Ўнгсўз. Эртак эзгуликка йўғрилган. У чанқоқ руҳни тириклик сувидай яшнатиш қувватига эга. Эртак унутилган жойда ёвузлик ҳукми устун келади. Эртак қафасдаги руҳни ўз эркига, асл маконига қайтара билади. Негаки, эртаклар руҳнинг Асл дастуридан улги олиб, унга озиқ берувчи ўнг қувват шоҳтомирига чамбарчас боғланган. Жўн талқинда эртак эрмак, ёлғон хаёлотдек кўринади. Лекин бу – эртак сиртидан сирғалиб ўтувчи жузъий ақлнинг хулосаси. Куллий ақл эгаси коса тагидаги нимкосани идрок этади, ундаги ҳикмат майидан баҳра олади.
Эртаклар умумий, айни пайтда, хусусийдир. Умумийликдан хусусийликка ўтилса, шакллар, ифодалар турланиб тусланади. Лекин моҳият аслига содиқ қолаверади. Ўзгармас моҳиятни сиртдан кузатганлар эртакни “сеҳрли” деб атайди. “Сеҳрли” сифати омманинг ғайритабиий ҳолатларни мўъжиза, каромат дея тушунишига уйғун. Бу ҳодисаларни боғлаб турувчи ришта жузъий ақлни куллий ақлга пайванд этувчи қувват кучи билангина англанади. Ақл босқичларининг ўлчами Улкан билимга ростланиб даража олиб келади. Билимлар қаймоғи бўлмиш Улкан билим уруғи эса ҳар бир руҳга экилган. Фақат у гўдак қалбида мудроқ ҳолатда туради. Бола ақлини таниб, улғайиши баробарида уруғ аслига ростланади. Азалда шундай белгиланган. Эртакнинг бирламчи вазифаси қалбдаги дониш уруғининг унишига, камолот пиллапояси ибтидосида турган жузъий ақлнинг куллий ақлга эврилишига қувват, восита бўлиб хизмат қилишдир. Жузъий ақл кишиси кўзи ожиз одамга ўхшайди. Унга ҳасса ёки йўлбошчи керак. Эртак мағзидаги ҳикмат ана шудир.
Одатда, эртаклар болага айтилади. Бола – бола-да, унинг сабий ақли рамз ва тимсоллар моҳиятини англамайди, у фақат ҳайрат туяди. Ҳайрат эса асл мазмунга ошно руҳият манзиллари аро кўприкдир. Ҳайрат йўқолган нуқтада тимсоллар тили унутилади. Руҳ қобиғига беркинади. Руҳ таниганни жузъий ақл илғай олмаслиги боиси унга рамзу тимсоллар тилининг бегоналигидир. Эртакнинг рамз ва тимсоллари худди алифбо каби бола ақлига “Уйғон!” дея қўнғироқ чалади. Бола улғайиб эртак кодларини ўнглаб, билимларга ошно бўлса, манзилга адашмай йўл олади. Лекин йўлга тушиш манзилга етиш дегани эмас. Йўлчининг илк ҳайрати мўъжиза, каромат, сеҳр қобиғида қолса, ҳайратлар силсиласида жузъий ақл ўрнини куллий ақл эгалламаса, мурод ҳосил бўлмайди.
Атама хусусида. Адабиётшунослик ва фольклоршуносликка тегишли тадқиқотларда “рамз”, “тимсол” маънодош атамалар сифатида қўлланиб келмоқда. Аслида, улар мустақил ўринга эга. Қолаверса, атамада синоним бўлмаслиги шарт. Рамз ва тимсол атама сифатида бир-биридан у қадар узоқ тушунчалар бўлмаса-да, айни мазмунни ифодаламайди. Ҳар бирининг ўз қўлланилиш ўрни, қамров доираси мавжуд. Имуқуқлик (ассоциация уйғотиш) рамз ва тимсол учун муштарак хусусият. Аммо “рамз” атамасини бирор сўз ва бирикманинг муайян матнда ўз луғавий маъносидан ташқари турғун мазмун англатишига, “тимсол” атамасини эса образнинг матндан сиртда (тор маънода) ва бутун матн асосида кенг маънода уйғонувчи ассоциатив маъно ифодалашига нисбатан ишлатиш мақсадга мувофиқ. Бу ўринда матндаги турли сўз, образларнинг рамзий маънолари умумтимсолий мазмуннинг юзага чиқишига хизмат қилади. Биз бу мақолада “тимсол” атамасини тор ва кенг маънода истифода этамиз. Тимсол тор маънода образнинг матн ва матндан ташқари ифодаловчи поэтик мазмунини англатса, кенг маънода рамзий вазият, ҳолат ва воқелик тизими асосида ҳосил бўлувчи бадиий мазмунга нисбатан қўлланади. Ҳар қандай тимсол рамзийлик касб этади, лекин ҳамма рамз тимсол қамровини олмаслиги мумкин. Аслида, чалкаш англаш ва қўллаш шу нуқтадан бошланади.
Мавзу борасида. Ҳар қандай эртак маълум бир воқеа, ҳодисадан ҳикоя қилади. Асар баёнидан англанган мазмун бир сатҳ бўлса, унинг туб мағзида бошқа рамзий, тимсолий маънолар туради. Маънолар эса матндаги рамзий сўз, бирикма, образлар воситасида юзага чиқади. Асарнинг бадиий-эстетик қиммати ҳам ана шу сатҳлар тўла очилсагина ойдинлашади.
