Қорбобомиз оппоқ,
Пешонаси ялпоқ,
Ҳассаси узунчоқ,
Кўпроқ беринг ўйинчоқ.
Ёқимли хотираларимизни эслатувчи ушбу шеър қаҳрамони аслида ким бўлган, ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Нега бу қаҳрамон баъзи халқларда Санта Клаус, баъзиларида Дед Мороз, туркий халқларда эса Аёз Бобо деб турли жумлалар билан ифодаланади-ю, сўзма-сўз таржимаси “муз+одам” тушунчасини билдириб, моҳият ўзгармай қолаверади? Яъни у хоҳ Санта бўлсин, хоҳ Дед Мороз ёки Аёз Бобо, қаерда қайси ном билан аталишидан қатъи назар у янги йил арафасида келиб, болаларга совға улашувчи “инсон” сифатида гавдаланаверади.
Милодий IV асрда Рим имперясининг Лисия даҳасида (бугунги кунда Туркиянинг Дерме шаҳрига тўғри келади) яшовчи юнон насроний епископи Авлиё Николс (Sancte Nicholas) “Мавлуд” (Rojdestvo) байрами арафаси, 6 декабрга ўтар кечаси етим ва касал болаларга совға улашарди (Балки, соғлом болалар ота-онаси ҳам фарзанди кўнгли ўксимаслиги учун Авлиё Николс номидан байрам дарахти ёнига совға қолдира бошлагач, бу ҳолат оммалашиб, аввалига одат тусига кириб, сўнг қадрятга айланиб кетгандир). Кейинчалик Авлиё Николс ҳақидаги гап-сўзлар оғиздан оғизга ўтиб боргани сайин фольклорга аралашиб кетади.
Адабиётшунослик илмида “сайёр сужет” деган тушунча мавжуд. Бу макон ва замон фарқланишига қарамай, ўхшаш образ мотивларининг юзага келишига айтилади. Масалан, деярли барча халқ фольклорида ўгай онадан жабр кўрган қиз мотиви мавжуд. Бу қиз бизда Зумрад деб аталса, ўрисларда Золушка, инглизларда Синдрелла деб номланади. “Сайёр сужет”ни юзага келтирадиган сабаблар эса ер юзидаги инсонларнинг миллати, ирқи, динидан қатъи назар шодликни ҳам, оғриқни ҳам бир хил ҳис қилишидир. Шунинг учун ҳам бадиий адабиётда дўстлик, севги, дин каби умумий ва ўлмас мотивлар бор. Бу мавзуни бежизга очмадим, албатта. Юқорида таъкидлаб ўтганимдек болаларга совға улашувчи қорбобонинг прототипи (образ яралишига асос бўлган инсон) Авлиё Николс бўлса-да, фольклор излари ҳам йўқ эмас. Ушбу мақолада бир нечта халқларнинг қорбобосини бирма-бир кўриб чиқамиз. Демак, қуръани очиб берган Санта Клаусдан бошласак...
Америка қитъасини мустамлака қилган давлатлардан бири Голландия янги ерга ўзи билан ўз маданиятини ҳам олиб келди. ХVII асрдан бошлаб Америкада ҳам “Мавлуд” арафаси Синтеркласс (Авлиё Николснинг Голландча номи) болаларга совға улаша бошлади.
ХVI асрда Англияда Генрих VIII ҳукмронлиги давридан мўйнали яшил ёки қизил тўн кийган мўйсафид одам сифатида тасвирланувчи “Мавлуд отаси” образи Авлиё Николс билан типиклаштирилди.
Мавлуд отаси. Англия.
Нидерландия ва Белгияда Санта Клаус ҳамда Авлиё Николсга асосланган Синтеркласс образлари бир-биридан фарқланишидан ташқари, ўзаро рақобатлашади ҳам.
Авлиё Николс.
Францияда “Мавлуд” арафаси болаларга совға улашувчи шахс Пéре Ноëл бўлиб (сўзма-сўз таржимаси “янгиланиш отаси”), у ХVII асрдан бошлаб оммалашган. Бу образнинг Санта билан ўхшаш жиҳатлари бор бўлса-да, фарқли жиҳатлари ҳам йўқ эмасди. Бу фарқлар кийимларида, ёрдамчиларида яққол кўзга ташланарди. Пéре Ноëл баъзан Санта каби қизил тўн кийса, баъзан қора ёки тўқроқ рангдаги тўн кийиши ҳам мумким эди. Лекин ҳеч қачон қалпоқ киймасди. Шунингдек, ёрдамчилари ҳам Сантаники каби элфлар бўлмаган.
