Дунё тарихида яратилган буюк асарлар, Шарқу Ғарбда яшаб ўтган буюк алломаларнинг китобларида инсонни инсон сифатида шакллантирадиган ва намоён қиладиган асосий шартлардан бири ахлоқ экани ҳақида батафсил таҳлиллар берилган. Масалан, бундан уч минг йилдан ортиқроқ даврларда яратилган “Авесто” китоби, Ғарб-у Шарқ олимларининг, хусусан, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Абу Наср Форобий, Нажмиддин Кубро, Баҳоуддин Нақшбанд, Алишер Навоий каби юзлаб мутафаккирларнинг асарларида ахлоқ ҳақида айтилмаган гап, қилинмаган таҳлил, ёзилмаган хулосалар қолмаган.
Аммо, афсуски, бугун дунё миқёсида инсон ахлоқига қилинаётган ҳужумлар жамиятнинг оғриқли мавзуларидан бирига айланиб улгурди. Турли ижтимоий тармоқлардаги ахлоқсиз, барча инсоний туйғулар устидан босиб ўтиб яратилган чиқишлар киши шахсини майдалаштириб, интеллектни, тафаккурни ўтмаслаштириб, жамият қатламларини тобора фаҳш ботқоғига ботириб бормоқда. Ахлоқсизликнинг жамият ва шахсни емириш жараёни узоқ давом этиши билан таҳликали. У билинтирмасдан аста-секин инсон борлиғига, тафаккур тарзига ва ҳатто бора-бора генетикасига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Бугун жамиятимизни худди шундай ахлоқсизлик зарпечаги чирмаб олишга ҳаракат қилмоқда. Уни вақт борида тўхтатмасак, одамларимиз тобора майдалашиб, иқтидори, зеҳнияти ўтмаслашиб бораверади.
Кейинги йилларда шахс ва унинг сўз эркинлини таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Аммо шунинг баробарида турли нодавлат ОАВ, хусусий киностудиялар, айрим юмор жамоалари, айниқса, ижтимоий тармоқларда миллий қадриятларимизга зид бўлган медиа материалларнинг кўпайиб бораётгани янги авлод онгига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда. Кино ва сериаллардаги ётоқхонада олинаётган саҳналар, жинсий муносабатларга ишоралар, очиқдан-очиқ аёл танасидан фойдаланиш; кулги гуруҳлари чиқишларидаги белдан паст ҳазил-мутойибалар; ижтимоий тармоқлардаги ҳаёсиз жуфтликлар... Бундай чиқишларнинг чек-чегараси, сон-саноғи йўқ. Асрлар давомида авлоддан-авлодга мерос бўлиб келаётган миллий тарбия ва ахлоқий меъёрларни менсимаслик ғоялари сингдирилган бундай контентлар ҳеч тап тортмасдан “оммавий маданият”ни жамият ҳаётига жорий этишга тарғиб қилмоқда.
Фарзандларимизни бу гирдобдан қутқариш масаласида жамоатчиликнинг фикрлари ўқтин-ўқтин кўзга ташланяпти. Аммо бу фожиали оқимни ким, қачон ва қандай қилиб тўхтатади? Бу ҳолатда беихтиёр рақиб давлат ва халқнинг ҳаётини издан чиқариш борасидаги ўтмишдан қолган машҳур бузғунчи ғоялар ёдга тушади. Масалан, эрамиздан олдинги VI асрдаёқ қадимги Хитой файласуфи ва ҳарбий арбоб Сунь Цзы душманни мағлубиятга тайёрлаш бўйича қуйидаги “тавсия”ларни берган.
1. Душман мамлакатдаги барча яхши нарсаларни бузинг.
2. Душманингизнинг кўзга кўринган арбобларини жиноий ишларга тортинг.
3. Душман раҳбариятининг обрўсини тўкинг ва керак пайтда одамлар олдида уни уятга қўйинг.
