“Шўрои уламо”ми ёки “Уламо” жамияти?! – Чалкаш саволга асосли жавоб


Сақлаш
11:25 / 14.12.2024 179 0

Дебоча

 

Туркистон Россия империясининг мустамлакаси бўлган давр – ХIХ асрнинг иккинчи ярми – ХХ аср бошларида маҳаллий халқнинг миллий ва диний қадриятлари, урф-одатлари оёқости қилинди. Мустамлакачилар ислом дини заминида вужудга келган одоб-ахлоқ меъёрлари, ижтимоий-иқтисодий муносабатлар тизимини издан чиқаришни ҳам ўз олдиларига мақсад қилиб қўйган эдилар. Бу хусусда турли қонунлар ҳам чиқарилгандики, улар маҳаллий халқ манфаатига бутунлай мос келмасди. Ушбу маккорона сиёсат ҳақида М.Беҳбудий ўзининг “Бизга ислоҳот керак” сарлавҳали мақоласида (“Нажот” газетаси. 1917 йил 17 апрель) шундай дейди: “Миссионерлар тарафидан ва ёйинки бизни йўқ ва нобуд бўлишимизни ва шариати муқаддасамизни ҳукмдан қолишини хоҳлатадурғон эски ва мустабид ҳукумат одамлари тарафидан шундай законлар чиқарди”.

 

Ўлкада ҳукмронлик қилган чор маъмурларининг тазйиқига қарамасдан, уламолар шариат ахкомларига қатъий риоя қилишга катта эътибор берган, ўлкага кириб келаётган европача маданиятнинг салбий жиҳатларидан фуқароларнинг сақланишига қаратилган фаолият олиб борган.

 

Бу эса мустамлакачиларнинг ўлкада ўз ҳукмронлигини мустаҳкамлашга асосий тўсиқлардан бири бўлган. Шунинг учун ҳам улар эҳтиёткорлик билан уламоларнинг маҳаллий аҳолига таъсирини сусайтиришга қаратилган чоралар кўрган. Уламоларнинг жипслашувига тўсқинлик қилинган, мусулмон диний ташкилотларининг – масжид, мадраса ва бошқаларни бирлаштирувчи раҳбар орган – Маҳкамаи шаръия ташкил қилишига йўл берилмаган.

 

Жамиятнинг ташкил этилиши

 

Муборак айлагай оламлара Ҳақ ушбу жамият,

Бу жамиятга боис бу замонда бўлди ҳуррият.

Ғурбатий

 

Россия империясининг диний қадриятларга бўлган шу каби муносабатидан норози бўлган уламолар 1917 йилда вужудга келган ҳурриятни зўр хурсандчилик билан қарши олдилар. Улар ҳам ўз навбатида юзага келган озодлик замонидан унумли фойдаланиб, миллат эркинлиги йўлида бир ёқадан бош чиқаришни муҳим ва зарур деб ҳисобладилар.

 

Натижада 1917 йилнинг июнь ойида Тошкентнинг бир гуруҳ уламолари миллий озодлик ҳаракати уюштирувчиси бўлган “Шўрои исломия” жамияти билан умумий иш кўриб, миллатлар ҳамда мусулмонларнинг ахлоқий асосларини муҳофаза қилишни кўзда тутиб “Уламо” жамиятини таъсис этдилар.

 

“Уламо” тушунчасига изоҳ

 

Мазкур жамият, унинг мақсаду вазифалари хусусида маълумот беришдан олдин ўша даврдаги “уламо” тушунчасига изоҳ бериб ўтиш жоиз. Аввало, “уламо” аслида арабий калима бўлиб, луғавий маъноси “олимлар”дир.

 

ХХ аср бошларида “уламо” тушунчаси ижтимоий маъно касб этарди. Бундай пайтда “уламо” дейилганда, асосан, мадрасаларни тамомлаган, диний ва дунёвий илмга эга бўлган зиёли кишилар тушунилган. Ҳозирги кунимизда ҳам “уламо” деганда биз айнан диний илмларга эга бўлган ислом дини пешволарини тушунамиз. Бироқ тадқиқ этилаётган даврда сиёсий мақсадлар сари интилишлар ҳам кучайиб боргач, жадидлар билан айрим масалаларда мухолифатда бўлган ўлка зиёлилари “уламолар” деб атала бошланди ва мазкур тушунча сиёсий маънода қўлланиладиган бўлди. Бунга бевосида Тошкент уламоларининг бир жамиятга бирлашиши ҳамда бу жамиятнинг олиб борган фаолияти ҳам муҳим омил бўлганини таъкидлаш ўринлидир.