Фольклор ва адабиёт намунасини маъно қатламига кўра икки сатҳга ажратиш мумкин. Биринчиси – асар сиртидаги маъно. Ушбу маъно барчага бирдек англамли маълум бир воқеа, ҳодиса, ўй-кечинмани баён этади. Уни шартли равишда “ҳаётий-маиший маъно қатлами” деб номлаш мумкин. Ушбу мазмун қатламида қолган ўқувчи асл мазмунга ета олмайди. Ҳаётий-маиший маъно қобиғида қолган асарнинг ҳам бир ўқишли қуввати бўлади. Иккинчиси – ички-ботиний, яъни асардаги воқеалар баёни, образли ифода шакллари замиридан келиб чиқувчи имуқуқли маъно. Ўз навбатида, ботиний маъно ҳам босқичма-босқич очила борувчи қатламларга эга. Бу ўринда асардаги рамзу тимсоллар воситасида ифодаланган ижтимоий-ғоявий маъно ва навбатдаги, инсонни ўзлигини англашга йўлловчи Улкан билимга (биз бу ифодада барча доктрина, диний-фалсафий таълимотлар, таъбир жоиз бўлса, Одам Атодан Муҳаммад с.а.в.гача ўргатилган СЎЗни назарда тутмоқдамиз) дахлдор маънолар қатлами муҳим ўрин тутади.
Мағзида эзотерик – Улкан билим турувчи, инсоннинг тафаккур олами таҳлил этилган асар чинакам санъат намунаси сифатида қадрланади. Асарнинг маъно қамрови қанчалик чуқур бўлса, у шунчалик умрбоқий, умуминсоний даражага кўтарилади. Бу хил мураккабликдан содда, пурмаъно шаклга келган асарда ташқи ва ички маънолар қатлами шунчалик мукаммал кўриниш оладики, бир қарашда уларни илғаш мушкул. Фольклорнинг барча мумтоз намуналарида айни ҳолатни кузатамиз. Адабиётда вазият бирмунча бошқача. Ҳаётий-маиший, ижтимоий-ғоявий маъноли асарлар нисбатан кўп. Чинакам ҳикматга йўғрилиб, инсон ботинини борича қамрашга йўналтирилган асарлар барча даврларда бармоқ билан санарли.
Фольклор – адабиётнинг булоқбошиси, деган аксиома бор. Адабиётнинг фольклордан баҳра олгани бор гап. Лекин адабиёт фольклор мезонларида қолса жўнлашади. Ўз навбатида, фольклорга адабиёт шаклини кўчириш ҳам тақлид кўчасида адаштиради. Фақат моҳиятни адабий фольклор даражасига олиб чиқа олган ижодкоргина бу йўлда муваффақиятга эришади. Эрнест Ҳемингуэй (“Чол ва денгиз”), Чингиз Айтматов (“Оқ кема”) каби. Умуман, Шарқ адабиётидаги аксарият мумтоз асарларнинг мажозий нақл шаклига келиши тасодиф эмас. Чунки ибтидоси Улкан билимга боғлиқ фольклордаги ҳикматдан бошланган адабиёт қайта ҳикматли шаклини топиши шарт.
Адабиёт ҳар бир замонда ўзига хос йўл ва ифодага эга бўлади. Бир сўз билан айтганда, фольклор ва адабиётни боғлаб турувчи ўзак жиҳатлардан бири асар мағзида инсон маънавияти, тафаккури, унинг эрки ва ўзлигини топиш йўлидаги изтироб ва изланишларини бадиий ифода қилган маънолар қатламининг мавжудлиги, БОҚИЙ СЎЗга дахлдор эканидадир. Фольклорда сўз айрича анъанада айтилган. Анъанани эса авлодлар, бутун бошли халқнинг бадиий тафаккур қуввати яратади. Индивидуал ижодкор қанчалик талантли бўлмасин, бу залворли юмушни бажара олмайди. Шу сабабли ҳам, фольклор – анъаналар санъатидир. Фольклор асарида ифодаланган маънолар қатламининг Улкан билимга боғлиқлиги ҳам ана шу анъана қонунияти билан изоҳланади.
Биз қуйида бир эртак мисолида рамзий, тимсолий мазмунни очишга уриниб кўрамиз. Уриниш айб эмас, бу йўлда адашишлар ҳам бўлиши мумкин. Гап ёпиқ қопқани очишда. Жиллақурса, қопқани кўрсата билиш ҳам савобли юмуш.
“Чўлоқ бўри” сеҳрли-фантастик эртаги серқатлам мазмунга эга. Эртакнинг қисқача мазмуни бундай: подшо боғидаги олтин чинорнинг барги ҳар тун биттадан йўқола бошлайди. Ҳукмдор уч ўғлига ўғрини топишни буюради. Пойлоқчилик қилган икки ака ғафлатда қолиб, отанинг ҳафсаласини пир қилади. Кенжа шаҳзода эса баргларни тилла қуш ўғирлаётганини аниқлайди. Подшо ўғилларини қушни топиб келишга жўнатади. Шаҳзодалар айри-айри манзилларга кетади. Эртакнинг ушбу вариантида катта ака “борса келар”, ўртанча ўғил “борса келмас”, кенжа эса “борса хатар”ни танлайди (бу ўринда айтувчи анъанани бузган, аслида, кенжа ўғил “борса келмас”, ўртанча эса “борса хатар”га бориши керак эди. Эртакнинг “Булбулигўё” вариантида йўллар шундай тақсимланган). Кейин кенжа шаҳзода ва чўлоқ бўри саргузаштлари ҳикоя қилинади.
Шаҳзода чўлоқ бўри ёрдами ва маслаҳати билан тилла қуш, Мағриб подшоҳининг қизи, ялмоғиз кампирнинг отини қўлга киритади. Лекин шаҳзода шартларни бажаришда икки бор чўлоқ бўрининг айтганини қилмай, қўлга тушади. Чўлоқ бўри шаҳзодага танбеҳ бериб, унинг хатоларини тўғрилайди. Бўри шаҳзода берган яримта нонга рози-ризолик айтиб ғойиб бўлади. Кенжа ўғил қуш, қиз, отни олиб, акаларини ўт ёқувчи ва гўлахликдан озод қилиб уйига отланади. Йўлда акалар укани кўр қилиб, чоҳга ташлайди, ўзлари ўлжалар билан ота ёнига қайтади. Қуш, қиз, от йиғлаб туз тотмай қўяди, подшо бунинг сабабини суриштириб воқеадан воқиф бўлади ва кичик ўғилни чоҳдан халос этиб, қизга уйлантиради. Хиёнаткор акалар жазога тортилади.
