IХ – ХII асрларда яратилган Бағдод адабий мактабига тегишли арабча ёзма манбаларда Ўрта Осиё аҳолиси «турклар», «шошликлар», «суғдликлар» ва «фарғоналиклар» деб аталган бўлиб, араб муаллифлари уларни Ислом дунёсида ўзларининг довюраклиги билан шуҳрат қозонган кишилар ўлароқ тилга олади.
Бу номлар арабларнинг Турон – Ўрта Осиёга қилган ҳарбий юришидаги турклар билан илк тўқнашувлари, туронликларнинг араб ўлкалари бошқарувида қатнаша бошлаган даврлари ҳақида сўз юритувчи тарихий асарларда учрайди.
IХ – ХII асрларга тегишли Балозурий, Диноварий, ат-Табарий, Яъқубий, Ибн ал-Фақиҳ, Утбий, Ибн ал-Асир каби тарихчи, Истахрий, Ибн Хурдодбеҳ, Ибн Ҳавқал, Муқаддасий сингари сайёҳ ва географлар асарларида ўрин олган тарихий маълумотлардан англашилича, араблар ва туронликларнинг Амударё – Сирдарё оралиғи ва унга қўшни ўлкалардаги тўқнашуви, айрим тўхталишларни айтмаганда, деярли 100 йил давом этган. Араблар 751 йилда Талас (Тароз) урушида хитойликларга қарши туркийлар билан бирга жанг қилган ҳамда шундан сўнг олд осиёликлар ўзаро тил топиша бошлаган.
Араб муаллифлари ушбу атамаларни ўша кезлардаги Ўрта Осиё аҳолиси этник мансублигидан келиб чиқиб ишлатганми, ёки бўлмаса, бунинг негизида бошқа омиллар борми – бу борада изланувчилар ҳали бир тўхтамга келмаган. Кенг тарқалган қарашларга кўра, араблар «турклар» деганда кўпроқ туркий тилда сўзлашувчи кўчманчи аҳолини тушунган. Шошликлар, фарғоналиклар ва суғдликлар деганда эса ўтроқ аҳоли, айниқса, шарқий эроний тилларда сўзлашувчи аҳоли тушунилган. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, бу каби қарашларга қўшилмайдиган изланувчилар ҳам талайгина.
Айримлар «араблар Ўрта Осиё ва унга қўшни ўлкаларда яшаган ва яшаш усули кўчманчилик бўлган элатларни қайси тилда сўзлашганига қарамасдан «турк», «атрок» (турклар) деб атайверган» деб таъкидласа, айрим изланувчилар «ўша кезларда Шош, Фарғона, Суғд ва уларнинг теграларида турли тилларда сўзлашувчи, кўпчилиги шарқий эроний (суғдий, эски хоразмий, бақтрий ва бошқалар) ва туркий тилли элатлар яшаган, араблар уларни айри-айри элатлар ўлароқ кўрсатмасдан, улар туғилиб ўсган қишлоқ ва шаҳарлар номидан келиб чиқиб, бу халқларга қарата географик атамаларни ишлатган» деган қарашни илгари суради.
Ушбу қарашларнинг қай бири тўғри ёки нотўғрилиги масаласини чуқурроқ ёритишни кейинги изланишларимизга қолдириб, айрим араб муаллифларидан маълумотлар келтириб ўтамиз.
Улар орасидан Х асрда ёзилган Ибн Ҳавқалнинг «Китоб ал-ард» (Ернинг сурати) ҳамда Абу Исъҳоқ ал-Истахрийнинг «Китоб ал-масолик ва-л-мамолик» (Йўллар ва ўлкалар) китобларида келтирилган қуйидаги ахборот диққатни ўзига тортади:
«Айтишларича, аш-Шош ва Фарғонада жанговар тайёргарлик ва қурол-аслаҳа шундай даражадаки, бугунги кундаги бошқа бирор чегара мамлакатда унга ўхшаш эмас. Ҳатто оддий фуқаролардан бўлган одам ҳеч қандай ҳокимият эгаси бўлмаса ҳам, юзтадан беш юзтагача от эгаси бўлиши мумкин. Уларнинг мамлакатлари узоқ бўлса ҳам улар кўп бойликлар, дабдаба ва ҳашам билан ҳажга биринчи бўлиб келади. Дунёда ҳеч ким уларчалик кўп чўлга чиқмайди. Шу билан бирга, улар катталарга итоат бўйича энг яхши, аслзода одамларга ва бир-бирларига хизмат қилишда эса энг илтифотлидирлар. Уларга Бану-л-ЪАббос оиласидан бўлган халифалар ҳам тан берган ва Мовароуннаҳр аҳолисидан аскарларни ўзларининг хизматига таклиф қилган. Турк аскарларининг (фазилатлари) афзал бўлганлиги туфайли улар барча қўшинларга бошчилик қилган, уларнинг деҳқонлари эса уларга амир этиб тайинланган».
