«Ҳаво» ошкор қилган иситма – ўзбек шеъриятидаги феминизм


Сақлаш
17:35 / 17.12.2024 22 0

Сўзсизлик ичра сингиб…

 

Аввалбошда сўз яралди. Сўз онгнинг белгиси эди. Онгдаги нарса ҳақидаги тушунчанинг ишораси холос. Сўз англамга, ўйга тегишли эди. Шунинг учун тилшунослик дарсларида муаллимингиз биринчи дарсни тил – онг белгиси деб бошлаган. Муқаддас китобларда ҳам илк одамга исм – сўз ўргатдик деб хабар келди. Одамнинг бошқа турдан биринчи фарқли белгиси сўз тараққиётни бошлади. Сўз қанча кўпайса, миямизда ўй шунча кўпайди. Сўз бошқа сўз ва ўйларга йўл очди. Шу қадар кўпайдики, инсоннинг ички ҳаловат, атрофидаги дунё, табиат, руҳ билан боғлиқ уйғунлигига девор тортди. Сўз қанчалик юксак, буюк кашфиёт яратмасин, алалоқибат бизни ажралиб чиқишимизга олиб келди – биз ҳар бир нарсанинг отини биларканмиз, борлиқдан ажралиб бордик. Ва энди миямизда сўз яратган тасаввур дунёсига ботиб боравердик. Ўйлар миямизда қалашгандан қалашди, ўй ёсуман шамол каби ҳарир руҳимизни энди ўтмишу, келажак томон талаб тортаверди – сўз бизнинг руҳимизни талади. Алалоқибат сўз бизни Бегона қилди. Табиатдан, уйғун дунёдан ажралиб чиқиб, ўз қисмимизни бутунга айлантирар эканмиз, биз ҳаловатни бой бердик – лаҳзани. Илоҳий гармонияни. Ёғаётган ёмғирни сипқориб, руҳан парвоз қила олишни, онсизликни бой бердик биз. Натижада, оламшумул муаммолар, фанлар, изтироблар, ечимлар ўйлаб топавердик, аммо ўзимиз билан андармон бўлган сари четда қолдик. Улуғ гармониядан. Сиғинганимиз Англашнинг чегараси йўқ экан, афсус у бизга умримизни ҳам бермас экан. Ўйимиздаги умрнинг ижрочилари бўлиб қолдик. Лекин табиат инсонга бошқа бир дунёни ҳам берган – сўзсиз дунёни. Шеъриятни. Шеърият сўз орқали сўзсиз дунё яратди, яъни у бизга ҳамма сўзларни ташлаб юборишни ҳис эттирди. Лаҳзага олиб келди. Медитация, ибодат ва инсоннинг энг соф ҳолати ўй тўхтаган дам, дейишди. Буни ҳозирги руҳоний билимлар айтади. Аммо бунгачаям шоирлар ва шеър мухлислари буни билишган (демак, шеър мухлиси бўлиш аслан катта даража). Бир марта ишхонамдаги аёл дабдурустдан 16-қаватдаги офисимиз деразасидан ёғаётган ёмғирга қараб туриб, «қара, мана шу табиат энг кўп шоирлардан миннатдор. Улар каби ким ҳам табиатни чиройли тасвирлаган», деганди. Раҳматли опахон айтган гап бундан каттароқ эди. Ким ҳам табиатга улар каби сингган ва сингишни тасвирлаган демоқчи эди. Табиатга сингишнинг ҳар лаҳзасида Ҳол бор ёки ҳолга келган одам табиатга сингийди.

 

Тасаввур, онг ўйдан холи, ҳаммасидан холи, бўм-бўш. Шундай ҳолатда тура оладими? Йўқ, ўргатилган кучук каби бошқа жойларга улоқиб кетавераман, дейди – ўшанда фақат табиатгина сизни «бўм-бўш»ликда ушлаб қоламан дейди – яъни эгосизланишда, «Мен»имиз хуруж қилмаслигида. Ягона макон бу табиат, фақат табиатни идрок қилиш ё шунга сингиб кетиш билан онг ўзини онсизликда ушлаб қолади. Англам кетидан чопмайди. Ва бундай шеърият ҳам энди шахснинг изтироб ва севинчларидан ажралиб чиқади, шахссизланади. Бундай шахссиз шеъриятни сизга ёлғиз табиатгина беради. Бундай шахссизланиш шеърияти Томас Элиотдан бошланди, дейишади. Аслида йўқ. Элиот бизга буни идрок этиб берди. Сакура гулларига кунлаб тикилиб ўтиришдан ибтидо олган япон ҳаккулари ва «ишқ бу лаҳза, лаҳзадагина ишқ бор» деган тасаввуф шеъриятимизда ҳам бу бор эди. Шунчаки англамга эҳтиёжи йўқ ҳис даражасида, сўзсизликдаги бу ҳисни ҳеч ким сўзга айлантиришга эҳтиёж ва ҳафсала туймаганди, холос.

