Архетип тушунчаси илм-фанда дастлаб 20-асрда пайдо бўлган. Унинг луғавий маъноси «илк образ» деган маънони билдиради. Архетип тушунчасини дастлаб психологияда Карл Густав Юнг қўллаган. Юнг архетипларни инсон индивидуаллашув йўлининг босқичлари сифатида қабул қилади. Қизиғи, бу босқичларнинг мазмуни алоҳида бўлсада, шаклан барча одам учун бир хил кечади. Масалан, дастлабкиси «бола» архетипи бўлиб, психологияда бу «бола мени» дейилади. «Бола мени»га табиийлик, ўйинқароқлик, ғайрат-шижоат, шодлик-қувноқлик хос. Бу босқичда бола ҳаракатлари англанмаган, ўз-ўзидан, хаёлига нима келса, шуни қиладиган бўлади. Қизиқарлиси, «бола мени» инсон улғайгач ҳам йўқолмайди. Агар у йўқолса, киши бирор ишни қилишда саъй-ҳаракат кўрсатолмай қолади. Ўзгаришларга қодир бўлмайди. Шу сабаб бола архетипи инсон ҳаётида энг муҳим архетипдир. Унинг адабий асарлардаги кўринишлари ҳам қаҳрамонларнинг ўйламасдан қиладиган жасоратлари, катта таваккалларида кўринади. «Бола мени» ўлса, инсон ўзидаги аслликни йўқотиб қўяди ва тўла тўкис жамиятдаги қулга, ижтимоий программага айланади. «Бола мени» йўқолган жамиятларда ўзгариш, ташаббус, «спонтан» ҳаракатлар бўлмайди, инсонлар ҳар доим ўзига ўзидан «катта худолар», ота-она ёки хаёлий назоратчини яратиб олишади. «Бола мени»га энг хос жиҳат – ҳаракатларига эркинлик, бировга бўйсунмасликдир. (Айнан ҳозирги жамиятимизни «бола мени» ўлдирилган жамият сифатида кўраман мен.) Лекин бола маълум босқичгача ота-она қарамоғига, ҳимоясига муҳтож бўлади. Чунки боладаги ўйинқароқлик, ҳимоясизлик ва ўзбошимчалик ҳаёт учун хавф ҳам солади. Улғая бошлаган болада маълум ёшга етиб хатти-ҳаракатларига масъулият, ўзини ўзини ҳимоя қилиш хусусияти шаклланади. Болада биз «спонтан» ҳаракат деб атаган жиҳат ҳали онглиликка эмас, балки онгсизликка тегишли жараён. Умуман, архетипларни ўрганиш жараёнида онг, онгости, жамоавий онгсизлик тушунчалари ўзак тушунчалардир. Баъзи архетиплар шахсий, айримлари жамоавий онгсизликка оид бўлади. Бола архетипи ҳар бир инсоннинг ички индивидуаллашув йўлидаги босқич сифатида шахсий онгсизликка ҳам, бу йўл барчага бирдай хослиги жиҳатидан жамоавий онгсизликка ҳам оид.
Бола 10-13 ёшлар орасида ҳаракатлари моҳиятини англаб, ўзига жавоб бераркан, унга ота-онасининг назорати керак бўлмай қолади. Яъни энди ота-она иссиқ чойнакни ушламоқчи бўлган боласига «тегма, куясан» дейиши шартмас. Бола шундоқ ҳам куйишини, буни қилмаслигини тушуниб етадиган ёшда бўлади. Бу ташқи, физик жиҳатдан қарамоқдан ажралиб боришни англатади, аммо у руҳий жиҳатдан ҳам ота-она назоратидан ажралиб чиқа оладими? У қарорлари ота-онаси ёки уни тарбиялаган муҳитга мос-йўқлигидан қатъи назар ўз сўзини айта оладими, қарор қабул қилоладими, фақат ва фақат ўз онгига суяниб ҳаракатлана оладими? Айнан мана шу масала ҳам жамиятларнинг, ҳам руҳий шаклланиш йўлининг энг муҳим муаммоси бўлиб келган. Қадимги халқларда бола ота-онасидан ажратилиб, узоқ вақт қабиладан ташқарига олиб кетилган ва турли синовларни ўташган. Бу маросим қадимда инициация деб аталган. Синовдан ўта олган болалар ота-она «мен»идан ажралиб чиққан шахс сифатида жамиятга қабул қилинган, ўтолмаганлари эса ё ўлдириб юборилган, ё қабилага қайта қабул қилинмаган. Маълумки, фольклорда миф ёки эртак – маросимнинг рамзийлаштирилган вербал шаклидир, деган қараш мавжуд. Шу жиҳатдан миф ва фольклорни ўрганган психоанализ мактаби вакиллари ўз таҳлилларида эртакларда кўп такрорланувчи қаҳрамоннинг аждарни ўлдириш мотивига (ё бирор ёзув махлуқни, антиподни) инициация жараёнининг рамзи сифатида қарашади. Унинг талқин эса қуйидагича: қаҳрамон бола аждарни ўлдиради ва парига эга чиқади ёки бирор муҳим буюмни қўлга киритади.
