Туркистоннинг ўтроқ аҳолиси турклар бўлганми, форслар?


Сақлаш
12:37 / 11.12.2024 19 0

Ўтмишда Турон ва Туркистон, бугун Марказий Осиё, Ўрта Осиё деб аталувчи ҳудуд минг йиллардан бери туркий ва форсий тилли эл-улуслар учун бешик вазифасини бажариб келади. Кунчиқар томонда қадим Чин (Хитой) ва Узоқ Шарқ, кунгайда Ҳинд юрти, жануби-ғарбда Эрон, кунботарда Кавказ ва Волга-Уралбўйи, терскайда эса Сибир ўлкалари билан чегарадош бўлган Турон турли тилларда сўзлашган элатлар учун ардоқли юрт саналиб келган бўлса-да, мана шу икки кўпсонли эл бу ернинг тубжой халқи сифатида танилган. Уларнинг милоддан одинги сўнгги мингйилликлардан ўрта асрларгача вақт оралиғида Туроннинг турли ҳудудларини ўзларига ватан тутганлари ҳақида ёзма манбаларда маълумотлар келтирилган.

 

Шу ўринда айтиб ўтиш керак, айрим изланувчилар Марказий Осиёда туркийлар туб аҳолими, эронийлар, қайси бири келгиндилиги борасида узоқ йиллардан бери тортишиб келади. Ачинарлиси, бундай носоғлом ёндашув айрим юртдошларимиз ёки қўшниларимиз орасида ҳам учраб туради. Ҳолбуки, бу тарихий ўлка Хазар (Каспий) денгизининг кунчиқаридан Олтой ва Чин ўлкасининг кунботаригача чўзилган улкан кенгликларни ўз ичига олиб, бу ерларда мингйиллар бўйи турли тилларда сўзлашувчи ўнлаб элатлар ҳаёт кечирган. Ўлканинг кунгай ва жануби-ғарбий қисмида кўпроқ эроний тилли элатлар, кунчиқар ва шимоли-шарқий бўлакларида туркий эл-улуслар яшаб, Амударё–Сирдарё оралиғи ва унга туташ ерлар эса эроний ҳамда туркийларнинг ўзаро қўшни ва аралаш яшаган ўзак ҳудуди бўлган. Демак, улкан кенгликларни қамраган Турон ўлкасини минг йиллар бўйи битта тилда сўзлашган кишилар учун юрт бўлган деб кўрсатиш илмий томондан ўзини оқламаганидек, эзгуликка ҳам хизмат қилмайди.

 

Кишилик жамияти ўтмишига қисқача кўз ташлайдиган бўлсак, айрим ўлкаларда турли тилларда сўзлашувчи аҳоли гуруҳларининг бир неча асрлар бўйи тинч-тотув яша(ёт)ганларига, айрим ерларда эса бунинг тескариси эканига дуч келамиз. Турон элларининг иноқлиги эса нафақат бугунги ўзбек, тожик, туркман, қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ, уйғур элларининг  ўзаро қон-қариндош, қуда-анда эканида ўз ифодасига эга, балки “турку тожик” (турк ва тожик) иборасининг юзлаб қўлёзма асарларда учрашида тасдиғини топади.

 

Ўрта асрларга тегишли араб, форс, туркий тилли ёзма асарларга кўз югуртирадиган бўлсак, бу ибора Туроннинг туркий ва форсий тилли ўтроқ аҳолисига қарата ишлатиб келинганига гувоҳ бўламиз. Бундан деярли минг йил олдин ёзилган, туркий тилнинг илк ёғдуларидан бири саналадиган Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асарида ўзаро қўшни ва аралаш яшайдиган икки эл – “тожик” ва “турк”лар бадиий бўёқларда тилга олинган бўлса, Қорахонийлар, Хоразмшоҳ-Ануштегинийлар бошқаруви чоғидан сўзловчи тарихий асарларда “турку тожик” ибораси ёнма-ён келиб, бу каби атама ва иборалар остида Туроннинг тубжой аҳолиси тушунилиб, уларни бундай аташ тизимли бир анъанага айлангани кузатилади. Бу “анъанага” чуқурроқ тўхталишдан олдин шунга урғу бериб ўтиш керакки, милоднинг илк мингйиллигида ушбу эл-улусларнинг ота-боболари учун ҳам шунга ўхшашроқ атама ва иборалар ишлатилган, “хун” ёки “турк” атамалари туркийларни, “суғд”, “тот” эса эроний, тўғрироғи, эроний тилларнинг шарқий тармоғида сўзлашувчиларни билдирган.