Албатта, ҳар тадқиқот масалага ёндашуви билан фарқланади. Бизни эртакдаги образларнинг рамзий, тимсолий маънолари ва Улкан билимга тегишли мазмун қизиқтиргани сабабли бошқа масалаларга чалғимаймиз. Бевосита эртак воқеалари тафсилоти изидан бориб, мақсадга ўтамиз.
Подшо ким?
Эртакда кенжа шаҳзода тилла қуш эгаси қўлига тушиб, “Сен қайси элдан келдинг?” дея сўроққа тутилганида, унинг “Боғбондан келдим”, деган жавоби саволимизга қисман ойдинлик киритади. Демак, подшо боғ эгасигина эмас, боғбон ҳамдир.
Подшо – боғбоннинг уч ўғли бор. Одатда, ўғил отага меросхўр саналади. Эртакда мамлакат тахтига эмас, подшо фарзандларига мерос қолдириши мумкин бўлган боғ ва тилла дарахтга урғу берилган. Подшо – боғбон ўғилларга тилла дарахтли боғнинг бекаму кўст мерос бўлиб ўтишини истайди. Лекин дарахт барглари ҳар тун биттадан йўқолмоқда. Баргсиз дарахт қурийди. Дарахтсиз боғ бўлмайди, боғсиз – боғбон. Боғнинг файзи, қиммати тилла дарахти билан. Барглар шу тахлит йўқола борса, дарахт билан бирга боғ, боғбоннинг бутун меҳнати, тоат-ибодати йўққа чиқади.
Боғ тақдирига аввало боғбон масъул.
Эртак воқелигига кўра, боғбон меросхўрларсиз ўз миссиясини бажара олмайди. Боғнинг эртаси меросхўрларнинг билими, мақсад сари тўғри йўл танлаб, собитқадамлик билан машаққатларни енгиб ўтиши, сабртоқати, руҳий, жисмоний қувватига боғлиқ. Ота муносиб ворис топиш, тилла баргли дарахтни сақлаб қолиш пайида. Бунинг учун эса баргларни ким ўғирлаётганини аниқлаш лозим. Подшо бу юмушни ўғиллари зиммасига юклайди. Ўзи аниқлаб, фалон сабаб, мана бу вазифани бажаринг, деб айтмайди. Шартни ўғиллар бажариб дастлабки синовдан ўтишлари лозим. Чунки ҳаётда ҳамманинг тажрибаси, ўзлигини топиши, руҳий билими индивидуалдир.
Ҳаётий асосга таянилса, довлашувда тўнғич ўғил устун мавқега эга. Кейин ўртанча, навбат етса, кенжадан ҳам умид йўқ эмас.
Акаларни ғафлат босди, тун овчиси келди-кетди – билмадилар. Кенжа эса уйқусини енгди, пойлади, тилла қушнинг ўғри эканини кўрди, лекин тута олмади, тонгда подшога кўрганини маълум қилди. Ана шу нуқтада акалар ва кенжа ука икки қутбга – тилла қушни кўриб, хабар берувчи ва эшитиб, тусмол қилувчиларга ажралди. Кенжа – кўрувчи, айтувчи (унинг қалб кўзи очиқ, бедор), акалар – эшитувчи (уйқуга енгилган, ғафлат босганлар).
Боғбон учун қутблар йўқ. “Сен кўрдинг, сен эшитдинг”, деб ажратмайди. Моҳиятда кўрган, эшитган эмас, англаб, фаҳмлаган ҳақ йўлдан адашмайди. Кўриб кўрмайдиганлар, илғамайдиганлару эшитиб англамайдиганлар – адашганлар қанча. Ўғиллар – йўл овчилари эса боғ билан бирга камол топувчилардир. Шу сабаб боғбон – ота – подшо ўғилларига бирдек имконият бериб, тилла қушни топиб келишга жўнатади.
Эртакнинг “Булбулигўё” вариантида подшо шартни бажармагани учун катта ва ўртанча ўғлини зиндонбанд қилади. Лекин кенжа ўғил ўғри ким эканини аниқлагач, отасидан икки акасини озод этишини сўрайди. Подшо тилла қушни ким тутиб келади, деганида икки катта ака биз деб, қирқ туядан мол олиб, савдогар суратида шаҳардан чиқиб кетади. Кенжа ўғил уч кундан кейин тушида бир парча булут узилиб қўйнига кирганини кўради. Отасидан рухсат сўраб, ақчасиз йўлга отланади ва бир ҳафтада акалари изидан етади. Бу ўринда акаларнинг мол-дунё билан савдогар қиёфасида, кенжа уканинг қуруқ ўзи сафарга отланганига диққат қаратиш лозим.
Чиндан-да, эртакнинг юза мазмунига кўра, ота топшириғи билан сафарга отланган уч ака-ука ва уларнинг хатти-ҳаракати, иши-юмуши алоҳида индивидларга хос тасвирланган. Бизгача бўлган талқинчилар уларни шу шаклга кўра баҳолаб келган. Аммо эртакнинг ички маъно ҳудудига ўтиб қаралса, вазият мутлақо бошқача тусга киради. Тилла дарахт оддий боғда ўсмайди. Бу эса подшо, уч ака-ука, боғ, тилла дарахт, тилла қуш образларини ҳам бевосита мажоз ва тимсолий маънолар ўзанига буриб, тасвиру тафсилотларни рамзий-тимсолий сатҳга олиб ўтади. Хўш, уч ака-ука образида қандай рамзлар яширин? Улар излаб кетаётган тилла қуш, қуш ўғирлаган тилла барг, тилла барг унувчи чинор, чинор ўсувчи боғ ва ниҳоят боғ эгаси боғбон – подшо образларининг туб маъноси нима ўзи?