4. Бу нарсаларни амалга ошириш учун ўша мамлакатдаги энг пасткаш, сотқин, жирканч одамлар билан ҳамкорлик қилинг.
5. Сизга душман мамлакатда фуқаролараро жанжал ва тўқнашувлар ўтини ёқинг.
6. Ёшларни кекса авлодга қарши қайранг.
7. Барча воситаларни ишга солиб, душман давлат ҳукуматининг ишига халал беринг.
8. Душман мамлакат армиясининг талаб даражада таъминотига ва у ерда тартиб таъминланишига ҳар хил воситалар билан йўл қўйманг.
9. Қўшиқ ва мусиқа билан душман жангчилари иродасини сусайтиринг.
10. Душманингиз анъаналари ва қадриятларининг қадрсизланиши, ўз эътиқоди ва худосига ишончи зил кетиши учун имкони бўлган барча ишни қилинг.
11. Жамиятда бузилишни кучайтириш учун ўша мамлакатга енгил табиатли хотинларни юборинг.
12. Ахборотлар ва ҳамфикрларни сотиб олиш учун совғалар улашишда иқтисод қилманг, сахий, ҳотамтой бўлинг. Бу ишлар учун пул ва ваъдалар беришда сахий бўлинг, чунки бу ишлар ўзининг ажойиб самарасини беради.
Хитой файласуфи бу ғояларни VI асрда олдинга сурган бўлсада, ҳозирги кунда ҳам дунёда ушбу ғоя ўзининг шаклини, моҳиятини ўзгартиргани йўқ. Дунёдаги кучли ва кучсиз давлатлар манфаатлари тўқнаш келган пайтларда айнан ана шу усуллар билан рақибини маҳв этиш чораларини кўрмоқда.
ХХ асрнинг иккинчи ярмидаги “совуқ уруш” алангаси авж олган пайтда Америка блокининг сиёсатдонларидан бири А.Даллес қарама-қарши томонни маҳв этиш учун қуйидагича режани олдинга суради: “Биз Россияда тартибсизлик (бошбошдоқлик) уруғини сепиб, уларнинг қадриятларини сезилмаган тарзда сохта қадриятлар билан алмаштирамиз ва уларни янгиларига ишонишга мажбур қиламиз. Қандай қилиб? Биз Россиянинг ўзидан ҳамфикрларимизни, ёрдамчиларимиз ва иттифоқчиларимизни топамиз. Бу халқ ҳалокатининг ўз кўламига кўра улкан трагедияси, ўзликни англашнинг узил-кесил қайтарилмас сўниши саҳнама-саҳна ўйналади.
Масалан, адабиёт ва санъатдан биз аста-секин унинг ижтимоий моҳиятини йўқ қиламиз. Рассомларни халқ оммасининг теранликларида юз бераётган жараёнларни тасвирлаш, тадқиқ этиш завқи билан шуғулланишдан маҳрум қиламиз. Адабиёт, театр, кино – буларнинг барчаси энг пасткаш инсоний туйғуларни тасвирлайди ва ривожланади. Биз инсон онгига шаҳвонийлик, зўравонлик, сотқинлик, бир сўз билан айтганда, ҳар қандай ахлоқсизликни мажбур қилиб сингдирадиган ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз ва кўкларга кўтарамиз...
Тўғрилик ва виждонлилик кулги остида қолади ва ҳеч кимга керак бўлмайди, ўтмиш сарқитига айланади, бир-бирининг олдидаги сурбетлик ва безбетлик, ёлғон ва алдаш, ичкиликбозлик ва гиёҳвандлик, ҳайвоний қўрқув ҳамда беорлик, сотқинлик, миллатчилик ва халқлар ўртасида адоват, энг аввало, рус халқига бўлган нафратни, – буларнинг барчасини биз устакорлик билан сездирмасдан ёямиз. Фақат озчилик, жуда озгина кишилар нималар юз бераётганлигини тушунадилар ёки тахмин қиладилар. Бироқ биз бундай одамларни иложсиз ҳолатга, масхара бўладиган ҳолатга келтирамиз. Уларни бадном қилиш ва жамиятнинг чиқитлари деб эълон қилиш усулларини топамиз”.