 

Жамиятнинг расмий номи қандай эди?

 

Туркистон/Ўзбекистоннинг ХХ аср бошидаги тарихига бағишланган деярли барча тадқиқотларда жамиятнинг номи “Шўрои уламо” ёки “Шўройи уламо” тарзида нотўғри бериб келинган. Ҳаттоки, 2000 йилда нашр этилган “Ўзбекистон янги тарихи” китобининг II жилдида ҳам жамият номи шу тарзда берилган. 2022 йилда нашр этилган “Ўзбекистон тарихи (Энг қадимги замонда бугунги кунгача)” китобининг I жилди “Советлар ҳукумронлиги даври” номли бўлимида ҳам “Шўройи уламо” шаклида ёзилган. Тарихчи олим, профессор Қ.Ражабовнинг 2023 йилда нашрдан чиққан “Туркистон Мухторияти тарихи” монографияси I боб 1.4-бўлими эса “Шўройи Уламо” ёки “Уламо” жамияти тарихига бир назар” деб номланган. Китобнинг аннотация қисми ва мундарижада бўлим номи “Уламо” жамияти тарзида, лекин ички матнларда “Уламо жамияти” шаклида ҳар иккала сўз қўштирноқда берилган.

 

Қизиқ жиҳати шундаки, совет даврида 70-йилларгача ёзилган адабиётларда жамият номи “Уламо” жамияти тарзида тўғри берилган, ким томонидан “Шўройи уламо” тарзида илк марта қўлланилганини, афсуски аниқлаб бўлмади.

 

Маълумки, 1917 йилда “Бор ҳукумат шўроларга!” (русчада: «Вся власть советам!») шиори оммавий бўлган. “Шўрои исломия” ташкилотчилари ҳам ўзларининг ўлканинг мусулмон аҳолиси манфаатларини ҳимоя қилувчи ташкилот эканларини кўрсатиш мақсадида ташкилот номига “Шўро” сўзини қўшган бўлиши мумкин. Бу сўз оммабоп бўлгани учун кейинчалик совет тарихшунослари томонидан “Уламо” жамияти номига ҳам қўшиб юборилган бўлиши эҳтимоли бор.

 

 

Бироқ тадқиқотлар натижасида ҳеч қандай расмий ҳужжатда “Уламо” жамиятининг номида “Шўро” сўзи учрамади. Жамиятнинг думалоқ муҳрида ҳам “Уламо” жамияти Тошкент шаҳри (араб имлосида) ва “Организация Улема стар.города Ташкента” деб қайд этилган.

 

Русчадаги “организация” сўзи ҳам ўзбек тилида “ташкилот” бўлади. Нима сабабдан “жамият” сўзи “общество” эмас “организация” деб берилгани тушунарсиз. Айтиш керакки, рус манбаларида “Шўрои исломия”га нисбатан ҳам “организация” сўзи ишлатилган.

 

Мақсад ва маслак

 

Янги ташкил этилган “Уламо” жамияти мусулмон фуқаролар орасида диний заминда юзага келиши мумкин бўлган ҳар хил шикоят ва англашилмовчиликларни ҳал этиш ва тушунтириш каби вазифаларни ўз фаолиятининг асосий йўналишлари сифатида белгилаб олди. Мазкур вазифалар жамият низомида ҳам ўз аксини топди.

 

 

Жамиятнинг Дастур ва Низоми июль ойи бошларида Тошкентдаги Бекларбеги мадрасасида бўлиб ўтган 25 000 кишилик митингда тасдиқланди.

 

Афсуски, Тошкентдаги “Уламо” жамиятининг Низомини топишга муваффақ бўлинмади. Бироқ Қўқонда ташкил этилган “Уламо” жамиятининг низоми билан танишиб чиқиб, унинг ўз олдига қўйган вазифалари ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлиш мумкин.

