“Одам савдоси” атамаси, одатда, қашшоқлик, коррупция, зўравонлик, уюшган жиноятчилик авж олган камбағал давлатлар билан боғлиқ тушунча. Шу билан бирга, ривожланган давлатларда ҳам қизларни алдов, қўрқитиш йўли билан сотиб юборадиганлар кам эмас. Хусусан, АҚШда ҳам от пойгалари вақтидаги ёш қизларнинг олди-сотдиси аллақачон оммалашган кўнгилхушликлардан бирига айланган.
“Forbes” дунё тарихидаги энг муваффақиятли спорт турлари ўнталигига киритган от спортини томоша қилиш учун Луисвиллга ҳар йили 150 мингга яқин ишқибозлар келади. Шаҳардаги «Черчилль-Даунс» отчопарининг нуфузли Millionaires’ Row секциясида ҳашаматли чавандозлар кийимларини кийиб, қимматбаҳо шароб ичиб юрган бадавлат одамларни ўқтин-ўқтин учратасиз. Ҳатто энг оддий кириш чиптасини сотиб олганлар ҳам бу ерга қувноқ кайфият билан келади ва вақтини чоғ ўтказиш учун ҳар қанча пул сарфлашга тайёр туради. Буни фақат ташкилотчилар эмас, сутенер (маъшуқаси ҳисобига яшовчи эркак) ва қулжаллоблар ҳам яхши билишади. Шу боис “Спортдаги энг буюк икки дақиқа” кўплаб аёллар ҳаётининг энг даҳшатли кезлари бўлиши мумкин.
Бу каби мусобақаларда сотилувчи қизларнинг аксариятининг танасига қайси сутенерга тегишли эканини билдирувчи тамға ёки татиуровка босилган. Бундай тамғалар аёлларни узоқ жойга “хизмат сафари”га, масалан, Кентукки ёки шунчаки “тунги смена”га юборишдан олдин уларни бошқаришнинг руҳий ва жисмоний шакли сифатида қўлланади. Қизларнинг эътироф этишича, бундай тамға босилганлар бошқа шаҳарларга, ҳатто бошқа давлатларга сафарга чиққанидан кейин ҳам, албатта, қайтиб келадилар.
2019 йил ҳам Кентукки полицияси одам савдосида айбланган тўрт кишини ҳибсга олди. Уларнинг қўлидаги 13 нафар тутқуннинг шахси аниқланганда, уларнинг баъзилари вояга етмагани маълум бўлади. Кейинроқ, 53-Суперкуб бошланиши арафасида Жоржия штатининг Атланта шаҳрида жинсий-қуллар савдоси билан шуғулланувчи 33 киши қўлга олинди. Лекин бу ишлар улкан айсбергнинг учига қўл теккизиш билан баробар эканини ҳамма биларди.
Севгилиси томонидан сотиб юборилган қиз
Саммер Дикерсон бу “ўйин”га кириб, қулжаллобларнинг қўлига тушиб қолганида 17 ёшда эди. Унинг кўргиликларининг сабаби бир йигитни севиб қолгани бўлди. Йигит эса қизнинг севгисига жавобан тўкин ҳаёт ваъда қилади. Бироқ ёрқин келажак ўрнига уни тутқинлик, жисмоний, руҳий, жинсий зўравонликлар кутиб олди. “Бу манипуляция формаси”, – дейди Саммер. – У ростдан ҳам йигитингиз каби меҳрибонликлар қилади. Кейин эса: “Жонгинам, мен учун бир иш қилишингни истайман”, деб қолади.
Саммернинг йигити меҳмонхонада “ниманидир” унутиб қолдирганини айтиб, ундан ўша нарсани олиб келиб беришни илтимос қилади. Қиз рози бўлади ва меҳмонхонада ўзини сотиб олган биринчи одамга дуч келади. У ҳеч нимадан шубҳаланмаган Саммерга “сотилгани ва харид қилинганини” тушунтиради, кейин эса номусини топтайди.
“У менга: “Сени сотиб олдим, нимани истасам ўшани қиламан” деди, – дея хотирлайди Саммер. – Мен уйга қайтиб келиб, ҳаммасини йигитимга айтиб бердим. У эса: “Бу энди сенинг ҳаётинг”, деб жавоб қилди ва мени ўласи қилиб калтаклади. Вазиятдан чиқиш йўлини топа олмадим ва у ерда қолишга мажбур бўлдим”.