Уч ака-ука ва бошқа образларнинг рамзий маъноси шарҳига ўтишдан аввал улар моҳиятига бевосита тегишли халқ тасаввуридаги руҳ, жон, тан ҳақидаги тушунчаларга аниқлик киритиб олиш лозим. Халқнинг жонли оғзаки сўзлашувида бу тушунчаларнинг ҳар бири ўз ўрнида қўлланади. Киши жисмига зиён-заҳмат етса, “танамда оғриқ турди”, “аъзойи баданим зирқиради” дейди ёки фалон аъзосининг оғриганидан хабар беради, “руҳим оғриди” демайди. Аксинча, у маънавий озор чекса, “руҳим чўкди”, “руҳим тушди”, “руҳан қийналдим” дейди. Тилимизда “танам чўкди”, “танам тушди” каби бирикмалар йўқ. “Жон” тушунчаси билан боғлиқ ибора ва бирикмалар тан ҳамда руҳга баробар, оралиқ мавқе эгаллашини кўрамиз. “Жоним чиқай деди”, “тану жонимга оғриқ кирди”, “жон кирди” каби ибораларда мазмун танага тегишли бўлса, “жоним ачиди”, “жонимга тегдинг” каби бирикмаларда руҳий ҳолат ифодаланган. Бу сингари кўплаб иборалар халқнинг тан, жон, руҳ ҳақидаги тасаввурлари аниқ чегарага эгалигидан далолат беради. Халқона талқинга кўра, тана руҳ учун вақтинчалик макон, жон эса тана ва руҳни боғлаб турувчи қувватдир. Шу сабабли ҳам жон тан ва руҳга баробар тегишли мазмун ифодалаб келади.
“Тана”, “жон”, “руҳ” тушунчалари азалазалдан дин, фалсафа ва барча таълимотларнинг бош мавзуларидан бўлиб келган. Шарқ файласуфлари орасида Абу Али ибн Синонинг тана, жон ва руҳ ҳақидаги фикрлари диққатга сазовор. Олима Гулчеҳра Қобулниёзова унинг фалсафий қарашлари ва қиссаларини талқин этиб қуйидаги хулосага келади: Ибн Сино жонни доимий ўзгаришда, камолотга эришувчи руҳий қувват деб ҳисоблайди. Жон тананинг айни шакли эмас, у танадан аввал пайдо бўлган ва танадан сиртда ҳам яшай олади. Жон руҳий ёки фаол ақл жараёнида ўзини англайди ва сўзловчи руҳга айланади. Аллома жоннинг руҳга айланишида эгалланувчи билимни иккига ажратади: ақлий билимнинг биринчи шакли тананинг амалий эҳтиёжларини қондириш учун хизмат қилса, иккинчи шакли қалб ва ундаги ички билимлар билан боғлиқ. Бу билимни Абу Али ибн Сино “фаол ақл” деб номлайди. Фаол ақл ёрдамида инсоннинг руҳий онги уйғонади, унинг қалби борлиқ руҳи билан қўшилади. Инсондаги заминий муҳаббат илоҳий муҳаббатга айланади (Қобулниёзова Г. Мутафаккирлар. Ф.Нитше ва А.Бергсоннинг ҳаёт фалсафасида инсон муаммоси. Т., 2010, 38-бет). Ибн Синонинг фалсафий қарашлари халқнинг тана, жон, руҳ ҳақидаги тушунчаларига ойдинлик киритиши билан аҳамиятлидир.
Инсон туғилиб, ёруғ оламга келар экан, болалик, ўсмирлик, йигитлик, эрлик ва ҳоказо босқичларни босиб ўтади. Мазкур умр фасллари инсон жисми – танага дахлдор ўлчамлардир. Инсоннинг руҳий камолоти эса ёш каби йиллар мезонига сиғмайди. Улкан билим эгаси ўз фикрларини эртак кўринишида сўзлар экан, тингловчининг онги, тушунчасига мос қиёс – образлар топиб англатган. Бу ўринда уч ака-укадан яқинроқ муқояса топиш мушкул.
Бизнингча, уч ака-ука образида инсониятни азал-азалдан қийнаб келаётган, турли дин, доктрина, фан ва бошқа таълимотларнинг бош мавзуси ҳисобланмиш – инсон бу дунёга не вазифа билан келди, руҳ тана деб аталмиш иморатга нега кирди, тан, руҳ ва жоннинг бу жараёндаги ўрни, вазифаси қандай, инсонийлик моҳияти, унинг яшашдан мақсади нима каби саволларга халқона жавоблар ифодаланган.
Демак, уч ака-ука – инсоннинг руҳий олами, онгида кечувчи мураккаб камолот босқичларининг рамзий-тимсолий ифодаси. Подшо эса тан, жон, руҳ бирлигидан бино бўлган инсоннинг тимсолидир.
Боғ – инсоннинг кўнгил равзасидир. У кўнгилнинг “бир қўшлик ери”да жойлашган. Подшо – маънавий боғнинг боғбони, кўнгил мамлакатининг хоқонидир (қадим Шарқ фалсафасида ҳар бир инсон бир мамлакатга менгзалганини ёдга олинг). Уч ака-ука эса кўнгил мамлакатининг фуқаролари, жоннинг руҳий билимларни англаб ўзлигини топиш йўлидаги шартли уч ўлчамли ифодачиси бўлмоқда.
Кўнгил боғидаги тилла баргли чинор – руҳий ҳаёт дарахти, унинг олтин барглари тану руҳни боғловчи жоннинг ҳаётий ҳикматга тўйинган қуввати рамзи.
Тилла қуш – руҳий билим тимсоли.
Тилла қушнинг тилла баргларни ҳар тун (одамлар ғафлатда вақти) битта-биттадан ўғирлаб кетаётгани эса тана ва руҳга боғлиқ жон қувватининг ҳаётий, руҳий билим билан тўйинмай, беҳудага сарф бўлаётгани, нафс зиндонига банди эканини билдиради.
Рамзий сатҳда подшо – тан, жон, руҳ бирлигидан бино бўлган инсоннинг кўнгил салтанатини англаш жараёнидаги уч руҳий ҳолати, дедик. Бу эса Ибн Синонинг ақлий билимни тана эҳтиёжларини қондирувчи ҳамда қалб ва ички билимларга боғлиқ фаол ақл деб кўрсатишига уйғун келади. Катта акалар барг ўғрисини аниқлай олмай ғафлатда қолиб, зиндонбанд бўлди – улар ақлнинг биринчи шаклига тимсолдир. Шу сабабли ҳам улар сафарга қирқ туя мол-мулк билан савдогар қиёфасида отланди. Бедор кенжа ўғил эса фаол ақл тимсоли, у кўнгил амри билан (туш кўриб) сафарга чиқди.