Бу билан у «ота-она» мени ёки уни ўраб турган коллектив онгни маҳв этади ва ўзининг шахс сифатида шаклланиш йўлини бошлайди. Албатта, унга бу йўлда синов лозим. Синов бўлмаса қаҳрамон ҳеч қачон коллектив онгдан чиқолмайди, англолмайди ва коллектив онгнинг ижрочиси, қули сифатида қолади. Яъни унда шахслик уйғонмайди ҳам, шахс сифатида шаклланмайди ҳам. Шу жиҳатдан синов мотиви ҳам архетип мотивга киради. Чунки ҳар бир қаҳрамон йўлида ўзини англашнинг йўли, албатта, синов билан бошланади. Бу ҳаётда ҳам, адабиёт ёки мифологиядаги қаҳрамон йўлида ҳам айнан бир хил бўлади.
Энди замонавий одам эски қабилавий тузумда яшамайди, у айнан инициация жараёнидан ўтмайди, шу билан бу жараён йўқолиб ё тўхтаб қоладими?! Йўқ, асло, ахир бу жараёнлар минг йиллардан бери инсоннинг руҳий ривожланиш йўлини акс эттириб бераркан, замонавий одам руҳияти ҳам айнан алоҳида шахсга айланиш учун шу синовларни босиб ўтишга мажбур. Бунинг учун энди жисман синовни босиб ўтмас, урушда кимнидир ўлдирмас, ёвуз махлуқни енгишга мажбурланмас, аммо у руҳиятида шу синовни яшаб ўтишга мажбур. Индивидуал ўз «мен»ига эга бўлишни истаган ҳар бир одам коллектив онгсизлик ва маълум вақтгача бола учун шу онгсизликнинг тимсоли бўлган «ота-она мени»ни тарк этишга тўғри келади. Ҳаётий вазиятларда бола ўз қарори, сўзи, амалига эга бўлиш учун ҳам жамият, ҳам ота-она босимига қарши туриб, ўз йўлига эга бўлиш учун ҳаёт-мамот синовидан ўтишга мажбур бўлади. Ундан ўтолмаганлар эса умрбод бўйни синиқ; жамиятнинг кичик темир мурватига айланади ва уларда энди болалик, ўзгартириш истаги, ғайрат-шижоат, таваккалчилик каби ҳаётни янгилайдиган муҳим хусусиятлар йўқолиб қолади. «Ота-она мен»ини тарк қилолмаган бола «бола мени»ни тарк қилади ва энди у ўзи ўзига ота-она, назоратчи, жазоловчига ва муҳим қарор қабул қилишда фақат бошқаларга суянувчи, руҳан ўзи учун ўзи масъулиятни ололмайдиган, бунга қодир бўлмаган иродасиз, ланж, қўрқоқ, зулмкор одамга айланиб қолади.
Замонавий адабиётимизда айнан шу турдаги – «ота-она мени»дан ажралиб чиқолмаган, коллектив онгсизлик тумани ичида қолган, синовдан ўтолмаган «бола» кўп учрайди. Ҳатто машҳур қаҳрамонимиз Отабекни ҳам мана шундай «бола» деб айтиш мумкин, гарчи бу фикр кўпчилик учун зиддиятли бўлсада (айнан онасининг тазйиқи билан Зайнабга уйланиш мотиви, натижада ўзига қўшиб икки аёл қисматиниям парчалайди, демак, синовдан ўта олмаган «бола» ўз-ўзидан зулмкорга айланмоқда).
Хўш, нега замонавий асарларимиздаги қаҳрамонлар синовдан ўтолмай қолган бола даражасида? Чунки ўзбек жамиятининг ўзи айни шу коллектив онгсизлик билан чирмаб олинган ва унда шахс бўлиш, шахслик йўлини яратиш, жамиятнинг шахсни яратадиган механизмлари мутлақо ишламайди ёки йўқ даражада. Тўғри, синовдан ўтмаса ҳам одам яшаб юравериши мумкин, чунки энди қадимги қабилалар жоҳиллиги даврида яшамаяпмиз, синовдан ўтолмаган «бола»ларни ўлдириб юбормаймиз, аммо руҳан ўлган одамларни ва ўлик одамлар жамиятини яратамиз. Ва бунда жамиятда ҳеч қандай ўзгариш, силжиш бўлмайди.