 

Ўша чоғларда ҳам бошқалардан фарқли ўлароқ туркий ва форсий тилли элларнинг ўзаро бирдамлигига урғу берилиб, Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғатит-турк” асарида келтирилганидек “татсиз турксиз бўлмас, башсиз бўрк бўлмас” – “бошсиз бўрк (қалпоқ) бўлмаганидек, тотсиз (форсийсиз) турк ҳам бўлмас”лиги туйғуси кенг ёйилган эди [қаранг. Кошғарий 1960: 333, 423]. Шу ўринда, “тот” сўзи илк бор “Девону луғатит-турк”дан тўрт асрча олдин ёзилган эски туркча Ўрхун-Энасой битиктошларида учраб, чамаси бу сўз ўша кезлардаёқ туркий бўлмаган элларни, чамаси, эроний тилли элатларни англатар эди. Масалан, Билга хоқон битиктошида турк хоқонининг ўз элига юзланиб, улус бошқаруви қандай бўлиши кераклиги, ўзаро тотувлик негизида нималар ётишини уқтириб, шундай деганига дуч келамиз: “Ўн Ўқ ўғлыӊа, татыӊа теги буни кўру билиӊ, бангу таш тўқытдым – (қўл остимдаги) Ўн Ўқ ўғли (Ғарбий турк хоқонлари), тот (форсийлар)га қадар буни кўриб билинг: мангу тош ўйдирдим” [Абдураҳмонов, Рустамов 1982: 133]. Бундан кўринадики, ўша кезлар – VI–VIII асрлар орасида Турк хоқонлиги Хуросондан Узоқ Шарққача, Қора денгиз бўйларидан Сибирнинг кунгайигача, Волга-Уралбўйидан Кобулу Қандаҳоргача ўз бошқарувини ёйган чоғларда минглаб чақиримни қамраган ушбу кенгликлардаги турли тилларда сўзлашувчи ўнлаб элатларга юзланар экан, улар орасида Ўн Ўқ (туркийлар) ва тот (суғдий, бақтрий, қадимги хоразмийлар)ни айрича тилга олган.

 

Энди Ўрта асрлардаги ўнлаб форсий ва туркий тиллардаги ёзма манбалардан ўрин олган “турку тожик” ибораси билан танишиб чиқсак. Темурийлар даври етакчи тарихчиларидан бири Муиниддин Натанзий ўзининг “Мунтахаб ут-таворихи Муиний” (Муиний тарихлари танланмаси) номли 1412-1413 йилларда ёзилган асарининг “Султон Соҳибқироннинг Хоразмга отланиши ва Тўхтамишнинг Туркистонга келиб мағлуб бўлиши тафсилотлари зикри ҳамда ушбу муддатда рўй берган воқеалар баёни” бўлимида Дашти Қипчоқ кенгликларида Тўхтамиш қўшинларининг Амир Темур қўшинларидан енгилиши билан боғлиқ воқеалар ёритилар экан, шу йўсинда маълумотлар учрайди: “Шундан сўнг теварак-атроф ва узоқ-яқиндан турку тожикдан иборат қўшинлар етиб келишди[Натанзий 2011: 146]. Бундан Амир Темур қўшинининг кўпчилиги туркий ва форсий тилларда сўзлашувчи туронликлар бўлгани англашилади. Қўшинларининг кўпчилиги барлос, тархон, арғун, тулкичи, дўлдой, мўғул, сулдуз, қипчоқ, арлот, тотор каби уруғлардан эканига урғу берилган “Темур тузуклари”да Амир Темур тилидан келтирилган қуйидаги битиклар ҳам бу қарашни қўллаб-қувватлайди: “Ул кун ким, Турон мамлакатини ўзимга бўйсундирдим ва Самарқандда жойлашдим, дўст билан душманларга бир хил муносабатда бўлдим. Ва Бадахшон амирлари ва баъзи турк ва тожик қўшинларнинг амирлариким, менга ёмонликлар ва ҳийлалар қилиб, қиличлар кўтарибдурлар, ўша ножўя ишларидан ваҳимага тушиб қолган эдилар. Улар мендан паноҳ сўраб келдилар, шунда уларга шу қадар яхшилик қилдим[Amir Temur Ko‘ragon 2019: 101, 104].