 

 

Ҳайронман, Гулноз Мўминова мухлислари ва тадқиқотчилари табиат олдидаги мана шу онсизликни нақадар ҳис қилган ё сезган… «Ҳаво» биринчи навбатда мана шу табиат олдидаги йўқсизланиш, уйғунлик ва ҳол сезимлари демак. У сизга юқади. Сиз ўша шеърнинг бош вазифасига – сўзсиз дунёсига қайтасиз юқум орқали. Мўминова бу ерда алоҳидами? Зотан ҳар шоир табиат олдидаги онсизликдан бунёдга келмадими? Ҳа, алоҳида. Мўминова энди руҳиятни ҳам табиатга айлантирди. Кайфиятларини сариқ тулки, ғазабларини юмалоқ кирпи қилиб кетаверди, биз бу тасвирлардан кейин сўз ва англам ичига улоқиб кетмадик, улоқиб кетишимиз керак бўлган жойда (зотан булар руҳият тасвирику), табиатнинг бўлагига эврилиб кетавердик. Шу қадар эврилдикки, оғир оқибат машинада ишга кетаётиб, ботаётган қаҳрабо уфққа қарарканман, менми бу, уфқми, деб қолдим. Кейин мен ҳам йўқолиб кетди. Уфқ, уфқ, уфқ, қаҳрабо, қаҳрабо, қаҳрабога эврилавердим. Сўзсизлик ичида таралиб кетдим. Шоирнинг руҳи менга, менинг руҳим шоирга таралди гўё. Мавжудликка муҳаббат инди – Мавжудлик йўқолиши орқали. Сўзсизлик ҳақида тугатишдан олдин, бир оғиз сўз: «Ҳаво» дан биринчи галда ўша бўш маконни изланг, бўлмаса, Гулноз Мўминовани танимайсиз.

 

Маросим…

 

Фольклоршунослигимга бориб, бу ўтиш метафизикаси ҳақида китоб экан, деб қироат қилаётгандим. Шоир руҳи … (уч нуқтадан) сариққа ўтаётганди. Оҳ, шуни фольклор ва инсон умридаги ўтиш метафизикаси аналогияси тарзида таҳлил қилса, бўларканда, деб ўйладим. Бундоқ қарасам, шоирнинг ўзиям «Маросим» деб шеър ёзиб турибдида. Гулноз Мўминованинг ўзи ҳам бемор, ҳам шифокор бу томонлама. Сезимини наинки юқтиради, идрок қилиб ҳам беради. Фольклордаги анъанавий дунёқарашда бор нарса ҳеч йўқолиб кетмайди. Фақат бошқасига эврилади. Бир оламдан иккинчи оламга ўтади. Масалан, инсон туғилади, унга бешик тўйи қиламиз. Ўтиши хуш келсин, болага янги дунёсида қийин бўлмаймиз деймизда. Тўй қиламиз – қизлик ва бўзлик дунёсини тарк этаётган икки ёшга ўлаётган дунёсида ризолик, ўтаётган дунёсида бахт тилаймиз. Буниям маросим қиламиз. Ўламиз – ортимизда қолганлар маросим қилади, борган дунёсида яхши бўлсин, дейдида ортимиздан. Ҳар бир маросимимизда ўтиш метафизикаси бор.

 

Табиат мавсумларидаям ўтишни маросим қилиб нишонлаймиз. Қишга ўтишни кўк арча, кузга ўтишни Меҳржон, баҳору ёзга ўтишни Наврўз билан. Кейин ўша ўтиш маросимларини мифлардан эпосларга ҳам айлантирамиз. «Алпомиш»у «Гўрўғли» деб. «Ҳаво» ҳам аслида маросим. Ўтиш метафизикасини кечаётган руҳ маросими. Сариққа кўчайотган дунё маросими. Шунинг учун сариқ ҳарир шарпадай кезади, муаллиф ўйланади: «Сари китоб», десамми? Демаганидан қатъий назар «Ҳаво» – сариққа ўтиш маросимининг бадиий ифодаси бўлган руҳ эпосидир.