Германия халқлари масиҳийликни қабул қилишидан аввал “Юле” байрамини нишонлаган. Бу Европа халқларининг энг қадимги анъанасига асосланган бўлиб, қуёш ўлиши ва янги қуёш туғилишини билдирган. “Юле” байрами, одатда, 21-22 декабрда, яъни энг қисқа кун ва энг узун тун (ялдо кечаси)да нишонланган. Байрамнинг моҳияти қуёш туғилиши ва қора кунлар ниҳоясига етганини нишонлаш бўлган. Бу байрам урф-одатига кўра, аламазон ҳосил қилинган, махсус ўйин ва маросимлар ўтказилган. Скандинавия ва Германия анъанасида “Юле олови” учун баҳайбат дарахт танланган ва уни уйга олиб кириб, махсус расм-русумларни ўтказган ҳолда ёқишган. Бу олов ўз навбатида қайта туғилган қуёшнинг бир парчаси бўлиб, хонадонга фаровонлик келтиришига ишонилган. Ҳозирги кунимизнинг Янги йил ва “Мавлуд” байрамларида ҳам “Юле”дан қолган олқиндилар мавжуд. Масалан, байрам дарахти – янги йил арчаси ва совғалар ҳам “Юле”дан бошланган анъанадир. Бундан ташқари, “Юле” байрамида шарафланувчи худо – Водиннинг фазилатлари ҳам Санта Клаус ҳақидаги афсоналарга сингиб кетган, деб тахмин қилинади. Бу гипотезанинг исботи тариқасида эса Водиннинг ярим тунда отини эгарлаб, уйма-уй болаларга совға улашиши келтирилади.
Водин.
Финландияда эса мифологик Жоулупукки образи Санта билан қоришиб кетган. Жоулупукки – Финландиянинг Янги йил байрамидаги асосий қаҳрамон. У “Мавлуд” тунида болаларга совға улашувчи сеҳргар қиёфасида танилган бўлса-да, аммо унинг тарихи бир мунча мураккаброқдир. Қадимий мифологик талқинда Жоулупукки ҳайвон шаклида (асосан, эчки) тасвирланган. Бу ҳайвон зулмат ҳукмдори эканига ишонилган ва қоронғиликдан ташқари, совуқлик ҳам унинг измида деб қаралган. ХIХ асрга келиб Европада католик анъаналарининг кенг ёйилиши фольклорга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Натижада Жоулупукки образи Санта образига уйғунлаша бошлади. ХIХ аср охири ХХ аср бошларида Жоулупукки образи Сантанинг айни ўзига айланди. Венгрияда Тéлапó болаларга совға улашувчи образ сифатида танилган. Унинг илдизи эса қадимги герман ва скандинавия халқлари эътиқоди билан боғлиқ бўлиб, бу образнинг тарихи масиҳийликдан олдинги ва ундан кейинги даврларни ўз ичига олади. Словенияда болалар “Мавлуд”ни Бозичекдан, Янги йил туни эса Дедек Мраздан совға оладилар. Бу иккиси турли образ бўлиб, Бозичек хорват тилидан “мавлуд” деб таржима қилинади. Дедик Мраз эса Дед Марознинг славиянча шаклидир. Бозичекнинг келиб чиқиши ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Дедек Мраз славян халқлари мифологияси билан боғлиқ.
Дед Мароз.
Славян халқлари фольклоридаги тақвим худоси кейинчалик Мароз образига айланди. Унинг сеҳрли узуги бўлиб, уни навбатма-навбат тақвим ойларига тақарди. Шу орқали у вақтни, мавсумни, об-ҳавони назорат қиларди. Тақвимнинг сўнгги куни байрам дарахтини ёқиб, тантана қилишарди, деган қарашлар ҳам мавжуд (Лекин ХIХ асрда Марос Иванович образи шакллантирилган бўлиб, у “Мавлуд” тунида болаларга совға улашувчи қаҳрамон сифатида талқин қилинган).
ХIХ асргача қорбобо образи славян халқларида мавжуд бўлмаган. Бу образ масиҳийлик дини билан кириб келган, деган қараш кейинроқ пайдо бўлди.
Қадимги шарқий славян халқлари ҳосилни йиғиб олгач, у қишда музлаб, нобуд бўлмаслиги учун Совуқни байрам дастурхони билан сийлаш керак, деб ишонишган. Зиёфатга эса оила фаровонлигига масъул ҳисобланган марҳум боболар руҳи чорланган. Бу чорловда боболар руҳига ҳурмат юзасидан уларга “Пан Мароз” деб мурожаат қилинган.
Қадимги шарқий славян халқларида Мароз эртак қаҳрамони бўлиб, у темирчилик билан шуғулланувчи образ тасвирида гавдалантирилган (Халқ этимологиясига кўра, сувни ҳам темирдек қотириш хусусияти шу билан изоҳланади).
