Макка ва Мадинада меҳмонхона, Санкт-Петербургда масжид, Сурияда обидалар қурдирган ҳукмдор – Амир Музаффарнинг тўртинчи ўғли


Сақлаш
17:43 / 11.12.2024 18 0

Бухоро амирлиги XIX асрнинг охири – ХХ аср бошларида мутлақ монархия тартибларига асосланган давлат бўлиб, мамлакатни бошқариш меросий ҳисобланган. Бу пайтда амирлик тепасида манғитлар сулоласининг сўнгги вакилларидан Саййид Абдулаҳадхон эди, у мамлакат тинчлиги, осойишталиги ва фаравонлигини кўзлаб давлатни бошқарган.

 

Абдулаҳадхон амир Музаффар (1860–1885)нинг 14 ўғлидан тўртинчиси эди. Дастлаб амир Музаффар тўнғич ўғли Абдумалик Тўра (1848–1909)ни тахт вориси этиб тайинлайди. Аммо рус истилоси даврида (1868) ота-ўғил ўртасида ихтилолар келиб чиқиши натижасида амир Музаффар уни тож-тахт вориси ҳуқуқидан бутунлай маҳрум этади. Айни пайтда Чоржўй беги вазифасида бўлиб турган ўғли Нуриддин (1851–1878)ни тож-тахт вориси этиб тайинламоқчи бўлганда, тўсатдан вафот этади. Сўнгра ўғли Абдулфаттоҳ (1856/57–1869)ни тахт вориси этиб тайинлаб, 1869 йилда рус императори Александр II ҳузурига юборади ва тахт ворислигига император розилигини олишга эришади. Аммо тўсатдан Абдулфаттоҳ ҳам вафот этади. Шундан сўнг амир Музаффар Абдулаҳадхонни тахт вориси этиб тайинлайди. Уни 1883 йили рус императори Александр III (1881–1894) ҳузурига – Петербургга Бухоро тахтига бўлажак ворислигини тасдиқлатиш учун юборади. Абдулаҳадхон билан бирга Ҳисор ҳокими Остонақул қўшбеги (1860–1923), Мирза Салимбек (1848/50–1930) парвоначи ва бошқалар боришади.

 

1883 йилги Петербург саёҳати Абдулаҳадхон қарашларида туб бурилиш ясаб, унда ислоҳотчилик кайфияти пайдо бўлади. Бухоронинг жаҳон тараққиётидан анча ортда қолганини англаб, ҳамма соҳаларда жиддий ўзгаришлар қилиш зарурлигини тушуниб етади. 1885 йил 31 октябрда амир Музаффар 62 ёшида вафот этгач, Кармана ҳокими бўлиб турган 28 ёшли Абдулаҳадхон 1885 йил 4 ноябрда валиаҳд сифатида амирлик тахтига ўтиради.

 

Амир Абдулаҳадхонга бу даврда Бухородан узоқда яшаётган акаси – Бухоро тахти даъвогари Абдумалик Тўра хавф солиб турарди. Отасининг оғир касал эканини эшитган Абдумалик 1885 йил кузидан Бухоро тахтини эгаллашга урина бошлайди. У Ҳисор ҳокими бўлган укаси Абдулмўмин (1852–1894/98) билан биргаликда ҳокимиятни эгалламоқчи бўлади. Уларга инглизлар, Афғонистон амири Абдураҳмон, Кўлоб беги Сарихон кўмаклашишга ваъда берадилар. Ҳатто Туркистон генерал-губернатори фон-Кауфман (1818–1882; генерал-губернаторлик йиллари – 1867–1882) Россия Ташқи ишлар вазирига ёзган мактубида “Бутун Бухоро халқи Абдумаликни кутмоқда” деб хабар берган эди.

 

Худди шу даврда Чоржўй беги, Музаффарнинг яна бир ўғли Сиддиқхон ҳам тахтга даъво қилаётган эди. Отасининг ўлимидан хабарсиз Бухорога етиб келган Сиддиқхон уй қамоғига олинган ва 35 йил (1885–1920) давомида сиёсий ҳаётдан четлаштирилган. У 1920 йили Бухоро амирлиги тугатилгач Афғонистонга жўнатилган. Сиддиқхон Ҳашмат тахаллуси билан шеърлар ёзиб, халқ орасида машҳур бўлган.