Ота-она менидан ажралиш бола учун шу қадар муҳим экан, демак, ҳаётимизда ота-она мутлақо кераксизга айланадими?! Йўқ, бу ажралишдан кейин ичимиздаги «ота-она мени» билан бошқа муносабат даражаси бошланади. Фарқ шунда. Хўш, унда «ота» ёки «она» архетипининг ўзи нима, уларнинг моҳияти қандай?
«Она» архетипи ҳам бола архетипи сингари шахсий ва коллектив онгсизликка оиддир. Чунки она бу – ҳимоячи. У фарзандини асраш учун ҳар нарсага тайёр бўлади. Ва бу фидокорлик англанган ҳаракатлар билан бўлмайди, балки ҳар бир аёлга она бўлганидан кейин берилган ҳислар натижасида бўлади. Шу сабаб она муҳаббати ёки ҳимояси савқитабиий амалга ошириладиган жараён. Она ҳимоя қилиш чоғида ҳар қандай жасоратга, ўлимга ва ҳатто болани асраб қолиш учун бошқаларни ўлдиришга, ёвузлик қилишга ҳам қодир бўлади. Бу жиҳатдан Фромм она муҳаббатини алтуристик – ортиқча даражада фидо бўлиш, баъзан болани, бошқаларни ва энг аввало, ўзини жароҳатловчи катта муҳаббат сифатида санайди. Она дунёни фарзанди учун асосан хатар сифатида кўради ва уни асрайман деб борлиқни вайрон қилиш истагига ҳам боради, ҳатто. Шунинг учун фольклордаги Она архетипи Табиат, стихиявийлик билан боғланади. Табиатга ҳам ҳеч кимнинг кучи етмайди, истаса вайрон қилади, сувлар тоширади, зилзилалар қўпоради. Бу хусусият эса айнан инсондаги онгсизликка тенг. Инсон ҳам мутлақо онгсиз ҳолатга тушса, туйғуларини назорат қилолмайди, натижада катта жасорат кўрсатиши ёки улкан вайронагарчиликка сабаб бўлиши мумкин. (Хуршид Дўстмуҳаммаднинг «Чаёнгул» ҳикоясидаги қотиллик қиладиган қизни эсланг. Фольклоримиздаги мастон кампирлар ҳам ғайритабиий кучга эга ва уларни енгиб бўлмайди.) Шунинг учун она архетипи мутлақ онгсизлик ҳолатини ифода этади. Табиат эса фольклорда она архетипига хос бўлган рамз сифатида ишлатилади. Масалан, Гўрўғли Ер қаъридан чиқиб келади: ер табиатнинг бир қисми бўлиш билан бирга фольклорда, адабиётда она рамзининг ифодаси ҳамдир.
Бизнинг ички индивидуаллашиш йўлимизда «бола» архетипи қандай муҳим бўлса, «она» архетипи ҳам шундай ўрин тутади. Агар инсон мутлақо онгли ҳолатда яшаганида, аллақачон ақлдан озган бўларди. Аммо хаёл, ўй, орзу, тушларимизда ўзимиз англамайдиган онгсизлик ҳолати бор ва у бизнинг руҳиятимизни қутқариб келаётган асосий қўрғондир. Демак, онгсизликни ифода этувчи «Она» архетипи руҳиятимизда ҳам ҳимоячилик вазифасини бажаряпти, фақат бу ҳимоячиликни биз ўзимиз ҳам англолмаймиз. Чунки у бизнинг ички ҳолатимиз ҳимоячисидир. Айнан мана шу ўринда «она» архетипининг «ота» архетипидан фарқи юзага чиқади.
