Ўрта Осиё хонликларининг XIX аср муҳити ҳақида гап кетганда, одатда, биринчи бўлиб шеърият тилга олинади. Хоразм мамлакати ҳам бундан мустасно эмас. Қўнғиротлар сулоласи Хоразм мамлакатини бошқаришни де-факто Муҳаммадамин иноқлиги (1175–1205/1762–1791), де-юрэ эса Элтузар иноқ “хон” (1219–1221/1804–1806) титулини олгандан кейин бошлашган. Ҳокимият учун кураш ҳақида алоҳида сериаллар олса арзийди. Воқеалар шунчалик шиддат билан ўзгарганки, Қозоқ даштларидан олиб келинган қўғирчоқ хонлар ярим кун ҳам ҳукмрон бўлмасдан ўзгарган ҳолатлар бўлган, бу воқеалик тарихнавислар томонидан “хонбозий” номи билан тилга олинган. Хонбозлик қилиш эса Легитимация – яъни ҳокимиятни қонунлаштириш учун керак бўлган. Ҳокимиятни қонунлаштиришнинг кейинги усули тарихнавислик эди. Ҳукмдор тахт тепасига келгандан кейин албатта ўзи ва аждодлари ҳақида тарихий асар ёзишга буюртма берган. Шундай тарихий асарлардан бири “Фирдавс ул-иқбол” асари ҳисобланади. Асар буюртмачиси Элтузар рабъи ал-аввал ойининг биринчи куни, ҳижрий 1220 йили / 1805 йил 28 июнида Қўнғирот шаҳрига ҳужум қилади ва шу йили 14 июль куни Хива шаҳрига қайтгач, расман Қўнғиротлар сулоласи тарихини ёзишга буйруқ берган. Расмий тарихнависликнинг бунёдкори сифатида у Мунис тахаллуси ила шеърлар битган Шермуҳаммад миробни (1192–1244/1778–1829) танлайди. Шунингдек, Қўнғиротлар сулоласи ҳукмронлиги даврида 120 га яқин асар таржима қилинган, Хоразм бир қатор манбаларни туркий тилга таржима қилиш бўйича етакчига айланган. “Туркийлаштириш” маданий жиҳатдан олиб қараганда матннинг оммавийлашуви деб ҳисобланган.
Айни маданий ҳодиса янги сулоланинг ўз “имиджи”ни яратиш йўлидаги ўзидан олдинги сулолалар билан тарихини боғлаш, бирлигини исботлаш истагидан келиб чиққан. Бу сафарбарликга улкан ҳисса қўшган адиблардан бири Муниснинг шогирди ва жияни Огаҳий тахаллуси остида ном чиқарган Муҳаммадризо (1224–1291 / 1809–1874) ҳисобланади. У Мунис бошлаган “Фирдавс ал-иқбол”ни давом эттиради. Асар орада 20 йил давомида янги муаллифни кутиб тўхтаб қолади, тўғрироги Хоразм хонлари бу ишга муносиб кишини тополмайди. Асарнинг Мунис томонидан давом эттирилмаганининг сабаби хон унга “Равзат ал-сафо” асарини туркий тилга таржима қилишни буюрган эди. Яъни, хон Мунисга аждодларининг тарихини “назм ва наср ила жаҳонга гавҳар сочиш” билан замона “Шоҳнома”сини ёзишни буюрган эди.
Фактик жиҳатдан олиб қараганда, қўнғиротлар сулоласи томонидан янги тарихий-библиографик маконнинг яратилиши, яъни форс тилидан туркий тилга тарихий ва библиографик (наср ёки назм кўринишидаги) асарларнинг фаол ва катта миқёсда таржима қилиниши ХХ асрнинг бошларига қадар давом этган. Ана шу жараённинг фаол иштирокчиси ва воқеаларнинг асосий ёзувчиси Муҳаммадризо. У шоир бўла туриб, умрини асосан тарихий асарлар ёзиш ва форс, усмонли туркийдан ўзбекчага китоблар таржима қилишга сарфлаган. Шоир таржимаи ҳоли ўрни билан батафсил, реконструкция қилинган, деб айтиш мумкин.
Расмий мансаби Миробликга 1851 йил соғлиғи туфайли истеъфо бериб, 1857 йили қайта тайинланди. Шоир асарларининг автограф ва просограф нусхалари мавжуд.
Унинг тарихга оид 6 та асари бор. Ҳаёт хронологияси қуйидагича:
1809 йилда Хива яқинидаги Қиёт қишлоғида туғилган. Огаҳийнинг отаси Эрниёзбек 1812 йилда вафот этган. Мадраса таҳсили жараёнида – 1821 йилдан шеърларида Огаҳий тахаллусини қўллайди.
