Бугун Нардуғон куни. У Эрон ва Турон халқларининг қишки янги йилини билдирган


Сақлаш
16:47 / 21.12.2024 16 0

Болажонлар йил бўйи кутадиган Янги йил байрамининг туркий халқлар тарихи билан боғлиқ жиҳатлари ҳам бор. Албатта, бу байрам туркийларнинг кашфиётидир, дейишдан йироқмиз. Агарда биз турли халқларга хос миф (асотир) ва афсоналарга қарасак, уларда ғайритабиий мавжудотларнинг мавжудлиги, кеча ва кундуз, қиш ва ёз ёки улар ўртасидаги курашларга тўла манзараларни кўрамиз. Янги йил, Наврўз байрами ҳам ана шундай курашлардан кейин Қуёшнинг ғолиб келгани ва янги кун, янги эра бошланганига инсонларга ишора бериб, уни ўйин-кулгу, шўх-шодонлик ва қувонч билан нишонлашга ундаган анъанавий маросимлардан ҳисобланади. 

 

Туркий халқларнинг янги йили деганда дарров ақлга Йилбоши – Наврўз келади, бироқ у баҳорда нишонланадиган байрам. Қишда байрам қилинадиган Янги йил эса Нардуғон байрами деб аталади. Ушбу байрам аслида туркий ва мўғул халқларининг муштарак байрамидир. У йилнинг энг узоқ туни 21 декабрдан 22 декабрга ўтар кечасида нишонланган. Аслида бу байрамнинг келиб чиқиши ҳам шумерликларга боғланиб, улар орқали ҳиндларга, ҳиндлардан эронликларга ва сўнгра туронликларга ўтган деб қаралади. Қадимги туркларнинг диний ишончларига кўра, кеча ва кундуз доимо курашда бўлиб, энг узун кеча 21 декабрь ва ундан кейин кунлар узаяди. Бу даврдан кейин чиққан тўлиной янги йилнинг биринчи ойи деб ҳисобланган. Бу кеча эроний халқларда Ялдо туни (кечаси) дея аталиб, у тунда форс подшоҳларининг улуғворлиги куйланган Фирдавсийнинг “Шоҳнома” асари ўқилган. Қадимги Эрон афсоналарига кўра бу кун қуёш худоси Митра туғилган кун сифатида улуғланган. Шу куни Митра дунёга келиб ёвузликларни енгиб, инсонларга меҳр улашган. Ялдо туни ёки Нардуғон байрами кечаси маросим емаклари сифатида эса шу куни барака ҳамда қуёш рамзи саналган тарвуз ва анор, шунингдек, хурмо ва қуруқ мевалар истеъмол қилинган. 20 декабрда эса зардўштийларда Чилла кечаси деб аталган байрам ҳам бўлган.

 

Нардуғон байрамининг номига келсак, у икки ҳил талқин қилинади: биринчиси “нар/нор” – анор дарахти билан боғланиб, барака ва ҳаёт оғочи деб қаралиб, уни безатиб, атрофида айланиб ўйин-кулгу қилинган. Иккинчиси эса мўғул тилида “нар” сўзи қуёш маъносини бериб, “офтоб туғилган кун” деганидир. Қуёш турк ва мўғул халқларида ёвузликларга қарши курашган, одамларни ёвуз руҳлардан узоқлаштирган ва ҳузур келтирган катта жисм дея улуғланган. Шунинг учун ҳам исломдан олдинги инончларда туркий аждодларимизнинг унга топинганларини кўришимиз мумкин. Бу байрам кўплаб туркий халқларда ҳозиргача нишонланиб келинади. Татарларда “қояш туған/гунаш туға”, чувашларда “нартаван”, бошқирдларда “мардуган” номлари билан аталади.