Сафар мақсад сари қўйилган илк босқич эди.
Мақсад йўл мазмунини белгилайди.
“Сафар дар ватан”да (ака-укаларнинг кўнгил мамлакатига саёҳатида) йўллар уч манзилга ажралди. Катта ака “борса келар”га кетди ва манзили ошпазга (баъзи эртакларда каллапазга) ўт ёқувчиликда ниҳоя топди. Ўртанча ўғил “борса хатар” йўлдан борди ва манзили ҳаммомда гўлахлик билан якунига етди. Кенжа шаҳзода эса “борса келмас” йўлини тутди.
Ўзбек фольклоршунослигида уч йўл ва ака-ука образларининг фалсафий-филологик талқинига илк бор Жаббор Эшонқул дев образининг мифологик асослари ва бадиий талқинини ёритиш муносабати билан диққат қилган (Эшонқул Ж. Фольклор: образ ва талқин. Қарши, “Насаф”, 1999, 72-78-бетлар). Муаллиф эртак рамзлар дунёси экани, уларни тўғри шарҳлаш сеҳр-жоду, эврилишлар сабабини очишга имкон беришини қайд этиб бундай ёзади: “Эртакларда халқнинг нафақат тафаккур тарихи, балки ҳаётий тажрибалари ҳам ўз ифодасини топган. Катта ака образи эртакларда кўпинча мавжуд тажриба тимсолида келади. Шу сабабли у одатда синалган йўлларни – “борса келар”ни танлайди. Тажриба, бир томондан, одамни муваффақиятга олиб борса, иккинчи томондан, инсон фаолиятини маълум бир қолипга солиб қўяди. Бир қолипдаги фаолият ҳаракат, исён, ҳаяжон, таваккалчиликдан холи бўлади. Бундай фаолият одамни қўрқоқ қилиб қўйиши мумкин...
Эртаклардаги ўртанча ака – мавжуд имконият тимсоли. Шу сабабли ўртанча ака катта акага яқин йўлни танлагани ҳам табиий ҳолдир. Имконият ҳам тажриба каби ҳамиша тўғри бўлавермайди. Одам одатда ўз тажрибаси ва имкониятига таяниб яшайди. Агар эртак фақат тажриба ва имкониятнинг бадиий ифодаси бўлганида, оддий реалистик ҳикоядан фарқ қилмас эди. Орзу-истак эса ҳар қандай тажрибадан ҳам, имкониятдан ҳам юқоридир. У инсонда мангулик туйғусини уйғотади” (ўша манба, 73-75-бетлар).
Икки ака образида муаллиф қайд этган маъно қатламини инкор этмаган ҳолда, навбатдаги эзотерик қатламда уларнинг айни ҳолатига асос ва киши ўз ҳаёти давомида босиб ўтиши кутилган мақомлар акс этганини таъкидламоқчимиз. Аслида, халқнинг образли – тимсолий таснифи тасодиф эмас, дунё фалсафий таълимотларида турли номлар билан келса-да, моҳиятан ягона манбага уланувчи бу қарашлар тасаввуф таълимотида “Шариат – нафс йўлидир, тариқат – кўнгил йўли ва ҳақиқат – руҳ йўли”, деб кўрсатилган (Комилов Н. Тасаввуф. Биринчи китоб. Т., “Ёзувчи”, 1996, 81-бет). Хожа Аҳмад Яссавий таъбири билан айтилса:
Шариатдан мурод – йўлга кирмоқ,
Тариқатдан мурод – нафсдан кечмоқ,
Ҳақиқатдан мурод – жондан кечмоқ,
Жондан кечмай ишқ шаробин ичиб бўлмас.
Ж.Эшонқул интуицияси кенжа ботир образи моҳиятини тўғри кўрсатишга йўл очган: “Кенжа ботирни Шарқ тафаккурининг исломгача бўлган орифи, мумтоз адабиётдаги орифларнинг аждоди дейиш мумкин. Чунки кенжа ботир бутун фаолияти билан илоҳиётчидир...
Кенжа ботир тасаввуфнинг таваккалчилик тариқатини тутганлар каби йўл тутади, яъни “борса келмас”ни танлаб таваккал қилади. Унинг “борса келмас” юртига юз тутишини, саргузаштлари, машаққатлари ва мурод-мақсадига эришуви тасаввуфнинг камолот босқичларига ўхшайди: а) тасаввуфда бу шариат, тариқат, маърифат босқичлари тарзида ифодаланади; б) кенжа ботир “борса келмас”даги машаққатларни енгиш орқали танасидаги қуллик, нафс, манманликни (яъни девни) енгади, танасини поклаб, ўзлигини топади. Тасаввуфда юқоридаги уч босқич орқали инсон ўзликдан воз кечиб, янги, пок ўзликни топади. Алишер Навоийнинг “Сабъаи сайёр” достонидаги Саъднинг Қатрон девни енгишини эслайлик. Кенжа ботир “борса келмас” юртдаги олтин қушни (олтин олма, олтин балиқ ва ҳ.з.) қўлга киритади. Ориф камолот босқичида Оллоҳ ишқига сазовор бўлади; г) кенжа ботир олтин қушни олиб келгандан сўнг мурод-мақсадига эришади. Сўфий илоҳий ишққа эришгандан сўнг муроди ҳосил бўлади” (“Фольклор: образ ва талқин”, 78-бет).