Хива хони Оллоқулихоннинг Хуросонга қилган сафарида (1829) вабо касали тарқалиб, тоғаси Мунис 51 ёшда вафот этгач, Оллоқулихон Огаҳийни унинг ўрнига мироблик вазифасига тайинлайди.
Мунис бошлаган “Фирдавс ул-иқбол” номли тарихий асарни Огоҳий тугатади. Бухоро-Хива урушларида туғдор бўлиб қатнашган (1843). Оллоқулихонга бағишланган “Риёз уд-давла” (“Давлат ишлари”) тарихий (1844), Раҳимқулихонга бағишланган “Зубдат ут-таворих” (“Тарихларнинг қаймоғи”) тарихий (1846) асарини ниҳоясига етказган. Муҳаммадаминхон, Саййид Абдуллахон, Саййид Қутлуғмуродхон ҳукмронлик йилларига бағишланган “Жомъэул-воқеоти султоний” (Султонлар воқеалари тўплами) тарихий асарини ёзган (1846–1856).
Муҳаммад Аминхонга ҳамроҳ бўлиб кўҳна Урганчга борганда хоннинг ташаббуси ва Огаҳийнинг хайрихоҳлиги билан Хон-ёп канали қазилади (1847).
Мунис бошлаган Мирхонднинг “Равзат ус-сафо” тарихий асарининг II, III жилдлари таржимасини охирига етказади (1849-1850). Муҳаммадаминхон буйруғига биноан “Дуррайи Нодира” асари таржимасини тугатади (1850).
Огаҳий соғлиғи туфайли ўз ихтиёри ила истеъфога чиқади – миробликдан кетади, ўрнига жияни Муҳаммадкаримбек мироб этиб тайинланади (1851).
Огаҳий иккинчи марта мироблик лавозимига тайинланaди (1857) ва умрининг охиригача шу лавозимда қолaди.
Саййид Муҳаммадхонга бағишланган “Гулшани давлат” (Давлат гулшани) асарини ёзишни бошлайди (1856). Жони Маҳмуд ибн Шайх Али Ғиждувонийнинг “Мифтоҳ ут-толибин” асарини 44 кунда, Ҳусайн Кошифийнинг “Аҳлоқи Муҳсини” асарини таржима қилади (1859). Саъдий Шерозийнинг “Гулистон”и таржимасини ниҳояга етказади (1859–1863).
Саййид Муҳаммадхоннинг буйруғига биноан Ризоқулихон Ҳидоятнинг “Равзат ус-сафои Носирий” асари таржимасига киришади (1860) ва шу йили Муҳаммад Юсуф Муншийнинг “Тазкираи Муқимхоний”си таржимасини тугатади. Низомиддин Аҳмад Ҳаравийнинг “Табоқати Акбаршоҳий” асари (1864), Абдураҳмон Жомийнинг “Юсуф ва Зулайҳо”си таржимасини ҳам ниҳоялатган (1868).
Огоҳий “Таъвиз ул-ошиқин” (“Ошиқлар тумори”) девонини тузган (1872), Муҳаммадраҳимхон Соний Феруз даврига бағишланган “Шоҳиди иқбол” (Бахтлар шоҳиди) асарини ёзган (1864–1873).
Огаҳий 65 ёшида вафот этган (1874), Хива яқинидаги Эски Қиёт қишлоғининг Шайх Мавлон бобо қабристонида, амакиси Шермуҳаммад Мунис қабри ёнига қўйилган.
Муҳаммадризонинг Алишер Навоий сингари сайланмаси нашр этилган:
Абдулла Ўрозбоев масъул муҳаррирлигида 2019–2021 йилларда унинг асарлари сайланмаси қайта нашр қилинди. 2020 йилда асарлар тўпламининг 10 томидан 8 томи чоп этилди;
Қ.Муниров, С.Долимов, Ғ.Каримов, Р.Мажиди, Ю.Брегель, Ф.Ғанихўжаев, Н.Шодмонов, Н.Тошев сингари олимлар томонидан ижоди ўрганилди.
“Фирдавс ал-иқбол” (1840–1842);
“Риёз ал-давла” (1842–1844);
“Зубдат ал-таворих” (1844–1846);
“Жомеъ ал-воқеати султоний” (1846–1855);
“Гулшани давлат” (1855–1864);
“Шоҳид ал-иқбол” (1864–1872) асарини ёзади.
Огаҳийнинг тарихий асарларида хонлар ҳаёти дабдабали ва жимжимадор қилиб кўрсатилади, ҳукмдорларга нисбатан танқидий гап айтилмаган.
Шунингдек, Огаҳий Хоразм ҳудудидагина эмас, бутун Марказий Осиёдаги энг сермаҳсул таржимон бўлган. 19 та таржима асарининг 3 таси ҳозиргача топилмаган.
Ҳилола НАЗИРОВА,
манбашунос тарихчи
Адабиёт
Адабиёт
Тарих
Тарих
Тил
Тарих
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