Юксалиш ҳаракати аъзоси Даврон Лутфиддионов Oyina.uz’нинг янги Конституциядаги «Ўзбекистон ижтимоий давлат» тушунчаси нимани англатиши ва мамлакатда камбағалликни камайтириш учун қандай чоралар кўриш кераклиги ҳақидаги саволларига жавоб берди.
— «Ўзбекистон — ижтимоий давлат» деган тушунча нима англатади ва у мамлакат ҳаётида қандай акс этади?
— Ўзбекистон Конституциясига «ижтимоий давлат» тушунчасининг киритилиши мамлакатда адолатли ва барқарор ижтимоий тараққиётни таъминлашга қаратилган муҳим қадамдир. Бу тушунча ўз ичига давлатнинг фуқаролар олдидаги ижтимоий мажбуриятларини қамраб олади ва инсон манфаатлари, фаровонлиги ҳамда ижтимоий ҳимоясини кафолатлашни ўзининг устувор вазифаси сифатида белгилайди.
Ижтимоий давлатнинг асосий вазифаларидан бири бу – аҳолининг энг заиф қатламини қўллаб-қувватлашдир. Бунда уй-жой, тиббий хизмат, таълим ва иш билан таъминлаш каби базавий эҳтиёжларни кафолатлашга давлат масъул бўлади. Масалан, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам, пенционерлар ва ногиронлиги бор шахсларга махсус дастурлар асосида кўмак кўрсатилади.
Давлат бу орқали жамиятнинг ҳар бир аъзоси ривожланиши учун тенг имкониятлар яратишга ҳаракат қилади.
Ижтимоий давлатда жамият аъзолари ўртасидаги ижтимоий адолат ва тенгликка алоҳида эътибор берилади. Бу давлат ресурсларини аҳолининг барча қатламлари учун адолатли тақсимлаш, иқтисодий фаровонликни ошириш ва камбағалликни камайтиришда намоён бўлади.
Ўзбекистоннинг ижтимоий давлатга айланиши жамият ҳаётининг барча соҳаларига ижобий таъсир кўрсатади. Бу янги қонунлар, дастурлар ва стратегиялар орқали ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланишига хизмат қилади. Асосий мақсад — халқнинг турмуш сифати ва даражасини яхшилаш, жамиятда ижтимоий барқарорлик ва ишончни мустаҳкамлашдир.
«Ўзбекистон — ижтимоий давлат» деган тушунча, авваламбор, халқ манфаатларига қаратилган амалий сиёсат ва ижтимоий адолатни таъминлашга қаратилган қадамдир. Бу мамлакатимизда демократик принципларни амалга оширишдаги яна бир муҳим босқич бўлади.
— Яқинда вилоят ва туманлардаги 14 минг раҳбар 75 минг камбағал оилага бириктирилиб, улар билан индивидуал тарзда ишлаш тизими йўлга қўйилди. Бироқ 184 нафар раҳбар ўзи масъул бўлган камбағал оила уйига бирор марта ҳам бормаган. Бундай ҳолатларнинг олди олиниши учун қандай чоралар кўрилиши лозим?
— Жуда тўғри саволни қўйдингиз. Президент ташаббуси билан ижтимоий ҳимоя тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарали натижа беришига жойлардаги раҳбарларнинг масъулиятни ҳис қилиши узвий боғлиқ. Энг аввало бу каби ҳолатларнинг олдини олиш ва раҳбарлар масъулиятини ошириш учун тизимли ва мақсадли чоралар жорий қилиниши зарур. Бунинг учун жойлардаги раҳбарларнинг маъсулият ва жавобгарлик механизмларини кучайтириш лозим. Ҳар бир раҳбарнинг иш самарадорлигини баҳолаш учун аниқ ва ошкора мезонлар белгилаш керак. Шунингдек, ўзига юклатилган вазифаларни бажармаган раҳбарларга нисбатан интизомий чоралар кўриш тизими ишлаб чиқилиши жоиз.
Иккинчидан, назорат ва жамоатчилик мониторинги тизимини такомиллаштириш керак. Ижтимоий ҳимоя агентлиги ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирокида махсус мониторинг гуруҳлари ташкил қилиниб, улар раҳбарларнинг иш фаолиятини доимий равишда текшириб бориши зарур. Ҳар бир раҳбар ўзига бириктирилган оилалар билан қандай иш олиб боргани ҳақида маҳалла аҳолиси ёки оммавий ахборот воситалари орқали ҳисобот бериши керак. Шу каби очиқлик сиёсати орқали жамоатчилик назоратини кучайтириш мумкин.
Учинчидан, раҳбарлар махсус ўқув дастурларидан ўтиб малака оширишлари зарур. Улар ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда замонавий ёндашувларни ўрганиши лозим. Шунингдек, психологик маслаҳат ва ахлоқий тайёргарлик уларнинг иш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, яна бир қўшимча. Раҳбарларни жазолашдан олдин, уларнинг нега камбағал оилалар уйларга бормаслиги сабабларини чуқур таҳлил қилиш зарур. Уларга аниқ йўл-йўриқ ва маслаҳатлар берилиши ҳам катта аҳамиятга эга.