Саммер Дикерсоннинг айтишича, бир кечада уни 30 мартагача сотишган ва минг долларлаб пул ишлаб олишган. Унинг ҳаёти дўзахга айланади, гиёҳвандлик ва спиртли ичимликлар тириклиги механизмига айланади – у фақат шулар ёрдамида қисқа вақтга бўлса-да, ҳаммасини унутади ва яшашда давом этади.
“Мени Нью-Йоркка, Чикагога, Луисвиллега – ҳамма жойга сотишди”, – дея хотирлайди у. – Millionaire’s Rowдаги дербида ўтирганимда ҳеч ким қурбон эканимни фаҳмламади. Мени бир эркакка сотишганди, отчопардан чиқишимиз билан у мени дўппослай кетди. Тутқинликдаги вақтида Саммерга беш сутенер бешта тамға босишга улгурди. Яқинда у бу қуллик тамғаларидан бутунлай қутулади. Аммо турли “харидорлар” ва сутенерларнинг ваҳшиёна муносабатлари – калтаклашлар-қийноқлар натижасида орттирилган руҳий зарбалар, саломатлиги билан боғлиқ муаммолардан қутулиши осон кечмайди, афсуски.
“Ўлигимизни чиқиндихоналар, дарё бўйларидан топиш мумкин”
“Луисвиллдаги омон қолганлар бурчаги” асосчиси Донна Полларднинг таъкидлашича, сутенёрлар ўз қурбонлари қалбида шундай қаттиқ қўрқув уйғотадики, улар буйруқларга шубҳасиз бўйсунадилар. “Мени пистолетдан отишди, машинадан улоқтиришди”, – дейди у. – Ҳаридорлар бошимга, белимга аёвсиз тепиб-урарди. Жароҳатларим ҳали ҳам оғриқ беради. Баъзилар мени фоҳиша деб ўйлаб, шундай муомалага лойиқ ҳисоблайдилар. Аммо қийноқ камерасида азобланишга, беаёв калтакланишга лойиқ эмасдим”.
“Менга кийим-кечак ва бошқа нарсалар беришарди, аммо пул беришмасди, унинг (йигити бўлса керак) айтишича, қарзимни қутулаётган эканман”, – дейди Саммер. Бундан ҳам ёмонроқ бўлиши мумкин эмаслиги аён бўлганидан сўнг Саммернинг ҳаёти бирданига ўзгарди – уни Горилла лақабли қулжаллобга сотиб юборишди. “Агар ҳозир у тирик бўлганида мен ҳозиргидек хотиржам ўтира олмасдим, у мени топиб ўлдирарди ёки болаларимни ўлдиришга ҳаракат қилган бўларди”, – дейди Дикерсон. – У қип-қизил жинни эди. Бир марта мени деярли тириклай кўмди ҳам. У чуқур ковлади ва мени унга ётқизди. Ўша ҳолатда: “Сени ўлдираман… Аҳмоқлик қилма”, деди. Сўнгра мени чуқурдан тортиб олиб, шкафга бир неча соат қамаб қўйди.
Дикерсон сутенер Горилла ўзининг кўз ўнгида бир қизни қандай ўлдирганини хотирлайди. Аёлларни ўлдириш қул савдосида – одатий ҳодиса. Агар аёлни сутенер ўлдирмаса, бу ишни ҳаридор ҳам қилиши мумкин. Саммернинг жинсий-қул бўлган яқин дугонаси шундай қотиллик қурбони бўлган. “Биз – одамлар ўлигимизни дарё бўйларидан, чиқинди идишларидан топиб оладиган қизлармиз. Бир сўз билан айтганда – чиқинди. Аммо биз чиқинди эмасмиз-ку, биз – кимнингдир қизи ёки онасимиз”, – дея мунозара қилади Саммер. – Бироқ бу дунёда фойда келтириб туришдан тўхтасанг, сени ўлдиришади.