«Ота» архетипи бизнинг ички ҳолатимиз эмас, ташқи ҳолатимиз ҳимояси, жамиятдаги ўрнимиз учун жавоб беради. Жамиятда ўрнатилган қатъи қонун-қоидалар тизими бор. Ҳатто ўз «мен»ини англаб, шахс сифатида йўлини бошлаган қаҳрамон ҳам жамият қоидаларига бўйсунишга мажбур бўлади, энг камида у билан ҳисоблашади. Жамиятнинг бу қоидаларини бузиш хаосни келтириб чиқаради. Инсонлик жамияти эса асрлар давомида хаос устидан космос ғалабаси учун курашиб келади. «Бола» менидаги спонтанлик, «она»га хос онгсизлик ҳолати инсонларда ва жамиятда кўпинча хаосни ҳам келтириб чиқариши мумкин. «Ота» археритипи эса мутлақо мана шу хаосга қарши курашувчи, унга қарама-қарши турадиган ҳолатдир. Шунинг учун мифлардаги қаттиққўл бош худолар, шоҳлар, ҳукмдорлар ёки жамият тартиб қоидаларининг ўзи «Ота» архетипига хос деб билинади. Бу қоидалар кўп йиллик тажрибадан келгани учун мутлақо қатъий. Инсон ҳам, асарлар қаҳрамонлари ҳам ана шу қатъий тартибларга қарши баъзан исён қилиб туради. Чунки бу тартиблар жамиятни асраб қолгани билан инсоннинг ўзлиги, шахсиятини емириб юбориши, тартиб зулмга ҳам айланиб кетиши мумкин. Бундай шароитда одам ичидаги «мен»ини ташқарига чиқаролмайди, натижада ўрнини тополмайди, потенциалини рўёбга чиқаролмайди ва мазлумга айланиб қолади. Кафканинг «Отамга хат» эссесида айни шу ҳолат тасвирланади, бунда қаҳрамон отадан кўра кўпроқ жамиятнинг инсонни эзувчи қоидаларига қарши чиқади – у шу йўл билангина исён қила олади. Жамият қонун-қоидалари умуминсоний бўлиши керак, аммо улар баъзан тартибни сақлайман ва умумманфаатга хизмат қиламан деб алоҳида инсонларни синдиради, ноинсоний тус олади. Шу ерда инсон ва жамият ўртасидаги азалий зиддият юзага келади.
Жамиятда ўрнини топаман, деган одамлар ҳам аслан жамият қоидаларига бўйсунаётган бўлмайди, аксинча, аслини беркитиш учун ниқоб кийишга мажбур бўлади. Бундай муҳит Улуғбек Ҳамдам «Жамият ичра самимият баҳоси» мақоласида ёзганидек, буткул одам ва жамиятдан бегона, кўнгли совиган мерсоларни пайдо қилади. Энди жамият аслини, ўзлигини, ичидаги рост гапни айтмоқчи бўлганларни мутлақо қабул қилмайди, уларни азалий тартибга хатар сифатида кўраверади ва жазолайди. Шундай экан одам ўзини ҳимоя қилиш учун руҳий ниқоб тақишга мажбур. Тақмаганлар эса «бегоналар»га айланиб боради. Сирасини айтганда, ҳаммамиз қандайдир ниқоб тақилган ҳолатда яшаймиз ва шу туфайли кўп ҳаракатларимизни бизнинг онгсиз ҳолатимиз ёки коллектив онгсизликка бўйсунган ҳолатимиз назорат қилади. Демак, Персона архетипи энди индивидуаллашаётган, ўз навбатида ижтимоийлашаётган одамнинг руҳий ҳолатини қамраб олувчи асосий архетипга айланади. Бундай архетипик мазмунни Назар Эшонқулнинг «Гўрўғли ёхуд ҳаёт суви» романи бор зиддияти билан ёритиб беради.
Инсон жамиятдаги муносабатларда ниқоб тақиб, ўзининг асллигини бостиришга мажбур бўлар экан, ичида ўша асл қиёфа қолиб кетаверади. Энди у инсон ичида алоҳида қиёфа, алоҳида одам яратади. Ташқаридаги қиёфамиз бир томон ва ичимиздаги иккинчи қиёфа бир томон бўлади. Ташқарида биз маданий муносабатлар доирасидан чиқмаслигимиз учун сипо, ҳар кимни сизлаб, ишимизни битириб кетаверадиган, ортиқча бошоғриқдан қочиб, ўзимизни ерга урадиган вазиятларда ҳам «хўп» деб турадиган бўлишимиз мумкин, ичкаридаги қиёфа эса тажовузкор, агрессив, эгилмас, қайтмас бўлади аксар ҳолда. Чунки бу инсоннинг намойиш қилиши мумкин бўлмаган алоҳида қиёфаси. Айнан намойиш қилиш мумкин бўлмаганидан ҳам у агрессивга айланади. Ва инсон ичида аввал тушкунлик, кейин ўз-ўзини вайрон қилиш ёки бошқаларни ё дунёни вайрон қилишдек деструктив исён, қувват шаклланади. Инсоннинг бу қувватига Соя архетипи жавоб беради. Соя архетипи Персона билан ёнма-ён юради. Чунки у айнан Персонанинг натижасидир.
