Илк “туркон” хотун – Қабаж. Бухорони бошқарган малика


Сақлаш
16:29 / 13.12.2024 348 0

Маълумки, Бухоро воҳаси Марказий Осиё ислом маданиятининг йирик ўчоқларидан, шунингдек, туркий давлатчилик анъаналари гуркираб ривожланган ҳудудлардан бири ҳисобланади. Турон давлатининг ҳукмдори Алп Эр Тўнга (Афросиёб) Бухорода дафн этилгани ёки унинг мазкур ҳудудда кўплаб шаҳарлар қурдиргани ҳам Бухоро Турон давлатининг марказий нуқталаридан эканини кўрсатади. Қадимги ривоятлар ва айрим ёзма манбаларга қарайдиган бўлсак, Турондаги икки ўлка – Хоразм ва Бухоро қадимдан Марказий Осиёдаги туркий давлатчилик бешиги сифатида бот-бот тилга олинади. Биз қуйида милоднинг V аср ўрталари – VI аср охирида Бухоро воҳасида туркий тарих излари, туркий ҳукмдор ва малика фаолияти, туркий уруғларнинг воҳага кўчиб келиши ҳақида тўхталамиз. Афсуски, айрим совет даврида ёзилган адабиётларда мазкур давр нафақат Бухорода, балки Хоразм, Фарғона ва Нахшоб каби вилоятларда зироатчиликнинг инқирози, суғориш иншоотларининг вайрон қилиниши, йирик қишлоқ ва шаҳарларнинг ҳувиллаши кузатиладиган давр деб қаралган ва бу ҳозирги баъзи тадқиқотларда ҳам кўзга ташланади. Аммо кейинги изланишлар бу даврда эфталийлар ва туркларнинг воҳада марказий ўринни эгаллаганини, тушкунлик даври эмас, балки туркий давлатчиликнинг янги босқичига қадам қўйилганини кўрсатмоқда. Масалан, тарихшуносликда эфталийлар давлатининг пойтахти Патиэн-Пойкент бўлиши мумкинлиги, келиб чиқиши туркийлардан бўлган Элтегин исмли ҳукмдорнинг Бухоро воҳасида давлат бошқаргани ёки Сомонийлар давлати асосчисининг ҳам ушбу воҳадаги туркий уруғлар билан боғлиқ бўлгани ҳақида қарашлар  мавжуд.

 

III-IV асрлар Марказий Осиёга кўплаб миграциялар амалга оширилган давр эди. Цзин сулоласи (265–419) йилномаларида Кангюй давлати қароргоҳини Сирдарё қирғоқларидан жанубга – Сўғдга кўчиргани айтилади. IV аср ўрталарида Аммиан Марцеллин Марказий Осиёда хион қабилалари, кушон-кидарийлари сиёсий майдонда пайдо бўлганини ёзади. Миграциялар катта миқёсда бўлиб, у Бухоро воҳасини ҳам четлаб ўтмаган. IV аср бошларида Бухоро воҳасида ўтроқ зироаткорлар манзилгоҳларига туташ ҳудудларда Қовунчи маданияти вакилларининг таъсири кузатилади (Сеталак маданияти). Э.В.Ртвеладзе фикрича, IV асрнинг биринчи ярмида Бухоро воҳаси иккита алоҳида мустақил ҳукмдорликка бўлинган: бири автохтон, иккинчиси эса воҳанинг жануби-ғарбида жойлашган, келиб чиқиши юэчжи иттифоқи таркибига кирган кўчманчилардан бўлган. Юэчжилар хитойшунос олим А.Ходжаев фикрича ўғузлар бўлиши мумкин. Ш.Камолиддинов Бухоро топонимининг унча қадимий эмаслиги ва илк ўрта асрларга тааллуқли бўлиши мумкинлигига эътибор қаратади. Айрим тарихчилар Бухоро атамасининг эфталийча “буқарақ” сўзидан келиб чиққани ва “мис шаҳар” деган маънони ҳам беришини айган. Шунингдек, шаҳарнинг VI асрда пайдо бўлгани ва бу ном Бухоронинг Элтегин исмли ҳукмдори қурдирган будда монастири билан (pwx’r сўзи сўғдийчага санскритча vihara орқали ўтган) боғлайдилар.

