Буюкларнинг “майдалик”лари


Сақлаш
12:54 / 03.12.2024 25 0

“Сўз – йўқолмайди”

 

Файласуфлар сўзлар изсиз йўқолиб кетмайди деб ҳисоблашади... Улар ҳавода муаллақ осилиб, атмосферада туриб қолишади.

 

Файласуф С.Булгаков қайсидир бир хонада қарғишлар ёғилиб, ёмон гаплар айтилса – бу гаплар худди тамаки тутинидек шу хонада осилиб тураверади, дейди. Деразани очиб ва хонани шамоллатиб, бу қабиҳликларни қувиб солгинг келади.

 

Шундай ривоят бор. Шоир Лермонтовнинг бувиси эри ўз жонига қасд қилганини эшитиб: “ит итдек ўлим топибди” дейди. Жуда оғир гап... Кейин эса дуэльда бувининг суюкли набираси Мишенька (шоир Михаил Лермонтов) ҳалок бўлади. Ва бу хабарни эшитиб подшо худди шу гапни такрорлайди: “ит итдек ўлим топибди!”. Бувининг гапи подшонинг оғзидан сўзма-сўз такрорланган.

 

Акс-садо мавжуд. Айнан акс-садо қачонлардир бошқаларга айтган гапларимиз, ниятларимизни ўзимизга қайтариб олиб келади...

 

Кимнидир қаттиқ айблаган бўлсак, кимнингдир устидан кулган бўлсак, кимгадир хиёнат қилиб оғир вазиятда ташлаб кетган бўлсак – барчаси қайтади. Айбсиз одамни қарғаган кимсанинг қарғиши ўзига уради. Ўйламасдан бировни қоралаб, лаънатлаб гапирганлар – бу сўзлар албатта ўз ҳаётларида “ижобат” бўлганини кўришади. Ҳаётда қайтиш – акс-садо бор!

 

“Буюк инсонлар ҳам “майдалик” қопқонига тушади”

 

Файласуф Шопенгауэр ўзининг хизматкори билан ёқалашиб қолади. Буюк Иммануил Кант ҳам хизматкори билан жанжаллашиб, ҳатто уни озиқ-овқатларни ўғирлашда айблайди. Лондон Қироллик жамияти аъзоси, муросага келтирувчи судья ва ёзувчи Сэмюэль Пипс ўз уйининг айвонида ошпаз аёл билан муштлашади.

 

Буюк инсонлар ҳам ана шундай майда жанжалларга аралашиб қолишган. Улар ўзларининг улуғ ақл-идроклари ва қимматли вақтларини қандай қилиб бўлмасин сурбет хизматкорларга муносиб жавоб беришга исроф қилишган. Уйқусиз тунларда хизматкордан ўч олишни ўйлаб чиқишган: “Шошмай тур, ярамас, эртага сенга шундай жавоб берайки – уйингни тополмай қол! Ҳа-ҳа, сенга Дантедан ёки Фома Аквинскийдан шундай иқтибослар келтираманки – дунёга келганингга пушаймон ейсан. Сен устимдан кулишга қандай журъат этдинг, кўрнамак?!”

 

Инсониятнинг буюк ақл эгалари ўз куч ва вақтларини нимага сарф этишганини бир тасаввур қилинг-а?!

 

Охир-оқибат Шопенгауэрнинг хизматкори гўё унга етказилган жароҳат учун файласуфни бир умр жарима тўлашга мажбур этган. Кантнинг хизматкори ҳам ундан охирги тийинини қоқиб олмагунча тинчимаган. Пипснинг хизматкори эса уни бутун оила аъзолари битлаб кетиши билан сийлаган.

 

Балким, ҳар биримиз кучимиз ва вақтимизни майда одамлар билан майда жанжалларга сарф қилишни бас қилармиз? Ахир ўйлаб кўрайлик – бу тахлит йўл тутиб ўзимиз ҳам майда одамга айланиб қолаётганимизни наҳотки билмасак? Вақтимизни шунчалик уқувсизлик билан сарф этамизми, ахир? Ва буюк инсон эмас, масхарага лойиқ ва жоҳил одамга айланиб қолаяпмиз – шуни сезаяпмизми? Янги китоб ёзиш, янги кашфиётлар қилиш ўрнига майда одамларнинг майда ва қалтис ишларига аралашиб юрсак..? Аввало обдон ўйлаб кўрайлик: арзийдими шу? Шу ҳақир одам бизнинг ҳиссиётларимизга, бизнинг вақтимизга, руҳий азобланишларимизга лойиқми? Баъзида бундай одамлар ва воқеаларга тупуриб, ўз ҳаётингизни яшашда давом этиш керак. Фойдали ва улуғ ишлардан чалғиманг...

