
Собиқ СССР нафақат, унга қарши курашган, балки ушбу тузумга хизмат қилган инсонларга ҳам шафқат қилмаганди. Ўз қишлоғини қизиллардан ҳам, истиқлолчилардан ҳимоя қилишга уринган, совет тизимида юқори мансабларни эгаллаган ва кейинчалик қатағон қилинган Чори Беркалиев тақдири бунга ёрқин мисол бўла олади.
Чори Беркалиев 1895 йилда Бухоро амирлигининг Шеробод беклигидаги Хўшман қишлоғида (ҳозирда Сурхондарё вилоятининг Музработ туманида жойлашган қишлоқ), деҳқон оиласида дунёга келади. У улғайгач, отасини ўғлининг саводини чиқариш учун уни қишлоқ имомига шогирдликка беради.
1907 йилдан ёш Чори Беркалиев турли ёлланма ишлар ва деҳқончилик билан шуғуллана бошлайди.
Ҳаракатчан ва меҳнаткаш Беркалиев қишлоғидаги кам сонли саводли йигитлардан бири эди. У 1915-1917 йилларда Когон-Термиз темирйўлида ишлаган даврида рус ва тожик тилини яхши ўзлаштиради. 1918 йилда отасининг уйига қайтиб, яна деҳқончилик билан шуғуллана бошлайди. Айнан отасининг маълум ер-мулкка эгалик қилиши кейинчалик Чори Беркалиевнинг мустабид тузум томонидан қатағон қилинишига сабаб бўлади.
1920 йилда Бухоро амирлиги қулайди. Кутилмаган ўзгаришлар шамоли ҳамма нарсани чалкаштириб юборади. Эски тартиб ўз ўрнини янгисига бўшатиб беради. Ана шундай беқарорлик пайтида, Чори Беркалиев Хўшман волостининг Инқилобий қўмитаси раиси этиб сайланди. Ёш Чорининг елкасига оғир юк тушади.
Бу вақтда Бойсун, Шеробод ва Денов ҳудудларида совет тузумига қарши қуролли кураш давом этаётган, минтақада тўқнашувлар, тартибсизликлар, қўрқув ва ноаниқлик ҳукм сураётганди. Чори Беркалиев шундай оғир замонда ўз қишлоғидаги инсонларнинг тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлашга бел боғлайди.
У қишлоқ аҳолисини бирлаштириб, уларни ўз хавфсизлигини таъминлашга чорлайди. Беркалиев ҳам қизил аскарлар, ҳам қўрбошилар билан музокаралар олиб бориб, уларнинг қишлоқ ҳудудига киришининг олдини олади. Яхши ишбилармонлик кўрсатиб, волостдаги тартибсизликларга барҳам беради. Чорининг адолатлилиги ва халқпарварлиги одамларнинг қалбида ишонч уйғотади. Унинг саъй-ҳаракатлари билан Хўшман қишлоғи анархия ва хаосдан сақланиб қолади.
Беркалиевнинг ташкилотчилик қобилияти унинг мансаб пиллапояларидан аста-секин кўтарилишига олиб келади. 1924 йилда Чори Беркалиев Термиз туман ижроия қўмитасига раис этиб тайинланади. Шу йили Чори Беркалиев Бухоро Халқ Жумҳурияти Инқилобий қўмитасининг қарори асосида Бухоро Республикасининг «Қизил Юлдуз» ордени билан тақдирланади.
Чори Беркалиев Термиз тумани ижроия қўмитасининг раиси бўлиб ишлаган йилларида туманда қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларни ривожлантириш, қишлоқ аҳолиси ҳаётини яхшилаш учун тинимсиз меҳнат қилади.
1926 йилда Чори Беркалиевнинг милициядаги фаолияти бошланади. Шу йили у Термиз тумани милиция бошлиғи вазифасига тайин этилади. 1927 йилда Бутунроссия Коммунистик партияси аъзолигига қабул қилинади. Милициядаги фаолияти давомида Чори Беркалиев ўғирликка қарши курашиш бўйича ўзини ижобий томондан кўрсатади. 1927-1928 йилларда Термиз райисполкомининг раиси, 1928-1931 йилларда Сурхондарё округи милиция бўлими бошлиғи, 1931-1933 йилларда яна бир бор Термиз райисполкомининг раиси вазифаларида самарали меҳнат қилади.
1930 йиллар бошида бутун СССР бўйлаб қатағон шамоли эсишни бошлайди. Чори Беркалиев ҳам бундан четда қолмайди. 1933 йилда у «ижтимоий ёт унсур» деб топилиб, партия сафидан чиқарилади. Бу Беркалиев учун кутилмаган зарба бўлади.
Чори Беркалиев Тошкентга чақиртириб олиниб, «халқ душмани» дея қамоққа олинади. Унга «босмачилар» билан ҳамкорлик қилиш, совет ҳукуматига қарши тарғибот олиб бориш каби айбловлар қўйилади. Қоронғи зиндонлар, бешафқат сўроқлар, умидсизлик…
Лекин Чорининг руҳи синмайди. У ўзига қарши қўйилган барча айбловларни рад қилади. 1934 йилда суд Беркалиевни оқлайди. Бироқ бу ҳали бошланиши эди.
Чори Беркалиев ўзига нисбатан янги айбловлар қўйилиши мумкинлиги учун Туркманистон ССР’га кўчиб ўтади. 1935-1938 йилларда Туркманистон ССР Тошҳовуз областида райисполком инструктори бўлиб ишлайди, сўнгра район сув хўжалигига гидротехник лавозимига ўтказилади.
1938 йилнинг 15 март куни «Катта террор» доирасида Беркалиевни яна қамоққа олишади. Деярли бир йил давомида у қийноқлар остида тергов қилинади. НКВД ходимлари унинг айбини исботлаш учун ҳар қандай усуллардан фойдаланади, аммо бу самара бермайди. Унинг айбдорлигини исботловчи ҳеч қандай далил топилмагани сабаб 1940 йил 13 январь Чори Беркалиев озод қилинади.
Беркалиев кейинги йилларда Термиз тумани Уполкомзаг (Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш қўмитаси) ташкилотида агент бўлиб ишлайди. Сўнгра яна ички ишлар органларида меҳнат қилади ва 1960 йилларда нафақага чиқади.
Чори Беркалиевнинг ҳаёти – бу ўтган асрнинг мураккаб сиёсий воқеалари фонидаги оддий деҳқоннинг ғайриоддий тақдири ҳақидаги ҳикоядир. Унинг садоқат билан хизмат қилиши, ўз ишини чин дилдан бажариши, бу учун қораланиши ва таъқиб этилиши совет даврининг зўравонлиги ва адолатсизлигини яққол кўрсатади. Чори Беркалиевнинг саводхонлиги, меҳнаткашлиги, ташкилотчилик қобилияти ва адолат учун кураши оддий ўзбек деҳқони шахсиятининг кучини ва тантилигини намоён этади. Унинг тақдири – бу фақатгина шахсий биография эмас, балки бутун бир даврн, бутун бир авлоднинг кечмиши ҳамдир.
Убайдулла Қувваталиев
Термиз давлат университети тузилмасидаги
Қатағон қурбонлари хотираси музейи директори
Тарих
Тарих
Фалсафа
Тарих
Тарих
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