 

Наршахийнинг “Тарихи Бухоро” асарида келтирилади: “Самарқанд тарафда бир катта дарё борки, уни “Руди Мосаф” – “Мосаф дарёси” деб атайдилар. Бу дарёга кўп сув йиғилган, у бир талай ерларни ювиб-ўпириб кўп лойқаларни суриб келган ва натижада ботқоқликлар тўлиб қолган... Сўнг сув оқиб келиши тўхтади... Бу лойқалар билан тўлган мавзе Бухоро бўлиб қолди... Одамлар Туркистон томондан келар эдилар. Бу вилоятларда сув ва дарахтлар, ов қилинадиган жониворлар кўп бўлганидан кишиларга бу вилоят хуш келиб шу ерга жойлашдилар. Улар аввал чодир ва ўтовларда яшар эдилар, сўнг вақт ўтиши билан одамлар йиғилиб иморатлар қурдилар. Халқ кўпайгач бир кишини сайлаб амир қилдилар: унинг номи Абрўй эди. Ҳали Бухоро шаҳри вужудга келмаган: лекин қишлоқлардан баъзилари пайдо бўлган эди: Нур, Ҳарқонруд, Вардона... шулар жумласидандир. Подшоҳ турадиган катта қишлоқ Бойканд – Пойканд эди”. Унинг бу маълумотларидан кўриш мумкинки, Бухоро воҳасига одамлар Туркистондан (ҳозирги Жанубий Қозоғистон эмас, “Чўли Туркистон” деб аталган Навоий вилояти Навбаҳор ва Қизилтепа ҳудуди, Зарафшон дарёсининг шимоли-ғарбий қирғоғи бўйлаб Қоратов ва Зарафшон дарёси оралиғида жойлашган) туркий уруғлар келиши натижасида аҳоли зичлашган ва чодирларда яшаган қатлам аста-секин ўтроқлаша бошлаган, йирик қишлоқ-шаҳарлар қад кўтарган.

 

Бухорода “хун” номи остида иккита асосий ҳукмдорни кўриш мумкин. Таъкидлаш жоизки, бу ҳаммага маълум бўлган милоднинг бошларида Хитойнинг шимолий чегараларида улкан давлат қурган хунлар эмас, балки ушбу атама остида оқ хунлар/эфталийлар ва туркларни тушуниш керак. Хусусан, тангаларда учрайдиган хун сўзини Ғ.Бобоёров ва А.Кубатинлар туркларга нисбатан ишлатилганини ёзганлар. “Хун” этноними Сўғдда V асрдан бошлаб учрашини Самарқандда кидарийлар томонидан яратилган бақтрийча “ўғлар хун” сўзи битилган муҳр ҳам тасдиқлайди.  Бухорохудотлар танга гуруҳида pwx’r xwâ xn/wn/wk – Бухоронинг Khunak ёки Khanuk ҳукмдори деган сўғдча ёзув бор. Юқорида айтиб ўтганимиздек, биз туркий келиб чиқишга эга деб тахмин қилаётган Бухородаги ҳукмдорлар ҳам исмига “хун” сўзи қўшилган ҳолда манбаларда эслатилган бўлиб, бири Бухоронинг таниқли маликаси Хунак хотун ва ҳукмдор Хунакхудотдир.

 

