Ҳар йили октябрь ва декабрь ойларида дунёдаги энг нуфузли ва кенг кўламли мукофот саналмиш Нобел мукофоти натижаларини кутишга, таҳлил қилишга одатлани қолганмиз. Номзодларни олдиндан тахмин қилишнинг ҳам, совриндор бўлганларнинг ҳаёти ҳамда илмий-ижодий муваффақиятлари ҳақида ўрганиш ҳам ўзгача завқ беради. Айниқса, адабиёти ва тинчлик йўналиши ғолибларининг интиқиб кутиладиган маърузаларинику айтмаса ҳам бўлаверади. Сираси, бу йил мазкур мукофотга кимлар «қайси каромати» учун лойиқ кўрилди? Гап шу ҳақда боради.
Мамлакатлар таназзули сабаблари, институтларнинг иқтисодий фаровонликка таъсири
2024 йилги иқтисодиёт бўйича Нобел мукофоти «институтларнинг шаклланиш жараёнлари ва уларнинг иқтисодий фаровонликка таъсирини тадқиқ қилгани учун» Массачусетс технологиялар институти профессорлари Дарон Ажемўғли, Саймон Жонсон ва Чикаго университети профессори Жеймс Робинсон учлигига берилди.
Дарон Ажемўғли ва Жеймс Робинсон ўзбек зиёлиларига яхшигина таниш. Уларнинг ҳаммуаллифликда ёзилган «Мамлакатлар таназзули сабаблари: қудрат, фаровонлик ва камбағаллик манбалари» («Wҳй Натионс Фаил: Тҳе Оригин оф Поwэр, Просперитй анд Повертй», 2012) номли асари аллақачон тилимизга таржима қилиниб, ўқувчилар қўлига етиб борган. Мазкур тандем қаламига мансуб «Тор йўлак: давлатлар, жамиятлар ва озодлик тақдири» («Тҳе Нарроw Cорридор: Статес, Соcиэтиэс анд Фате оф Либертй», 2019) асари ҳам жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олинди.
Иқтисодиёт бўйича мукофот қўмитаси раиси Якоб Свенссон: «Мамлакатлар ўртасида даромадлардаги катта тафовутни камайтириш замонамизнинг энг катта муаммоларидан биридир. Мукофотланганлар ушбу мақсадга эришишда давлат институтларининг муҳимлигини кўрсатиб беришди» - дея таъкидлаган.
«Кун келиб орамизда ҳибакусялар қолмайди…»
Тинчлик йўналишидаги мукофот Ниҳон Ҳиданкё номли япон ташкилотига насиб этди. Қўмита мазкур ташкилотни «ядро қуролларидан ҳоли дунё яратиш учун қилган ҳаракатлари ва бошдан кечирганларнинг гувоҳлиги билан ядро қуролларини бошқа ҳеч қачон қўлламаслик кераклигини исботлагани учун» муносиб деб топди. Япония атом ва водород бомбаларидан жабр кўрганлар конфедерацияси ёки қисқа қилиб айтганда, Ниҳон Ҳиданкё - 1956 йилда ташкил топган, Ҳиросима ва Нагасакидаги даҳшатли портлашдан азият чекканларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ижтимоий ташкилот. Ҳиросима ва Нагасаки фожиасидан омон қолганлар «Ҳибакуся» деб аталади.
Ташкилот лоббизм билан шуғулланади, яъни Япония ҳукуматидан жабрдийдаларга эътиборни оширишни, бошқа ҳукуматлардан эса ядро қуролини бекор қилишни сўрайди. Уларнинг фаолияти минглаб гувоҳларнинг ҳикояларини ёзиб олиш, қарорлар ва жамоатчилик мурожаатларини эълон қилиш ҳамда глобал ядро қуролсизланишини тарғиб қилиш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти каби турли халқаро ташкилотларга ҳар йили вакиллар юборишни ўз ичига олади.