Шимолий славянларнинг фольклори шарқий славянлардан мутлоқ фарқ қилиб, ундаги қиш руҳини ифодаловчи образнинг келиб чиқиши тақвим худосига бориб тақалса-да, асил исми Зюзя бўлган совуқни бошқарувчи ўрмон руҳи сифатида талқин қилинади. У пакана бўйли, узун ва қалин оқсоқолли, асо билан юрувчи оқ пўстин кийган ялангаёқ қария кўринишида тасвирланган. Унинг нафаси – совуқ, кўз ёшлари – сумалак, сочлари эса қор ёғдирувчи булутлар, деб ишонилган. Қиш ойларида у далалар, ўрмонларни кезган ҳолда ҳассасини тақиллатиб, ерни, сувни музлатади. Зюзя ҳозирги рус халқлари Дед Марозининг мифологик аналиги ҳисобланади.
Зюзя.
Форсларнинг қорбобоси қолган халқларнинг қорбобосидан мутлоқ фарқ қилади. Эрон фольклорида мавжуд бўлган Аму Наврўз (форчадан “Наврўз тоға”) ёки Баба Наврўз номли образ ҳар йили ёрдамчиси Ҳожи Фируз билан бирга эрта баҳорда янги йилни нишонлаш учун пайдо бўлади.
Баъзи тарихчиларнинг фикрига кўра, у “Шоҳнома” қаҳрамони Рустамнинг отаси Зол образи асосида шаклланган. У ҳам худди Сантадек болаларга совға улашади. Аму Наврўз кигиз қалпоқ кийган, ҳасса билан юрувчи, кўк рангли узун чакмон кийиб, белбоғ боғлаган, енгил оёқкийими ва шалвар кийган, оппоқ соқоли кўксига тушиб турган кекса сифатида тасвирланади. Фируз эса дўмбра чалиб рақсга тушади-да, Аму Наврўздан совға талаб қилади, у эса барчага совға улашади.
Аму Наврўз.
Туркий халқлар мифологиясида ҳам қиш руҳини ифодаловчи образ мавжуд бўлиб, баъзи халқларда аёл – Аёз Момо, баъзи халқларда эркак – Аёз Бобо деб тасвирланган (Ёки ҳар иккиси ҳам келтирилган). Масалан:
Якутияда Чисхан – муз бобо, Ҳарчана – муз момо ҳамроҳлигида тасвирланади.
Марказий Осиё давлатларида қиш руҳи деярли бир хил номланади. У қозоқ ва қирғизларда Аяз Ата, ўзбек ва туркманларда Аёз Бобо/Аяз Баба каби талаффуз қилинади.
Аяз Ата.
Бошқирдистон ва Тататаристонда бу образ Қиш Бабай, Озарбойжонда эса Шахта Баба деб аталади.
Туркий халқлар фольклорида мавжуд бўлган қиш руҳи тангричилик дини афсоналари таъсирида шаклланган. Унда тасвирланишича, Аёз Бобо совуқлик, шамол ва зулматни бошқарган қаттиққўл мўйсафиддир. У қишни яхши кўрганларни ғайрат ва шижоат билан тақдирлаган. Қишни ёмон кўриб, ундан нолиганларни касаллик ва ўлим билан жазолаган.
Қорбобонинг мифологик прототиплари орасида шундай ажабтовур истисноли образлар ҳам борки, унинг бирида аёл тасвирланса, бошқа бири 13 тадан кўп қаҳрамонлар мажмуидир.
Италияликлар “Мавлуд” байрамида оилавий дастурхон атрофида тўпланадилар ва Бефананинг ҳақига дуо қиладилар. Бефана – италянларнинг меҳр-муҳаббат туйғусини уйғотувчи оилавий бахт ҳомийси. У мавлудга ўтар кеча кекса аёл қиёфасида бутун ер юзини спургисида айланиб, болаларга совға улашувчи қаҳрамон – Санта билан ўзаро тафовутий жиҳатлари кўп бўлса-да, аммо моҳиятан деярли бир хил ҳисобланади.
Бефана.
Бефана ҳақидаги афсоналар масиҳийлик анъаналарига бориб тақалади. Шунга қарамай, мажусийлик ва энг қадимий урф-одат олқиндилари ҳам йўқ эмас. Унинг исми “эпифания” (лотинча “чўқинтириш”) сўзидан келиб чиққан, деб ишонилади. (6 январь – Исо чўқинтирилган кун – болаларига совға улашиши ҳам, балки шу билан боғлиқдир.)
Ёласвейнарлар ёки ёлский йигитлар бугунги кунимиздаги қорбобонинг исланд мифологиясидаги аналоги ҳисобланади. Уларнинг сони асрлар оша турли манбаларда турлича келтирилади. Ҳозирда Ёласвейнарлар сони 13 та деб тахмин қилинади, ХVII асргача улар ўғри, болаларни ейдиган махлуқ сифатида тасвирланган. Ундан кейинги асрларда Ёласвейнарларнинг ташқи кўриниши, характери ҳақидаги талқинлар ўзгариб бориб, ҳозирги кунимизда улар шўх, қувноқ ҳазилкаш, меҳрибон ва болаларга совға улашувчи қаҳрамонларга айланганлар.