Хунак хотун VII асрнинг охирларида Бухорода ҳукмдор бўлган маликадир. У манбаларда Қабаж хотун, Хўтак хотун ёки Хотун номлари билан келтирилади. Ушбу малика Бухоро тарихига оид ёзма манбалар орқали бизгача маълум бўлган илк маҳаллий маликалардан биридир. Унинг бир томондан Хотун, яъни маликаларга берилган туркий унвон билан учраши,  иккинчи томондан Қабаж номи туркий асосга бориб тақалиши (“қаба” – мустаҳкам, бақувват, “оғоч” – дарахт деган сўзлардан иборат бўлиб, ҳаёт дарахти, кучли, бақувват дарахт маъноларини англатади) ва Хўтак хотун эмас (араб ёзувида нуқталарнинг ортиқча қўйилиши билан нотўғри ўқилган), балки Хунак хотун экани ҳам туркий малика эканига шубҳа қолдирмайди. Бухоролик малика хусусида маълумотлар кам, энг мукаммалроғи Муҳаммад ибн Жаъфар (ан-Наршахий)нинг  “Тарихи Бухоро” (Бухоро тарихи) асарида келтирилган. Асарда У тахминан 673/680–695 йилларда яшаган. Эри вафотидан сўнг тахтга чиқадиган валиаҳд ўғли ёш бўлгани учун унинг ўзи Бухорони 15 йил бошқаргани манбалардан маълум.

 

“Тарихи Бухоро” (Бухоро тарихи) асарининг муаллифи Муҳаммад ибн Жаъфар бу мaлика ҳақида қуйидаги маълумотларни келтирган: “Бидун Бухорхудот ўлган вақтда ундан бир эмадиган ўғил бола қолди; унинг номи Тағшода эди. Боланинг онаси бўлган хотун тахтга ўтирди ва ўн беш йил ҳукмронлик қилди. Унинг даврида араблар Бухорога кела бошладилар; ҳар гал келганларида хотун улар билан сулҳ тузар ва мол берар эди. Айтишларича, унинг даврида ундан кўра донороқ биронта ҳам киши бўлмаган; у донолик билан ҳукмронлик қилар ва халқ унга итоатда эди. Унинг одати шундай эдики, у ҳар куни отга миниб Бухоро ҳисори дарвозасидан ташқари чиқар ва “Алаффурушлар дарвозаси” деб аталган Регистон дарвозасига келиб тахтга ўтирар, унинг олдида эса ғуломлар, хожа саролар, яъни бичилган қуллар ва улуғ кишилар турар эдилар. У қишлоқ аҳолиси учун шундай қоида ўрнатган эдики, ҳар куни деҳқонлар ва маликзодалардан икки юз нафар йигит заррин камар боғлаб, қиличларини осиб хизматга ҳозир бўлиб, узоқроқда туришар, хотин ташқарига чиққач, ҳаммалари уни олқишлашар ва икки сафга тизилишар эди; хотин эса подшоҳлик ишлари билан машғул бўлар, яхшиликка даъват қилиб ёмонликдан қайтарар, истаган кишисига сарпо кийгизиб, истаган кишисига жазо берар эди. Шу тарзда эрталабдан то тушгача ўтириб, сўнг ҳисорга қайтиб кирар, дастурхонлар чиқариб ҳамма хизматкорларига таом берар эди. Кечга яқин ҳам хотин шу йўсунда ташқари чиқиб тахтга ўтирар, (ҳалиги) деҳқонлар ва маликзодалар икки саф бўлиб унинг хизматида туришар эди; қуёш ботгач, хотин тахтдан туриб отга минар ва қасрга қараб, йўл олар, йигитлар эса ўз ватанларига – қишлоққа қайтар эдилар. Эртаси куни бошқа жамоа келиб шу сифатда хизматда бўлар ва ниҳоят, навбат яна ўша (аввалги) жамоага келиб етар эди. Шу тарзда ҳар бир жамоа бир йилда тўрт маротаба (хизматга) келиши лозим эди”. Ушбу асарда Қабаж хотуннинг исми Хотун (қадимги туркийча qatun) шаклида келтирилган. Абу Жаъфар ат-Табарийнинг “Тарих ар-русул ва-л-мулук” (IX аср) асарида эса ушбу маликанинг исми Қабаж хотун шаклида келтирилади. 54/673-674 йилларда УбайдАллоҳ ибн Зиёд Тохаристондан Амударёнинг ўнг қирғоғига ўтиб, Мовароуннаҳр ўлкасига киради. Араб қўшинлари Бухоро томон юриб, Пойканд ва Рамитонни эгаллайди. Убайдуллоҳ ибн Зиёд Бухорога яқинлашганда, Хунак хотун турк хоқонига арабларга қарши ҳарбий ёрдам беришни сўраб, элчи юборади. Туркий хоқон кўп ўтмай ўз қўшинлари билан Бухорога етиб келиб, араблар  билан жангга киришади, аммо мағлубиятга учраб, қочишга мажбур бўлади. Шуниси эътиборга лойиқки, Турк хоқони Қабаж хотун томонида арабларга қарши уруш қилиш учун Бухорога келган.

