Изланаётган, депсинаётган ва қолиплардан чиқиб кетолмаётган наср – “Излам II”да нималарни ўқиймиз?


Сақлаш
18:22 / 10.12.2024 151 0

Бугунги ёшлар насри ҳақида гап кетганда ўзларига турли йўллар излаётган, маиший мавзулардан чиқиб кетолмаётган, дунё адабиётидан деярли узилиб қолган, ўртамиёналикдан сал юқорига қараб силжиётган, аммо ҳали бир янгилик қилишга улгура олмаган ижодкорлар кўз олдимизга келади. Уларнинг балки тажрибасизлиги, балки эринчоқлиги, балки беэътиборлиги сабаб оддий услубий ва мантиқий хатоларга йўл қўяётгани, жамиятнинг катта қисмига таъсир қила оладиган, новаторликка даъво қиладиган бир асар туғилмаётгани кишини ташвишга солади. “Излам” туркуми остида нашр этилган насрий асарларни ўқиб чиқиш асносида ҳам юқоридаги фикрларим ўзгаришсиз қолди. Келинг, ортиқча ҳиссиётларни йиғиштириб қўйиб, айни шу асарларнинг кўпроқ камчиликлари, ғализликлари ҳақида гаплашсак. Ўйлайманки, бундан муаллифларнинг кўнглига озор етмайди. Танқид – келажак меваси. Ёки Маҳмудхўжа Беҳбудий айтганидек, “Танқид – сараламоқдир”. Қаердаки ўринли ва холис танқид бўлмас экан, ривожланиш ҳам бўлмайди. Ўрни келганда, ютуқларига тан берган ҳолда, иложи борича холисликка, ёзувчига ён босишга ҳаракат қилиб, танқидий таҳлилларимизни беришга ҳаракат қиламиз.

 

“Қисқа ҳикоялар”дан “Илк” қиссагача

 

Муҳаммадхон Юсуповни қисқа ҳикоялари орқали танирдим. Аммо унинг яхшигина қиссанавис эканига “Дераза ортида” тўпламидаги “Илк” асарини ўқиб амин бўлдим. Қисса жадид бобомиз Мунавварқори Абдурашидхоновнинг илк жадид мактаби очишидаги машаққати, ёш педагогнинг ички зиддиятлари, ўша давр муҳити, руслар босқинидан азият чекаётган халқ дардидан ҳикоя қилади. Асар тили жуда содда ва равон, сюжет линияси ҳам қизиқарли. Тарихий мавзудаги асарларда бўладиган зерикарли фактлар, узундан узоқ тасвирлардан холи. Бадиий топилмалари ҳам ўқувчини ўзига торта олади. Айниқса, жадидлар йўлбошчиси ҳам диний, ҳам дунёвий билимлар соҳиби бўлган аждодимизнинг мактаб очиш йўлидаги машаққатлари, унга қилинган тазйиқлар ва алломанинг кўнгил кечинмалари жуда таъсирчан очиб берилган. Қиссанинг ечимида Қуръони каримда келган “Абаса” сурасининг келтирилиши ва асар мазмунига мослаштирилиб, талқин этилиши ижодкорнинг яна бир топилмасидир. Таълим бериш учун киши аввало, ўзидаги кибрни синдириш кераклиги, бойми, камбағалми, ўқувчиларига бирдай муомалада бўлиши лозимлиги бадиий воситалар орқали акс эттирилади.

 

Асарда рус босқинчиларининг гаплари рус тилида берилади ва уларнинг ўзбекчи таржимаси қавс ичида ифода этилади. Адабиётда бундай тажрибалар бор бўлса-да, қиссада русларнинг русча гапирганини изоҳлаб, уларнинг гапларини ўзбекча ёзиб қўяверса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Боиси, бир нечта эмас, жуда кўп жойда берилган бундай диалоглар бора-бора кишининг тишига тега бошлайди. Айрим жумлалар ғализ таржима қилинган. Масалан, “Я не верю, я уверен” гапи “Мен ишонмайман – мен аминман”, деб таржима қилинади. Бу гап ўзбек тилига “нафақат ишонаман, балки аниқ биламан”, дея таржима қилинса, маъноси тўғрироқ бўлар эди.