 

Темурийлар тарихига оид энг ишончли асарлардан Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”сида, шунингдек, Низомиддин Шомийнинг шундай аталган асарида бу иборалар остида кимлар кўзда тутилганини янада аниқроқ тушуниб оламиз. Айниқса, Яздий “Зафарнома”сида “турку тожик” ибораси бир неча бор учраши кўзга ташланади. Қуйида Амир Темур қўшини ва у билан боғлиқ айрим билгиларни келтириб ўтамиз:

 

Давлатгирда ҳеч кишига ҳадд йўқ турурким, вилоятларга тик боқа олғай. Барча эл, турку тожик ва раъйийат, сипоҳий ва рафоҳийат ва ҳузурда турурлар ва кеча-кундуз дуодин ўзга ишлари йўқ турур”;

 

Амирзода Рустам ва Бурҳон Ўғлонким, қаротўнлиқ кофирларға бориб эрдилар ва алардин ҳеч хабар келмайдур эрди, соҳибқирон катурийлардин бировни ғажирчи қилиб, Муҳаммад Озод ва Давлатшоҳ ва Шайх Али ва Идику Жақра Уйғур ва Шайх Муҳаммад ва Алини тўрт юз киши билаким, юз киши турк ва уч юз киши тожик эдилар”;

 

Жаҳон мавзеъида кўчуб, тўрт куруҳ юруб, Дандона суйиға етиб тушти. Бас, ул сувға кўфрук боғлаштурди. Ҳукм қилдиким, “Черикдаги йайоғлари, турку тожик ул кўфрукдин ўтсунлар!” Шоҳ Маликбек ва Жалол ал-Исломбек туруб, элни кўфрукдин ўткардилар[Яздий 1997: 170, 193-194, 218].

 

Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг издошлари даврида давлат бошқаруви ва иш юритишда кўпроқ туронлик эл-улуслар – туркий ва форсий тилли кишиларга суянилган бўлиб, қўшин тили туркча, ёзишмалар эса кўпроқ форс-тожик тилида амалга оширилган. Яъни, ўз юртини ташлаб, Бобурга эргашиб Ҳинд юртига борган туронликларнинг кўпчилиги ушбу иккала элдан бўлган. Улар ўзларига ёт юртга борганда ҳам ота-боболари минг йиллардан бери қўллаб келаётган анъана – турку тожик бирдамлигини давом эттирган. “Бобурнома”да муаллиф форсий тилда “Бобур подшо буйруғи”да турли элатларга юзланилар экан, сўз боши “турк, тожик” этник атамалари билан бошлангани диққатни тортади: “Заҳириддин Муҳаммад Бобур фармони” “Подшоҳнинг меҳрибончилигига сиғинган турк, тожик, араб, ажам, ҳинди, форсий фуқаро ва сипоҳ – бутун миллатлар, ҳамма инсон тоифалари бу мангу бахшишга суяниб, умид тутиб, абадийликка бириккан давлатимиз дуосига машғул бўлсинлар на бу ҳукмлар ижросидан ташқари чиқмасинлар ва бурилмасинлар, фармонга мувофиқ иш олиб борсунлар. Бу ҳукм улуғ подшоҳ имзоси билан етишса, эътимод қилсинлар[Бобир 1960: 468].