Бундан кўринадики, Ўрта Осиёнинг араблар томонидан «Мовароуннаҳр» деб аталган ҳудудидаги Шош ва Фарғона вилоятлари минтақанинг бошқа ўлкаларидан ўзларининг ҳарбий ишда довюраклиги ва қурол-яроғ ишлатишда эпчиллиги билан ажралиб турган.
Шу ўринда савол туғилади: Ибн Ҳавқал ва Истахрий шошликлар ва фарғоналиклар деб тилга олган ҳарбийлар қайси тилда сўзлашган, уларнинг этник келиб чиқиши қандай?
Агар юқорида келтириб ўтилган «Турк аскарларининг (фазилатлари) афзал бўлганлиги туфайли улар барча қўшинларга бошчилик қилган, уларнинг деҳқонлари (бошлиқлари) эса уларга амир этиб тайинланган» деган билгидан келиб чиқилса, уларнинг кўпчилиги туркий элатлар вакиллари экани англашилади.
Шу билан бирга, Ибн Ҳавқал ва Истахрий урғу бериб ёзган қуйидаги билгилар «турклар» деганда араб муаллифлари ўша кезларда биргина туркийларни эмас, Туронда ўзаро қўшни ва аралаш яшаган бир неча эл-улусларни кўзда тутгани англашилади:
«Уларнинг қўшинлари барча халқлар ичида қатияти, журъати, шижоати ва матонати билан бошқалардан устун туради. Мовароуннаҳр деҳқонлари (бошлиқлари) ўзларининг хизматдаги хушфеъллиги, итоаткорлиги, чиройли кийинишлари ва шоҳона кўринишлари туфайли халифаларнинг лашкарбошилари, яқинлари ва содиқ хизматкорлари бўлди, ҳатто ўтмишда улар халифаларнинг энг хос одамлари ва аскарларига айланди. Улардан қўшинларга фарғоналиклар ва турклар бошчилик қилиб, халифаларнинг ишончли қўриқчилари бўлди.
Ўзларининг шижоати ва жасорати туфайли ном қозонган турклар ушрусаналик ал-Афшин ва Ибн Абу-с-Сож, самарқандлик ал-Ихшид ва суғдлик ал-Марзубон ибн Туркаш, суғдлик Ужайф ибн Анбаса, ал-Бухорхудот ва бошқалар эди».
Юқоридаги маълумотлардан «афшин», «ихшид» унвонига эга шахсларнинг айримлари туркий, айримлари эса суғдийлар бўлгани англашилади. Айниқса, ВИИ – ВИИИ асрларда Уструшона (Жиззах – Ўратепа)ни бошқарган Афшинлар сулоласи вакиллари – Қорабўғра ва унинг ўғли Қорачўр исмларида эски туркча «қора» (буюк, улкан) сифатини ва «бўғра» (икки ўркачли туя), «чўр» (қўмондон) каби унвонларнинг изларини кўриш мумкин.
Уструшонанинг ушбу ҳукмдорлари издоши бўлмиш Афшин Ҳайдар мусулмон дунёсида довруғи ёйилган қўмондон бўлиб, араблар уни айрим ўринларда «ал-усрушоний» (уструшоналик) деб ёзиш билан бирга «ат-туркий» кўринишида ҳам қоғозга туширган.
Араб манбаларида Харабуғра кўринишида учрайдиган Қора-бўғранинг ўғли Афшин Ҳайдар исмини эса араблар Ханахур (Харахур) кўринишида ёзган. Бу атама чамаси эски туркча «қора-чўр» унвонининг ёзма манбаларда нуқта алмашинуви натижасида пайдо бўлган шакли. Ўша вақтларда Уструшона, Фарғона ва Суғдда «чўр» унвони бирмунча кенг тарқалган эди. Шу ўринда Кавказда араб қўшинларига бошчилик қилган Мангу-чўр ал-Устуршонийни эслаш етарли.