Юқоридаги ғояларнинг ҳар бир сатрига назар ташлайдиган ва бугун жамиятимизнинг айрим бўғинларида содир бўлаётган маънавий-психологик ҳолатларни таҳлил қиладиган бўлсак, санъат ва кино асарлари, ижтимоий тармоқлар орқали айнан юқоридаги бузғунчи тавсияларнинг амалиётини ва оқибатларини яққол кўрамиз.
Айрим доираларда ахлоқсиз, бузғунчи чиқишларни бартараф қилиш кераклиги ҳақида сўз кетгудек бўлса, “бу демократия, сўз эркинлиги, инсон ҳуқуқлари бузилиши бўлади” дея қарши чиқилади. Аммо қачондан буён ахлоқсиз хатти- ҳаракатларни намойиш қилиш, ахлоқсизликни тарғиб қилиш сўз ва инсон эркинлиги намунаси бўлиб қолди? Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарларни ўқиб, этингиз увишади: келинига тажовуз қилган қайнота, қўшниси билан қилинган зино, бир неча эркак томонидан зўрланган аёл... Хўш, бундай ахборотларни тарқатишдан мақсад нима? “Шундай қилса бўлар экан”, деган хулосани қўллаб-қувватлаш учунми? Инсон шахсий ҳаётининг ҳеч ким кўриши, маълум қилиниши мумкин бўлмаган яширин қисми бор, улар дахлсиздир. Жамият ҳаёти ҳам шундай: дахл қилинмаслиги керак бўлган жиҳатлари бор, улар ёзилмаган қонунлар, миллий қадриятлар билан тартибга солинади.
Инсон ҳар куни чиқиндининг ёнида ўтаверса, қўланса ҳидига, у яратган муҳитга кўникиб қолади. Агар у обод манзилда яшаса, бадбўй исга, ноинсоний манзарага чидай олмайди. Шу маънода ноинсоний ахлоқсиз ҳодисотларни тарқатиш покиза жойларга чиқиндини сочиб юришдан фарқ қилмайди. Ватанини, халқини севган, уни ҳурмат қилган одам чиқиндини жойида тозалаб ташлайди, уни юрт бўйлаб сочиб юрмайди. Чиқиндини юртдошларининг қалбу шуурига тарқатаётганлар, юқоридаги икки бузғунчи сиёсатчи санаб ўтган пул, манфаат учун сотиладиган сотқинларга ўхшайди!
Сўз, ахборот эркинлиги, дегани фикр, тафаккур эркинлиги, оммавий ахборот воситаларида фикрни эркин ва ёрқин ифода қилиш эркинлигидир. Агар инсон ватанпарвар бўлса, шу тупроқда туғилиб, униб-ўсган шахс эканини ҳис қилса, юртини қийнаётган муаммоларни ёритади, уларни бартараф қилиш учун ечимларини ўртага ташлайди. Истеъдодини намоён қилмоқчи бўлса, соғлом сатира ва юморда ижод қилади, кино яратмоқчи бўлса, инсоният учун муҳим бўлган мавзуларнинг бошқалар кўра олмайдиган жиҳатларини тасвирга олади. Албатта, бундай асарларни, видеоматериалларни яратиш учун алоҳида салоҳият ва яна машаққатли меҳнат керак. Ахлоқсизликни намойиш этиш, одамлар, айниқса, ёшлар юрагига васваса киритиб, фаҳш уруғини сочиш учун эса ҳеч қандай иқтидор, ақлнинг зарурати йўқ. Шунданми, бугун ижтимоий тармоқдаги кўпчилик иккинчи йўлни танламоқда.