 

Темурийларгача ҳам туронлик бошқарувчилар турк ва тожикларга суяниб иш тутганларини, эл бошқаруви ва иш юритиш ушбу элатлардан бўлган бек ва амирлар ёрдамида олиб борилганини яна ўнлаб асарлар қўллаб-қувватлайди. Юқорида турклар билан тотув яшаган “тот” (форсий тилли эл)” мисолида “Девону луғатит-турк”да келтирилган билгилар кўпроқ Қорахонийлар даврига тўғри келса, Абулғози Баҳодирхоннинг “Шажараи турк” асарида келтирилган (XVII аср) қуйидаги маълумотлар Хоразмшоҳ-Ануштегинийлар билан боғлиқдир: “Султон Муҳаммад Хоразмшоҳ мўғул лашкарининг қўрқунчиндин юз ўн минг кишини ўттуз хон бирлан Самарқандда кўюб эрди. Ул лашкарнинг олтмиш минги турк ва эллик минги тожик эрди[Абулғозий 1992: 68]. Турон эли ўша кезларда кўпроқ туркий ва тожиклар бўлганини кўрсатадиган қўлёзма асарлар етарлича. Бу қарашни XIII аср 40-йилларида араб тилида ёзилган Шиҳоббиддин Муҳаммад ан-Насавийнинг “Сийрат ас-султон Жалол ад-Дин Менг-бурний” асари ҳам кучайтиради [қаранг. ан-Насавий 1999; Ibn-al-Fuwati 1932].

 

Бу анъана Темурийлардан кейин ҳам сақланиб қолган бўлиб, Ўзбек хонликлари даврига тегишли кўплаб форсий ва туркий тилда битилган тарихий асарларда “турку тожик” ибораси учрайди. Мисол тариқасида “Шажараи турк”дан қуйидаги битикларни келтирамиз: “Турк ва тожикда барча одам фарзандининг ичинда расм турур, етти отани санад қилмоқ. Турк халқи айтур етти орқадин бери темурчиман ва ё айтурки менинг етти отам шу юртда ўткандур ё айтур ким етти орқадин бери ёрлилиқ ёзин кўрганим йўқ турур. Тожик ҳам шундақ дер[Абулғозий 1992: 48].

 

Кўп асрлар бўйи битта сиёсий ва этномаданий муҳитда биргаликда яшаб келган эл-улусларни қўшалоқ ном билан аташ анъанаси бир қарашда мусулмон элларида, айниқса, араб, форс ва турклар орасида кенг тарқалган – Араб ўлкалари ва Эрон орасидаги арабча ва форсча сўзлашган эл-улуслар учун “арабу ажам”, Ироқ ва Кичик Осиё турғунлари учун “ироқий ва румий” каби атамалар қўлланилганига ўхшаб кетади [Йаздий 1997: 300]. Бироқ бу атама ва иборалар негизида этникликдан кўра кўпроқ географик тушунчалар ётган бўлса, турку тожик ибораси негизида эса ҳар иккала тушунча ўзаро қоришиб кетганини англаймиз.

