Шаҳло Турдиқулова – биология фанлари доктори, профессор. Ўзбекистон Фанлар академиясининг 80 йиллик тарихида биринчи аёл вице-президент. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги илғор технологиялар маркази директори. Илғор технологиялар марказидаги инсон генетикаси ва биотехнологияси илмий мактабининг асосчиси. “Дўстлик” ордени соҳиби. 78 та илмий мақола (шундан 42 таси хорижда нашр этилган), 3 та китоб ва қатор монографиялар муаллифи.
***
Сулоламизда илм йўлидан кетган тўртинчи авлодман. Катта бобом хизмат кўрсатган педагог, ўзбек таълими ривожига ҳисса қўшган фидойи устозлардан бўлган. Ота-онам математик. Отам илм қилиш билан бирга педагогик фаолият билан шуғулланган, онам бир умр ЎзФАда ишлаган. Мен ҳам оилавий анъанани давом эттириб, математик бўлишни хоҳлардим. Отам кибернетика мутахассиси бўлгани учун менга ҳам шу йўналишни маслаҳат берган. Ўша вақтлар бу соҳа энди-энди ривожланиб келаётган эди. Ўзим эса АТ (ахборот технологиялари) билан биологияни бирлаштириб, биороботлар яратиладиган келажакни орзу қилардим.
Мактабни битириш арафасида қайси соҳани танласам экан деб кўп иккилангандим. Буни кўриб отам бир биолог дўстининг олдига бошлаб борди. Суҳбатимиз давомида у киши ҳали шундай замонлар келадики, кибернетика ва биология бирлашиб фанда мўъжизалар яратади, биороботлар, яъни сунъий ҳужайралар пайдо бўлади деган фикрни айтди. Шунда ўзим яхши кўрган фанлар – математика ва биология билан келажакда бирдай шуғулланишни ният қилдим. Ўша кишининг фикрларидан илҳомланиб, Тошкент давлат университетининг биология факултетига ўқишга кирдим.
Талабаликнинг илк куниданоқ биотехнолог бўлишни мақсад қилдим. Ўша вақтлар биотехнология кафедраси мудири отамнинг ўртоғи Адҳам Раҳимов эди. У киши диплом ишим, номзодлик, докторлик ишларимга илмий раҳбарлик қилган.
Домла узоқни кўрадиган зукко олим эди, ўн, йигирма, ўттиз йилдан сўнг фанда қандай янгиликлар бўлишини башорат қила оларди. Қарангки, домла кўп йиллар олдин хаёл қилган кашфиётлар бугун амалга ошаяпти.
Афсуски, мустақиллигимизнинг илк йиллари барча соҳаларда бўлгани каби илм-фанда ҳам қийинчиликлар даври бўлди. Ўша кезлар энди аспирантурани битириб, биотехнология бўйича номзодлик диссертациямни ёқлагандим. Юртимизда илмнинг аҳволини кўриб, буёғига нима қилишни билмай тургандим. Шунда Лос-Анжелесдаги Калифорния университетининг таклифи билан АҚШга кетдим. У ерда бир олим билан танишдим. Тасодифни қарангки, у киши устозим Адҳам Ҳакимович билан бир вақтда илмий фаолиятини бошлаган экан. Ҳатто биотехнология кафедраси ҳар икки юртда ҳам кетма-кет ташкил этилган экан. Фақат у ерда шароит мутлақо ўзгача ва илм ҳам анча илгарилаб кетганди. Биз орзу қилиб юрган янгиликлар уларда аллақачон амалиётга татбиқ этиб бўлинганди. Бизнинг олимларимизнинг улардан кам жойи йўқ эди аслида. Салоҳияти юқори бўлса юқорики, асло паст эмасди. Аммо қаерда илм одамларига шароит ва эътибор бўлса, ўша ернинг илми тез ривожланади. Ҳозир бизда ҳам илм-фанга катта эътибор бериляпти ва тез орада бунинг мевасини кўрамиз.