 

Амир Абдулаҳадхон ҳокимият тепасига келганда, мамлакатда амалдорларнинг судхўрлиги, маҳаллий ҳокимларнинг халққа ўтказаётган зулми беқиёс даражада ортиб кетган эди. Ҳатто, айрим бек ва ҳокимлар марказий ҳокимиятга бўйсунишдан бош тортиб, мустақил бўлиш учун ҳаракатланаётган эди. Мамлакат ижтимоий ҳаётида ҳам бир қанча қусурлар мавжуд бўлиб, амалдорлар ўртасида порахўрлик, таъмагирлик авж олган, жамиятда гиёҳвандлик, баччабозлик, қиморбозлик кенг тарқалган эди. Бу иллатларга барҳам бериш мақсадида Амир Абдулаҳад суд-ҳуқуқ тизимини тартибга солишга киришган ҳамда таъмагирлик ва порахўрлик қилган амалдорларни лавозимидан озод қилган. Барча вилоят қозиларини ишдан олиб, ўрнига янги қозиларни тайинлаган.

 

Наша чекиш, кўкнор ичиш, баччабозлик, қул савдоси, қатл қилиш, тан жазолари амир буйруғи билан расман ман қилинган. 1886 йили амир Абдулаҳадхон амирликдаги зиндонларнинг бир қисмини ёпишга буйруқ берган ва Бухоро шаҳридаги канахонани кўмдирган.

 

Амир Абдулаҳадхоннинг рухсати билан 1888 йили Россия ҳарбий ишлар вазирлиги томонидан Бухоро-Самарқанд темир йўли қурилган. Почта, телеграф ва телефон хизматларини ҳам жорий этган.

 

Амир ўз ҳисобидан Когондан Бухорогача 12 км.ли темир йўл қуришга қарор қилган. Унинг молиявий кўмаги билан Амударёдан ўтувчи темир йўл кўприги лойиҳалаштирилиб, 1898 йилнинг 17 октябридан 1901 йилнинг 27 майигача 750 метрлик кўприк қурилган. Кўприк қурилишига 3.468.000 рубл миқдорда сарфланган пул амир томонидан берилган бўлса-да, унинг тепасидаги лавҳда “Бу кўприк Николай II (1868–1918; ҳукмронлик йиллари 1894–1917) ҳазратлари томонидан, амир Абдулаҳад иштирокида қурилди”, деб ёзиб қўйилган.

 

Амир Абдулаҳадхон ҳукмронлиги даврида бир неча бор Москва ва Санкт-Петербургда расмий ташриф билан бўлган. Унинг Россияга навбатдаги сафари 1892 йил декабрида бошланган бўлиб, бунда у ўғли Мир Саййид Олимхонни Петербургдаги ҳарбий олий мактабга ўқишга жойлаштириш мақсадида борган. Ва ўзининг 1892 йил декабрь – 1893 йил февраль ойлари давомидаги сафари тафсилотларини кундалик тарзида ёзиб борган. Ушбу кундалик Исмоилбек Гаспиринский томонидан 1894 йили Қозонда “Бухоро амири ҳазратларининг кундалиги” сарлавҳаси остида нашр қилинган.

 

1892 йил декабрда амир Абдулаҳадхон, ўғли валиаҳд шаҳзода Мир Олим тўра ва сарой амалдорларидан Дурбинбийқул Қўшбеги, Туробқулбий Парвоначи Саркарда, Остонақулбий Парвоначи Закотчи, Ҳазратқул Тўқсоба, Мирзо Аҳмад Мушриф ҳамда Муҳаммад Юнус Мирохўрбоши ҳамроҳлигида Петербург сафарига отланган. Вақтинчалик  мамлакатни бошқариб туришни Мулла Мир Бадриддин қозикалон, Турсунхўжа Садр ҳамда Мулла Жонмирзабий Парвоначидан иборат 3 кишилик Кенгашга топширган.

 

Амир Абдулаҳад Петербургга сафари давомида Асхабод (Ашхабод), Боку, Тифлис (Тбилиси) каби шаҳарларда ҳам бўлиб, у ердаги ижобий ўзгаришларни диққат билан кузатган. Амир ва унинг ҳамроҳлари Тбилиси шаҳридаги 800 талаба таҳсил олаётган гимназия фаолияти билан танишганлар. Гимназия ўқувчилари ўзларининг ҳарбий машқлари, китобдан олган билимлари, мусиқа соҳасидаги маҳоратларини намойиш этганлар.