Эл орасида юриб, турли инсонлар билан суҳбатлашиб қолганда, кишини ваҳимага солувчи ҳолатларни эшитиб қоласан, киши. Мактаб, университет ўқитувчилари, профессорлари билан суҳбатлашсангиз, бугунги кунда ўқитувчилик қилиш нақадар машаққатга айланиб қолганини англайсиз. Боиси бугунги кунда айрим ёшларнинг адаби, тарбияси чидаб бўлмас даражада ёмонлашиб кетганини айтишади, улар. Бу албатта, ижтимоий тармоқларнинг салбий таъсири ўз оқибатларини намоён этиб улгураётганидан далолат, назаримда.
Жамиятнинг маънавий оламида юз бераётган юқоридаги каби салбий ҳолатлар таҳлилини яна давом эттириш мумкин. Аммо келтирилганларнинг ўзиёқ аҳволимиз қай даражага тушиб бораётганини яққол кўрсатади. Маънавий дунёмизни вайрон қилувчи бу ҳолатларни тўхтатиш учун қонунчилик базасини мустаҳкамлаш, уни қайта кўриб чиқиш керак бўлади, бизнингча.
Аввало, янгидан сайланган Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини қайта кўриб чиқса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бугунги кунда амалда бўлган Ўзбекистон Республикасининг «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги 541-I-сонли қонуни 1997 йил 26 декабрда қабул қилинган. Ундан буён орадан 27 йил ўтди. Кейинчалик 2007 йил 15 январда Ўзбекистон Республикасининг 78-сон Қонуни билан унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Бунга ҳам 18 йил бўлди. Замон шундай шиддаткор ўзгармоқдаки, ўтган даврда дунё глобаллашуви шароитида жамиятимиз кескин ривожланди, инсон тафаккури ҳам икки қутбда ўсди –тараққиётга хизмат қилувчи ғоялар ва дунёқарашлар ривожланиши қаторида унга ёт бўлган ғоялар ҳам болалаб кетди. Натижада амалдаги “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонун бугунги оммавий ахборот воситалари фаолиятини тартибга cолиш, унинг қонуний асосларини таъминлашга жавоб бермай қолди.
Шундай вазиятда Ўзбекистон Республикасининг “Сўз эркинлиги кафолатлари тўғрисида”ги Қонунини дунёдаги ривожланган давлатлар тажрибасини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқиш ва уни қабул қилиш мақсадга мувофиқ бўлади. Бир қарашда бу қонун керак эмасдек кўринади. Чунки жамиятимизда инсон сўз эркинлигининг кафолати Асосий қомусимиз – Ўзбекистон Республикаси Конституциясида кафолатлаб қўйилган. Аммо сўз эркинлигининг инсоний чегаралардан чиқиб, тарвақайлаб кетган бугунги шароитда унинг меъёрларини белгилаш керакдир?
Шунингдек, ёшларимиз келажагига рахна солаётган, бир тўда ёшлар қадриятига айланиб улгурган ахлоқсизликни бартараф этишнинг ҳуқуқий асосларини яратсак, маънавиятимизга рахна солаётган иллатлардан халос бўлиш мумкин бўлар эди. Бунинг учун тегишли қонун ижодкорлиги идоралари жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда миллий қадриятларимизнинг ўқ томирларидан бири бўлган ва бугунги кун талабларига асосланган замонавий миллий ахлоқ меъёрлари белгилаб берилгани мақсадга мувофиқ.
Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси”нинг 41-моддасида шахсни ҳақорат қилиш ёки оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида, Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш орқали ҳақорат қилиш учун жавобгарлик белгиланган. Мана шу норма ахлоқсизликка тарғиб қилувчи видео, аудио ва ёзма материаллар жойлаштирганлик ёки тарқатганлик учун ҳам қўлланилиши бўйича тегишли модда Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси”га киритилса, юз бераётган салбий ҳолатларнинг йўлига тўсиқ қўяди, назаримизда.
Мизроб БЎРОНОВ,
фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