 

“Ҳеч кимга азоб берманг”

 

Чехов қадди-қомати келишган одам эди. Уни севиб қолган аёллар кўп бўлган, аммо ёзувчи хонимлар билан қисқа муддат айшини суриб, кейин уларни ташлаб кетарди. Ҳикояларида ўзи билан яқин муносабатда бўлган аёлларнинг устидан кулиб тасвирларди.

 

Антон Павлович аёлларни ёқтирарди, бироқ: хотин худди ойга ўхшаши керак, деган гапни такрорлашни хуш кўрарди. У, аёл бамисли ой мисол баъзан кўриниш бериши керак ва эр ёлғизликни истаган чоғларида унга халақит бермаслиги лозим. Фақат ана шундай ой-хотингагина уйланиш жоиз, деб ҳисобларди...

 

Ёшгина қиз Лика Мизинова билан қайғули воқеа содир бўлди: у Чехов билан танишиб, ёзувчини севиб қолганида 19 ёшда эди. Қиз Чеховга ҳам ёқарди. Улар бирга сайр қиларкан Чехов уни севиб қолганига шаъма қиларди... Кейин эса бошқа аёл билан ўз нафсини қондирарди. Сўнгра яна Ликани уйига таклиф қилиб, қиз куйлаган романсларни тинглар ва тағин севгига ишора қилиб, қизни келган жойига қайтариб юборарди. Кунларнинг бирида хат орқали қизга уйланишини билдиради. Айни шу онларда қиз бахт ва муҳаббатда эриб кетган бўлиши мумкин. Аммо, кейинчалик: бу шунчаки оддий ҳазил деб изоҳ беради Чехов! Лика ёзувчини қаттиқ севиб қолганди. Қиз ўзининг ҳар кўйга солинаётганидан депрессияга тушиб қолади ва ичкиликка ружу қўяди. Руҳий мувозанатни йўқотган шўрлик қиз бир товламичининг қўлига тушиб, у билан турмуш қуради. Бу фирибгар оилали бўлиб чиқaди ва Ликани қорнидаги боласи билан ташлаб кетади. Бола туғилиши билан ўлиб қолади. Тақдирнинг бундай зарбаларидан Лика пиёнистага айланиб қолади. Чехов Ликани яна учратиб, унинг қўлини сўрайди. Касалманд ва ҳаётдан эзилиб кетган қиз рози бўлади... Чехов эса никоҳга шошмайлик, икки йилдан сўнг, балки уч йилдан кейин уйланарман сенга деб хат ёзади. Ўзи эса бу вақтда актриса Ольга Книпперни топади ва кейинроқ унга уйланади. Кутилмаганда ёзувчи хотинини севиб қолади. Бу пайтда Чехов жиддий бетоб эди. У уйда ўтириб қолади. Қарийб юра олмасди. Ёш хотини эса дўстлари билан ресторанга кетарди. Хотини кўчага кетар экан, мазахомуз зерикма, дуся, деб қўл силтаб қўярди. Хотини тонгга яқин хуш кайфиятда уйга қайтарди. Кейин эса Чехов даволаниш учун Ялтага кетишга мажбур бўлади. У хотинини қаттиқ соғинар, тунлари елканга бош қўйсам анча енгил тортаман, деб унга ялиниб-ёлвориб мактублар ёзарди. Бироқ актриса театр саҳнасини афзал билар ва эрининг ёнига боришга вақт топмасди. У худди Чехов орзу қилган хотин эди – ой каби ҳар куни кўриниш беравермасди... Чехов ёлғизлик ва эркинликни истаганди – тақдир эса унга бу нарсаларни ортиғи билан инъом этди. Худди ой мисоли хотинни истаганди – бу тилаги ҳам амалга ошди. Йўталдан нафаси қисиб, жисму жони азобда қолган ёзувчи тонг отиши қийин бўлган узун кечаларда хотини унга хиёнат қилиб юргани ҳақидаги имзосиз хатларни ўқиганда хаёлига нималар келгани бизга қоронғу. Бироқ ҳамма нарса қайтгувчидир. Шу боис ҳеч кимга, ҳеч қачон азоб бермаслик керак...

 

Анна КИРЬЯНОВА,

ёзувчи ва психолог

 

Жалолиддин Сафоев таржимаси.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10785
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//