Тарихга назар солсак, ўзи яшаган даврга ҳар жиҳатдан таъсир ўтказолган, ўзига хослиги билан алоҳида ажралиб турадиган маликалар кўп эмас. Мақолада ана шундай маликалардан бири бобурий Нуржаҳон бегим ҳақида сўз боради.
Тўртинчи бобурий ҳукмдор Жаҳонгирнинг турмуш ўртоғи Нуржаҳон бегим 1577 йилда Қандаҳорда туғилган. Унинг асл исми Меҳриннисо бўлиб, Жаҳонгирга турмушга чиққандан сўнг Нуржаҳон номига эга бўлган. Отаси Мирзо Ғиёсбек сафавийлар давлатида амалдор сифатида хизмат қилган. Онасининг исми Асмат бегим. Улар асли теҳронлик бўлиб, Акбаршоҳ даврида Ҳиндистонга кўчиб боришган. Мирзо Ғиёсбек Акбаршоҳ саройида вазир бўлиб хизмат қилган. Унга Этимод уд-давла – давлат таянчи унвони берилган.
Ёшлигида яхши таълим-тарбия олган Нуржаҳон бегим улғайганда гўзаллиги билан бирга оқила аёл ҳам бўлган. Араб ва форс тилларини пухта ўрганган, форс тилида шеърлар ёзган.
У 1594 йилда Али Қули (Шер Афғон)га турмушга чиқади ва уларнинг Ладли бегим исмли қизи бўлган. Шер Афғон 1607 йилда Бенгалда чиққан исённи бостириш пайтида ҳалок бўлади. Шундан кейин Нуржаҳон бегим қизи билан бобурийлар ҳарамига кўчиб боради. У Акбаршоҳнинг рафиқаси Салима Султон бегим хизматига киради.
Нуржаҳон бегим 1611 йилда Жаҳонгирга турмушга чиқади. Ақлли ва кучли аёл сифатида Жаҳонгирнинг ҳукмронлиги даврида унга маслаҳатлар берган. Бундан кўринадики, у сиёсий ҳаётда фаол бўлган. Малика шаҳзодалар, вилоят бошқарувчилари, ҳинд рожалари, савдогарлар ва чет эллик саёҳатчиларнинг ҳукмдор билан муносабатларида фаол қатнашган. 1623 йилда шаҳзода Хуррам – Шоҳжаҳон отасига қарши қўзғолон кўтарганда, Нуржаҳон бегим уларни яраштириб қўяди. 1625 йилда Муҳаббатхон бошчилигида Жаҳонгирга қарши исён кўтарилганда, қўзғолонни бостиришда асосий ролни бажаради. Саройда унинг бундай куч-қудратга эгалиги фақатгина ҳукмдор рафиқасилиги билан боғлиқ эмас эди. Нуржаҳон бегимнинг отаси Этимод уд-давла вазир, акаси Асафхон бир неча юз минг қўшин бошлиғи эди. Буларнинг бари Нуржаҳоннинг сиёсий фаолиятини мустаҳкамлаб турган.
Жаҳонгир ҳам давлат бошқарувида Нуржаҳоннинг маслаҳатларидан фойдаланган. Уни қаттиқ ҳурмат қилиб, эъзозлаган. Унинг шарафига мамлакатда чиқариладиган кумуш тангаларга “нуржаҳони” номи берилган. Бобурийлар даврида маликалар яшайдиган саройлар ҳарам эмас, маҳал деб юритилган. Нуржаҳон бегим саройи эса Нур Маҳалий деб номланган. Унга ҳатто, фармон чиқариш ҳуқуқи ҳам берилган. Император муҳри ҳам унда турган. Буларнинг барчаси Жаҳонгирнинг аёлларга бўлган ҳурмати намунасидир.
Нуржаҳон бегим сиёсий ҳаётдан ташқари, ижтимоий соҳаларда ҳам фаол бўлган. Хусусан, у савдо билан шуғилланган. Бир қанча кемаларга эгалик қилиб, индиго ва кийим савдосини йўлга қўйган. Бу ишларда унга акаси Асафхон ёрдам берган. Инглизлар билан савдони яхшилашга ҳаракат қилишган, чунки португаллар билан уларнинг муносабати яхши бўлмаган.
Бошқа давлат маликалари билан ҳам яхши муносабатлар ўрнатган. У аштархоний ҳукмдор Имомқулихоннинг онасидан мактуб олиб, жавоб тариқасида Нуржаҳон Хўжа Носирни Самарқандга совға-саломлар билан жўнатган.
Шунингдек, Нуржаҳон бегим яхши шоира бўлган ва бой кутубхонага эгалик қилган. Камбағал қизларнинг ўқиши учун пул ажратиб турган. Санъатнинг рассомчилик турига ҳам қизиқиб, кийимларга ва матоларга расм чизган.
Нуржаҳон овга қизиққан ягона малика бўлса керак. 1616 йилда у катта, қриша деган қушни овлаган. 1617 йилда Нуржаҳон бегим Жаҳонгир билан овга чиққанда, уларга 4 та йўлбарс ҳужум қилади. Мaлика ҳукмдорнинг рухсати билан йўлбарсларни ўлдиради.
Нуржаҳон бегим меъморчилик соҳасига ҳам алоҳида эътибор берган. Нурсарой боғи ва ҳовлисини, Лаҳорда Доро Шукоҳ номли, унинг вакили Нур Сарой номли боғлар қурдирган, қурилиш битгач катта байрам уюштирган. Шунингдек, унга Жаҳонгир томонидан Заҳириддин Муҳаммад Бобур томонидан Аграда қурилган Гул Афшор номли боғ совға қилинган ва боғга Нур Афшор номи берилган. Бобур томонидан қурилган яна бир боғ – Заҳро ёки Заҳара ҳам маликага берилиб, номи Нур манзилга ўзгартирилган.
Маликаларга ўзлари учун жогир тарзида ерлар ҳадя қилинган. Нуржаҳоннинг Ажмирда жогирлари бўлган. 1617 йилда Хуррамнинг Деккандаги ғалабаси шарафига Тодадан ҳам жогир берилган. 1622 йилда отаси Этимод уд-давла вафотидан сўнг, отасининг барча мол-мулки унга қолади. Бундан ташқари, у Бенгал ва Бутандан Искандарободга келадиган савдогарлардан бож олиш ҳуқуқига ҳам эга бўлган.
Бобурийлар саройининг бош хоними, Жаҳонгирнинг суюкли рафиқаси Нуржаҳон бегим 1645 йилда ваъфот этади. У Лаҳорда ўзи қурдирган боғга дафн этилади. Унинг қабри устига “Бу бечора мусофирнинг қабрида на чироқ, на гул бўлсин. На капалак қаноти куймасин, на булбул куйламасин”, деб ёзилган.
Фарида СУЛТОНОВА,
Тарих институти кичик илмий ходими
Тарих
Тарих
Тарих
Жараён
Тил
Тарих
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