 

Абу Жаъфар ат-Табарийнинг “Тарих ар-русул ва-л-мулук” асарида ёзилишича, Убайдуллоҳ ибн Зиёд турклар билан Бухорода учрашганда уларнинг ҳукмдори Қабаж-Хотун бўлган, у араблар билан нотенг жангда енгилиб чекинишга мажбур бўлганида, йўлда унинг бошмоғи (оёқ кийими)нинг бир пойи тушиб қолади ва шу даврда икки юз минг дирҳамга баҳолангани айтилган. Баъзи ҳаваскор тарихчиларнинг таъкидлашича, бу ривоятдаги бежирим оёқ кийимнинг тушиб қолиши саҳнаси кейинчалик Золушка эртагидаги бошмоқ воқеаси учун асос бўлган.  Шунингдек, Қабаж хотунни илк “Туркон хотун” деб аташ мумкин, чунки унинг бошқа исми Хунак хунларга, яъни туркларга оид малика деган маънони англатади.

 

Иккинчи шахс Хунакхудот ҳақида гапирадиган бўлсак, у ҳам илк ўрта асрлардаги туркий ҳукмдорлардан бири сифатида намоён бўлади. Тарихчи Наршахий Бухоронинг қароргоҳ қалъаларидан бири бўлган Варахша ҳақида ёзаркан “Уни Бухорхудот бино қилган бўлиб, қурилганига минг йилдан ортиқроқ вақт ўтган. Бу қаср кўп йиллардан бери вайрон бўлган ва қаровсиз қолиб кетган эди, Хунукхудот (Khnk Khudah) уни қайтадан тузатди”, дейди. Мавжуд маълумотлар саройни “минг йилдан кўпроқ вақт олдин” қурган аноним Бухорхудотни аниқлаш учун етарли эмас. Aммо бу ҳикоянинг иккинчи тимсоли Хунукхудот (Khnk Khudah), албатта, тарихий шахсдир. Ушбу шахс “Тарих-и Бухоро” асарида 707 арабларга қарши курашган Бухоро етакчиларидан бири сифатида намоён бўлади. Тадқиқотчилар унинг кимлигини аниқлаштиришга ҳаракат қилган, исмида khudah компонентининг мавжудлиги бу шахс Марказий Осиёнинг бошқа кичик воҳа ҳукмдорлари – Бухорхудот, Варданхудот, Чағонхудот, Хутталхудот, Саманхудот ва бошқалар билан бирга тилга олинган. Бироқ унинг исми Хунук (Khnk) номи билан ўша давр манбаларида на бир удел, на бир қишлоқ борлиги эслатилмагани кишини ўйлантириб қўяди. Унинг арабларга қарши коалицияда иштирок этиши ва Варахша саройини қайта тиклаганига эътибор қаратадиган бўлсак, бу унинг ўша давр учун йирик қўмондон ва олий шаҳзодалардан бири бўлганини кўрсатади.

 

