Ўзимиздан чиққанига нима етсин – Эркин Аъзамнинг «Гонолулуга элчи» асарига тақриз


Сақлаш
10:15 / 23.12.2024 65 0

Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Эркин Аъзамнинг насрини жуда ёқтираман. Тили шу қадар гўзал ва кинояли, қаҳрамонлари шу қадар ҳаётий ва оригинал. Ҳикоя ва қиссаларини чин маънода мириқиб ўқиганман. Ишонаверинг, бунақа равон услуб, бунақа оҳангдор ва ихчам наср жуда тақчил. Яқинда адибнинг «Гонолулуга элчи» асарини мутолаа қилдим. Ҳали янги асар экан, икки йил олдин ёзилган. Воқеалар ҳам яқин тарихда, истиқлолнинг илк йилларида содир бўлади. Афтидан, тўлақонли воқеий қисса. Фақат ундаги образлар ўзгача номлар билан тилга олинади. Шуниси билан қизиқ аслида.

 

Сюжет ҳақида яккам-дуккам гапирадиган бўлсак, қадрдон дўстлар саналмиш олти ижодкорни турли мамлакатларга элчиликка юборишга қарор қилишади «Яхшида, ўзимиздан чиққанига нима етсин!» Уларга тил ўргат, турли ижтимоий-сиёсий мавзуларда мақолалар ёздир, дипломатия сирларини тушунтир ва ҳоказо дегандай. Аммо ҳафсалангизни бироз пир қилишим мумкин: ҳар қанча тадорик кўрилмасин, Парижу Лондон талашилмасин, алалоқибат олтовлоннинг ҳеч бири элчилик рутбасига эга чиқмайди. Эски ҳаммом, эски тос.

 

Хўш, охирида барибир ҳеч ким элчиликка тайинланмас экан, асарнинг нимаси қизиқ дейсизми? Лўнда айтганда, жараён қизиқ, одамлар қизиқ, уларнинг феъл-атвори ҳамда ўша давр қизиқ. Қаҳрамонларнинг лақаблари ҳам қизиқликда қолишмайди: Олотий, Жонжонбоев, Шаҳарлик, Манчибой, Жанубий, Олтинчи, Етимча, Ака…

 

Қолаверса, саҳифалар орасида баъзан-баъзан ўша йиллар муҳити тасвирига ҳам дуч келасиз. Масалан, Ака олтовлон қошида ҳазил-мутойиба қилади. Аввалига азбаройи Аканинг ҳурмати ҳиринглаб турганлар, жиддийроқ аския янграганда жим қолишади. Муаллиф бу ҳолатни мана бундай шоирона ифода этган: «Бунисига ҳам баралла кулмоққа журъат қилмадик. У кезларда ҳали нимага кулиш, нимага кулмаслик аниқ эмас эди».

 

Муаллифнинг силлиққина кинояларини ҳам айтмоқ жоиз. Элчиликка тайёрланаётган олтовлонга сиёсий мавзуда биттадан мақола ёзиш синови кўндаланг бўлади. Табиийки, барча бор салоҳиятини ишга солиб қалам қитирлатади. Аммо якунда Бош ҳакамга келиб-келиб ичларида энг қалами тўмтоғи Манчивойнинг мақоласи маъқул келади. Ровий бу ҳолатни қуйидагича ифодалаган: «Таажжуб ойнагини тақиб мақола тадқиқига киришганимизда маълум бўлдики, бор-йўғи тўрт бетли матнда саккиз ўринда хатбоши «Маълумки» деган мажҳул, ночор аниқловчи билан бошланар экан. (Шунчаси «маълум» экан, ёзиб нима қилардинг денг!) Бунисини майли десак, мақолада сийқа, умумий мулоҳазалардан бошқа ҳеч гап йўқ… Бор! Бор! Бизларнинг «янгича» мақолаларимиздан фарқ этароқ, у Ватанбошидан бошланиб, Ватанбоши билан якун топарди. Саволлар бўлса, айтинг!» Таниш услуба? Ҳануз шунга ўхшаш «серсув» мақолаларга кўзингиз тушаётган бўлса ажаб эмас.

 

Аммо қиссага «пессимистик» тамғасини уришга шошилманг. Майли, қаҳрамонларимизга дунёнинг олти бурчагига ёйилиш насиб этмагандир, лекин ҳеч ким бахтсиз бўлгани ҳам йўқда. Кимдир хорижга кетди, кимдир мойлигина идорага илашиб олди, кимдир ном-нишонсиз таҳририятга «сургун» қилинди… Сираси, ҳеч ким бебахт қолиб кетмади. Ошначилик дегани ҳамон ўша-ўша, йиғилиб ошхўрлик қилиш ўша-ўша. Бундан ортиқ бахтли якун жуда ҳақиқатдан узоқ бўларди ахир.

 

Қадрли китобхон, икки энликкина тақризда ҳаммасини айтиш имконсиз. Хулоса шуки, мазкур қисса равон тилда ёзилган, юмор ва сатира омихта қилинган, давр манзарасию одамлар портрети мусаввирона чизилган. Асарни ўқиркансиз, худди Қўқон ҳолвасининг тотидан баҳра олаётгандай, Паркент узумини битта-битта оғизга отаётгандай, Жиззах сомсасини паққос тушираётгандай роҳат туясиз. Орасида роҳатижон кўкчойни айтмай қўяверая! Миллий адабиёт деганимиз шу эмасми аслида?

 

Шоҳрух УСМОНОВ

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 14442
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//