 

Унда, жумладан, қуйидаги мақсадлар қўйилади:

 

– Мусулмонларни ягона ташкилотга бирлаштириш учун мутараққий-маърифий асосларда миллий-диний тафаккурни оммалаштириш ва сиёсий ҳаракатни шакллантириш.

 

– Миллатлар ҳамда мусулмонларнинг ахлоқий асосларини вақтли нашрлар ҳамда доимий босма органлар йўли билан муҳофаза қилиш.

 

– Мусулмон фуқаролар орасида диний заминда юзага келиши мумкин бўлган ҳар хил шикоят ва англашилмовчиликларни ҳал этиш ва тушунтириш.

 

– Мадрасаларни иқтисодий қўллаб-қувватлаш ва тартибга солиш, ўқитувчи ва ўқувчиларни муҳофаза қилиш, уларнинг тараққий этиши ҳақида ғамхўрлик кўрсатиш ва муҳтожларга ёрдам бериш.

 

– Илмий-маърифий фаолиятда ўзини кўрсатган муносиб кишилардан ўқитувчилар танлаш ва тайёрлаш.

 

Мазкур мақсад ва дастурларни тарғиб қилиш учун Тошкентда ҳафтада бир марта чиқадиган диний, илмий, адабий, сиёсий нашри афкори – “Ал-Изоҳ” журналини чиқарган.

 

Жамиятнинг идораси Эски шаҳарнинг Охунгузар маҳалласида жойлашган. 1917 йилнинг сентябрь ойида идорахона тор ва совуқлиги, шароит ёмонлиги туфайли Шайҳонтохур даҳасидаги “Баланд масжид” маҳалласига, Эшонхон қози ҳовлисига кўчирилган. Бу ҳақда “Улуғ Туркистон” газетасининг 1917 йил 30 сентябрдаги 29-сонида ва “Ал-Изоҳ” журналининг 1917 йил 12 октябрдаги 13-сонида алоҳида хабар берилган.

 

Жамиятнинг фаол аъзоларидан, ўз даврида диний ҳамда дунёвий илмлардан хабардор бўлган мулла Абдулмалик ҳожи Абдуннабий ўғли, мулла Маҳдихон Саййид Боқийхон ўғли, Саид Аҳрорхон махдум, мулла Тошпўлат қори Турсунбой ўғли, Шерали Лапин, мулла Сайидрасул Сайидазиз ўғли, Азизҳожи Илҳомжон ўғли, мулла Саидмаҳмудхон Муҳиддинхон ўғли, Аҳмадхўжа Мўминхўжаев, Садриддинхон муфтий Муҳаммад Шарифхўжа қози ўғли сингари шахслар эдилар. Аъзоларнинг 86 кишилик рўйхати “Турон” газетасининг 1917 йил 20 июль (20 шаввол 1335 ҳижрий) сонида эълон қилинган. Жамиятнинг айрим таниқли аъзолари, жумладан, мулла Исахон Аълам, Саид Аҳрор махдум, Садриддинхон муфтий Муҳаммад Шарифхўжа қози ўғли кабилар ушбу рўйхатда қайд этилмаган. Бу ҳол рўйхатнинг тўлиқ эмаслигидан далолат беради.

 

Жамиятнинг асли раиси ким бўлган?

 

Аксарият совет даврида, қолаверса, мустақилликнинг илк йилларида мазкур давр тарихини ёритиш билан боғлиқ тадқиқотларда жамиятнинг раиси сифатида Шерали Лапин кўрсатилган.

 

 Шерали Лапин.

 

Ҳатто “Ўзбекистон миллий энсиклопедияси”да Лапин ҳақидаги мақолада (муаллифлар Қаҳрамон Раджабов, Муродилла Хайдаров) у “Шўрои уламо” ташкилотининг раҳбарларидан бири”, “Шўрои уламо” ташкилотининг Тошкент шўбасини бошқарган (1917-1918)” деган маълумотлар ёзилган. Шунингдек, т.ф.д., проф. Қаҳрамон Ржабовнинг 2023 йилда нашрдан чиқарган “Туркистон Мухторияти тарихи” монографиясида “Уламо жамияти”нинг Тошкент, Қўқон, Самарқанд шаҳарларидаги бўлимлари жуда фаол иш олиб борган. Тошкент бўлимига зиддиятли фикрлари билан уламолардан кўра кўпроқ рус монархчилари ва большевикларига яқин бўлган қозоқ Шерали Лапин раҳбарлик қилган” деган маълумот келтирилган.