 

Петербургда эса император томонидан аҳолининг хавфсизлиги йўлида ташкил қилинган ўт ўчириш командасининг фаолияти ҳамда давлат ҳисобидан фаолият кўрсатувчи ҳар икки жинсдаги кўр ва кар болалар учун таъсис этилган мактабни бориб кўради. Мактабда болалар ўқиш, ёзиш ва имо-ишоралар ёрдамида сўзлашишга ўргатилган. У бир нечта бўлимлардан иборат бўлиб, йигитлар ва қизлар алоҳида бўлимларда таҳсил олган. Аҳволи ночор ота-оналарнинг фарзандлари ёки буткул ота-онасиз етимларга бу ерда ҳар бирининг иқтидорига қараб турли ҳунарлар ўргатилган, хусусан, қизлар кашта тикиш, турли таомлар тайёрлаш ва ўзларига мос ишларни ўрганса, ўғил болалар дурадгорлик, тикувчилик, этикдўзлик ва бошқа шу каби ҳунарларни эгаллаганлар. Мазкур таълим тизими ногирон йигит-қизларга мактабни битириб чиққач, бирор ҳунар билан машғул бўлиб, четдан ёрдамга муҳтож бўлмай, ўз меҳнати эвазига турмуш кечириш имконини берган.

 

Амир Абдулаҳадхон топшириғига кўра, 1897 йили Бухоро шаҳрида ногирон ва муомалага лаёқатсизлар учун замонавий тартибдаги ногиронлар уйи ташкил этилиб, улар кунига икки маҳал иссиқ овқат билан таъминланган. Худди шу даврда амир ҳомийлиги ва назорати остида Бухоро шаҳрида замонавий шифохона ва дорихона фаолият юритган.

 

1893 йилнинг февраль ойида амир Боғчасарой, сўнгра Севастопол шаҳрига борган ва у ерда Исмоилбек Ғаспаралини қабул қилиб суҳбатлашган ҳамда уни Бухорога таклиф қилган. Бу учрашувда Исмоилбек Ғаспарали “Сафарномаи олия”ни китоб ҳолида нашр қилишга ва Бухоро аҳолиси учун “Муаллими лисони русий” номида бир дарслик ёзишга ваъда берган.

 

Амир Бухорога қайтишда Тбилиси шаҳридаги ипакчилик станцияси ва ўт ўчириш командасининг казармаси иш фаолияти ҳамда  Бокудаги керосин заводи, у ердаги асбоб-ускуналар ва уларнинг ишлаши структураси билан танишган.

 

Ашхабодда амир ва унинг ҳамроҳларини генерал Куропаткин кутиб олган ва амир шарафига ҳарбий кўрик ўтказган. Ҳарбий кўрик тугагач, уларни бир томонда казаклар, иккинчи томонда туркман миршаблари чавандозлик қилиб кузатиб борганлар. Амир “кундалиги”да туркман сарбозлари ҳақида: “Ҳақиқат юзасидан айтиш керакки, туркман миршаблари казаклардан бироз бўлса-да қолишмас эдиларки, бу ҳол бизнинг назаримизда қадимда ўтган доноларнинг “Икки нарса бир-бирининг кўмагисиз бирон қимматга эга эмас”, деган ҳикматли сўзларнинг исботи бўлиб хизмат қиларди. Шунинг билан бирга туркманларнинг ҳарб ишда эришган муваффақиятлари бизда Бухоро қўшинини ҳам тубдан қайта қуриш ниятини туғдирди, зеро туркманлар кўп жиҳатдан Бухоро халқларидан паст турадилар. Ҳеч шубҳамиз йўқки, Бухоро лашкарларидан тажрибали Оврупо ҳарбий мутахассислари раҳбарлигида муносиб жангчилар етишиб чиқади ва улар, зарурат туғилганда ҳам ўз ватани учун, ҳам дўстлар учун фойда келтиради”, деб ёзган.

 

Амир Абдулаҳадхон 1895 йили таркиби 2000 кишидан иборат бўлган, амирликнинг йирик шаҳарларида хизмат қилиши мўлжалланган Бухоро милициясини тузган. 1908 йили эса армия сонини қисқартирган. Бу пайтда армияда 12 батальондан иборат пиёда, яъни 8200 сарбоз, 52 офицер ва 12 батальон командири, 2 та отлиқ эскодрия (600 солдат, 5 офицер, 2 та эскодран командири) ва 300 тўпчи мавжуд эди.