Шунингдек, 710 йилларда арабларга қарши курашган Фарғона ҳукмдори Жур (Чўр, Альту-чўр), 693-708 йилларда Панч (Панжикент)ни бошқарган Чакин Чўр Билга, 710-738 йилларда Самарқандда ҳукмронлик қилган Ғуракнинг ўғли, Маймурғ ҳокими Бўгу-чўр ёки Бек-чўр исмлари ҳам ушбу унвон билан боғланади. Афтидан, султонлар исмига «чўр» унвони қўшиб ясалишига 693-716 йилларда Турк хоқонлигини бошқарган Бўгу-чўр Қапған хоқоннинг довруғи туртки бўлган.
Истахрий тилга олган суғдлик Марзубон ал-Туркаший ҳам туркий қўмондонлардан бири бўлиб, уструшоналик Афшин Ҳайдар каби араблар орасида машҳур туронлик саркардалардан эди. У Самарқанд шимолидаги кичик мулк – Кабудон раҳбари бўлиб, туркий тургаш уруғидан бўлгани учун «ал-Туркаший» деб аталган. Айрим тадқиқотчилар уни 710-738 йилларда Суғдни бошқарган Ғуракнинг бешинчи бўғин авлоди деб санайди. Араблар уни туркий қўмондон деб тилга олганидан кўриниб турибдики, у Самарқанд теграсида яшовчи туркийлардан бўлган.
Араб муаррихи ал-Яъқубийнинг «Китоб ал-булдон» (Ўлкалар китоби) китобидан ўрин олган қуйидаги маълумот ҳам қизиқ:
«Тўртинчи кўча Баргамуш ат-Туркий кўчаси деб аталади. Унда турклар ва фарғоналиклар яшайди. Уларнинг алоҳида йўлаклари бор, турклар жанубда жойлашган йўлакларда, фарғоналиклар эса қарама-қарши йўлакларда истиқомат қилади. Ҳеч ким улар билан аралаша олмайди. Туркларнинг охирги чегаралари шарқий йўналишдаги хазарлар ҳудудлари. Бу катта кўчанинг бошланиши ал-Матирда. У Иброҳим ибн Риё водийсига етиб борувчи ҳудудгача чўзилган.
Бешинчи кўча Солиҳ ал-Аббосий номи билан аталган. Уни ал-Асқар кўчаси деб ҳам аташади. Унда ҳам турклар ва фарғоналиклар жойлашган бўлиб, турклар ҳам фарғоналиклар каби айри кўчаларда яшайди. Бу кўчалар Солиҳ ал-Аббосий саройигача чўзилган бўлиб, ҳарбий бошлиқлар, амалдорлар, зодагонлар яшайдиган жойларга қадар етиб боради. Ал-Асқар кўчаси орқасида ал-Хайр ал-Жадид кўчаси бор, унда Фарғона, Уструшона, Иштихон ва Хуросоннинг бошқа туманларидан келган аралаш ҳарбий йўлбошчилар яшайди».
Ушбу билгилар бир қарашда турклар ва фарғоналиклар айри-айри халқ вакиллари бўлган экан деган ўй-фикрга етаклайди. Бироқ бу ерда муаллиф «турк» деганда кўпроқ дастлаб «турк даштлари», кейинчалик эса Дашти Қипчоқ деб юритилган юртлардан келтирилган кўчманчи туркларни, «фарғоналиклар» деганда эса Фарғона водийсидан олиб келинган ўтроқ туркийлар ва бошқа элат вакилларини кўзда тутган.
Арабларнинг Фарғонага юришларида уларга қарши чиққан фарғоналик саркардаларнинг келиб чиқиши асли турклардан бўлган. Маълумки, ВИИ – ВИИИ асрлар орасида Турк хоқонлигининг бир тармоғи Фарғона бошқарувида бўлиб, айрим изланувчилар бу сулолани Фарғона Ашина сулоласи ёки Фарғона турклари деб атайди. Хитой йилномаларида келтирилишича, 630 йилларда Турк хоқонлиги ҳукмдорларидан Ашина Шени Фарғонани эгаллагач, водийда ушбу сулоланинг бир тармоғи бошқаруви бошланган. 726 йилда Ўрта Осиёда бўлган хитой сайёҳи Хой Чао «бу ерда дарё (Сирдарё)нинг жанубида Даши (араблар), шимолида эса Тукюе (турклар) бошқаруви бор» дея ёзгани ҳам Фарғонада Ашина сулоласи бошқаруви анча давом этганини кўрсатади.