 

Бунинг сабаби, келиб чиқиши қозоқ Шерали Мунайтбасович Лапин (айрим манбаларда Сер Али тарзда берилган) Перовск шаҳар мактаби, кейин Туркистон ўқитувчилар семинариясида таълим олган бўлиб, рус тилини пухта билган. Самарқанд области ҳарбий губернатори ҳузурида таржимон-котиб бўлиб ишлаган. Табиийки, у империянинг ўлкадаги амалдорлари орасида таниқли шахс бўлган, уламолар ҳам ўз баёнотлари, аризалари, таклифлари, қарашларини рус маъмурларига етказишда Лапин хизматларидан фойдаланишган. Шунинг учун ҳам у бора-бора жамиятнинг “лидери” сифатида танила бошлаган. Бинобарин, рус тилидаги манбаларда у айнан “Уламо” жамиятининг “лидер”и сифатида кўрсатилган. Лидер сўзи фақат раҳбар ёки йўлбошчи эмас, балки пешқадам деган маънони ҳам англатади. Ўзбек тарихчилари томонидан бу сўз раҳбар, раис маъносида қабул қилиниб янглишликка йўл қўйилган деб ҳисоблаймиз.

 

Аслида ҳам Шерали Лапин жамиятнинг пешқадам аъзоларидан бири эди.

 

Жамият раиси Абдулмалик ҳожи Абдуннабий ўғли (1935 йилда вафот этган) бўлган.

 

Жамиятнинг расмий нашри бўлган “Ал-Изоҳ” журналининг 1917 йил 11 декабрда чиққан 18-сонида “Исломға чиқув” сарлавҳаси билан берилган ахборотда “Бу кунларда Семирчиский губернадан, Николайский уьезд, Коминкбурутский булусға қарошли Иван Яковлович Бородувли исмли 18 ёшлик пракотчик бир рус боласи 28 ноябрда Тошкендға келиб “Уламо” жамиятининг раиси ҳожи Абдумалик мударрис жанобларининг ҳузурларинда ислом диниға мушарраф бўлғон. Муҳтарам ҳожи домла анинг исмини мулла Абдуллоҳ қўйғонлар...” деган маълумот қайд этилган. “Турон” газетасидаги рўйхатда ҳам унинг номи биринчи рақам билан берилган. Шунингдек, “Улуғ Туркистон” газетасининг 1918 йил 21 майдаги 95-сонида босилган “Ал-Изоҳ” ёпилуви” сарлавҳали хабарнома сўнгида “Раис ва мудир ҳожи Абдулмалик Абдуннабий ўғли” имзоси қўйилган. Бу эса фикримизнинг яққол далилидир.

 

Бироқ жамият раиси билан боғлиқ бир қатор бошқа маълумотлар ҳам мавжуд. Жумладан, “Уламо” жамиятининг Муваққат ҳукумат Бош комиссарига 1917 йил 25 октябрда йўллаган 213-сонли хати “1917 года октября 24 дня Исполнителный Комитет Организации “Улема” в экстренном заседании, состоявшиеся под предсетателством товарища Председателя Саид-Мухтар-Хана....” (1917 йил октябрнинг 24-куни “Уламо” жамияти Ижроия Қўмитасининг ўртоқ Раис Саид Мухторхон раислигида ўтказилган фавқулодда йиғилишида...) деган жумла билан бошланган. Шунингдек, хат сўнгида жамият раиси ўрнига мулла Мухторхўжа Саидғанихон домла ўғли исми ёзилган ва жамиятнинг юмалоқ муҳри босилган.