Ҳўп, инсон шахс шаклланишининг шундай мураккаб босқичларидан ўтар экан, нима қилиши керак: Персонага беркиниб, ўз ўзига цензор бўлиб, ичида эса тажовузкор бир инсонни боқиб ўтиши керакми? Охир-оқибат бу бўлиниш инсонни телба қилиб қўймайдими? Қўяди, албатта. Шунинг учун кўплаб асарларда шахсиятнинг иккига ажралиш мотиви мавжуд. (Қирол Лирнинг масхарабози, Чак Паланикнинг « Жанг клуби» китобларида бу яхши тасвирланган – яқинда бу китоб ўзбек тилида нашрдан чиқади). Аммо инсон мана шу «мен»ларни бирлаштирмаса, гармонияга келтирмаса, ўз ҳаётида ҳам деструктив, ҳам бунёдкор, ҳам хаос, ҳам космосга ўрин бермаса, руҳан хароб бўлади. Шунинг учун мутлақ космос – тартиб, тинчлик ҳолати ҳам ўлим дейишади, умрни мутлақ деструктив тарзда ўтказиш ҳам ўлимга олиб келади. Яшаш, шаклланиш йўли шу қадар қийинки, қайсидир пайтда ҳаёт ва жамият билан ҳисоблашиш, қайсидир паллада эса ҳаётни, одамларни ўзингиз билан мутлақо келишишга мажбур қилишингиз керак. Баъзан онг билан ҳал қилсангиз, баъзан сизни тинч қўймаётган онгости билан тўла ҳаракатланишга мажбурсиз.
Инсоннинг шаклланиш, яшаш йўли шундай кечади ва мана шу жараён уйғунликни пайдо қилади. Шахсиятда ҳам қалбингиз, ҳам ақлингиз қониқадиган руҳий ҳолатга келиш Ўзлик архетипи билан изоҳланади. Ўзлик инсон шахсияти шаклланишининг архетип йўлини якунлаб беради. Бу кўпинча инсоннинг кексалик даврига келиб содир бўлгани учун адабиёт ва мифологияда ўзлик архетипи донишманд қария образларида ифода этилади. Яна дунё дарахти, муқаддас тоғ, дунё ўқи каби архетип символлар ҳам учта оламни бирлаштириши жиҳатидан Ўзлик архетипининг ифодаси сифатида қаралади. Дунё дарахти ҳам учта оламни бирлаштиради – унинг илдизи пастда, шохлари осмонда ва танаси ердадир. Бу учта олам – гармония символи. Ўзлик архетипи ҳам инсондаги қалб, тафаккур ва руҳ қувватининг ўзаро гармониясини англатади. Шундай экан, кўплаб асарларда қайта-қайта такрорланувчи дунё дарахти – архетип символи (Гўрўғлини чилтонлар ўғирлаб олиб борадиган тоғ ва унинг этагидаги дарахт, «Аватар 2» фильмида ердан кўтарилиб, коинотдаги бошқа сайёраларни ҳам ёриб ўтган, учи осмон пештоқида турган дарахт) моҳият жиҳатдан айнан ўзлик архетипининг мифология ва асарларда рамзлашган ҳолатидир. Ахир бизнинг шаклланиш йўлимизни ифода этувчи архетипларни кўриб ё ушлаб бўлмайди, улар инсон ички оламига хос. Фақат асарлар, мифлар, тушларда улар рамзлашган кўринишда намоён бўлади. Шунинг учун биз адабиёт, фольклордаги архетип ҳақида гапирганимизда, айнан архетипнинг ўзи ҳақида эмас, архетип образ, архетип мотив ва сюжет, архетип символ ҳақида гапираётган бўламиз.
Хулоса, қилганда, архетип – «илк модель» дегани бекорга эмас. Архетип инсонда онг пайдо бўлган даврлардан бошлаб ўзини, ўзликни билиш ва шакллантиришнинг ҳаммамиз учун хос руҳий универсал босқичлари ифодаси бўлган. Айни шу важдан архетип ҳам психология, ҳам адабиёт ва мифология, фольклор, бундан ташқари бир қанча ёндаш фан ва соҳаларда ҳам асосий ўринга эга.
Тилланисо НУРЁҒДИ,
Филология фанлари бўйича
фалсафа доктори
Адабиёт
Адабиёт
Тарих
Тарих
Тил
Тарих
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