 

Амир Абдулаҳад маърифатпарвар ҳукмдор сифатида давлат равнақи учун маорифнинг салмоғи нечоғли эканини англаб етган. Жадидчилик ҳаракатининг асосчиси Исмоилбек Ғаспарали “Таржимон” газетасида Абдулаҳадхонни “Маърифатли амир”, “Бухоро ҳаёти ва давлат бошқарувини ислоҳ қилишга интилаётган ёш амир” сифатида таърифлаган.

 

Исмоилбек Ғаспарали 1893 йили Бухоро амирлигига келган ва саёҳати таассуротлари асосида “Туркистон саёҳатлари” номли асарини ёзган.

 

Унинг Бухоро амирлиги ҳақидаги дастлабки таассуротлари Чоржўй беклигидан бошланади ва беклик ҳақида: “Янги бир дунёга келгандек кўнглимиз нурларга тўлди, латиф бир вилоят бағрида эдик. Атроф дон-дун далалари, мевали боғлар, теракзорлар ва толзорлар, шарқираб оқаётган ариқлар билан безанган эди. Бу яшиллик орасида пахсали иморатлар, қалъалар, қишлоқлар, қўрғону қўрғончалар... Бу гўзал ерлар Бухоро хонлигининг Чоржўй беклигига мансуб экан”, дейди.

 

Амир Абдулаҳадхон топшириғига биноан тош ётқизилган темир йўл бекати ва Бухоро орасидаги 11 верстлик (11,66 км) йўлдан борар экан, амирнинг бу бунёдкорлик ишини халқпарварлик самараси, деб атайди.

 

Исмоилбек Ғаспарали ўз асарида Бухоро амирлигининг пойтахти бўлган Бухоро шаҳри тоза ва озодалиги, ўлкада ўғрилик ҳодисаси ниҳоятда камлиги, майхоналар йўқлигини айтиб, “100 йил олдин бизнинг Қиримда ҳам шунақа эди”, деб ёзади. Бухорода фаолият кўрсатаётган Россиянинг почта ва телеграфхонаси фаолиятига ҳам алоҳида урғу бериб ўтади. Бухоро бозорларида Россия, Туркистон, Хитой, Эрон, Ҳиндистон ва инглиз давлатларидан келтирилган турли хил маҳсулотлар сотилиши ва бозорларинг гавжумлигини кўриб, “Бухоро бозорларига бир-бир назар ташланса, унинг Туркистон ўлкасида энг биринчи маҳаллий савдо-сотиқ маскани экани аён бўладир”, деб таъриф беради.

 

Исмоилбек Ғаспарали талабалар таътилга чиқиб кетган бўлишига қарамай бир қатор мадрасаларни кириб кўриб, талабалар билан суҳбатлашади. Мадрасаларнинг барчасида ўқитиш эски усулда эканидан, арабий илмлар ва адабиётдан бошқа фанлар ўқитилмаслигидан афсусланади. Бошланғич мактаблардаги аҳволдан ташвишланиб, жадид мактаблари ташкил этишни тавсия қилади.

 

Мадрасалардаги таълим тизими ҳақида: “Олий мадрасаларда диний илмлар юксак савияда ўқитиладир. Лекин мўғуллар босқинидан сўнг ислом ўлкалари учраган инқироз ва қолоқликдан Бухоро ҳам мустасно эмасдир. Ўтмиш даврларда эътибор қозонган астрономия, тиб, ҳандаса, кимё ва бошқа фанлар кейинги замонларда бу ерда унутилиб юборилган. Умидвормизки, Теҳронда, Истанбулда, Мисрда, Бомбейда янгидан жонланган бу тур илмлар Бухоройи шарифда ҳам тирилиб қолар...”, деб ёзади.

 

Исмоилбек Ғаспарали Бухоро шаҳри яқинидаги машҳур Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳига бориб, у ерга Хитой, Қошғар, Ҳиндистон, Афғонистон ва Туркистоннинг ҳар тарафидан зиёратчилар келиб-кетишини айтиб: “Шарқ мусулмонлари учун бундан буюк зиёратгоҳ йўқдир”, деб таъриф беради.