Тадқиқотчи А.Наймарк Хунук исмини “Хунак/Ханук” (Khunak/Khanuk) сифатида ўқиган, Ликошин эса Хунук-худот деб ўқиган. Хунук/Хунак/Ханук исмли маҳаллий ҳукмдор (?) Яъқубийнинг “Таърих” асарида келтирилган: “...Хунук (Khnk) Абу Шукр Бухорхудот Курмагханун (khatun?)  aн-Нуфасий турклар бошига келди”. Тадқиқотчи уни Наршахийдан фарқли ўлароқ, Хунук (Khnk) исми унвон эмас шахс номи эканини таъкидлаган. Бизнинг фикримизча, Бухорхудот Хунук (Khnk) исмида “хун” этноси, яъни турклар билан боғлиқликни кўриш мумкин. Шунингдек, Варахшани тиклаган ҳукмдор Хунукхудот (Khnk Khudah) ва арабларга қарши иттифоқда қатнашган Хунукхудот иккита алоҳида шахс бўлиши мумкин. Ёки Хунукхудот (Khnk Khudah) атамасига келиб чиқиши чжаову (тохар/юэчжи), хун (оқ хун/эфталий ёки khn/шарқий турклар(?)) – унвон деб қараш керак. Хунукхудотни айнан маҳаллий ҳукмдор деб қабул қилиш керак эмас, худот унвони қабул қилган ташқи унсур деб тушуниш мантиқлироқ, масалан, Қутайбага қарши чиққан Варданхудот ҳам VIII аср бошларида Туркистондан келгани айтилади. C.Штарк ҳам VI-VIII асрларда Пойкент, Вардана, Панж каби туманларда турклардан бўлган кичик воҳа шаҳзодалари ҳукм сурганини ёзади.  Чунки Яъқубий келтирган унинг турклар йўлбошчиси экани аниқ кўринади. Пойкент эфталийлардан кейин ҳам унга шарқдан кириб келган туркларнинг маркази бўлганини кўриш мумкин. Унга Тўн Ябғу-хоқоннинг жияни шаҳзода Нишу Кан-шад ҳукмронлик қилган.

 

Кўриб турганимиздек, Бухоронинг илк ўрта аср туркий тарихи жуда қизиқарли ва тортишувли масалаларга бой. Бироқ бу хусусида тадқиқотлар салмоғи жуда кам. Минг йиллар мобайнида ушбу воҳа ҳам сўғд, ҳам юэчжи (ўғуз), хун-оқ хун-турк этник гуруҳларининг биргаликда яшаган ҳудудларидан бири бўлган. Айниқса, VVII асрларда бу ерда туркий омил устунлик қилганини (бошқарувда ва шаҳарсозлик маданияти) таъкидлаш жоиз. Бу давр минтақа ҳаётида инқирозга юз тутиш эмас, балки воҳа аҳолисининг кўчиб келишлар ҳисобига кўпайиши, суғориш иншоотларининг қайта тикланиши, бошқарувда аёл ҳукмдорнинг мавжудлиги, савдо ва ҳунармандчилик марказларининг кўпайиши каби илғор қадамларга бой бўлганига гувоҳ бўламиз.

 

Феруза ДЖУМАНИЯЗОВА,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

 

Фойдаланилган адабиётлар

1.                 Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар ан-Наршахий. Бухоро тарихи. Форс тилидан А.Расулев таржимаси. Масъул муҳаррир А.Ўринбоев. – Тошкент: Фан, 1966.

2.                 Адылов Ш.Т. Из политической истории Западного Согда (в свете проблемы «тирании Абруя» и тюрко-сасанидского конфликта) // Ўзбекистоннинг моддий маданияти тарихи. –  Самарқанд: 2012. – №37. – 103-11.

3.                 «История» ат-Табари. Избранные отрывки / Перевод с арабского В.И.Беляева. Дополнения к переводу О.Г.Большакова и А.Б.Халидова. Ташкент: Фан, 1987.

4.                 Камалиддин Ш.С. О роли женщин в тюркском обществе//Ўзбекистон хотин-қизлари: кеча ва бугун (илмий-амалий конференция маърузалари, 23 декабрь, 2004 й). Т.: 2005. – 19-20-бетлар.

5.                 Муҳаммаджонов А.Қадимги Бухоро (археологик лавҳалар ва тарих). –Тошкент: Фан, 1991.

6.                 Шишкин В.А. Варахша. М., 1963.

7.                 Отахўжаев А. Илк ўрта асрларда Марказий Осиё цивилизациясида турк-суғд муносабатлари. – Т.: ART-FLEX, 2010.

8.                 Якубовский А.Ю. К вопросу об этногенезе узбекского народа. Изд-во Уз ФАН. – Ташкент, 1941

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17373
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//