёп, – дейсан,

– Совуқ-ку, ахир.

Бошим оғрияпти, бошим.

 

Энди ҳамма нарса ўз ҳолига қайтади. Сеҳргар каклик ҳовлидаги товуққа дўнади. Дарахтдан эса охирги олмалар узилиб тушади:

 

Уҳ тортиб ойнадан ғижирлар совуқ,

Аёз ишқаб ўтар эшикка бетин,

Қуқулаб юборар ҳовлида товуқ.

Дарахтдан узилиб тушади олма –

Олма – олтиннн,

Ол-тиннн,

Дооо-о-дей...

 

Ташқаридан уҳ тортиб ғижирлаган совуқ, эшикка юзини сураётган совуқ, қуқулаган товуқ шоирга ўзга оламда эмас, мана шу дунёда яшаётганини уқдиради.

 

Сусамбил каби макон исташ, бир тупуриб боғларни гулзорга айлантириш иштиёқи Абдували Қутбиддиннинг кўплаб шеърларида учрайди. Аслида ҳақиқий шоир доимо айни дамдаги ҳолидан мамнун бўлмайди. У элнинг, одамларнинг бахтли бўлишини, шу қаторда ўзини ҳам улар қаторида кўришни истайди. Унинг шеърларидаги орзу-умидлари, истаклари қуйидаги халқ қўшиғидаги сўзлар билан бир нуқтада кесишади:

 

Масжид бўлса, мадраса,

Ўртасида йўл бўлса...

Бир одил подшо бўлса,

Ҳар ким суйганин олса!

 

Абдукамол Абдужалилов,

ЎзФА Ўзбек тили, адабиёти ва

фольклори институтининг таянч докторанти

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 14441
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//