 

Шу ўринда, айрим изланишларда Чиғатой улуси ва Темурийлар даври тарихий асарларида тез-тез тилга олинган “турку тожик” иборасининг “кўчманчилар ва шаҳарликлар” деб очиқланганига ҳам кўзимиз тушади [Doerfer 1965, II: 489]. Яъни, ўрта асрларда “турк”лар деганда кўпроқ кўчманчилар, “тожиклар” деганда эса этник келиб чиқиши ёки сўзлашув тилига қарамасдан ўтроқлар кўзда тутилганига урғу берилган. Бироқ бундай ёндашувларга қўшилиб бўлмайдиган кўплаб далилларга эгамиз. Биринчидан, бундан минг йиллар олдин, балки ундан анча илгари ҳам туркийларнинг, ҳам эроний тилли эл-улусларнинг кўчманчи ва ўтроқлари бўлиб, уларнинг сезиларли бир бўлаги шаҳарларда, йирик бир бўлаги эса тоғ, қир-адир, дашт ва чўлларда яшаган. Иккинчидан, юқорида кўриб чиқилган турли даврларга тегишли Қорахонийлар, Хоразмшоҳ-Ануштегинийлар, Темурийлар, Ўзбек хонликлари бошқаруви даврига тегишли ёзма манбалар бундай ёндашув тўғри эмаслигини, жўн ва бирёқлама қараш эканини кўрсатиб турибди. Қайси даврда бўлмасин, бу ибора орқали муаллифлар Турон турғунларини – туркийлар ва форсий тилли элларни кўзда тутгани англанади.

 

Қисқаси, илк ўрта асрларда “турк ва тот”, минг йилча олдин эса “турк ва тожик” каби атама ва иборалар туронлик бошқарувчи сулолалар ижтимоий-сиёсий ва этномаданий ўртами (муҳити) маҳсули бўлиб, бу ҳолат тили ва келиб чиқиши турлича бўлишига қарамай, туркий ва форсий тилли эл-улуслар ўзаро қон-қариндошлик муносабатларини йўлга қўйгани, бир-бирларининг сўзлашув тили ва маданиятига ҳурмат билан қарагани ила очиқланади. Минг йиллар бўйи Туронда ушбу элатлар ўзаро қўни-қўшни, аралаш яшаб, бу тарихий ўлкада ҳукм сурган сулолаларнинг келиб чиқишидан қатъи назар, бошқарувни биргаликда юритгани, юртни оғзибирликда бирга ҳимоя қилгани уларнинг ягона минтақавий ўзлиги юзага чиқишига олиб келган.

 

Ғайбулла БОБОЁРОВ,

тарих фанлари доктори, профессор

 

Қўлланилган адабиётлар

1. Абдураҳмонов Ғ., Рустамов А. Қадимги туркий тил. Тошкент: Ўқитувчи, 1982.

2. Абулғозий. Шажараи турк. Тошкент: Чўлпон, 1992.

3. Бобур Заҳириддин Муҳаммад. Бобурнома. Тошкент: ЎзР ФА нашриёти, 1960.

4. Кошғарий, Маҳмуд. Туркий сўзлар девони (Девону луғотит-турк) / Таржимон ва нашрга тайёрловчи С.М.Муталлибов. 1-том. Тошкент: Фан, 1960.

5. Натанзий, Муиниддин. Мунтахаб ут-таворихи Муиний. Форс тилидан таржима, сўзбоши ва изоҳлар муаллифи: Ғулом Каримий. – Тошкент: O‘zbekiston НМИУ, 2011.

6. Шарафиддин Али Яздий. Зафарнома. Сўз боши, табдил, изоҳлар ва кўрсаткичлар муаллифлари: А. Аҳмедов, Ҳ. Бобобеков. Тошкент: Шарқ, 1997.

7. Amir Temur Ko‘ragon. Temur tuzuklari. So‘zboshi, tabdil, tarjima, izohlar muallifi H.Bobobekov, A.Quronbekov. Toshkent: IJOD-PRESS, 2019.

8. Doerfer G. Türkische und mongolische Elementen in Neupersische. Bd. II. Wiesbaden, 1965.

9. Ibn al-Fuwati. Talhis majma’ al-adab fi mu’jam al-alkab. Vol. 4. Part 1–4. Damascus, 19621968; vol. 5, Lahore, 1932.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 11132
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//