Инсоннинг ўзлик сари сафари жуда мураккаб жараён бўлиб, бу ҳолатларни тушунтириш йўлидаги барча уриниш, қиёс, рамзу тимсол, таснифу образлар ўта шартли ва ҳамиша бирёқлама бўлиб қолаверади. Тасаввуф аҳли ҳаёти бунга ёрқин мисолдир. “Шайх (Боязид Бистомий) айтар: “Ўн икки йил нафсимни мужоҳада билан риёзат ўчоғига қўйиб, ёндирдим, мазамат (хўрлик) сандони устига қўйиб, маломат болғаси билан урдим, тоат ва ибодат жилови билан жиловладим. Бир қараб, (нафсни) яна ғурурда кўрдим. Тағин беш йил жаҳд айладим. Ўз заъф ва гуноҳларимни кўрдим” (Фаридуддин Аттор. Тазкират ул-авлиё. Т., “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриёти, 1997, 33-бет).
“Сирри марҳамат этар эди: “Нафс бутун қирқ йил мендан бол истади, бермадим. Нафсимнинг шумлигидан кунда бир неча марта ойнага қарар эдимки, юзим қора бўлмадимикан, деб” (ўша асар, 71-бет).
Нафснинг тана (катта ака) ва рационал ақл (ўртанча ака) сингари қутқулари кенжа шаҳзодани йўлдан оздиришга шай туради. Катта ака каллапазга (ошпазга) хизматкор бўлиб қолаверади. У ейиш, ичиш, насл қолдириш учун яшаётган, тана қулига айланган одам тимсолидир.
Ўртанча ака борган манзил (ҳаммом) эса танани тозалайдиган жой. Гўлах бўлиб қолган аканинг саъй-ҳаракатлари руҳни эмас, танни тозартишга қаратилган. Унинг ақли кўп нарсага етади, лекин ирода кучи қолипларни бузиб ўтишига имкон бермайди, энг асосийси, унинг қалби муҳаббатдан бебаҳра.
Икки аканинг ҳаёти нурсиз, зерикарли, улар қолип ичидаги қувончу ташвишлар билан овора. Шу сабабли эртакда уларнинг ҳолати ахборот тарзидагина ифодаланади. “Ҳавойи нафсини ўзига “илоҳ” қилиб олган ва Оллоҳ уни билган ҳолида йўлдан оздириб, қулоқ ва кўнглини муҳрлаб, кўз олдига парда тортиб қўйган кимсани кўрганмисиз? Бас, уни Оллоҳ (йўлдан оздиргани)дан сўнг ким ҳидоят қила олур?! Ахир эслатма-ибрат олмайсизларми?!” (Қуръони карим. “Жосия” сураси, 23-оят. Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур. “Чўлпон”, Т., 1992, 472-бет).
Ақлий-мантиқий илмда юксак даражаларга эришиш мумкин, бироқ ўша мартабалар “борса хатар” йўли, фоний дунё илмларининг қобиғидан чиқмайди. Чунки бу хил ҳаётда янгилик йўқ, ижодкорлик, ҳайрат, меҳр-муҳаббат, ҳаёт завқи қаҳат. Бу босқичлардаги одам ақлий-ҳиссий билиш, зоҳирий – дунёвий билимларгагина эга. “Илоҳиётни англаш учун эса ақл ожиздир. Илоҳиёт илми ақлга сиғмайдиган, ақл ўлчовларидан баланд турадиган илмдир. Ибн ал-Арабий айтадики, Худо ҳақида ҳам ақл тили билан гапириш мумкин, лекин ақл кучи билан Уни билиш мумкин эмас. Ақл исботни талаб қилади, далил, тажриба билан иш кўради. Ваҳоланки, Худонинг борлиги, зоту сифатларини далил орқали исботлаш мушкул. “Маърифат Ҳақ томонидан юборилади. Бу менинг фикрим эмас, балки илоҳий илҳомдир”, деб ёзади Ибн ал-Арабий” (“Тасаввуф”, 38-бет).
Кенжа шаҳзоданинг йўли – илоҳиёт йўли. У камолот сари руҳий сафарга чиққан шахс тимсоли, у кўзлаган манзил аввало тилла қуш – руҳий билимга боғланиш имконини беради. Шу сабабли ҳам эртак давомида асосан шаҳзоданинг саргузаштлари нақл қилинади. Яъни тана қуллигидан қутулган, рационал ақл бўғовларини енга билган жоннинг фаол ақл эгаси бўлиш йўлидаги уринишлари кўрсатилади.
Шаҳзоданинг сафарга туш кўриб йўл олиши ҳам бежиз эмас. Одатда, руҳ инсон танаси уйқудалигида жонга яқин бўлади. Кенжа ўғилнинг тушига кирган булут илоҳий илҳом белгиси эди. Бу хил белги, ишорат ҳар бир инсон ҳаётида юз беради, лекин кўпчилик унга эътибор қилмайди. Мутасаввуфлар тилида “тавбасининг сабаби” деб кўрсатилувчи айни ҳолатга машҳур сўфийлар ҳаётидан мисоллар бисёр.
“Ватан ичра сафар” – руҳнинг асл макони томон сафари, яъни сайрул филлоҳ” (ўша асар, 104-бет). Киши ботинга қанчалик кўп сафар қилса, ўзини шунча теран англайди. Кенжа ўғил – узоқ ва машаққатли сафар аввалида турган мурид. “Мурид – мурод, яъни мақсадга интилувчи одам, мурод эса Оллоҳ таолонинг васли. Муриднинг асосий хислати ниёзмандлик, яъни талабгор бўлиш, муршиди комил этагини тутиб, айтганларига сўзсиз риоя қилишдир. Пирсиз солик манзилга етолмайди. Чунки одам ўзини ўзи назорат қилиши қийин, токи биров раҳнамолик қилиб, йўл кўрсатмаса, мушкули осон бўлмайди” (ўша асар, 22-бет).
Кенжа шаҳзода йўлда чўлоқ бўрига дуч келиб, қолган бир дона нонининг ярми эвазига холис ёрдамчи, маслаҳатгўй, раҳнамога эга бўлди. Холис ёрдамчи ким ўзи? Шаҳзода нима эвазига оқил раҳнамо марҳаматига сазовор бўлди?