«Кун келиб орамизда тарихнинг жонли гувоҳлари бўлган ҳибакусялар қолмайди. Бироқ, кучли хотира маданияти ва доимий интилишлар туфайли Япониядаги янги авлодлар гувоҳларнинг маслагини давом эттиришмоқда. Улар бутун дунё халқларига илҳом бериш ва маърифат тарқатиш билан шуғулланмоқда. Шу йўл билан улар инсониятнинг тинч келажаги учун дастлабки омил ҳисобланмиш ядро қуролини қўллашга бўлган тақиқни сақлаб қолишга ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар» - дейилади қўмита баёнотида.
Мукофотни қабул қилиш кунида ташкилотнинг асосчиларидан бири, ҳибакуся Теруми Танака Ниҳон Ҳиданкё номидан нутқ сўзлади. Маърузасида айтишича, фожиа вақтида Теруми 13 ёшда бўлган экан. Қолаверса, жаноб Танака нутқи давомида ташкилотнинг «ядровий табу» масаласида қанчалик муҳим ўрин тутгани, сўнгги салкам саксон йил ичида урушларда ядро қуролидан фойдаланилмагани, аммо бугунги қалтис вазиятда ядровий табу масаласи худдики аввалги кучини йўқотиб бораётгандек туюлаётганидан руҳи чўккани ҳамда таъби хира бўлаётганини айтиб ўтди.
10 декабрь санасида барча совриндорларни тақдрилаш маросими ўтказилди. Ғолибларга швед ва норвег санъаткорлари томонидан тайёрлаган махсус диплом, 18 карат қайта ишланган олтиндан тайёрланган Алфред Нобел сиймоси бор медаль ва 11 миллион кронадан пул ҳам тақим этилди. Аммо энг муҳими, Нобел мукофотини қўлга киритган олимлар, ёзувчи-шоирлар ва тинчликпарварлар ўз номларини тарих саҳифаларига муҳрлаб қўйишди.
Сунъий интеллект, машина таълими ва статистик физика
Швеция Қироллик Фанлар Академияси физика бўйича 2024 йилги Нобел мукофототини Жон Ҳопфил (Принстон университетити, Ню-Жерси, АҚШ) ҳамда Жеффри Ҳинтонга (Торонто университети, Канада) беришга қарор қилди. Олимлар «сунъий нейрон тармоқлари ёрдамида «Мачине Леарнинг» (эҳтимол, бу атамани «машина таълими» деб ўгирсак тўғри бўлар) асосини ташкил этувчи фундаментал кашфиётлар ва ихтиролар учун» мукофотга лойиқ кўрилди. Номзодлар статистик физика билан шуғулланишган. Уларнинг илмий тақдқиқот ва кашфиётлари сунъий интеллект ривожланишига улкан ҳисса қўшган. Гап шундаки, Нобел қўмитаси баёнотига кўра, «улар физика воситасида сунъий нейрон тармоқларни тарбиялашган».
Бу йилги физика соҳасидаги Нобел мукофоти совриндорлари замонавий кучли машина таълимининг пойдеворини ташкил этувчи усулларни ишлаб чиқишда физика воситаларидан фойдаланишган. Жон Ҳопфилд маълумотлардаги тасвирлар ва бошқа турдаги нақшларни сақлаш ҳамда қайта тиклаш имконини берувчи ассоциатив хотирани яратган. Жеффри Ҳинтон эса маълумотлардаги хусусиятларни мустақил равишда аниқлай оладиган ва шу туфайли расмлардаги муайян элементларни топиш каби вазифаларни бажара оладиган усулни ихтиро қилган. Шу ўринда бир атамага аниқлик киритмоқ жоиз: машина таълими - сунъий интеллектнинг бир тармоғи бўлиб, у алгоритмларга маълумотлар тўпламидаги яширин андозаларни аниқлаш имконини беради. Бу эса уларга ҳар бир вазифа учун аниқ дастурлаштиришсиз янги ва ўхшаш маълумотлар бўйича башорат қилиш қобилиятини тақдим этади. Машина таълимининг таъсири автобошқарувли транспорт воситалари, дронлар ва роботларда яққол сезилади ва уларнинг динамик муҳитга мослашувчанлигини оширади.