Жангчига айланган собиқ қул
Саммер Дикерсон сутенерлардан қочган ёки оиладаги зўравонликни бошдан кечирган аёллар учун ўзига хос бошпана қуришга муваффақ бўлди – «Эстер уйи» реабилитация маркази сифатида ишлайди. Унда бир вақтнинг ўзида 18дан 60 ёшгача бўлган саккизтагача аёл яшайди. Уларга психологик кўмак кўрсатилади, семинар ва лекцияларда турли дастурлар доирасида ҳаётга қайта мослашишга ёрдам берилади. Дарсларда аёлларга ўзларининг фикрларини ҳимоя қилиш, иш юритиш, муаоммоларни муҳокама қилиш, уларни бартараф этиш, бир-бирларига ҳурмат-эътиборда бўлишга ўргатилади. Саммернинг айтишича, ташкилотни очишдан мақсад – жабрдийда аёлларни ҳаётини ўзгартириш мумкинлигига ишонтиришдир. Ўзидан ёрдам сўраб келган аёллар, қайсидир маънода, Саммернинг ўзини ҳам қутқаради. “Энди мен бахтлиман”, дейди у. – Менинг аниқ мақсадим бор, хотиржамликка эришдим. Ўзимнинг қадримни биламан. Мен – омонман. Мен – жангчиман”.
Бир йилда 99 миллиард фойда келтирадиган “бизнес”
БМТнинг Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотига кўра, одам савдоси бир йилда 150 миллиард АҚШ доллари фойда келтиради ва шундан 99 миллиарди жинсий эксплуатациядан олинади. Ҳозирги вақтда дунё бўйича 40 миллионга яқин киши одам савдосининг турли кўринишларидан азият чекмоқда. “Агар пистолетингиз бўлса, уни фақат бир марта сотасиз. Агар менда сиз бўлсангиз, мен сизни қайта-қайта сотавераман, сутенерларлар ана шундай фойда олади”, дейди Саммер Дикерсон.
Луисвилл университети 2013-18 йиллар оралиғида қул савдоси бўйича ўтказган тадқиқотнинг 95 та ҳолатида қулларнинг 87 фоизини аёллар ташкил этаётгани, уларнинг аксарини оила аъзоларидан бири қулликка сотиб юборгани маълум бўлган. Ушбу индустрия жамият қурбонлари: фоҳишалар, гиёҳвандлар, бошпанасизлар, уйидан қочиб кетганлар билан қувватланади. Қулликнинг глобал индекси шуни кўрсатадики, 2019 йил Қўшма Штатларда қул савдосига 403 минг киши қўшилди, аммо бу маълумот хийла баланд бўлгани тахмин қилинади.
2018 йил Миллий қул савдоси бўйича тезкор телефон линияси Қўшма Штатларнинг барча штатларида 5,1 минг одам савдоси билан боғлиқ вазиятни қайд этди. Мамлакат Адлия вазирлиги статистикасида қайд этилишича, 2012 йил жабрланувчиларнинг тўртдан бир қисми оқ танлилар, яна тўртдан бир қисми лотинамерикаликлар ва 40 фоизи – африкоамерикаликлар бўлган. Янада даҳшатлиси, уларнинг катта қисми болалардир.
БМТ ҳисоботга кўра, 2019–22-йиллар мобайнида дунё бўйлаб одам савдоси қурбонлари сони 47 фоизга ошган. Болалар савдоси, айниқса, юқори даромадли мамлакатларда ҳам кўпайиб бормоқда, улар турли жиноятларга жалб этилаётган бўлса, қизлар кўпинча жинсий эксплуатация учун сотилмоқда.
Қулжаллоблар тузоғига тушётганларнинг аксарияти африкаликлар. Шунингдек, Россия-Украина можароси сабабли Европага қочқин бўлиб борган оилаларнинг аёллари ва фарзандлари овланаётгани ҳақида ҳам матбуотда материаллар эълон қилинди. Қолаверса, Фаластин, Ливан, Сурия каби давлатларнинг қочоқлари ва уларнинг фарзандлари ҳам хатардан холи эмаслиги аён. Юқоридагилардан маълум бўлмоқдаки, бу фожиани тўхтатиш учун биргина Саммернинг кучи етмайди. Бутун инсоният бунга қарши курашиши, ҳозиргидан ҳам кучлироқ курашиши керак.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.
Тарих
Жараён
Тарих
Адабиёт
Маънавият
Тарих
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