 

Олим Сирожиддин Аҳмаднинг “Икки империя асоратида” номли китоби II жилдидаги тараққийпарвар уламолардан бир Заҳириддин Аълам Қосимов (1898-? йй.) ҳаёти ва фаолиятига бағишланган “Эътиқоднинг очиқ кўриниши” сарлавҳали мақолада Ўзбекистон НКВДси бошлиғининг ўринбосари Леонов тасдиқлаган буйруқ матнидан парча келтирилган. Унда хусусан қуйидагиларни ўқиш мумкин: “Заҳириддин Аълам Қосимхўжаев – ўзбек, 60 ёшда, Октябр раёнидаги “Регистон” масжидининг имоми, японпарастлик ва мағлубиятчилик ташвиқотини фаол олиб борган. Чувачак (Шинжон)даги аксилинқилобий муҳожират, хусусан ўша ерда истиқомат қилувчи, “Уламо” ташкилотининг собиқ раиси Азизхалфа Илҳомжонов билан алоқа ўрнатган”. Ушбу ном юқорида қайд этилган “Турон” газетасидаги “Уламо” жамияти аъзоларининг рўйхатида 14-тартиб рақами билан Азизҳожи Илҳомжон ўғли тарзида учрайди. Юқоридаги тарихий фактга таянадиган бўлса Азизҳожи Илҳомжон ўғли ҳам бир муддат жамиятга раислик қилган бўлиб чиқади.

 

Абдулмалик ҳожи Абдуннабий ўғли 1916 йилдан Россия империясининг Туркистондаги муҳофаза бўлими махфийларининг, хусусан “Иван” лақабли махфий ходимнинг мунтазам назорати остида бўлган. Бунинг асосий сабаби, Россия императори Николай ИИ нинг 1916 йил 25 июндаги “Империядаги рус бўлмаган эркак аҳолини ҳаракатдаги армия раёнида мудофаа иншоатлари ва ҳарбий алоқа йўллари қуриш ишларига жалб қилиш” ҳақидаги фармони боис ўлкада, хусусан Тошкентда юзага келган ғалаёнларни уюштиришда ўша даврда Кўкча даҳасининг қозиси бўлган Абдулмаликҳожи Абдуннабий ўғли (рус манбаларида Абдунабиев тарзда берилган) ҳам фаол иштирок этган.

 

Фикримизча, ҳужжатларда жамият раиси сифатида бир неча шахсларнинг номи берилиши ўзига хос хафвсизлик чораси бўлган.

 

Хулоса ўрнида

 

“Уламочилар” 1917 йилнинг дастлабки ойларида диний маърифатчилик доирасида фаолият кўрсатишган. Кейинчалик эса, “Шўрои исломия” ташкилоти ва “Уламо” жамияти ташкилотлари ўз фаолиятларида демократик эркинликлар ва янги бошқарув услубини татбиқ этишни талаб эта бошладилар. Бироқ “Уламо” жамиятининг вакиллари фикрига кўра, Туркистон жамиятининг бўлажак ички сиёсий тузилмасида шариат қонунларига қатъий равишда амал қилиниши керак эди.

 

Шубҳасиз, ғоявий қарашлар ортодоксаллигига қарамай, жамият аъзолари ўлка маҳаллий аҳолисининг озодликка интилишларини фаоллаштиришга ўз ҳиссаларини қўшдилар, мустақил мусулмон давлатини таркиб топтириш зарурати ҳақидаги фикрни жамоатчилик онгига сингдирдилар. Уламочилар Туркистон мусулмонларининг диний-этник қарашлар жиҳатидан якдил бўлиши йўлида анчагина ҳаракат қилдилар.

 

Жамият аъзолари ўлка маҳаллий аҳолисининг озодликка интилишларини фаоллаштиришга катта ҳисса қўшдилар ҳамда уламолар аҳоли орасида кенг кўламда диний-маърифий ишларни амалга оширдилар.

 

Юқоридаги келтирилган фактлардан келиб чиққан ҳолда, биринчидан, ушбу жамият номини “Уламо” жамияти сифатида хар жойда қайд қилиш керак. Иккинчидан, унинг раиси Абдулмалик ҳожи Абдунабиев эканлигини эътироф этиш лозимдир.

 

Мурод ЗИКРУЛЛАЕВ,

ЎзР ВМ Қатағон қурбонлари хотираси

давлат музейи директорининг

илмий ишлар бўйича ўринбосари

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 14268
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//