Оқсил, оқсил ва яна оқсил
Кимё бўйича мукофотни ҳам уч киши бўлишиб оладиган бўлди. АлпҳаФолд2 дастури асосчилари Демис Хассабис ва Жон Жампер «оқсилнинг тузилишини прогноз қилгани учун», Девид Бейкер эса «оқсилнинг компьютерлаштирилган дизайни учун» тақдирланишди.
Нобел қўмитасининг расмий веб-саҳифасидаги баёнотда таъкидланишича, «2024 йилги кимё бўйича Нобел мукофоти ҳаётимиздаги энг муҳим кимёвий қурол ҳисобланган оқсилларга оид илмий кашфиётларга насиб этди. Девид Бейкер мутлақо янги турдаги оқсилларни яратишдек деярли имконсиз вазифани уддалади. Демис Хассабис ва Жон Жампер эса 50 йиллик муаммони ҳал қилиш мақсадида оқсилларнинг мураккаб тузилишини олдиндан айтиб берадиган сунъий интеллект моделини ишлаб чиқишди. Мазкур кашфиётлар улкан имкониятга эга».
«Ёзар эканман, бутун танамни ишга соламан…»
Адабиёт соҳасида эса улоқни жанубий кореялик адиба Ҳан Канг илиб кетди ва мазкур мукофотга сазовор бўлган илк корейс ёзувчиси ҳамда илк осиёлик аёл муаллифга айланди. Швеция Қироллик Фанлар Академияси ёзувчини «тарихий жароҳатларга қарши турган ва инсон ҳаётининг нозик қирраларини ифодалаган таъсирчан поэтик насри учун» мукофот билан сийлади.
Ҳан Канг ижодий фаолиятини 1993 йилда шоир сифатида бошлаган, насрдаги илк иши эса 1995 йилда чоп этилган. Адибанинг халқаро майдонда танилишида «Вегетариан» (2007) романининг ўрни катта. 2016 йилда муаллиф айнан шу асари учун нуфузли Букер мукофотини қўлга киритган эди. Шунингдек, унинг «Шамол эсаётир, кет» (2010), «Юнон тили саболари» (2011), «Одамзотнинг ишлари» (2014), «Оқ китоб» (2016) «Биз ажрашмаймиз» (2021) каби асарлари дунёнинг турли бурчакларида ўқилмоқда.
У ўз ижодида тарихий жароҳатлар ва кўзга кўринмас қоидалар тўпламига дуч келади ва ҳар бир асарида инсон ҳаётининг нозиклигини очиб беради. У тана ва руҳ, тирик ва ўлик ўртасидаги алоқалардан ўзига хос хабардорликка эга бўлиб, ўзининг поэтик-экспериментал услуби билан замонавий насрда новаторга айланди. Мукофотни қабул қилиш маросимидаги нутқида Ҳан Канг адабиётга кириб келиши, асарларидаги мавзулар, ёзиш услуби ҳамда ижодидаги асосий ғоялар ҳақида тўхталиб ўтди.
«Ёзар эканман, бутун танамни ишга соламан. Кўриш, эшитиш, ҳидлаш, таъм билиш, мулойимлик ва илиқликни, совуқлик ва оғриқни ҳис қилиш, юрагим тез ураётганини ва танамнинг овқат ҳамда сувга эҳтиёжини сезиш, юриш ва югуриш, теримда шамол, ёмғир ва қорни ҳис этиш, қўл билан ушлаш каби барча сезгиларимдан фойдаланаман. Томирларида қон айланиб юрган ўткинчи мавжудот сифатида ҳис қилаётган жонли туйғуларимни жумлаларимга сингдиришга интиламан. Гўё электр токи юбораётгандек. Бу оқимнинг ўқувчига етиб бораётганини сезганимда ҳайратланаман ва таъсирланаман» - дейди муаллиф маърузасида.
Адабиёт
Санъат
Адабиёт
Тарих
Адабиёт
Санъат
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