 

 

Сўзлар ичида тентиб…

 

Келинг, энди сўзсизлик ва метафизик оромдан сўз ичидаги изланишларимизга қайтамиз. Аввалбошда ёзганимдек, сўз бор, демак, англам бор, англам орқасидан ўй, қараш, фикр, ғоя оқиб келаверади. Гулноз Мўминова уни «Ҳаво» деб номлади. Бу билан «мен сенга ҳозир аёл ҳақида гапириб бераман», деди. Ва яна у бизга феминист шоир нигоҳи билан гапириб бермоқчи буни. Шунинг ўзиёқ тўпламни руҳий ё ижтимоий кўламдан чиқариб, сиёсий сатҳга кўтаради. Гулноз Мўминова биринчилардан бўлиб «Феминистнинг шеъри» шеърини ёзди. Феминист десанг, бошингга тўп отилишга тайёр муҳитда бундай деб номламаса ҳам бўларди. Лекин шундай деб номлаш билан шеърда ҳам, жамиятда ҳам аёлнинг ижтимоий, ҳам сиёсий мавқейи ўзгараётганини кўрсатди. Мўминовагача ҳам аёл ҳақида аёллар ҳам, эркаклар ҳам ёзиб келган. Асосан улар она ва ёр сифатида ёзди. Миллат тақдирига ҳам она бўлиб куйинди. (Зулфиянинг «Ўғлим сира бўлмайди уруши»дан бошлаб) Лекин Мўминованинг қаҳрамони «мени ё Шарқни қутқар», деди (гарчи қутқарилишига ишонмасаям). У оналиги ё ёрлигини эмас, ўзини аёл ва инсон сифатида субъектга айлантирди. Ҳеч бўлмаса, ҳа мен ҳеч жойда субъектга айланолмадим, аслида мен ҳам субъектман, жараённинг жонли таъсисчиси бўлишга ҳаққим бор эди, деди. (Бу ўринда Симон Бовуарнинг «Аёл бўлиб туғилишмайди, аёл бўлиб шаклланишади» деган гапини эсланг. Яъни сиёсий ё ижтимоий ҳаётга тўғридан тўғри аёллар ҳам таъсир қилишини истайсанми, марҳамат унда аёл бўлиб шакллан, субъект эканлигингни исботла дегани.) Мана шуниси билан Мўминова шеърияти ўзигача ёзилган аёл руҳи, дарди дунёси ҳақидаги шеърлардан фарқланди ва янги даврни бошлади. Эҳтимол, Мўминованинг турмуш чиғириғидан аёл, она, ёр ва бундан ташқари ижтимоий тийрак инсон сифатида ўтаётгани қўл келди. Унда ҳамма нарса айни вақтида бирлашди: ҳам тажриба, ҳам тафаккур. Шунинг учун Мўминованинг бу ёзиқлари ишончни кўпроқ қозонди. Мисол билан тушунтирсам, кеча она бўлиб ёзган аёл Ватанни ўғиллари қутқаришига ишонган бўлса, бугун ўзиям аскар, курашчи бўлиб ҳимоя қила олишига ишонмоқчи, ҳаракатга келмоқчи – мана аёлнинг субъектлиги нима дегани!

 

Ҳа, Мўминова ҳали очиқдан-очиқ ҳеч кимни курашга чорламаяпти. Фақат унинг шеърларидаги дард энди дардига ташхис қўя олмаган бемор дарди эмас, воқеликнинг таъсир кўрсатадиган мавжудотига – субъектига айлана олмаган инсоннинг чорасиз макондан, муҳитдан қочиш, у билан зиддиятга киришиш дардлари. («Аёл бўлиб туғилма Шарқда» – аслан эса макондаги сиёсий, ижтимоий ҳуқуқсизлик билан зиддиятга киришяпти.) У шуни англади. Ундан кейин келаётганлар дарднинг сиёсий, ижтимоий кўламини яққол англайди ва курашга киради. Ахир дарднинг ҳам давоси ошкор қилинган иситмадан бошланганидек, сўзга кўчайотган субъектсизлик изтироби ҳам эртага даво учун курашни, изланишни чақиради. «Ҳаво» бу йўлда ошкор қилинган дастлабки иситма деяверинг.

 

Тилланисо Нурёғди,

Филология фанлари бўйича

фалсафа доктори

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 11503
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//