 

Турклар ягона тангрили динларга кирмасидан олдинги мифологик қарашларида  дунёнинг марказида оқ қарағай дарахти жойлашгани ва дарахтнинг бир учида тангри Улген ўтиришини тасаввур қилганлар ва бу дарахтни муқаддас билиб “ҳаёт оғочи” деб номлаганлар. Ҳаёт дарахти ва дунё оғочига ишониш турклар ва бошқа халқларнинг диний эътиқодларидан жой олган бўлиб, қадимги турклар дунё катта бир дарахт шохлари остида, унинг илдизлари дунё тубини қамраб олган, оғоч танаси эса ер юзини осмондан ажратиб туради деб ишонишган.

 

Баъзи муқаддас дарахтлар тушунчаси туркларга хос эътиқодлардан бири бўлиб, Нардуғон байрамларида муҳим маънога эга. Ҳар йили 22 декабрь куни қуёш чиқиши вақти бўлган Нардуғон байрами яқинлашганда, қадимги турклар ўзига тегишла жойларни ва уйларини тозалаганлар, байрам куни келганда эса энг яхши ва энг тоза кийимларини кийиб юришган. Улар Тангри Улгенга совға-саломларини олиб, гуруҳ бўлиб қўшиқ куйлашган. Улар ўзлари яшаб турган ҳудуддаги энг баланд оқ қарағайни безатиб, Тангри Улгенга етиб бориши учун дарахт тагига турли совғаларни қолдириб, унга йилнинг яхши келишини тилаб илтижо қилишган. Байрам пайтида ёш қизлар ва аёллар матолардан ёки кигиз қисмларидан кичик тасмалар тайёрлаб, уларни дарахтга илиб қўйиш мақсадида атрофдагиларга тарқатишган. Бу тасмаларни ўзлари муқаддас деб билган ҳаёт дарахтининг қўл етадиган шохларига илиб, оқ қарағайни тилак ва орзулар тимсоллари билан безашган. Ўтмишдан бугунгача бўлган бу тилак ва истак анъанаси бугун ҳам авлиёлар қабрига ёки у ердаги қабрлар ёнида жойлашган ҳар қандай дарахт шохларига боғлаш орқали давом этмоқда. Кейинчалик форсларнинг анор дарахти, қадимги туркларнинг оқ қарағайи ўрнини арча дарахти эгаллаган. Қишин-ёзин бир хил кийимда, абадият, ўлимсизлик рамзи бўлган арча оғочи ҳаёт дарахти рамзига айланган. Нардуғон байрамида аста-секин уни безатиш бошланган. Қолаверса, арча улкан кенгликларда ҳаёт кечирган турклар учун гўштни пиширишда зиравор, исириқ ўрнида турли микроблар ва вируслардан тозаловчи хусусиятга эга новда сифатида муқаддас саналган. Зеро, арча сўзининг қадимги туркийча маъноси “ар” – тоза бўлиб, у бугунги кунда “ориқ”, “аримоқ”, “артмоқ” каби сўзларда сақланиб қолган.  

 