 

Амир Абдулаҳадхон 1893 йил 12 июнда Шаҳрисабзда Исмоил Ғаспарали ва унинг ҳамроҳи Мажид Ғанизодани қабул қилиб, уларга ташрифлари учун миннатдорчилик билдиради. Исмоил Гаспиринский бу учрашувда амирга Россиядаги таълим тизими ҳақида қисқача маълумот беради. Амир Абдулаҳад ўзининг тез-тез Петербургга бориб туришини қуйидагича изоҳлайди: “Сулҳ ва осойиш бутунлай таъминланса, худованди оламнинг лутфи ила адҳу бошқарувимга омонат қилинмиш юз мингларча мусулмон фуқаронинг тинчлигу иқболидан бошқа фикрим ва қайғум йўқдир”.

 

Амир Абдулаҳад даврида Бухоро шаҳрида жадид мактаблари вужудга кела бошлайди. 1897 йили Бадриддин қозикалоннинг рухсати билан Мулла Жўрабой Неъматуллоҳ ўғли Бухоро шаҳрида жадид мактаби очган. У Исмоилбек Ғаспаралининг “Хўжаи сибён” дарслигини форс тилига таржима қилиб, 13 нафар болани ўша китоб билан ўқита бошлайди. Бу ҳақда хабар топган Исмоил Ғаспарали ушбу мактабга 10 дона сармашқ ва 1000 нусха алифбо китобини босмахонасида ҳадя сифатида босиб беришини айтади. 1900 йилда ушбу мактабда имтиҳон ўтказилган ва унинг сўнгида савдогар Мирхон Порсо ўғли мактаб ва мадрасаларда Тадрисни ислоҳ қилиш зарурлиги ҳақида жуда таъсирли нутқ сўзлаган.

 

Россиянинг Бухородаги сиёсий агентининг 1911 йил 27 январда Ички ишлар вазирига ёзган 22-сонли хатида қайд этилишича, 1902-1903 йиллари Янги Бухорода татар миллатига мансуб Каипов исмли муаллим томонидан Россия фуқаролигидаги мусулмон болалари учун янги усулдаги мактаб ташкил этган.

 

1907 йили Низомиддин Собитий Бухорода, ўз уйида қози Мир Бадриддин қозикалон руxсати билан татар тилида янги усул мактабини очган. Бу мактабда дастлаб  10–12 нафар татар болалари ўқиган. Уларга  қозонлик татар Абдураҳмон Саъдий ўқитувчилик қилган.

 

1908 йилнинг баҳор фаслида Исмоилбек Ғаспарали Бухорога иккинчи бор ташриф буюриб, амир билан Бухорода учрашган. Бу сафарги учрашув ва зиёфатлар чоғида унинг фарзанди валиаҳд Мир Олимхонтўра билан ҳам яқиндан танишган, унинг ўқимишли, рус тилини билиши, дунёвий илм-фан ва матбуотдан хабардор эканига ишонч ҳосил қилган. Шунингдек, жадид мактабларини ташкил этиш бўйича татар ва бухоролик маърифатпарварлар билан музокара олиб борган. Музокара якунида мулла Низом уйидаги мактаб учун ҳукуматдан алоҳида жой олиш ва унда бухоролик болалар ҳам таҳсил олишига имконият яратиш тўғрисида қарор қилинган ва бу мактабга Исмоилбек Ғаспаралининг таклифига кўра марҳум амир Музаффар шарафига “Музаффария” номини беришга келишиб олинган. Ушбу масалалар юзасидан Исмоилбек Ғаспарали Бухоро амири – Абдулаҳадхонга мурожаат қилган, амирга ҳам бу таклиф маъқул бўлган, аммо кейинчалик айрим уламолар тазйиқи остида таклифлар тўлиқ амалга ошмасдан қолиб кетган. Фақат, мулла Низом уйидаги мактаб Холид Бурнашев уйига кўчирилган ва бир неча бухоролик болаларгина ушбу мактабга ўқишга қабул қилинганлар.

 

Низом Собитий мактабида дарслар татар тилида олиб борилгани сабабли унда бухоролик болаларнинг таҳсил олиши қийинроқ кечган. Шунинг учун 1908 йилнинг октябрида Бухоро тараққийпарварларидан Садриддин Айний ва Абдувоҳид Мунзимлар томонидан  айнан бухоролик болалар учун жадид мактаби ташкил этилган.