Шайх Ҳаким Термизий ҳақида бундай нақл келади: “Ёшлик пайтларида икки толиби илм билан келишиб, бориб илм олмоққа лафз қилдилар. Ихтиёри онасида эди, онаси изн бермагани учун у бора олмади. Термизий қабристонларга бориб йиғлар эди. “Ё Худоё! Ул икки йўлдошим бориб, илм билан машғул бўлдилар. Улар тезда олим бўлгайлар, мен жоҳил қолгайман”, дея ичи ёнар эди. Ногоҳ унга нуроний бир пири фоний учради. Дедики, “Эй ўғил, йиғлама, қайғурма. Ўшал икки йўлдошингдан кўра олимроқ бўлмоқни истармисен?”. “Истаймен”, деди...
Ҳазрати Термизий айтарки, “Ул пир менга бир ерни тайин этди. Ҳар куни ул кўрсатган жойга борар эдим, менга сабоқ берар эди. Уч йил шу йўсин менга бутун анвойи илмлардан кўрсатди ва ўргатди. Сўнг билдимки, ул зот ҳазрати Хизр алайҳиссалом эканлар. Бу улуғ давлатни онамнинг ризосидан топдим” (“Тазкират ул-авлиё”, 113-бет).
Ҳаким Термизий онасининг розилигидан Хизр алайҳиссалом суҳбатига етишган бўлса, кенжа шаҳзода яримта нон эвазига раҳнамога эга бўлди. Бўри – руҳий устоз, пири комил образи. Унинг чўлоқлиги эса пирнинг авом наздида айбли кўринишига ишорадир. Омма хоснинг хатти-ҳаракатларини тўғри англай олмайди. Хосни англаш учун эса унинг чўлоқлигини унутиш лозим. Чўлоқ бўрининг ҳаракатлари Ҳусайн Воиз Кошифий санаган фазилатларга уйғун келади: “Агар шайхлик рукнлари нечта, деб сўрасалар, еттита деб айтгил. Биринчидан, шайх комил маърифат эгаси бўлсин. Иккинчидан, ўткир фаросатли, одамшунос киши бўлиб, бир нигоҳ ташлаш билан муриднинг қобилиятини илғай олсин. Учинчидан, етук руҳий-маънавий қуввати бўлсин, токи агар мурид тариқат йўлидан адашса, унга маънавий мадад бериб мушкулини осон қила олсин, тўғри йўлга солсин. Тўртинчидан, етарли даражада эркин одам бўлсин, яъни ҳеч нарсага муҳтожлиги бўлмасин. Бешинчидан, ихлоси мустаҳкам бўлиб, риё ва тамаъни тарк этсин, мол ва мансаб деб бировга сарғаймасин, эгилмасин. Олтинчидан, ростлик ва беғараз дўстликни шиор қилсин – ҳақ сўзни ҳар ерда, ҳар қандай шароитда айта олсин, гапирганда иккиюзламачилик қилмасин. Еттинчидан, қалбида шафқат нури порлаб турсин, мурид манфаатини ўз манфаатидан устун қўйсин” (Ҳусайн Воиз Кошифий. Футувватномаи султоний. Т., “Мерос”, 1994, 24-бет).
Кенжа шаҳзода чўлоқ бўрининг ёрдамисиз “борса келмас”даги бирорта шартни бажара олмайди. Чўлоқ бўри “Қушни олсанг, чаккасини олма”, деб тайинлайди. Шаҳзода “Узоқ йўлда ерга қўяманми”, деб чаккасини ҳам олиб соқчилар қўлига тушади. Қуш эгаси шаҳзодага Мағриб подшоҳининг қизини келтириш шартини қўяди.
Тилла қуш – руҳий билим, Мағриб подшоҳининг қизи эса илоҳий ишқ тимсолидир. “Ишқ – камолот калити ва иксири аъзам, ишқ мис вужудимизни олтинга айлантирувчи кимё. Ишқ одамни ҳайвонликдан халос этади, одамзод наслини бадбахтлик, фалокатлардан қутқаради, барча иллатларимизнинг давоси ҳам шу” (ўша асар, 43-бет). Шайх Санъон тилла қушнинг қафасда эканини ҳис этиб, уни озод этиш ҳаракатига тушган эди. Тарсо қизига бўлган муҳаббат изтироблари унинг мис вужудини олтинга айлантирганди.
Ботиний билимларга муҳаббат орқали эришилади.
Кенжа шаҳзода қизнинг саройига борди. Чўлоқ бўри “Қизни олсанг, рўмолини олма”, деб тайинлаганига амал қилмай, “Узоқ йўлда бошяланг кетаманми”, деб яна қўлга тушди. Қизнинг соҳиби унга ялмоғиз кампирнинг отини келтириш шартини қўйди.
Кенжа шаҳзода чўлоқ бўри маслаҳатига амал қилиб ялмоғизнинг отини қўлга киритди. От сўнгги, асосий шартлардан бири эди.
Хўш, отни занжирбанд этган ялмоғиз ким?
Моҳиятда ялмоғиз киши кўнглига эгалик қилишга киришган ва тасаввуф аҳли “нафс” деб атайдиган кўникмалар мажмуи, инсон онгсизлигининг рамзидир. “Борса келар”, “борса хатар” йўлларининг мағзида ялмоғиз турибди. “Борса келмас” йўлига кирган инсон тафаккурининг томирида, унинг онгостида ялмоғиз мудраб ётади. Имкон топди дегунча у бош кўтариб йўлчининг иродасини кемиради, эркини бўғади, илҳом отининг жиловидан тутади. Илоҳий ирода, эрк ва илҳом отига эга бўлган шахсгина жаҳолат ва худбинликка хизмат қиладиган ёвуз қувватни ижобий қувватга айлантира олади. Бунда унга илоҳий муҳаббат ва билим қўш қанот бўлади.