Юқорида айтиб ўтилганидек, Нардуғон байрами қутловлар билан бошланган. Болалар уйма-уй юриб, катталарни байрам билан қутлаганлар. Уйларига қутлама учун ташриф буюрган болаларни катталар ширинликлар, майда чақа пуллар ва қуруқ мевалар билан сийлаганлар. Қутловларда ҳузурли ҳаёт, баракали ҳосил ва моддий фаровонликга алоқадор тилаклар айтилган. Эроний халқларда эса ялдо туни форсий адабиёт намуналаридан ўқилиб, шеърият ва адабиётшунослик тарихида бу кечанинг алоҳида ўрни бўлган. Волгабўйи турк халқларида бу кун алоҳида нишонланган, отлар ва эчкиларга тақлидан кийинилиб, ниқобли кўргазмали томошалар ташкил қилинган. Бу кечада ҳайвонот ва табиат дунёси билан рамзий уйғунлашув орқали келаси йил ғалла ҳосилининг мўл-кўл бўлишига ишончни  тамсил қилган. Нардуғон байрами тантаналарида ёшлар асосий ўринни эгаллаган. Узуклар орқали фол очилган, келаси йил учун тадбир олинган.  Баъзан бу байрам 2 ҳафта, баъзан 21 декабрдан бошлаб 10 кун давомида нишонланган. Мазкур маросимлар далада ишлар тугаган вақтга тўғри келиб, одамлар қариндош ва яқинларининг уйларига ташриф буюриб, тўкин дастурхон атрофида диллари яйрашига сабаб бўлган. Дастурхонда анъанавий байрам таомлари истеъмол қилинган, албатта унда тарвуз, анор, хурмо, асал, туршак, жийда, ёнғоқ, бодом ва бошқа қуруқ мевалар ўрин олиб, ҳайвон ва парранда гўштидан тансиқ таомлар тайёрланган. Нардуғон байрамида барака ва қуёш нури рамзи  анор марказий ўринни эгаллаган, уни истеъмол қилиш орқали қишнинг совуқ кунларида одам танасида қуюлиб қолган қонлар суюлган ва кайфият кўтарилиб, организмда қон айланиши яхшиланиб, инсон ўзини  янада тетик тутган. Йил давомида ҳам болалар, ҳам ёши катталар ва кексалар мазкур байрамни интизорлик билан кутишган.

 

Туркий халқларда Қорбобо мавжудлиги масаласига келсак, у Аёз Бобо ёки Аёз Ота, Оқ Аёз шаклида намоён бўлади. Аёз Бобо – туркий халқларнинг қадимий анъаналаридан келиб чиққан ва замонавий даврга мослашган халқона образдир. У қиш ва янги йилни қизиқарли, эсда қоларли тарзда кутиб олишга хизмат қилиб, меҳр-оқибат ва янгиланиш руҳини улашади. Олтой ва Ўрта Осиё мифологиясида у совуқ тангриси деб ҳисобланган.   Унинг ой ёруғлигидан яратилганига, совуқ ҳавонинг келишига у сабабчи эканига ишонилган. Ҳулкар буржининг олти юлдузи осмоннинг олти тешигидир, Аёз Бобо эса у ердан совуқ ҳавони уфлайди ва қиш келади деб тасаввур қилинган. Қозоқларда у Аёз Ота, озарбойжонларда эса Шахта Бобо деб аталган. Шу билан бирга у раҳмдил оқ соқол-мўйловли мўйсафид, қишда кўчада қолганларга ва ёғоч-дарахтлар ҳамда жониворларга марҳамат улашувчи инсон бўлган. У ёруғ тунларда шуъла сочувчи Ой тангриси томонидан ерга юборилган деб тушинилган. У буғулар йўлдошлик қилувчи араваларда келиши билан тасвирланган. Нардуғон кечаси туғилган эркак фарзандларга Аёз исми берилган. Хусусан, туркиялик шумеролог Илмия Чиғ янги йил байрамини нишонлаш Марказий Осиё туркий халқларининг кашфиёти эканлигини таъкидлайди.

 

Хуллас, Янги йил байрами, Қорбобо, арча турли халқларда турлича номлар билан аталиб, ўзида умумбашарий анъаналарни бирлаштирган: меҳр улашиш, қутлаш, янги режалар тузиш, эски кунларни қўшиқ ва куйлар, хурсандчилик билан кузатиш ҳамда янги эрани хушчақчақлик билан кутиб олиш каби.  Ҳудди Наврўз каби Ялдо кечаси ва Нардуғон байрами Эрон ва Турон халқларининг муштарак байрами бўлиб, у қишки янги йилни ифода этган. У Наврўзчалик ёзма манбаларда тилга олинмаган бўлса-да, ушбу халқларнинг мифологик қарашларида ва халқ оғзаки ижодида сақланиб қолган.     

 

Феруза ДЖУМАНИЯЗОВА,   

ЎзР ФА Шарқшунослик институти катта илмий ходими

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 11816
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//