 

Абдулвоҳид Мунзим ушбу мактабда 20–30 ёшли кишилар учун кечки ўқув курслари ташкил қилиб, катта ёшли талабаларга ҳар куни 2 соатдан дарс ўта бошлайди. Қисқа муддатда мактаб халқ орасида шуҳрат қозонади. Мактабнинг довруғи ва халқнинг унга интилишини кўрган мутаассиблар мулла Қамариддин бошчилигида бу ҳолатдан норози бўлиб, жадидлар мактабига қарши фитна қўзғатишга киришадилар. Вазият мураккаблашгач, қўшбеги ва қозикалон мактабни ёпиш  учун ёзилган фатвога муҳр босишга мажбур бўлишади. 1909 йил 26 сентябрда Останақул қўшбеги, қозикалон Бақохўжа ва Бурҳониддин раис томонидан маъмурлар келиб, мирзо Абдувоҳидга мактабнинг ёпилганини расман эълон қиладилар.

 

Исмоилбек Ғаспарали амир Абдулаҳад билан Ялтада учрашганида амир: “Бизни деганингиз Бухорода бўлди, яъни талабалар усули жадида мактаби очдилар, халқ ўргансун, мактабнинг мунтазамини ўзим таъмир этиб очтураман... мен арз ташаккур ва дуолар этдим”, дейди. Аммо орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, ҳукумат томонидан мактаблар ёпиб қўйилади. Кейинги учрашувларида Исмоил Ғаспарали амирдан мактабларнинг ёпиб қўйилиши сабабини сўраганида у: “Ўлан янги замондир, эски замон эмас. Ҳар мактабда усули машварат жорий бўлибдур. Биз Бухорода ҳам ғалвалар машварат ила бу янги мактабнинг бўлмаслигини хоҳиш этибдурлар. Бинобарин, мактаб боғланди....”, деб жавоб беради.

 

Амир Абдулаҳадхон ҳукмронлиги даврида аҳоли соғлигини сақлашга қаратилган бир қатор тадбирларни амалга оширади. 1889 йилда безгак касалини даволаш учун Россиядан 6000 рубллик дори сотиб олган. 1897 йилда эса “ҳинд вабоси” касалининг мамлакатда тарқалишининг олдини олиш мақсадида чегаралардан ҳиндларни киритмасликка қатъий амр берган. Аммо ҳиндларнинг турли йўллар билан Бухорога кириб келиши давом этавергач, қозикалон ва девонбеги маслаҳати билан афғон чегараларида ҳарбий қўриқчилар жойлаштирилган. Шунингдек, вабонинг тарқалиши муносабати билан 1897 йили бухороликларнинг Ҳаж сафарига боришига рухсат берилмаган.

 

Амир Абдулаҳадхон ҳукмронлигининг сўнгги йилларида амирликнинг Қарши ва Шаҳрисабз, Қўрғонтепа, Қоратегин (1905), Кўлоб (1905, 1909) ва Ҳисор (1909) бекликларида маҳаллий беклар ва амалдорлар зулмига қарши қуролли қўзғолон бўлиб ўтади. Амир қўзғолоннинг сабабларини аниқлаб, айрим бек ва амалдорларни лавозимидан озод этади ҳамда деҳқонларга бир қадар енгилликлар беради. Бу даврда амирликдаги   шиа ва суннийлар ўртасида ҳам муносабатлар кескинлаша бошлайди. Бухоро қўшбегиси Остонақул амир Абдуллаҳадхонга содиқлик билан хизмат қилиб, баъзи бир обрўли ва даромадли лавозимларга ўзига яқин одамларни тайинлайди. Бундан сунний мазҳабидаги Бухоро қозикалони Бақохўжа ва раис Бурхониддин норози бўлади. Бунинг устига 1908 йили Остонақул қўшбегининг ёрдамида Бухорода истиқомат қилувчи шиа-эронийларга уларнинг муҳаррам ойида ўтказиладиган мотам маросимларини очиқдан очиқ нишонлашига рухсат берилади.