Баъзи эртакларда ялмоғиз маконига борган кенжа ботир олдига беда солинган ит ва суяк ташлаб қўйилган отга дуч келади. У отга беда, итга суяк бериб ялмоғиз маконига ўтади. Асира маликани қутқариб, ялмоғизнинг уч сеҳрли буюми – тароқ, қайроқ ва ойнани олиб ортига қайтади. Бор бисотидан айрилган ялмоғиз жаҳд билан кенжа ботирни қувиб етади. Шунда кенжа ботир йўлга тароқни ташлайди, осмон баробар чангалзор пайдо бўлади. Ялмоғиз тишидан болта қилиб, чангалзордан йўл очиб яна кенжа ботирга етай дейди. Кенжа ботир қайроқни ташлайди, кўк билан сўзлашган тоғ пайдо бўлади. Ялмоғиз яна тишини суғуриб, ундан чўкич ясаб йўл очади ва кенжа ботирни қувлашга тушади. Шунда кенжа ботир ойнани ташлайди. Ўртада кўл пайдо бўлади. Ялмоғиз кенжа ботирдан “Кўлдан қандай ўтдинг?” деб сўрайди. “Этагимни тошга тўлдириб сакраган эдим, учиб ўтдим”, деб жавоб беради у. Ялмоғиз этагини тошга тўлдириб кўлнинг ўртасига сакрайди ва сувга ғарқ бўлади. Шундай қилиб кенжа ботир ундан қутулиб қолади.
Ялмоғизнинг макони, унинг қўриқчилари (ит, от), сеҳрли буюмлари (тароқ, қайроқ, ойна) ва унга асир қиз – барчаси рамзий маънога эга ҳамда моҳиятан “Чўлоқ бўри” (“Булбулигўё”) эртагидаги шарт мотивларига уйғун мазмун ташийди. Кенжа ботир ўз табиатидаги ялмоғиз қуввати – ёввойи руҳий қувватни илоҳий руҳий қувватга айлантира билди. Ақл (ит), руҳий парвоз берувчи илҳом (от) ва илоҳий ишқ (қиз) эгаси бўлди. Эҳтирослар чангалзорини (тароқ), манфаату худбинлик тоғлари (қайроқ) қувватини ялмоғизсифат нафснинг зиддига йўналтирди. Натижада ғаними (ялмоғиз) ойна – кўнгил уммонининг туб-тубига ғарқ бўлди. Кўнгил ойнаси равшан тортиб, унда Яратганнинг хазинаси жилоланди.
Кенжа шаҳзоданинг ҳар бир шартни бажариши – инициация, ўлиб тирилишдир. Сўнгги инициация унинг чўлоқ бўридан рози-ризолик сўраб, акаларини излаб топиши, биродарларининг унга хиёнат қилиб, чоҳга ташлаши, барча бойликларга эга чиқишида ўз ифодасини топган. Бироқ ака-укаларни бир-бирига қарама-қарши, душман кучлар сифатида баҳолаш нотўғри хулосаларга олиб келади. Киши ботинининг даражаларини кўрсатувчи бу образлар талқинда икки қутбга ажралгани, акаларнинг инисига хиёнат қилгани кишининг руҳий синовлар олдида ожизлигини ифодалайди. Қолаверса, бу ҳолат, “Булбулигўё” эртагида айтилганидек, ака-укаларнинг отаси бир, онаси бошқа экани билан изоҳланади. Бу жиҳат ҳам асл мазмунга зид эмас. Чунки катта акаларга дахлдор воқеаларда тана ҳукмига бўйсуниш, кенжа шаҳзода кечмишида эса, аксинча, тананинг руҳ ҳукмига тобелиги намоён бўлади.
Бу ўринда тана ва руҳни бир-бирига зид қўйиш ҳам тўғри эмас. Тана руҳнинг бу дунёдаги кийими ва камолоти учун бир восита. Тана бўлмаса, жон руҳ билан қовушиб, асл камолот босқичларига кўтарила олмайди. Демак, руҳ танадан озод бўлмас экан, унинг ботинида тана эҳтиёжлари ўлмайди. “Боязид ҳазратлари айтар: “Чун, ки қурб (яқинлик) мақомига етдим”, дедиларки, “Не тиларсен?”. Мен “Ҳақни тиларман”, дедим. Хитоб келдики, “Токи ҳали Боязиднинг вужуди боқий экан, тилакка эришмоқ маҳолдир” (Ўзингни йўқ этиб, ундан кейин бизга кел)” (“Тазкират ул-авлиё”, 37-бет).
Дарвоқе, кенжа шаҳзода тилла қуш, қиз ва отга эга бўлгач, бир дамлик кибрга берилди. Натижада кўр қилиниб яна чоҳга ташланди, минг машаққатлар эвазига қўлга киритган бойликларидан айрилди. Айрилиқ эса ўзини қайта тафтиш этишга ундади, ўзлигига қайтиш имконини берди. Кенжа шаҳзоданинг кўр қилинишида ҳам улкан мазмун яширин. Негаки, энди у борлиқни бошқалардан фарқли шакл ва мазмунда кўра олади. Яъни, у оламни қалб кўзи билан кўра бошлайди. Қолаверса, унинг кўрлиги бўрининг чўлоқлиги билан уйғун даража ҳосил қилади.
Сўнгсўз. Ака-укалар саёҳати инсоннинг кўнглига, тафаккур оламига сайри эканини бот-бот айтдик. Кимки хатарли манзиллардан, сўфийлар тили билан айтганда, руҳият водийларидан шараф билан ўта олса, “охир-оқибат ҳақиқатларни кашф этиш мартабасига кўтарилади ва васл мақомига етади” (“Тасаввуф”, 34-бет). Фольклорда мурод-мақсадига етди, деб якунланувчи хулоса тасаввуфдаги Ҳаққа етишиш билан моҳиятан уйғундир.
Аслида, фақат эртаклар эмас, фольклорнинг бошқа жанрлари мумтоз намуналарида ҳам халқ эзотерикасининг қаймоғи рамзу тимсоллар тили билан ифода этилган. Улкан билимга дахлдор мазкур ҳикматлар мағзини чақиш эса қалбимиз тубида мудраб ётган ҳақиқат уруғини уйғотишга, унинг ўсиб, гуллаб, мевага киришига кўмак беради.
Шомирза ТУРДИМОВ
“Tafakkur” журнали, 2015 йил 3-сон.
“Борса келмасдаги хазина” мақоласи
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