Бундай ҳолатлар раҳбарларга наинки интизомий, балки ахлоқий масъулиятни ҳам тушунтириш кераклигини англатади. Назорат, рағбатлантириш ва билим бериш каби чораларни уйғун равишда амалга ошириш орқали бундай муаммоларни ҳал қилиш мумкин. Энг асосийси, раҳбарлар халқ манфаати йўлида чин дилдан хизмат қилиш шартлигини англаши керак.
— 2025 йилда 1 миллион 200 минг аҳолини камбағалликдан чиқариш учун таълим, тўгарак, касб-ҳунар, тиббиёт масалаларини ҳал қилиш ва яшаш шароитини яхшилаш лозимлиги айтилди. Бу чоралар ростдан ҳам аҳолини камбағалликдан чиқаришга ёрдам бериши мумкинми? Бу борада чет эл тажрибаси қандай?
— Аҳолини камбағалликдан чиқаришда таълим, касб-ҳунар ўргатиш, тиббий хизматни яхшилаш ва яшаш шароитларини такомиллаштириш каби чоралар амалий ва самарали ечимлардир. Бу чоралар ҳар бир фуқаронинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга, турмуш даражасини яхшилашга ҳамда келгуси ривожланиши учун мустаҳкам асос яратишга ёрдам беради.
Камбағалликнинг асосий сабабларидан бири иқтисодий имкониятларнинг чекланганлиги бўлиб, бу кўпинча таълим ва касбий малака етишмаслиги билан боғлиқ. Замонавий таълим ва касб-ҳунарга эга бўлган фуқаролар юқори даромадли иш ўринларига талабгор бўлади, бу эса уларнинг даромадини оширади.
Шунингдек, аҳоли саломатлиги ҳам иқтисодий ривожланишнинг муҳим қисми ҳисобланади. Турли хил касалликлар аҳолининг меҳнат қилиш қобилиятига таъсир қилади, шу боис сифатли тиббий хизмат аҳолининг барча қатламлари учун мавжудлиги халқнинг моддий барқарорлигини оширади.
Бу борада бир қатор давлатларнинг муваффақиятли тажрибаларини келтириб ўтиш тўғри бўлади:
– Дунёнинг энг ривожланган иқтисодиётидан бири бўлмиш Хитойда сўнгги 40 йил ичида 800 миллионга яқин одам камбағалликдан чиқарилди. Бунинг учун давлат қишлоқ хўжалиги ва саноат соҳасини қўллаб-қувватлади, касб-ҳунар ўргатиш марказлари ташкил қилди ва ижтимоий ҳимоя тизимини кучайтирди.
– Жанубий Корея Республикаси «Ҳамма учун таълим» дастурини амалиётга киритди. Ушбу лойиҳа орқали халқни саводли ва касбий малакага эга қилиш кўзланди. Дастур камбағал аҳоли қатламига юқори сифатли таълим олиш имкониятини яратди ва уларни юқори даромадли иш билан таъминлашга эришилди.
– Бразилияда «Болса Фамíлиа» дастури орқали камбағал оилаларга махсус ёрдам кўрсатиш тизими ишлаб чиқилди. Бу лойиҳа оилаларга молиявий ёрдам бериш билан бир қаторда, уларнинг фарзандлари мактабга бориши ва тиббий хизматлардан фойдаланишини бирламчи шарт қилиб белгилади. Натижада камбағаллик кескин даражада камайди.
– Индонезияда қишлоқ аҳолиси учун инфратузилмани яхшилаш ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш йўли билан қашшоқликни камайтиришга эришилди. Хусусан, кредит дастурлари ва иш ўринлари яратиш учун давлат томонидан имтиёз ва кенг имкониятлар яратиб берилди.
Бежизга айнан шу давлатларнинг тажрибаларини келтирмадик. Исталган халқаро ижтимоий-иқтисодий рейтингларга назар солинг. Мана шу давлатлар уларда энг юқори ўринларда бўлади. Демак, биз ижтимоий ривожланиш йўлимизда уларнинг муваффақиятли тажрибаларини қўллашимиз керак.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда Ижтимоий ҳимоя соҳасига катта эътибор қаратилмоқда. Тизимга рақамли технологиялар кенг жорий қилинаётганлиги натижасида аҳолининг оғири енгил бўлаётганлигини эътироф этисж жоиз. Таълим, тиббиёт, касб-ҳунар ва инфратузилмани яхшилаш бўйича амалга оширилаётган чоралар, албатта, яқин келажакда ўз самарасини беради. Хориж тажрибаси ҳам шундан далолат берадики, бу йўналишларда ишлар ҳозирги каби тизимли ташкил қилинса, кўплаб аҳолини камбағалликдан чиқаришга эришиш мумкин. Энг муҳими, бу жараёнларда замонавий, тизимли ва узлуксиз ёндашув зарур.
Тарих
Тарих
Жараён
Адабиёт
Маънавият
Тарих
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