 

1910 йил 9 январда шундай маросимлардан бирида шиаларни суннийлар томонидан мазаx қилиниши ва бунга жавоб тарзида бир суннийнинг пичоқланиши қонли ҳаракатларнинг бошланиб кетишига баҳона бўлади. 1910 йилнинг 13 январида амирнинг вориси – Мир Олимхон Карманадан Бухорога етиб келиб, Остонақул қўшбеги, Сайид Олимхон, Мироб Иброҳим тўқсабо каби батальон командирларини, шунингдек, шаҳар атрофларидаги қишлоқлардан келиб ғалаёнларда иштирок этган 300 нафарга яқин шиа-форсларни Бухородан чиқариб юборади.

 

Остонақул қўшбегининг ўрнига сунний мазҳаби вакили Насруллобий қўшбеги тайинланади. Қозикалон Бадриддинхўжа ўрнига Мирзо Бақохўжа садр, Чоржўй волийси Мирзо Низомиддин Урганжий эса девонбеги этиб тайинланади.

 

Амир Абдулаҳадхон олиб бораётган сиёсат ва ислоҳотлар жамиятнинг муайян гуруҳлари қаршилигига учраб туради. Хусусан, Бухоро уламоларининг кўпчилиги жамиятдаги ушбу янгиланиш жараёнларига қарши бўлган. Иккинчи томондан, Россиянинг Бухородаги сиёсий агентлиги Бухоро-Россия муносабатларини яхшилаш ниқоби остида Абдулаҳадхонни ўзларига тобе бўлган ожиз бир қўғирчоқ ҳукмдор даражасида ушлаб туриш учун турли баҳоналарни рўкач қилган ҳолда амирнинг мустақил сиёсат юритишига тўсқинлик қилганлар. Янги Бухоро (Когон)да рус архитекторлари ва инженерлари раҳбарлигида амирнинг сармояси ҳисобидан европача услубда муҳташам сарой қурилади ва Амир Абдулаҳадхонга ушбу саройга кўчиб ўтиб, мамлакатни бу ердан туриб бошқариш таклиф қилинади. Бироқ амир Абдулаҳадхон бунга кўнмайди.

 

1894 йилда амир Бухоронинг об-ҳавоси ва иқлими соғлигига тўғри келмаётганини баҳона қилиб, Карманага кўчиб, у ерда ўзига алоҳида сарой қурдириб, доимий яшаб қолади ва шу ердан туриб умрининг охиригача (1910) амирликни бошқаради.

 

Амир Абдулаҳадхон Кармана, Бухоро ва хорижда кўплаб иморатлар қурдирган. Жумладан, Янги Бухорода европача услубдаги муҳташам сарой, Ҳайдарабодда сарой, Макка ва Мадинада работ, масжид ва меҳмонхоналар, Санкт-Петербургда Жомеъ масжиди, Қирим ва Кавказдаги Железноводск, Боғчасарой, Кисловодск ва Ялтада замонавий бинолар, шунингдек, Миср, Сурия, Ироқ каби ўлкаларда мусулмонлар учун турли меъморий обидалар барпо эттирган.

 

Хулоса қилиб айтганда, Амир Абдулаҳадхон 25 йиллик ҳукмронлиги даврида Бухоро амирлигида қишлоқ хўжалиги, савдо-сотиқ ва саноатни ривожлантиришга; қишлоқ хўжалигидаги мавжуд камчиликлар ва солиқларни йиғиш борасида вужудга келган муаммолар натижасида мамлакатда содир бўлиб турган норозилик ҳаракатларининг сабабларини ўрганиб, халқнинг турмуш даржасини яхшилашга эътибор қаратди. Россия ва Европада вужудга келаётган янгиликларни амирлик ҳудудида жорий этишга ҳаракат қилди. Бухоро шаҳрида ва бекликларда касалхона ҳамда дорихоналар очди; жамиятнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган қисми – ногиронлар учун алоҳида муассаса очиб, уларга ғамхўрлик қилди. Таълим соҳасида мактаб-мадрасалар фаолиятини ислоҳ қилиш тарафдори бўлди. Ярим мустамлака шароитидаги Бухоро амирлигини бошқарган амир Абдулаҳадхоннинг сиёсий фаолиятини чуқур ўрганиш ва таҳлил қилиш тарихчилар олдида турган муҳим вазифалардан биридир.

 

Дилноза ЖАМОЛОВА,

ФА Тарих институти директорининг

илмий ишлар бўйича ўринбосари

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 11132
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//