Ушбу маълумотларни арабча асарлардаги фактлар ҳам тўғрилайди. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ал-Хоразмий ўз асари «Мафотиҳ ал-улум» (Илмлар очиқичи)да қуйидагича ёзади: «Ихшид – Фарғона ҳукмдорларининг исми, иерархия бўйича ундан кейингилари Свор-Тегин / Чўр-Тегин деб аталади».
Шунингдек, Ибн Ҳалликоннинг «Вафоёт ал-аён ва анбау ал-замон» асарида Бағдодда ҳарбий бошлиқлардан бири бўлган, келиб чиқиши Фарғона Ихшидийларидан бўлган Чуфф (Чуқ) ибн Ел-Тегин тўғрисида аṣлуҳу мин аwлāд мулūк Фарġāна «асли Фарғона ҳукмдорлари авлодидан» дея айтилади. Араб манбаларидаги Аббосийлар қўшинида хизмат қилган туркий қўмондонлардан Билга-чўр ал-Фарғоний (860- йиллар) ва Мангу-чўр ал-Фарғоний исмлари исломдан олдинги Фарғона бошқарувида Турк хоқонлиги даври билан боғлиқ «тегин» ва «чўр» унвони сақланиб қолганини кўрсатади.
Қисқаси, Фарғона, Уструшона ва Суғд билан боғлиқ арабча ёзма манбаларда келтирилган ушбу маълумотлардан англашиладики, ушбу ўлкаларда ўтроқ халқлар– фарғоналиклар ва суғдийлар билан бирга туркийларнинг ўтроқ ва кўчманчи аҳолиси ҳам яшаган. Турклар айрим ўринларда улар билан бирга, айрим ўринларда эса бошқа элат ўлароқ тилга олинган.
Буни Чоч ўлкаси атамаларида ҳам кўрса бўлади. Араб ва форс тилли асарларда «шошликлар», «Шош турклари», «шошликлар ва бу ернинг турклари» каби сўзлар учрайди. Араблар Ўрта Осиёга келган пайтда бу ерни келиб чиқиши Турк хоқонлигига тақалувчи Чоч Тегинлари сулоласи бошқарар эди.
Чоч турклари тўғрисидаги изланишларимизни кейинроққа қолдирган ҳолда туркийларнинг исломдан олдинги Амударё – Сирдарё оралиғи ва унга туташ ўлкалардаги тутган ўрни ҳақида аниқроқ тушунча бериш учун Ибн Ҳавқал асаридан парча келтириб ўтамиз:
«Уларнинг куч ва қудратига келсак, ислом мамлакатлари ичида жиҳод урушларини олиб боришда улардан ўтадиган ўлка йўқ. Чунки Мовароуннаҳрнинг барча чегаралари кофирларнинг мамлакатларига энг яқин жойлашган. Хворазмдан Исбижоб (Сайрам)гача ерлар ўғуз турклари, Исбижобдан Фарғонанинг энг чеккаларигача бўлган ерлар эса харлух (қарлуқ) турклари билан қўшнидир. Ундан кейин Мовароуннаҳр чегаралари аш-Шиқния (Шуғнон – Помир), ал-Ҳинд мамлакати ва ал-Хуттал тоғларининг чеккасидан Фарғона тоғларидаги туркларнинг чегарасига қадар ўтган. Мусулмонлар у ерлардаги барча халқларни ўзларига бўйсундирган.
Бу турклар мусулмонлар билан қўшни бўлиб, бошқа туркларга қарши туради, уларнинг ислом мамлакатларига ҳужум қилишларига тўсқинлик қилади ва чегарани бузишдан қайтаради».
Бу каби битиклар бир томондан туркийлар Турон – Туркистоннинг ўзак ўлкаларига анча кейин келиб ўрнашган деган қарашлар нотўғри эканини кўрсатса, иккинчи томондан улар ушбу ўлканинг ўзига хос қўриқчиси – мудофаа қўрғони бўлганини билдириб турибди.
ЎзР ФА Миллий археология маркази
профессори Ғайбулла Бобоёров
Тарих
Жараён
Жараён
Адабиёт
Маънавият
Тарих
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